ADOLAT 24

Сўз — Қурултой иштирокчиларига

Наримон Умаров, 

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва 

коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси:

— Мамлакатимиз илдам ривож­ланиб бораётган айни кунларда муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилиши, аввало, Конституциямизнинг янгиланганлиги билан бевосита боғлиқ. Ҳаммамиз, бутун халқимиз билан Конституция­мизни бугунги давр шижоатига мос равишда янгилаб олдик. Энди эса, унинг нормаларини ҳаётга татбиқ этишимиз жоиз.

Жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган Президентлик сайловида партиямиз ўз номзоди билан иштирок этаётгани биз партиядошлар олдимизга катта вазифа юклайди. У ҳам бўлса, муносиб номзод кўрсатиш масаласидир.

Жорий йилнинг 12 май куни бўлиб ўтган Сиёсий Кенгаш пленумида биз номзодимизни Қурултой муҳокамасига киритиш юзасидан келишиб олган эдик. Мана бугун, ҳурматли делегатларимиз иштирокида Қурултой муҳокамасини ўтказмоқдамиз.

Ўзбекистон “Адолат” партиясининг дастурида қонун устуворлигини таъминлаш, адолатли жамият учун курашиш, инсон ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, чинакам мус­тақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби устувор вазифалар белгиланган.

Шу билан бирга, барча учун тенг имкониятлар яратиш, жумладан, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи­ни ошириш ва уларнинг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатини амалга ошириш ҳам партиямизнинг муҳим йўналишларидан биридир.

Шу боис, муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловда партиямиз томонидан Махмудова Робахон Анваровнанинг номзодининг кўрсатилиши ҳар томонлама асосланган қарор, деб ҳисоб­лайман.

Мен бу кишининг меҳнат фаолиятини, босиб ўтган сермазмун ва салмоқли йўлини, эришган ютуқларини яхши биламан. Унинг инсоний фазилатлари ҳамда бой ҳаётий тажрибаси, билим ва салоҳияти, катта амалий таж­рибага эга бўлган малакали ҳуқуқшунослиги, ташкилотчилик қобилияти, талабчан раҳбар сифатидаги хислатлари Ўзбекистон Рес­публикаси Президентлигига номзод сифатида тўғри танланганлигидан далолат беради.

Бугун сиз ҳурматли делегатлар билан муҳокама қилиб кўрсатаётган номзодимизнинг 1999 йилдан бошлаб фаолияти ижро ҳокимиятидан суд ҳокимиятига ўтиш билан давом этган. Хусусан, 1999-2004-йилларда Фарғона шаҳар ва вилоят судининг судьяси, 2004-2008-йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг судьяси, 2008-2013-йилларда Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг раиси лавозимларида фаолият олиб борган.

Судьялик жуда оғир касб, судья ҳам қонун, ҳам адолат устуворлигини таъминлайди. Бу каби оғир ва шарафли касбда узоқ йил ишлаш одамдан жуда катта билим, салоҳият, ирода ва матонат талаб қилади. Номзодимиз халқ орасида айнан шундай фазилатларга эга, адолатли судья сифатида танилган.

Номзодимиз мамлакатимизда суд тизимини ислоҳ этиш, судлар ва судьялар мустақиллигини таъминлашга оид муҳим ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этган. Унинг судларни ихтисослаштириш, маъмурий судларни ташкил этиш, судларни одамларга яқинлаштириш, очиқлик ва шаффофликни ўрнатиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланган ҳамда амалиётда самарали ишламоқда.

Номзодимизнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги фаолиятини инобатга олиб, партия ғояларини амалиётга жорий этишда, адолатли жамият қуриш учун одамларни бирлаштиришда унинг билим-заковати, бой тажрибаси ўзининг ижобий самарасини беришига ишонаман.

Бундан ташқари, номзодимиз инсонпарварлиги, жамиятда кечаётган барча жараёнларга холисона баҳо бера олиши, ўзининг шахсий позициясига эга эканлиги, ҳалоллиги, тўғри сўзлиги ҳамда етакчилик қобилиятлари билан меҳнат жамоаларида, шунингдек, эл-юрт орасида ўзига хос обрў-эътиборга эга бўлиб келмоқда.

Номзод 2005-2008-йилларда Ўзбе­кистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш юзасидан тузилган Комиссия аъзоси бўлиб, жиноий жазоларни енгиллаштириш юзасидан қонун лойиҳалари ишлаб чиқишда фаол қатнашган, жазо тайин­лашда адолатни таъминлашга оид бир қатор қарорларнинг муаллифи ёки ҳаммуаллифи бўлган.

Номзодимиз сиёсий жиҳатдан етук раҳбар, замон талабларига тўлақонли жавоб берадиган мамлакатнинг чинакам жонкуяридир.

Номзоднинг Сайловолди дастури ҳақида гапирадиган бўлсак, унда мамлакатимизда ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш борасида партиямизнинг бош мақсади бўлган ғоялар ўз аксини тўлиқ топган.

Хусусан, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида компекс чора-тадбирларнинг изчиллик билан амалга оширилиши белгиланган.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Юқоридагиларни инобатга олиб, мен Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига Махмудова Робахон Анваровнанинг номзодини кўрсатиш ҳақидаги таклифни ва унинг Сайлов­олди дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлайман, шунинг­дек, партиямиздан сайланган барча делегатларни ушбу номзодни ҳамда унинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб овоз беришларини сўрайман.

Tegishli xabarlar

ҚАШҚАДАРЁ: ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ ВА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР 

admin

Рақобат ҳам “ИНСОФСИЗ” бўладими?!

admin

Бош тамойил: “Инсон – жамият – давлат”

admin