ADOLAT 24

Қонун устуворлиги таъминланган жамият учун овоз берамиз

Мамлакатимизда илк бора Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси халқимиз муҳокамасига тақдим этилиб, умумхалқ овозига – референдумга қўйилган ҳолда тўғридан-тўғри овоз бериш орқали қабул қилинди. Референдумда овоз беришда қатнашган фуқароларнинг 90,2 фоизи Бош қомусимизни ёқлаб овоз берди. 

Конституциямиздан барча соҳаларни такомиллаштиришга қаратилган юксак инқилобий нормалар ўрин олди, энди ушбу нормаларни зудлик билан ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш лозим бўлади.

Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг янги Конституция­сидан ўрин олган шундай нормалардан бири бу, Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти сайловини тайинлашга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилганлигидир. 

Шу сабабдан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти томонидан янгиланган Конституциянинг 128-моддасида белгиланган ваколатга таянган ҳолда “Муддатидан илгари Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти сайловини тайинлаш тўғрисида”ги фармони имзоланди.

Президент Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 8 май куни Олий Мажлис палаталари аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда бундай қарорга келишнинг объектив заруратларини таҳлилий маълумотлар билан асослаган ҳолда аниқ ва батафсил ёритиб берди.

Хусусан:

биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгараётганлиги;

иккинчидан, янгиланган Конституцияда Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифалар қўйилганлиги;

учинчидан, халқимиз барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутаётганлиги;

тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланаётганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга давлат раҳбари бутун халқимизга мурожаат қилиб, фақат халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқлигини айтди. 

Фармонга кўра, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтиши белгиланди.

Албатта, Президент сайлови халқаро мезонлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигига, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, эркинлик ва адолат каби умумэъ­тироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилади. Бунда сиёсий партиялар, Президентликка номзодлар юртимиз тинч­лиги ва унинг равнақига, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаб­буслар билан майдонга чиқишади. 

Президент сайловида партиямизнинг ўз номзоди билан иштирок этиши учун барча асослар бор. Чунки “Адолат” СДП ўтган йилларда респуб­ликамиздаги етук сиё­сий кучлардан бирига айланишга улгурди.

Зеро, Президент сайловида иштирок этиш орқали биз партия­мизнинг халқимиз орасидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўламиз. 

Шу билан бирга, биз Сиёсий платформамизда белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш, уларнинг самарали ижросини таъминлаш масалаларида муҳим қадам ташлашга эришамиз.

Партиямизнинг асосий мақсади Ўзбекистонимизни ҳар соҳада ривож­лантириш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратишдан иборатдир.

Айниқса, дунё сиёсий амалиётида кенг қўлланиладиган ва тан олинган социал-демократик ғоя­ларнинг ўзбекона қадриятларимиз, миллий ўзига хослигимиз, халқимизнинг менталитетига уйғунлашган ҳолда ифода этилганлиги бизни қувонтиради. Бу, биринчи навбатда, партиямиз ютуғидир.

Биз шу нуқтаи назардан ёндошган ҳолда, “Адолат” СДПнинг жорий йил 12 май куни бўлиб ўтган пленум йиғилишида партиямиздан Ўзбекис­тон Рес­публикаси Президентлигига кўрсатиладиган номзод борасида аниқ тўхтамга келдик. Биз бунда, аввало, номзоднинг партия ғояларига муносиблигига эътибор қаратдик. Албатта, номзод қайси соҳада фаолият олиб бориши, билим, таж­риба, ишдаги ютуқларидан қатъи назар, энг аввало, партия ғояларига содиқ қолиши керак. Шу боис, номзод тавсия этиш жараёнида бу жиҳатга алоҳида эътибор бердик.

Номзодимизни қўллаб-қувватловчи имзолар тўп­лаш ҳамда ҳудудий партия ташкилотларидан Қурултойга делегат сайлаш жараёнлари намунали якунланди. Биз партиянинг навбатдан ташқари 11-Қурултойида Махмудова Робахон Анваровнани Ўзбекис­тон “Адолат” СДПдан Ўзбекис­тон Рес­публикаси Президентлигига номзод сифатида тасдиқладик ҳамда номзоднинг кенг кўламли, халқ фаровонлиги таъминланадиган адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг социал-демократик модели таклиф этилган Сайловолди дастурини диққат ва қизиқиш билан ўрганиб чиқдик. 

Шубҳасиз, партия томонидан Прези­дентликка тавсия этилган номзоднинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги узоқ йиллик таж­рибаси, эл орасида обрў-эътиборга эга эканлиги, энг асосийси, ҳуқуқшунос сифатида олиб бораётган фаолияти партия ғояларини амалиётга жорий этишда ижобий самара беради.

Демак, энди кўп сонли “адолатчи”ларнинг асосий вазифаси номзодимизнинг Сайловолди дас­турини кенг аҳолига етказиш, тарғибот-ташвиқот ишларини намунали ўтказишдир. 

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида биз Янги Ўзбекистонимизнинг келажагини танлаш билан бирга эл-юрт истиқболи учун овоз берамиз.

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ШИРАКАЙФ ХАЙДОВЧИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН – ОЗАРБАЙЖОН: ДЎСТЛИК ВА ҚАРДОШЛИК АЛОҚАЛАРИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ

admin

Усмон Носирнинг сўнгги сўзи

admin