ADOLAT 24

Юртдошларимиз фаоллиги юқори натижани ифодалайди

Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён – Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига сайловларга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Сайлов кампаниясининг муҳим қисми бўлган имзо тўплаш жараёнлари ҳар бир сиёсий партиянинг вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ҳамда барча қуйи бўғинларида уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Айтиш ўринлики, халқимизнинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган, фуқаролик бурчи ва масъулиятини яхши анг­лайдиган ватандошларимиз бу муҳим жараёнда фаоллик билан иштирок этмоқдалар. 

Сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган “Адолат” СДП ташаббуси билан жойларда Президент сайлови олдидан ўтказилаётган тадбирлар “адолатчилар”нинг жамиятда ўз ўрнига эга эканликларини кўрсатмоқда. Қонун устуворлиги ва ҳуқуқий демократик жамият қуришга қаратилган партия ғоялари жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда. “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Респуб­ликаси, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод учун имзо тўплаш жараёнлари шулар жумласидандир. 

Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши

вакиллари томонидан Нукус шаҳри марказида жойлашган Амир Темур номидаги истироҳат боғида имзо тўплаш пункти ташкил қилиниб, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган тадбир юқори савияда ташкил этилди. Уюшқоқлик ва юқори савияда ўтказилган тадбирда фуқаролар сиёсий жараёнларга, ислоҳотларга бефарқ эмаслиги яққол намоён бўлди. 

Маълумот тариқасида таъкидлаб ўтиш жоиз, бундай тадбирлар Қорақалпоғистоннинг туман ва шаҳар кенгашлари томонидан ҳам ташкил қилиниб, ташкилот ва муассасаларда имзо йиғиш жараёни фаол тарғиб этилмоқда. Жараёнда депутатлик гуруҳлари, партиямизнинг фаол аъзолари, партия электорати бўлган таълим ва тиббиёт соҳаси ходимлари ўзларининг фаолликларини намоён этишмоқда.

Жиззах вилоят кенгаши томонидан

Президентликка кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни йиғиш тадбири Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғида ташкил этилди.

Ушбу тадбирда ўз фуқаролик позициясини намоён этадиган, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашадиган турли қатлам вакиллари иштирок этишди. Тадбирда фуқароларга бўлажак сайловларга тайёргарлик, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар, сайлов кампаниясининг муҳим таркибий қисми бўлган имзо тўплаш жараёнлари, шу жумладан, “Адолат” СДП томонидан Президентликка кўрсатилган номзод юзасидан тушунтиришлар берилди.

– Президентлик сайловида сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар бўйича маълумотлар билан танишиб чиқдим, номзодлар учун имзо йиғиш жараёнларида қатнашдим ва 9 июлда бўлиб ўтадиган сиёсий жараёнда ўзим муносиб кўрган номзодга овоз бераман, – дейди меҳнат фахрийси Ҳайдар Абдушукуров.

Сурхондарё вилоят кенгашида ҳам

имзолар йиғиш ишлари қизғин олиб бориляпти.

Партиянинг барча ҳудудий Кенгашларида партия вакиллари ва аъзолари, депутатлар, фаоллар иштирокида сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойларида амалга оширилмоқда

Жумладан, партиянинг Сурхондарё вилоят кенгаши вакиллари томонидан Термиз шаҳридаги “Болажон” боғида имзо йиғиш тадбири ташкил этилди.

Тадбирда партия вилоят кенгаши вакиллари, партия фаоллари, депутатлар, шаҳар маҳаллалари аҳолиси, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Имзоларни тўплаш жараёни қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ равишда самарали ташкил этилди. Бунда сайловчиларга имзо варақаларини тўлдириш тартиб-таомиллари аниқ-равшан тушунтирилди. Шунингдек, партия ҳудудий Кенгашларидаги масъул ходимлар томонидан имзо варақаларининг тегишли шахслар ва муайян ҳудуддаги партия туман (шаҳар) тузилмалари раҳбарлари томонидан тасдиқланиши ҳам назоратга олинган. 

– Мазкур тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказиш учун шаҳар ва туман партия кенгашлари ва бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласига жиддий эътибор берилаяпти, – дейди партия фаоли Шоҳида Холлиева. – Айтиш жоизки, сайловдан олдинги имзо йиғиш жараёни номзоднинг халқ орасидаги обрў-эътиборини, унинг қанчалик даражада халқ орасига кириб борганлигини кўрсатиб беради. Айни дамда партия вилоят кенгашида 50 мингдан ортиқ аъзо мавжуд. Ўз сафида 31 минг нафардан зиёд ёшларни бирлаштирган «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят кенгаши вакиллари томонидан мазкур тадбирда иштирок этган ёшларга ҳам имзо рўйхатида маълумотларни қандай тўлдириш, имзо қўйишда нималарга эътибор бериш хусусида тушунтиришлар берилди.

– Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир – Президент сайловига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Жараёнларда юрт тақдири ва келажагига бефарқ бўлмаган инсонлар қизиқиш билан иштирок этишмоқда, – дей­ди партия “Ёш адолатчилар қаноти” фаоли Давлатбек Абдуқаҳҳоров. – Биз, ёшлар ҳам “Адолат” социал-демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан олиб борилаётган имзо йиғиш жараёнида фаол қатнашаяпмиз. 

Шуни алоҳида эътироф этиш зарурки, мазкур тадбирларда қатнашаётган юртдошларимизнинг фаоллиги уларнинг сайлов жараёнларига бефарқ эмаслиги, эртанги кунга бўлган ишончи юқори эканлигини кўрсатади.

**

Партиянинг ҳудудлардаги вакиллари томонидан вилоятнинг барча туманларида имзо йиғиш жараёнлари юқори уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.

