ADOLAT 24

Сўз — Қурултой иштирокчиларига

Зухра Ибрагимова, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари:

– Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод – Махмудова Робахон Анваровнанинг Сайловолди дас­тури мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича устувор ғояларни ўзида қамраб олгани билан ҳаммамизнинг эътиборимизни тортди.

Номзоднинг Сайловолди дас­тури ғояларнинг аниқ кўрсатилганлиги, мақсадларга эришишнинг муайян механизмлари акс этганлиги билан ажралиб туришига гувоҳ бўлдик.

Маълумки, адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнида гендер тенг ҳуқуқлиликка эришиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш партия фаолиятининг устувор йўналишидир. Бугунги Қурултойда партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодимиз Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар ҳам мамлакатимизда хотин-қизларимизнинг банд­лигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойларидаги аёл-қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилгани билан партиямиз ғояларига ҳамоҳангдир. Шунингдек, барча бўғинлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хотин-қизлар вакилларини кўпайтириш каби бир қатор долзарб масалалар Сайловолди дас­туридан жой олгани ҳам бизни мамнун этди.

Бугунги кунда оила институтини мус­таҳкамлаш концепциясини янги конституциявий нормалар ва янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида қайта кўриб чиқишни ҳамда такомиллаштиришни тақозо этаётган бир вақтда, номзодимиз халқчил конституциявий нормалардан келиб чиққан ҳолда, “Оналик, оталик ва болаликнинг давлат муҳофазаси тўғрисида”, “Оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этмоқда. Бу эса азалий қадриятларимиз инъикоси сифатида оилани муқаддас билувчи халқимиз қадриятларига ҳар томонлама ҳамоҳангдир.

Барчамизга яхши аёнки, “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ҳар доим оилаларда адолатли муносабатни, маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга асосий эътиборни қаратиб келади. Бу эса, энг аввало, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ажримларнинг олдини олиш каби чора-тадбирларга жиддий аҳамият беришни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан, номзодимиз Сайловолди дас­турида оила институтини мус­таҳкамлаш бўйича миллий индексларни, шунингдек, тегишли халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш каби лойиҳаларга урғу берганлиги таҳсинга сазовордир.

Партиямиз номзодининг Сайловолди дас­турида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойларидаги қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган. Масалага бундай ёндашув ҳам бизга маъқул келди.   

Номзодимизнинг Сайловолди дастуридан ўрин олган аёлларга нисбатан оилавий зўравонликка қарши қабул қилинган қонунларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш, бу борада давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасидаги ғоялари ҳам бизга жуда маъқул келди. Зеро, бу мавзу бугунги кунимизнинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Минг афсус билан айтамизки, бу борада жамиятимизда муаммоли ҳолатлар учраб турибди. Номзодимизнинг бу масалани ҳал этишга жиддий киришиши партиямиз ғояларига ҳамоҳанглиги билан ҳам эътиборимизни тортди. 

Мен нафақат сиёсатчи, энг аввало, аёл сифатида репродуктив саломатлик ва оиланинг демографик ривожланишини барқарор таъминлаш мақсадида, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини амалга ошириш каби долзарб масалаларни илгари сураётган номзодимизга халқимиз аёлларининг бугуни ва эртанги куни учун яратилиши лозим бўлган имтиёз ва рағбатлар, кўмак ва кенг имкониятлар йўлида илгари сураётган талаб ва таклифларига катта ишонч билдираман ва партиямиз номзодини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайман ва сизларни ҳам шунга чақираман.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари, қадрли партиядош­лар!

Партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Махмудова Робахон Анваровнанинг Сайловолди дас­турини қўллаб-қувватлаган ҳолда, барчангизни мазкур дастурни қўллаб-қувватлашга ва сайлов кампаниясида алоҳида фаол иштирок этишга чақираман.

Tegishli xabarlar

Ишончли вакилларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Қашқадарё, Хоразм )

admin

Танлов якунланди, ғолиблар аниқланди

admin

Янги кодекс — тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилади

admin