ADOLAT 24

НОМЗОД КЎРСАТИШДА ФУҚАРОЛАР ИШТИРОКИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

Бу йил жонажон Ватанимиз истиқлолга эришганининг ўттиз иккинчи йили. Мустақилликнинг дастлабки йилларида давлат, жамият ва инсон тамойилларини бош мақсад қилиб олган, ижтимоий адолат ва қонунийлик принципларига асосланган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакат ривожи ва тараққиётига мос равишда янада демократик тус билан такомиллаштирилди. Инсон манфаатлари жамият ва давлат манфаатларидан юксак қўйилди.

Ана шундай ҳуқуқий асослар негизида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳалари сингари давлат ҳокимияти бошқаруви соҳасида ҳам кенг қамровда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллик билан босқичма-босқич давом эттирилмоқда. 

Бугун мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати юксалиб, янги-янги саноат корхоналари, қўшма корхоналар кўпайиб, кенгайиб, инвестициявий муҳит барқарорлашиб, бунёдкорлик ишлари кенг қулоч ёйиб бораётгани, бу ишлар замирида инсонпарварлик ва эзгулик ғоя­лари ётгани барчамизни қувонтиради. 

Айни вақтда дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган хунрезликлар, қонли тўқнашувлар, сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар, терроризм, радикализм, наркотрафик тобора авжига чиқаётгани мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик ўз-ўзидан бўлмаётганлигини кўрсатиб турибди. Бундан хулоса шундан иборатки, барча саъй-ҳаракатлар юрт тинч­лигига, халқ саломатлиги ва фаровонлигига, Ватан тараққиётига сафарбар қилинганлигидан далолатдир.

Бу каби натижалар мамлакатимиз фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали фаол иштирок этаётганлигини, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик ҳукм сураётганлигини кўрсатади. Бу борада, албатта, сиёсий партияларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ собиқ тузумнинг пар­тия­вий якка ҳокимлигига, зўравон компартия тизимига барҳам берилиб, демократик қадриятларга асосланган кўппартиявийлик тизимига ҳуқуқий асос солинди. 

Ўзбекистон Республикасининг Конс­­­титуцияси ҳамда Ўзбекистон Рес­публикасининг “Ўзбекистон Рес­публикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Сиёсий партия­лар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунларида давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг, шу жумладан, сиёсий партияларнинг иштироки мустаҳкамланди.

Пировардида, партиялараро соғлом рақобат учун кенг ва тенг шароитлар яратилди. Фуқароларимизнинг сиёсий ҳуқуқларига конституция­вий мақом берилиб, жамият ва давлат ишларини бошқариш ҳуқуқлари белгилаб қўйилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек, давлат ҳокимияти вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас”, деб белгилаб қўйилди. Бундай имкониятлар сиёсий партияларнинг ўз вакиллари орқали жамият ва давлат қурилишидаги иштирокини мус­таҳкамлайди.

Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш зарурати фуқароларнинг сиёсий фаоллигини сезиларли даражада оширишга, мамлакат ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини оширишга, партия­лараро соғлом рақобатни кучайтиришга йўналтирилди.

Бу мақсадларга конституциявий мақом берилиб, Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциясининг 74-моддасида: “Сиёсий партиялар турли ижтимоий табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятининг молия­лаштирилиши манбалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ёки у ваколат берган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар тақдим этадилар”, деган меъёр билан мустаҳкамланди.

Шу тариқа Конституция ва қонун ҳужжатлари давлат бошқарувини мазмунан янгилаш, бунда мавжуд демократик тамойилларни кенгроқ жорий этиш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партия­ларнинг ролини янада кучайтириш мақсадларини қамраб олди. Асосий эътибор сиёсий партиялар ролини оширишга, янгидан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли (курси) ва дастури ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари, парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламент кўпчилиги томонидан камситилишига йўл қўйилмаслигига, ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига, бир сўз билан айтганда, парламентда сиёсий партияларнинг фаоллигини оширишга, сиёсий тизимдаги барқарорликни таъминлашга қаратилди. Мухолифатдаги партияларга қонунчилик ҳужжатлари муҳокамасида тўлиқ қатнашиш ва муқобил қонун лойи­ҳаларини тақдим этиш ҳуқуқларининг берилганлиги ҳам жуда муҳимдир.

