ADOLAT 24

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Р.Махмудованинг “Адолат” СДП ХI Қурултойидаги  МАЪРУЗАСИ (Давоми)

Олтинчи йўналишда

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ – ДЕМОКРАТИК ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ

Ўзбекистонда ижтимоий барқарорликни таъминлаш вазифаси давлат, ҳокимият, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари – жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар, ОАВ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришни талаб этади. 

Биз ижтимоий тараққиёт дастурларини кенг жамоатчилик иштирокида экспертизадан ўтказиш, биринчи навбатда, туман ва шаҳарлар миқёсида жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш тарафдоримиз. 

Шу билан бирга, биз ижтимоий аҳамиятга молик фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш ҳамда ҳомийлик фаолиятини кучайтириш тарафдоримиз. 

Нодавлат-нотижорат ташкилотларининг соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида муаммоларни ҳал қилишдаги фаол иштироки бизнинг доимий диққат-эътиборимиз марказида бўлади.

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш, аҳолининг маънавий юксалиши ва моддий фаровонлиги ортиши учун биз ўзини ўзи бош­қариш органлари тизимининг, жумладан, маҳаллаларнинг тараққий этиши тарафдоримиз. 

Биз давлат ҳокимиятининг қатор ваколатларини маҳаллага ўтказиш тарафдоримиз. Бу борада маҳалла тизимининг ҳуқуқий асос­ларини янада такомиллаштирамиз.

ОАВ мустақиллиги ва эркинлиги, журналистнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитларни янада кенгайтириш муҳим вазифаларимиздан биридир. 

Олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда ОАВнинг фаоллигини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда унинг ролини кучайтириш, моддий-техник базасини янгилаш, уни технологик модернизация қилиш, журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш масалалари доимий эътиборимизда бўлади. 

Маълумки, Конституцияда Ўзбекистон дунё­вий давлат деб эълон қилинди. Биз ушбу конституциявий тамойилни амалда тўлиқ рўёбга чиқариш йўлидан борамиз. 

Таъкидлаш жоизки, қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча фуқароларнинг маданий ва диний ўзига хослигини таъминлашга, турли-туман маданиятлар ҳамда тилларни сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муносабатларини сақлашга имкон берадиган ўзига хос модель яратилди. 

Биз бундан буён ҳам миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор қаратамиз. Мақсадимиз – мамлакатимизда асрлардан буён ёнма-ён, бир ёқадан бош чиқариб яшаб келган турли миллат ва элатларнинг хилма-хиллигини муштарак ҳолда сақлаш ва ривожлантиришдан иборат. 

Зеро, тинчлик ва барқарорликни мус­таҳкамлаш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ўзгаришларнинг барқарор ривожланиши ва муваффақиятли амалга оширилиши халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузи юксалишининг муҳим омилидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролик жамияти институтларига бағишлаб алоҳида боб киритилганлиги айни муддаодир. Шу билан бирга, амалдаги қонунчилигимизда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари алоҳида ва тарқоқ ҳолда бўлиб, амалдаги нормаларни янги конституциявий қоидалар асосида такомиллаштириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг кафолатларини янада кучайтириш муҳим вазифалардан биридир. 

Шу нуқтаи назардан, фуқаролик жамияти институтлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти кафолатларини янада мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз. 

Еттинчи йўналишда

ЭКОЛОГИЯ: АТРОФИМИЗДАГИ ОЛАМНИ ҲИМОЯ ҚИЛАМИЗ!

Экологик муаммоларни ҳал этишда биз ўз саъй-ҳаракатларимизни, биринчи нав­батда, ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратамиз. Барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмайди. Биз “Экологияни ифлослантирувчи – компенсация тўлаши лозим” деган принцип тарафдоримиз. 

Биз бу каби тадбирларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, экологик жамоат бирлашмалари билан нафақат умуммиллий миқёсда, балки муайян ҳудуд шароитларида атроф-муҳит ифлосланиши, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонунчиликдаги камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича яқиндан ҳамкорликни йўлга қўямиз. 

Биз дарахтларнинг ноқонуний кесилишига қарши аёвсиз кураш олиб борамиз. Шаҳарларимиздаги барча қурилишлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳолда олиб борилиши бўйича қўшимча чоралар кўриш зарур.

Бунда Конституциямизнинг 49-моддасига киритилган шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши лозимлиги ҳақидаги нормани ҳаётимизга тўлиқ татбиқ этамиз. 

Мамлакатимиздаги 21 миллион гектардан зиёд яйлов ерлари мавжуд бўлиб, улар чорвачилик, ипакчилик, асаларичилик каби кўплаб тармоқлар учун муҳим манба ҳисоб­ланади.

Шу боис, биз яйлов ерларидан унумли фойдаланиш чораларини кўрамиз. Бунинг учун, биринчи навбатда, янги таҳрирдаги “Яйловлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз. Бизнингча, шу йўл орқали кўплаб иқтисодий лойиҳаларга кенг йўл очилади. 

Ўзбекистонда “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонларни асраш келгусида бирламчи вазифамиз бўлиб қолади. Ўзбекистон ф­лора ва фауна дунёсига жуда бой давлат, ўсимлик ва жониворларнинг қатор турлари аста-секин йўқолиб бормоқда. Шу боис, биз табиатни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратамиз. 

Бу борада, айниқса, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бош­қаруви тизимини такомиллаштиришни долзарб вазифа, деб биламиз. Чотқол биосфера, Зомин, Сурхон, Нурота ва Қизилқум давлат қўриқхоналари, шунингдек, Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг моддий-техник базасини янада яхшилаймиз. 