Бу борада Бухоролик партиядошларимиз ҳам жуда фаол. 

Бухоро вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ҳам имзо йиғиш жараёни юқори савияда ўтказилмоқда. Бу борада партия масъуллари фаоллик кўрсатмоқда. Улар фуқароларнинг иш, яшаш жойларида бўлиб, сайловчилардан имзо тўп­ламоқда.

“Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши томонидан жойларда олиб борилаётган имзо йиғиш тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам кўпчиликка намуна бўлмоқда десак, муболаға бўлмайди. Фарғона шаҳар кенгаши томонидан Фарғона вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ташкил этилган имзо йиғиш жараёнлари амалдаги қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ кўтаринки руҳда ташкил этилди. 

Мазкур тадбир давомида Фарғона шаҳар кенгаши раиси Шаҳноза Аҳмедова

“Адолат” СДПдан Президентликка кўрсатилган номзод ҳақида батафсил маълумот берди. Шундан сўнг сайловчиларга имзо варақаларини тўлдириш тартиб-таомиллари тушунтирилди. Ушбу жараёнда имзо йиғиш билан боғлиқ барча тадбирлар қонунчиликда белгиланган меъёрларга мувофиқ ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилди. 

Имзо йиғиш жараёнлари Андижон вилоятида ҳам

юқори савияда ташкил этилмоқда. Айниқса, Андижон туманидаги кўп тармоқли поликлиникада партиянинг Президентлик сайловида иштирокини қўллаб-қувватлаб имзо йиғишга қаратилган жараёнлар ўзаро тенг ҳуқуқлиликка асослангани билан иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Қувонарлиси, яқинда ўтказилган референдумда фаол қатнашган сайловчилар Президент сайловига ҳам эътиборли. Фуқаролар номзодлар билан қизиқиш баробарида амалдаги қонунчилигимизга киритилган ўзгартишларни ҳам ўрганмоқдалар. Инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари доим ҳимояда эканлиги қўллаб-қувватланмоқда.

– Имзо йиғиш жараёни фуқаролар сиёсий партияларни қай даражада билиш­ларини ҳам ўзида ифодаламоқда, – дейди “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева. – Чунки Президентлик сайловининг муҳим босқичи бўлган бу жараёнда у ёки бу сиёсий партия ғояларини қўллаб-қувватлайдиган, унинг сайловда муваффақиятли иштирок этишига муносиб ҳисса қўшиш тарафдори бўлган фуқаролар фаол иштирок этади. Бугун Андижон туманида яшовчилар тадбирда фаол иштирок этиш орқали биз билан бир сафда эканликларини кўрсатдилар. 

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши фаоллари ҳам

имзо йиғиш жараёнида партиянинг бошқа ҳудудий Кенгашлари қатори фаоллик кўрсатишмоқда. 

Қарши шаҳридаги вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ҳовлисида имзо тўплаш жараёни ва варақаларни тўғри тўлдирилиши борасида ёшлар ва хотин-қизлар вакиллари билан ўтказилган учрашув юқоридаги фикрларимизнинг яққол далилидир. Мазкур тадбирда партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик ҳозир бўлди. 

Ўтказилган тарғибот тадбирида партия вилоят кенгаши фаоли Дилрабо Чориева маъруза қилди. Нотиқ, энг аввало, “Адолат” социал-демократик партия­си Сайловолди дастурида илгари сурилган йўналишлар хусусида тўхталаркан, сиёсий куч аъзолари барча жараёнларда фаол ва ташаббускор эканлик­ларини алоҳида таъкидлади. Шу кеча-кундузда партия аъзолари томонидан имзо тўплаш жараёнини ҳар томонлама намунали ўтказиш, варақалар тўғри тўлдирилиши устидан етарли назорат ўрнатишга жиддий эътибор қаратилаётгани маълум қилинди. 

Тадбирда “Адолат” СДП фаоллари ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият қуриш учун янги Конституциявий нормаларни ҳаётга изчил татбиқ этишда алоҳида жонбозлик кўрсатишлари зарурлиги таъкидланди.         

Хоразм вилоят кенгаши томонидан

Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш жараёни қизғин паллага кирган.

Хусусан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалининг очиқ майдонида ташкил этилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзолар тўплашга қаратилган тарғибот тадбирида партия фаоллари, мазкур муассасанинг ишчи-ходимлари, БПТ аъзолари, йўловчилар, тиббиёт марказига ташриф буюрган ҳамда унда даволанаётган фуқаролар ва уларни сўраб келувчилар фаол иштирок этишди.

Тадбир аввалида сиёсий жараёнларда партия томонидан олиб борилаётган ишлар, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайловда фаол иштирок этиш ҳамда номзодни қўллаб-қувватлашга доир имзо варақасини тўлдириш талаблари ва мақсади тўғрисида партия фаоллари томонидан атрофлича маълумот берилди. 

– “Адолат” партиясининг рамзи акс этган, жозибадор шаклланган соя­бонни кўриб кўзларим қувониб кетди, – дейди тадбир иштирокчиси Муҳаббат Солаева. – Президент сайлови муносабати билан имзо тўплаш жараёнига мен ҳам партиядан кўрсатилган номзодни ёқлаб имзо қўйдим. Чунки партияга бўлган меҳрим бўлакча, партия рамзларини яхши кўришим билан бир қаторда фаоллари томонидан олиб борилаётган самарали ишларни қўллаб-қувватлайман.

“Адолат” СДПнинг имзо йиғиш борасидаги тадбирлари давом этмоқда.

               “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Тарбиялаш керак бўлса, ўзингизни тарбия қилинг!

admin

Мустақиллик балладаси

admin

Осиёнинг сиёсий ривожланишида сиёсий партияларнинг ўрни

admin