Қонунчиликка бундай нормаларнинг киритилишидан кўзланган мақсад, аввало, парламентда сиёсий партиялар ва шу партиялар фракцияларининг парламант ишига яқиндан киришиши, масъулиятини ошириши, ташаббускорлигини кучайтириши, улар орқали, биринчидан, сайловчиларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда ўз вакиллари орқали фаол иштирок этиши, иккинчидан, сайловчиларнинг ҳукумат фаолияти устидан ўз назоратини кенгайтириши учун, бир сўз билан айтганда, фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ўсиши учун хизмат қилади. 

Мазкур қонунлар ўзбек давлатчилигининг тарихий анъаналарига, замонавий давлатчилик ва парламентаризм борасида тўпланган тажрибаларга, ривожланган давлатлар амалиётига тўлиқ мос келиши баробарида, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми, мамлакатнинг давлат-ҳуқуқий ва сиёсий тизимини босқичма-босқич тадрижий ривожлантиришнинг натижаси сифатида кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари ташланган муҳим қадам бўлиб ҳисобланади.

Айни кунларда ҳам кўппартиявийлик тизимининг тобора мустаҳкамланиши натижасида жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши кузатилмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Экологик” партияси мамлакатимиз фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишда, сиёсий партияларга уюшиш каби конституциявий ҳуқуқлари таъминланишида расман тан олинган сиёсий куч сифатида майдонга чиқиб келишган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, умумхалқ овози билан Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар барқарор ривожланиб бораётган мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ўрнини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, Конституциянинг 118-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайлангандан ва органлари шакллангандан сўнг бир ой ичида ёки Бош вазир лавозимидан озод этилганидан кейин ёхуд Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркиби истеъфога чиққанидан кейин бир ой ичида Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади”, деган меъёр бу масалада сиёсий партияларнинг билвосита иштирокини таъминлаш баробарида, уларнинг жамиятдаги ўрнини янада мус­таҳкамлайди.

Конституциямизга киритилган бу каби ўзгартиш ва қўшимчалар ҳаётга изчиллик билан тадбиқ этилаётгани мамлакатимизда демократик жараёнларнинг жадал ривожланаётганлигининг амалдаги исботи бўлиб, сиёсий партияларнинг янада фаоллашувига асос бўлмоқда. 

Жорий йил 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан муддатидан илгари Президентлик сайловини ўтказиш бўйича сайлов кампанияси эълон қилинди. Шу кундан эътиборан, юртимизда кўппартиявийлик, сиёсий хилма-хиллик ва соғлом рақобат асосида ҳар бир партия сайловда иштирок этишини эълон қилди ва Марказий Сайлов комиссиясининг мандатини қўлга киритди.

Шу жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг сайловда иштирок этиш ҳақидаги аризаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 15 май кунги қарори билан қаноатлантирилиб, 2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига ижозат берувчи гувоҳнома топширилди.

Шундан буён сиёсий партия сайловда ўз номзоди билан иштирок этиш мақсадида, сайловолди тайёргарлик ишларини қонун ҳужжатлари асосида режали равишда ташкил қилиб, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгиланган барча талабларга қатъий риоя қилган ҳолда тайёргарлик ишларини бошлаб юборди. Жумладан, партиянинг навбатдан ташқари XI Қурултойини чақириш, Қурултойга делегатлар сайлаш, партия томонидан Қурултой муҳокамасига киритиладиган номзодни қўллаб-қувватловчи имзолар тўплаш ва бошқа ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 38-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларга белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари берилиши назарда тутилган.

Унга кўра сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли. 

Имзо тўплаш тамомланганидан сўнг сиёсий партиянинг ваколатли вакили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демок­ратик партияси имзо тўплаш жараёнларига Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қатъий талаблари асосида киришган. Қувонарлиси шундаки, бугунга қадар 200 минг нафардан ортиқ сайловчилар партиямиз томонидан илгари сурилаётган номзодни маъқуллаб имзо чекишди.

Яқин кунларга режалаштирилаётган Қурултой мажлиси кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш масаласи ўрин олган. Бу, албатта, ҳурматли фуқароларимиз сиёсий партиялар орқали Президент сайловида фаол иштирок этаётганлигини кўрсатади.


Абдукамол РАХМОНОВ, 

“Адолат” социал-демократик партияси

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

Замонамизнинг академик ХАЙКАЛТАРОШИ

admin

Юзма-юз мулоқотлар давом этмоқда

admin

Аёлга қалб кўзи керак

admin