Шу боис, биз ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи, ёввойи ҳайвонлар ҳолатини самарали мониторинг қилиш имконини берувчи, овчилар ва овчилик хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ акс эттирувчи қонун ҳужжатлари қабул қилинишини муҳим вазифа, деб биламиз. 

Саккизинчи йўналишда

АЁЛ – МУҚАДДАС, ОИЛА – ЖАМИЯТ АСОСИ

Аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, оқила аёллар ўз меҳри билан оиладаги ижобий муҳитни, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни сақлаб турадилар.

Адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнида аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш фаолиятимизнинг устувор йўналишидир.

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойларидаги хотин-қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишга алоҳида эъти­бор қаратамиз.

Биз хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишда бардавом бўлиб, барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хотин-қизлар вакилларини кўпайтирамиз.

Аёлларга нисбатан оилавий зўравонликка қарши қабул қилинган қонунларнинг сўзсиз ижросини таъминлаймиз. Бу борада алоҳида дастурлар ишлаб чиқамиз ва амалга оширамиз.

Конституциямизда оила институтига ало­ҳида эътибор қаратилган. Жумладан, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бош­қа шарт-шароитлар яратиши, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши, Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамаси оилани қўллаб-қувватлаш, мус­таҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш бўйича чоралар кўриши алоҳида белгиланди.

Бу эса, ўз навбатида, оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини янги конституциявий нормалар ва янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида қайта кўриб чиқишни ҳамда такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Биз оилаларда тенг ҳуқуқли ва адолатли муносабатни, маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга асосий эътиборимизни қаратамиз.

Энг аввало, оилаларда ажралишларнинг олдини олиш чораларини кўрамиз. Оила инс­титутини мустаҳкамлаш бўйича миллий индексларни, шунингдек, тегишли халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқамиз.

Репродуктив саломатлик ва демографик ривожланишни барқарор таъминлаш мақсадида, “Соғлом оила – соғлом жамият 2030” дастурини ишлаб чиқамиз ва амалга оширамиз.

Тўққизинчи йўналишда

ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ЖАМИЯТ БАРПО ЭТАМИЗ

Ҳар қандай жамият мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина тараққиётга эриша олади.

Адолат ва маънавият ўзаро боғлиқ, эгиз тушунчалардир. Маънавият бўлмаган жойда адолат ҳам бўлмайди.

Ҳуқуқий маданиятни маънавиятнинг асоси деб биламиз, шу боис, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида Конституцияни боғчадан ёшлар онгига сингдириш тизимини жорий қиламиз.

Маънавий тарбиянинг устуворлигини таъминлаш учун давлат барча маданий, тарихий ёдгорликларни ва табиат ёдгорлик­ларини рўйхатдан ўтказиши ва сақлаши, уларга маблағ ажратиши шарт, деб ҳисоб­лаймиз.

Биз Ўзбекистонда адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этиш жараёнлари, бунёдкор халқимиз ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш, халқимиз, ёшларимизнинг руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган турли бузғунчи кучлар, маънавий таҳдидлар, ахборот хуружларининг олдини олишнинг қонуний асосларини яратишни ўзимизнинг бош мақсадимиз, деб биламиз.

Ўнинчи йўналишда

ТИНЧЛИКСЕВАР, АДОЛАТЛИ ВА ПРОГРЕССИВ ТАШҚИ СИЁСАТ ТАРАФДОРИМИЗ

Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикаси хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатни амалга ошириши белгиланди. 

Биз ушбу прогрессив нормадан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар билан икки томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини янада кенгайтиришни долзарб вазифа, деб биламиз.

Айниқса, Марказий Осиёни амалда барқарор, ҳар томонлама ривожланган ва яхши қўшничилик алоқалари йўлга қўйилган динамик – минтақага айлантириш, қўшни мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий соҳаларда алоқаларни янада чуқурлаштириш бўйича ишларни давом эттирамиз.

Мухтасар айтганда, Марказий Осиё минтақаси кейинги йилларда ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши бўлиб қолади. Зеро, мамлакатимизнинг тақдири минтақадаги қўшни мамлакатлар тақдири билан чамбарчас боғлиқдир.

Биз мамлакатимизнинг туб миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда яқин ва узоқ хориж давлатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларини янада мустаҳкамлашни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз. 

Айниқса, илғор тараққий этган мамлакатлар билан юқори технологиялар, замонавий инновациялар, инвестициялар соҳасида ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш дастури доирасидаги ижтимоий ва гуманитар лойиҳаларини амалга оширишда ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни устувор вазифаларимиздан бири, деб ҳисоблаймиз. БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ижтимоий соҳага доир дастурларни ҳамкорликда амалга оширишда фаол иштирок этишни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигини жадаллаштириш йўлидан борамиз. Нега деганда, айнан ЖСТга аъзолик миллий иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни тезлаштириш, унинг рақобатбардошлигини ошириш, ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлар билан барқарор савдо муносабатларни ўрнатиш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар, яқин-узоқ минтақаларда кузатилаётган зиддият ва тўқнашувларни теран англаган ҳолда юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш тарафдоримиз.

Tegishli xabarlar

Ўқитувчи ва тарбиячилар тиббий кўрикдан бепул ўтказилди

admin

Вакцина атрофидаги миш-мишларга нега асосли жавоб қайтарилмаяпти?

admin

Азим Суюн: Йилбоши

admin