ADOLAT 24

“Адолат” СДП муҳим сиёсий жараёнга қадам қўймоқда

Ўзбекистон Рес­публикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида Ўзбекис­тон “Адолат” СДП Сиё­сий Кенгашининг навбатдан ташқари Пленуми ўтказилди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаш тўғрисида”ги 68-сон фармони билан 2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти сайловини ўтказиш белгиланди.

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 10 май кунидаги қарори билан мамлакатимизда Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бош­ланганлиги эълон қилинди.

Шу муносабат билан мазкур Пленум йиғилиши муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Президент сайловида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг иштироки, партия­дан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган номзод бўйича таклифлари ҳамда партиянинг нав­батдан ташқари ХI Қурултойини чақириш вақти ва кун тартиби тўғрисидаги муҳим масалалар юзасидан маслаҳатлашиш, тегишли вазифаларни белгилаб олишга бағишланди.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Президентлик сайлови янги сиёсий-ҳуқуқий майдон, хусусан, янгиланган Конституция нормалари асосида янгича руҳ, янгича шароитда ўтиши кутилмоқда.

Пленумда маърузачилар томонидан сайловда муносиб иштирок этиш учун партиянинг салоҳияти етарли эканлиги, галдаги бош вазифа сайлов жараёнларида яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, партиядан Президентликка муносиб номзодни кўрсатиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси:

– Биз бугун мамлакатимиз ҳаёти, хусусан, партиямиз учун ўта муҳим сиёсий жараён бўйича учрашиб турибмиз. 

Президент сайловида муносиб иштирок этиш, ўз номзодимизни кўрсатиш, сиёсий платформамизни амалга ошириш ва электоратимизни янада кўпайтириш ўта муҳим аҳамият касб этишини бугунги мажлисда қатнашаётган барча фаолларимиз, партиямиз аъзолари ва депутатларимиз яхши англаб турибмиз.

Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, партиямиз мафкуравий ва ташкилий жиҳатдан мус­таҳкамланиб, омма орасида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.

Барчамизга маълумки, “Сиё­сий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Рес­публикаси қонунининг 12-моддасида сиёсий партиялар Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти, давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиши кафолатланган.

Демак, “Адолат” социал-демократик партияси ҳам қонунчиликда белгиланган ушбу ваколатлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда сайловда ўз номзоди билан фаол иштирок этиши лозим, деб ўйлайман.

Сайловда иштирок этиш партиянинг дастурий ғоя ва вазифаларини амалга ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва кучли фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳисса қўшиш, яна бир бор партиямизнинг халқимиз орасида танилувчанлигини оширишга асос бўлиб хизмат қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, муддатидан илгари Президентлик сайловларида партиямизнинг номзодини аниқлаб олишга ва ушбу сайловда фаол иштирок этиш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишга ҳамда партиянинг барча бўғинларини фаол иштирок этишга чақираман.

Президент лавозимига номзод юксак талабларга жавоб бериши, ватанпарвар, фидоий, талабчан ва жонкуяр, ташаббускор бўлиши, шунингдек, адолат, тенглик ва қонунийликни ўзининг ҳаётий шиорига, фаолиятининг мазмунига айлантирган шахс бўлиши лозим.

Шу маънода партиямиз фаоллари, депутатлик корпуси вакиллари билан чуқур маслаҳатлашиб, ушбу сифат ва фазилатларга эга бўлган номзод ҳақида узоқ фикрлашиб, Маҳмудова Робахон Анваровна номзодига тўхталдик.

Бунинг иккита асосий сабаби бор:

Биринчидан, Сизларга маълумки, хотин-қизлар Ўзбекистон аҳолисининг ярмини ташкил этади. Инсоннинг энг муҳим ҳақ-ҳуқуқларидан бири бўлган гендер тенг­лик жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлашда, барқарор ривожланишда, инсон салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади.

Шунинг учун ҳам аёлларнинг ҳурмат ва эътиборда бўлиши, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётига фаол жалб қилиниши юқори самарадорлик ва иқтисодий ўсишга олиб келиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу янгиланган Конституция­нинг 58-моддасида ҳам ўз аксини топди.

Ўйлайманки, мамлакатимиз тарихида Президентликка аёл киши номзодини илгари сурган ташкилот сифатида партиямиз бўлажак сайловларда ҳам бу ёндашувга содиқ қолади.

Иккинчидан, партиямизнинг бош мақсади – мамлакатимизда ҳуқуқий давлат барпо этиш, адолатли фуқаролик жамиятини қуриш ҳисоб­ланади. Робахон Анваровна таж­рибали ва таниқли ҳуқуқшунос сифатида бутун фаолиятини айнан ушбу масалаларга қаратганлиги ҳам унинг энг мақбул номзод сифатида танланганини кўрсатади.

