Баъзида ёмон одамлар кўпайиб кетганидан нолиймиз, яхши одам қолмади, деб ҳам қўямиз. Ён атрофимизда, ҳар бир қадамда одамларнинг, каттаю кичикнинг бир-бировига яхшилик қилаётганини англамай ҳам қоламиз, қачонки ўзимиз бировга яхшилик қилмасак. Аслида кўчада бирга ўйнаётиб йиқилиб тушган ўртоғини ўрнидан турғизиб қўйган болажоннинг ёки қўлидаги конфетини бериб, йиғлаб турган дугонасини овутаётган қизалоқнинг хатти-ҳаракатлари яхшилик эмасми?
Бир куни шу кичкинтойлар улғайиб катта мурувват, меҳр-оқибат эгаларига айланишса, не ажаб! Яқинда Республика гемотология марказининг шундоқ ёнгинасида жойлашган дорихонада навбат кутиб турар эканман, тахминан, 90 ёшлар атрофидаги онахон билан сотувчи қизнинг суҳбати эътиборимни тортди.
Онахон шифокор рецептини доришуносга узатди, дорилар рўйхати ҳам узун экан шекилли, уларни топиб, тўплаб, елим халтачага жойлагунча сотувчининг анча вақти кетди. Харидор дориларни олар экан, ҳамёнидаги бор пули оладиган дориларининг бешдан бирига етишини билди… Ноқулай вазиятга тушиб қолди, олай деса, пули қимматбаҳо дориларнинг нархи олдида урвоқ ҳам бўлмаяпти, олмай деса, эҳтиёжи бор, бунинг устига сотувчини анча овора қилди…
– Пулим етганича бериб тура қолинг, қолганини кейин оларман, – деди онахон.
Бу сотувчига малол келди. Кекса аёлнинг ноиложлигини сезса ҳам оғринибгина қайта ҳисоблашни бошлади.
– Бу кишининг ҳамма ҳисобланган дориларини бериб юборинг, пулини мен тўлайман, – деди навбатда турган бошқа бир киши ва кўз очиб юмгунича дориларнинг ҳақини тўлаб, тезлик билан дорихонадан чиқиб кетди.
Худди онахонга мен яхшилик қилганимни ҳеч ким билмасин, ҳеч ким танимасин, деган каби кўздан ғойиб бўлди. Бу ердагилар нима бўлганини англагунларича у одам йўқ эди. Фақатгина сотувчи онахонга “Дуо қилиб қўйинг, бугун жума кунида дориларингиз пулини тўладилар”, деди. Кекса онахон эса дориларни олишга хижолат бўлар, нуқул “Пул озроқ экан, уйда пул бор эди, нега пулларини олдингиз, олманг, қайтариб беринг”, деб талмовсираб, дудуқланар эди. Онахонга “У киши сиздан дуо олиш умидида шундай қилди”, деб тушунтиришганларидан кейин ўзини тўхтата олмай йиғлаб юборди ва кўз ёшлари билан узоқ дуо қилди: “Аллоҳим, барча беморларга ўзинг шифо бергин, халқимизни, одамларимизни шундай меҳр-оқибатли қилиб қўйганингга ҳамду санолар бўлсин. Нотаниш йигитни икки дунё саодатидан баҳраманд этгин…”
Анчадан сўнг онахон ўзини ўнглаб:
– Энди қарзимни қандай қайтараман? У кишини танимасам, – деди бошини эгиб. – Эҳтимол, ўзининг дори харид қилишга олиб келган пулидир бу. Шунча катта маблағни мендек бир бегона, аммо ночор учун тўлаб, ўзи дори ҳам харид қилмасдан, бунинг устига ўзини танитмасдан, манзилини ҳам айтмасдан кетди-я, барака топгур…
– Сизнинг қарзингиз қилган дуоларингиз эвазига узилди, дейишди дорихонада навбат кутиб турган одамлар. – Сизга ўхшаган ёши улуғларнинг савобталаб инсонларга қилган дуолари уларни ҳам, бизларни ҳам, дунёни, юртимизни ҳам ҳар хил бало-қазолардан асраб турибди. У кишининг мукофотини Яратганнинг ўзи берсин илоҳим…
Дарҳақиқат, халқимиз орасида ўша нотаниш кишига ўхшаган саховатпеша инсонлар жуда кўп. Биз уларнинг эҳсонларини бирини билсак, қанчасидан бехабармиз. Хуфёна қилинган эзгулик занжири барчамизнинг дилимизни яхшилик билан боғлаб, инсонлар орасида ана шу тарзда давом этаверсин.
Ҳаёт бир лаҳзалик тушга ўхшайди, икки эшик ораси каби. Туғиламиз-у бир эшикдан кириб келамиз ва иккинчи эшикдан чиқиб кетаверамиз… Шундай экан, ҳар биримиз омонат дунёда яхшилик қилишга улгуриб қолайлик, азизлар!
Тўрамирзо ОРИПОВ,
истеъфодаги подполковник