ADOLAT 24

Фуқароларнинг шикоят қилиш имкониятлари кенгаймоқда

Юртимизда сўнгги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ва мустаҳкам ҳимоя қилиш тизимини яратиш масаласига сиёсатнинг энг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда, жумладан, қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, улар амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. 

Судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаб олишнинг очиқ ва шаффоф механизмини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Ягона суд амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий судига бирлаштирилди. Давлат органлари қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар ташкил этилди.

Судларни молиялаштириш тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Тегишли фармонга мувофиқ, 2021 йилдан бошлаб судья ва суд органлари ходимларининг иш ҳақлари ҳамда қўшимча тўловлари тўлиқлигича Давлат бюджети маб­лағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланди. Шунингдек, судьяларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди.

Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси негизида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди. 

“Хабеас корпус” институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида прокурорларнинг поч­та-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилди.

Жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш институти тубдан такомиллаштирилиши эса, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди. 

Айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс айбига иқрор бўлса, етказилган зарарни қопласа ва жабр­ланувчи уни кечирса, иш суд томонидан тугатилаши, шахс жавобгарликдан озод этилиши белгиланди.

Шу нуқтаи назардан, мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар замон билан ҳамнафас бўлиши ва фуқароларнинг талаб ва хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда доимий равишда такомиллаштириб борилиши ҳам давр талаби ҳисобланди.

Инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш инс­титути такомиллаштирилди. 2017 йилга қадар 6 суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, кейинги уч йилда бу инс­танциялар сони 3 тага қисқартирилди. 

Халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли биринчи инс­танция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судлари, апелляция инстанцияси (вилоят даражасидаги судлар) ва кассация инс­танцияси (Олий суд)дан иборат бўлган тизим яратилиб, “Бир суд – бир инстанция” тамойили жорий қилинди. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инс­танцияси бекор қилинди.

Албатта, мазкур тизимнинг жорий этилиши ўзининг ижобий натижасини берди ва фуқароларга ўзларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш учун кенг имкониятларни очиб берди.

Бироқ ўтказилган таҳлиллар ҳамда фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш натижаларига кўра мазкур тизим ўзининг ижобий натижаси билан бир қаторда айрим муаммоларнинг ҳам келиб чиқишига сабаб бўлаётганлигини кўрсатди.

Хусусан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишда “Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида кассация инстанциясида ишларни кўриш Олий суд ваколатига ўтказилиши ўрта бўғин – вилоят судлари имкониятларидан самарали фойдаланилишини чекламоқда.

Рақамларга эътибор берилса, 2020 йилда Олий суд томонидан 1 291 та иш кўриб чиқилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 7 560 тага етган. Натижада, Олий судда иш ҳажми кескин ошиб кетиши билан бирга фуқаролар олис ҳудудлардан ортиқча вақт ва харажат сарфлаб Олий судга келишга мажбур бўлишмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьясининг бир ойлик ўртача иш ҳажми 89 тани ташкил қилган.

Бундан ташқари, апелляция тартибида кўрилмаган ишларнинг келгусида кассация инстанциясида кўриб бўлмаслиги ҳақидаги қонун талаблари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шунга кўра, суд қарорлари устидан шикоят қилиш имкониятларини кенгайтириш орқали ишларни кўриш муддатлари бузилишининг олдини олиш, судьяларнинг иш сифатини яхшилаш, ишларни кассация тартибида кўриш ваколатини ҳам ўрта бўғин – вилоят судларига берилиши орқали уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида соҳани ислоҳ қилиш зарурати туғилди.

“Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилган “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси юқоридаги қайд этилган ҳолатларнинг қонуний ечимини белгилашга қаратилгандир.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида фракция аъзолари томонидан қонуннинг мақсади ва моҳияти билан бир қаторда, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида амалга оширилган ишларга алоҳида урғу берилди.

Қонун лойиҳаси бўйича масъул қўмита томонидан ўтган беш ойдан ошиқ вақт давомида депутатлар, қонун лойиҳаси ташаббускори, мутахассис ва экспертлар (амалиётчи прокурор ва адвокатлар), юридик бошқарма, лингвистлар билан биргаликда иккинчи ўқишга тайёрланган. 

Мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракциямиз аъзолари бевосита иштирок этди ва депуталаримиз томонидан берилган таклифлар ҳужжатда ўз аксини топди. 

Жумладан, қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва Раёсати томонидан тафтиш тартибида кўрилиши лозим бўлган жиноят иши оқилона муддатларда кўриб чиқилиши белгиланиб, ишларни кўриб чиқишнинг аниқ муддати белгиланмагани кўп эътирозларга сабаб бўлган эди.

Шунингдек, халқаро стандартларда ҳам «оқилона муддат» тушунчаси жиноят иши қўзғатилганидан то иш тамомлангунга қадар бўлган даврни ўз ичига олади.

Шу нуқтаи назардан, фракция­миз берган таклифлари асосида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали имкон қадар тезроқ тиклаш, хусусан, айбсиз шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш орқали одил судловни таъминлаш зарурлигидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида “оқилона муддат” масаласи қайта кўриб чиқилиб, ишларни Ўзбекис­тон Рес­публикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва Раёсати томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқишнинг аниқ муддатлари белгиланди.

Бундан ташқари, фракциямиз берган таклифларига кўра лойиҳа юқори инстанция суди муҳокамасининг предметига бағишланган умумий норма билан тўлдирилаётганлиги муносабати билан Жиноят-процессуал кодексининг амалдаги апелляция инстанцияси суднинг муҳокамаси, кўриб чиқиш муддати ҳамда айблов ҳукмини жиноят ишини тугатган ҳолда бекор қилишга бағишланган 497 13-, 497 14 ва 497 27-моддалари лойиҳадан чиқариб ташланди.

Ўйлаймизки, мазкур қонуннинг қабул қилиниши судлар учун ягона суд амалиётини шакллантиришга, судларнинг масъулиятини ошириб, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар имкониятидан кенгроқ фойдаланишга, шунингдек, фуқароларнинг шикоят қилишга бўлган ҳуқуқлари доираси кенгайиши ҳамда уларнинг эътирози ва сарсонгарчилигининг олдини олишга хизмат қилади.

Дилмурод Исмоилов,

“Адолат” СДП фракцияси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ СЕЙСМИК ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Қоним жонингга дармон бўлсин!

admin

АЁЛ БАХТИДАН ОЛАМ МУНАВВАР БЎЛАДИ

admin