ADOLAT 24

Қурултойга делегатлар сайланди

“Адолат” социал-демократик партияси Андижон вилоят кенгашининг ХI конференцияси бўлиб ўтди. Унда вилоят кенгаши аъзолари, ҳудудий Кенгашлар раислари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Конференцияни вилоят партия кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов очиб, дастлаб партия фаолиятига эътибор қаратди. Андижонлик “адолатчилар” ўз олдига қўйилган вазифаларни қай даражада бажараётганлиги, амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштироки ва партия лойиҳалари асосида олиб борилаётган ишларга тўхталди. Сиёсий майдонда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун ҳамма вақт ташаббусни қўлдан бермаслик, янги лойиҳалар асосида иш олиб бориш зарурлигини таъкидлаб ўтди. 

Шундан сўнг конференция иштирокчилари кун тартибидаги асосий масалага эъти­бор қаратдилар. Маълумки, айни кунларда республикамизда сиёсий воқелик – Президент сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳар бир партия сайловда иштирок этиш учун ўз номзодини илгари сурмоқда.  

Қонун устуворлигини таъминлаш асосий вазифаси бўлган “адолатчилар” томонидан Ўзбекистон Президентлигига кўрсатилаётган номзод ва унинг сайловда иштирокини қўллаб-қуватлаш олдимизда турган долзарб вазифа. Бу борада ҳар бир партия аъзоси янада фаоллик билан иш олиб бориши, сайловолди тадбирларини юқори даражада ташкил этиш лозим. Айни шу мақсадда партия етакчилари зиммасидаги вазифалар кўрсатиб ўтилди.

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ХI Қурултойига делегатларни сайлаш тўғрисидаги масала анжуман қатнашчилари олдига қўйилди. Партия фаолиятида ўз ўрнига эга, ташаббускор ва сиёсий жараёнда масъулият билан иш олиб борувчи 5 нафар муносиб номзодга овоз берилди. 

Тадбир якунида кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати

2023 йил 12 май куни бўлиб ўтган пленумда “Адолат” СДП томонидан Ўзбекистон Президентлигига номзод кўрсатиш масаласини партиянинг навбатдан ташқари ХI Қурултойи муҳокамасига киритиш бўйича қарор қабул қилинганди. “Адолат” СДПнинг шаҳар ва туман кенгашлари томонидан жойларда ҳудудий партия конференциялари ўтказилди. Эндиликда вилоят конференциясида партиянинг ХI Қурултойига делегатлар сайланмоқда. Шу мақсадда “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгашининг ҳам навбатдан ташқари  ХII Конференцияси бўлиб ўтди.

Бугунги кунда “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши таркибида 20 970 нафар маслакдошларни ўз сафларига бириктирган 614 та бош­ланғич партия ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Ушбу БПТларда партиявий лойиҳаларни муносиб даражада ижро этаётган, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларга мақбул ечим топишда фаоллик кўрсатаётган, партия ғоя ҳамда мафкураларини жойларда тарғиб қилаётган аъзолар кўпчиликни ташкил қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг “Адолат” СДПнинг мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб қилишда, партия ташкилотлари ўтказадиган тадбирларда иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдиришда фаол бўлган партия аъзоларидан 5 нафари делегат этиб сайланди. 

Конференцияда кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бухоро вилоят кенгаши матбуот хизмати

Сирдарё вилоят фермерлар кенгаши биносида “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё вилоят кенгашининг ХII конференцияси бўлиб ўтди. Унда партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда фаоллар иштирок этишди.

Кун тартибига бошқа масалалар билан бирга “Адолат” социал-демократик партиясининг ХI Қурулто­йига делегатлар сайлови киритилди. Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига муддатидан илгари сайлов юзасидан “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Ж.Комилов конференция иштирокчиларига тушунча бериб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси кучга кириши билан давлатимизда демократик ислоҳотлар янада жадаллашганлиги, бу жараёнларда партиямизнинг ҳам ўз ўрни борлигига тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг конференция иштирокчиларига Қурултойга кўрсатилган делегатларнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида маълумот бериб ўтилди.

