Сайлов – давлат ва жамият тақдирининг бугуни ва эртанги кунини белгилаб берувчи, халқ хоҳиш-иродасининг эркин ифодачиси, фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас шаклидир. Биз давлатимиз мустақилликка эришганидан буён мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар сайловдан-сайловга қадар бўлган вақт оралиғида янада тараққийлашиб борганига гувоҳ бўлдик.
Бундай янгиланиш ва юксалишлар ўз-ўзидан фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онги юксалишига сезиларли таъсир кўрсатди. Айнан шу нуқтаи назардан, бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган Президентлик сайлови олдидан олиб борилаётган жараёнлар кундан-кунга тобора қизғин тус олмоқда. Янгиланган Конституциямизга сайлов қонунчилиги борасида киритилган ўзгаришлар, янгиланишлар халқаро сайлов стандартларига мувофиқ эканлигини нафақат миллий экспертлар, балки халқаро мутахассислар ҳам тўла эътироф этишмоқда.
Жумладан, Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 128-модда, 6-бандига асосан суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкинлиги, бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, бу, энг аввало, Янги Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий муҳит ўзгаргани, демократия, очиқлик ва ошкоралик принциплари амалда рўёбга чиқа бошлаганининг яққол тасдиғидир. Донишмандлик, халқпарварлик, ватанпарварлик, миллий анъаналар ҳамда замонавий демократия ғояларига садоқат ва кучли сиёсий ирода талаб этадиган бундай ислоҳотлар собитқадамлик билан давом эттирилаётганлигини халқимиз ва бутун дунё аҳли кўриб, кузатиб турибди.
Мамлакатимизда сайлов соҳасида қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик принциплари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар, Президентликка номзод кўрсатадиган сиёсий партиялар ва номзодларга сайлов кампанияси давомида кенг ва тенг имкониятлар яратишга қаратилган. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 129-моддаси мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларини ўзида акс эттирган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилади, ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига амал қилади.
Конституциямизда белгилаб қўйилган бундай мустаҳкам қонунлар ўз-ўзидан мамлакатимиздаги навбатдаги Президентлик сайлови олдидан ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник жиҳатдан юксак даражадаги тайёргарлик, уни миллий сайлов қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган демократик принципларга мувофиқ ҳолда, очиқ-ошкора ва адолатли ўтказилишига асос бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимизда мавжуд сиёсий партиялар қатори, “Адолат” социал-демократик-партиясининг муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этишга ижозат беришни сўраб тақдим қилган ҳужжатлари кўриб чиқилиб, 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга рухсат берилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, партияга билдирилган бундай катта ишонч ўз ўрнида жуда катта масъулият дегани ҳамдир. Айни шу нуқтаи назардан бугунги кунда партиямизнинг марказий ва барча ҳудудий кенгашларида иш қизғин. Мақсадимиз сайлов жараёнларида партиямиз томонидан илгари сурилган номзоднинг тарғибот-ташвиқот ишларида очиқлик, ошкоралик тамойилларига тўла риоя этган ҳолда, халқимиз ва давлатимиз ишончига муносиб бўлишдан иборат.
Умиджон СУЛАЙМОНОВ,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари