ADOLAT 24

Ишончли вакилларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Қашқадарё, Хоразм )

Қорақалпоғистон Республикаси. Ўзбекистон Рес­публикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Махмудованинг ишончли вакили сайловчилар билан учрашди.

“Адолат” социал-демократик пар­тиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Робахон Махмудованинг Қорақалпоғистондаги ишончли вакили Нурлибой Қайпбергенов сайловчиларни номзоднинг Сайловолди дастури билан таништирди. Нукус шаҳар Тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган учрашувда партия­нинг шаҳар Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, фаол хотин-қизлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Н.Қайпбергенов номзоднинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти ҳамда Сайловолди дас­туридаги устувор вазифалар хусусида батафсил маълумот берди. Номзоднинг Сайловолди дастурида жамият ривожи билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган. Шу сабаб номзод дастури сайловчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Жорий йилнинг 9 июль куни муддатидан илгари бўлиб ўтадиган сайлов олдидан “Адолат” СДПдан кўрсатилаётган номзод Робахон Махмудованинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти, сайловолди дастури билан танишдик, – дейди тадбир иштирокчиси Ҳамида Султанмуратова. – Сайловолди дас­туридан менга манзур бўлгани коррупцияга қарши кураш масаласи алоҳида баён этилгани бўлди. Бундан ташқари, номзод дастуридаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини жамоатчилик назоратига олишни янада кучайтириш тўғрисидаги ғоялари менга жуда маъқул бўлди. Бу мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти барпо этилишида энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. 

Тадбир сўнггида сўзга чиққанлар томонидан номзоднинг Сайловолди дас­туридаги устувор вазифалар қўллаб-қувватланди. 

**

Андижон. Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Президентликка кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг Андижон вилояти бўйича ишонч­ли вакили М.Мусаеванинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир кун тартибидан битта масала ўрин олди: “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг таржимаи ҳоли ва Сайловолди дастури билан таништириш. Номзоднинг Сайловолди дастурида кўтарилган масалалар партиянинг мақсад ва ғояларига ҳамоҳанг эканлиги эътиборли. Ҳуқуқий давлат, ижтимоий адолатни қарор топтириш, фуқаролик жамиятини барпо этиш, иқтисодиёт, таълим ва илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология, оилани мустаҳкамлаш, юксак маънавиятли жамият қуриш, тинчликсевар ташқи сиёсат. Бу йўналишларнинг ҳар бири долзарб ва аҳамиятли. Шу сабаб сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. 

– Партиямиз томонидан кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дас­тури билан танишиб, бир хулосага келдим, – деди халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати Ўткирбек Арзиқулов. – Қонун устуворлиги, адолатли жамият қуриш учун курашиш олдимизда турган энг долзарб вазифа. Бу борада амалдаги қонунчилигимиз мустаҳкамланиб бораётгани, Бош Қонунимизга киритилган ўзгаришлар барчамиз учун асосий қурол. Сайловда иштирокимиз ҳам шу йўлда дадил бир қадам демакдир.  

Тадбирда сўз олган партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва ёшлар номзоднинг Сайловолди дас­тури юзасидан ўз фикрларини билдириб, уни қўллаб-қувватлашди.

**

Навоий. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Рустам Ҳайитовнинг Навоий давлат педагогика институти ахборот кутубхона ресурс марказида сайловчилар билан дастлабки учрашуви бўлиб ўтди.

Унда партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, педагоглар, институт тьюторлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили Рустам Ҳайитов йиғилиш иштирокчиларини партиядан Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг  таржимаи ҳоли билан батафсил таништирди. Шундан сўнг номзоднинг Сайловолди дастурида ўрин олган муҳим йўналишлар ва таклифлар тўғрисида батафсил тўхталди. 

– Давлатимизда хотин-қизларнинг таълим олиши ва илм-фан билан шуғулланишлари учун катта эътибор қаратилмоқда, – деди Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси Нодира Юсупова. – Хусусан, контракт асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг шартнома пуллари тўлаб берилаётганлиги бу борада давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир. Номзоднинг дастуридан ҳам айни шу соҳани янада тараққий эттиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги биз каби илм-фан соҳасида меҳнат қилаётган хотин-қизларни янада хурсанд этди.

**

Қашқадарё. “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг Қашқадарё вилоятидаги ишончли вакили, партиянинг вилоят кенгаши раиси Руиддин Рауповнинг Қарши шаҳар сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда депутатлар, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда фаолият олиб бораётган ходимлар, хотин-қизлар ва ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. 

Қарши шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда ишончли вакил номзод Сайловолди дас­турининг устувор йўналишлари хусусида батафсил тушунча берди. 

– Бош қомусимизга кўра ҳар бир инсон уй-жойга эга бўлишга ҳақли, – деди ишончли вакил Руиддин Раупов. – Ушбу конституциявий қоидани таъминлаш учун биз ўзининг даромади билан уй-жойли бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун қўшимча имкониятларни излаймиз. Юртимизда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратишга ҳаракат қиламиз, уларнинг меҳнати қадрланиши ва муҳофаза қилинишини, меҳнатига яраша ҳақ олишини, меҳнат стажига қўшилишини ва келажакда муносиб пенсия олиши бўйича чоралар кўришни таклиф қиламиз.

Учрашувда фуқаролар Президентликка номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастуридаги асосан суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, ташқи сиёсат билан боғлиқ йўналиш­лар бўйича бир қатор саволлар билан мурожаат қилдилар. Ишончли вакил учрашув қатнашчиларини қизиқтирган барча саволларга “Адолат” СДП ва номзоднинг Сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда жавоб берди. 

**

Хоразм. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан кўрсатилган номзод Махмудова Робахон Анваровнанинг Хоразм вилоятидаги ишончли вакили Икром Абдуллаевнинг Республика ихтисос­лаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида сайловчилар билан учрашуви ташкил этилди.

Учрашувда онкологлар ва бошқа тиббиёт соҳаси ходимлари, “Ал Хоразмий” маҳалласи, партия фаоллари ва депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Учрашув аввалида ишончли вакил иштирокчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди ва Сайловолди дастуридан муносиб жой олган устувор ғояларнинг мақсад ва вазифалари, мазмун ва моҳияти тўғрисида ҳаётий мисоллар билан тушунтиришлар берди.

– Сайловолди дастурида илгари сурилган “Қонун асосида яшаш ҳаёт тарзимизга айланиши зарур. Бунинг учун, энг аввало, Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминлашимиз шарт. Бу борада Конституциямизда илғор ҳуқуқий механизмлар кўзда тутилган бўлиб, биз давлат хизматига ишга кирадиган ҳар бир ходимни Конституцияни билиш бўйича синовдан ўтказиш лозим, деб ҳисоблаймиз” каби устувор масалалар диққатимни тортди, – деди тадбир иштирокчиси Азамат Бозарбоев. – Агар конституцион билимларимиз мустаҳкам бўлса, жамиятда содир бўладиган кўпгина муаммоларнинг олди олиниши мумкин. Номзоднинг қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган мақсадлари бизга маъқул бўлди.  

Фикр ва мулоҳазаларга бой бўлган учрашув сўнгида сайловчилар қизиққан саволларига ишончли вакил томонидан батафсил жавоблар олишди.

 Президентликка номзоднинг ишончли вакиллари билан учрашувлар давом этмоқда. 

Tegishli xabarlar

ВАҚТДАН ЎЗГАН “ТУРКИСТОН”чилар…

admin

Европа демократияси НИМА? 

admin

Эзгулик йўлида бирга бўлайлик!

admin