 Иштирокчиларнинг овоз бериш натижаларига кўра делегатлар таркиби тасдиқланди.  

Сирдарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

“Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгашининг нав­батдан ташқари Х конференцияси бўлиб ўтди.

Унда шаҳар ва туман партия ташкилотлари конференцияларидан делегат сифатида сайланган партия фаоллари, фахрийлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар. 

– Бугун халқимиз яна бир тарихий жараён билан юзлашмоқда. Ҳамжиҳатлик ва бирдамликда Янги Ўзбекистоннинг янги Конституциясини умумхалқ Референдуми орқали қабул қилдик. Янги Конституциямизда халқнинг қадр-қиммати юксак поғоналарга кўтарилганлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонуний муҳофаза қилинганлиги барчани қувонтирди. Мана шундай қувончли кунларнинг давоми сифатида муддатидан аввал Президентлик сайловининг ўтказилиши ҳам ҳар биримиздан юксак масъулиятни талаб этади, – деди “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Ш.Ғаниева. – Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кучга кириши билан давлатимизда демократик ислоҳотлар янада жадаллашганлигини, бу сиёсий жараёнларда сиёсий партияларнинг фаол иштирокини ҳис қилиб турибмиз. Бу ислоҳотларда “Адолат” СДП атрофида бирлашган сизу биз ҳам Президентлик сайловларида фаол бўлишимиз зарур.

Шундан сўнг конференция иштирокчиларига пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Қурултойда иштирок этиш учун кўрсатилган делегатларнинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти тўғрисида маълумот бериб ўтилди. Иштирокчиларнинг овоз бериш натижаларига кўра белгиланган делегатлар таркиби тасдиқланди. 

Конференцияда кўрилган бошқа масалалар юзасидан ҳам тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фарғона вилоят кенгаши матбуот хизмати

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида «Адолат» социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгашининг VI конференцияси бўлиб ўтди. Конференция кун тартибида «Адолат» СДПнинг ХI Қурултойига делегатларни сайлаш» тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Ҳозирги кунда партиянинг Хоразм вилоят ташкилотига 48 минг 594 нафар аъзо бирлашган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 1 нафар, маҳаллий Кенгашларда 50 нафар депутат фаолият юритмоқда. Шунингдек, партиянинг 30 га яқин лойи­ҳалари доирасида ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни амалга ошириладиган «Муаммо билан юзма-юз», ҳар сешанба куни «Сиё­сий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори», шунингдек, «Бир ойда бир иш ўрни», «Ватан келажаги ёшлар қўлида», «Саховат – беназир қадрият» каби қатор лойиҳалар партиямиз фаолларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳаётга татбиқ этилиб, юртдошларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

Маълумки, Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 10 май кунидаги қарори билан мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бош­ланганлиги эълон қилинди.

Мазкур сайловда фаол иштирок этиш ва партия томонидан кўрсатиладиган номзодни аниқлаш мақсадида жорий йилнинг 12 май куни партия Сиё­сий Кенгашининг ХI Пленуми бўлиб ўтди ва Робахон Маҳмудовани Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатиш масаласини партия ХI Қурултойи муҳокамасига киритиш юзасидан қарор қабул қилинди.

Шу муносабат билан партиянинг Хоразм вилоят кенгаши конференция­сида 8 нафар делегат партиянинг ХI Қурултойига сайланди.

Конференция кун тартибида кўрилган масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Хоразм вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

«Бор меҳримиз сенга, акция давом этади болажон!»

admin

Жон Голсуорси: “Ёзувчилар ва ислоҳотчилар мукофот олмасликлари керак”

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ “ҲИНДИСТОН – МАРКАЗИЙ ОСИЁ” САММИТИДА ИШТИРОК ЭТДИ

admin