Шунинг учун, “Адолат” партия­сидан аёл, етук ҳуқуқшунос, таж­рибали раҳбар номзодини тавсия этиш адолатли қадам бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Сўзимнинг сўнггида алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, Робахон Анваровна бизнинг партиямиздан номзод бўлишга ҳар томонлама лойиқ инсон. Ишончим комил, у киши партиямиз ғояларини илгари суришда бор куч ва имкониятини, билим ва тажрибасини сафарбар этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, барчангиздан тавсия этилаётган номзод Маҳмудова Робахон Анваровнани қўллаб-қувватлашингизни сўраб қоламан.

Пленумда “Адолат” СДП­дан Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига номзод этиб Маҳмудова Робахон Анваровнани кўрсатиш масаласини партиянинг нав­батдаги Қурултойи муҳокамасига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.

Робахон МАҲМУДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига тавсия этилган номзод:

– Муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Президенти сайловида “Адолат” партиясидан менинг номзодимни Президентликка кўрсатиш ҳақидаги таклифларингизни эшитиб, жуда таъсирландим. Бу, энг аввало, Сиз азизларнинг ишончингиз, қолаверса, мен учун жиддий масъулиятдир.

Очиғини айтсам, адолатни қарор топтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳуқуқшунос сифатида менинг нафақат иш, балки ҳаёт фаолиятимнинг мазмунига айланган.

Адолат учун яшаганман ва адолат учун курашиб келганман.

Шу нуқтаи назардан, менинг номзодимни айнан “Адолат” партиясидан кўрсатилаётганлигида ҳам муҳим асос бор, деб ўйлайман.

Мен “Адолат” партиясининг дастурлари билан яқиндан танишман. Бу партия айнан қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ, прокуратура, адвокатура соҳаларида долзарб таклифларни илгари суриб келади ва кўплаб таклифлари бугунги кунда қонунчиликда ўз аксини топган.

Бир умр адлия, суд тизимида меҳнат фаолиятимни олиб бориб, халқимизнинг оғирини енгил қилиш, фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашни ўзимнинг энг муқаддас бурчим, деб билганман. Қолаверса, Сиёсий Кенгашнинг менга нисбатан қабул қилган қарорини ҳурмат қиламан.

Тўғрисини айтсам, Президент сайловида номзод сифатида иштирок этиш осон бўлмайди, албатта. Агар партияни ва менинг номзодимни қўллаб-қувватловчи имзолар тўп­ланса, мен сизларга ва барча партиядошларимга таянган ҳолда ушбу масъулиятли вазифани ўз зиммамга олишга тайёрман.

Сиёсий Кенгаш аъзоларига билдирилган ишонч учун яна бир бор миннатдорлик билдираман.

Пленумда сўз олганлар ҳуқуқшунос Робахон Анваровнанинг ҳаёти ва фаолияти адолатни қарор топтириш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилганлиги, юксак инсоний фазилатлари, ватанпарварлиги, унинг Ўзбе­кистон Респуб­ликаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида тўғри танланганлигини алоҳида таъкид­лаб ўтишди.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси:

– Бугунги Пленумимиз кун тартибининг муҳим масаласи бўйича барчамиз маърузачи томонидан келтирилган асос­ларни эшитдик.

Жорий йилнинг 9 июль куни Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда партиямиз томонидан кўрсатиладиган бўлажак номзод – Маҳмудова Робахон Анваровнани билдирилаётган ишонч­­га ҳар тарафлама лойиқ, деб биламан. Меҳнат фаолияти, муҳим соҳа раҳбари сифатида босиб ўтган йўли, инсоний фазилатлари ҳамда бой ҳаётий тажрибаси, билими ва салоҳияти ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида тўғри танланганлигидан далолат беради. Бундан ташқари, Робахон Анваровна инсонпарварлиги, жамиятда кечаётган барча жараёнларга холисона баҳо бериши, ўзининг шахсий позициясига эга эканлиги, ҳалоллиги, тўғрисўзлиги ҳамда етакчилик қобилиятлари билан меҳнат жамоаларида, шунингдек, халқимиз орасида ўзига хос обрў-эътиборга эга бўлиб келмоқда.

Биз Робахон Анваровнани яхши биламиз, 2017-2020 йилларда Фарғона вилояти Халқ қабулхонасининг мудири сифатида аҳолининг муаммоларини ҳал этишда ҳамда уларнинг турмуш тарзини яхшилашда республикадаги етакчи раҳбарлардан бири бўлди ва бу фарғоналиклар томонидан алоҳида эътироф этилган.

Робахон Анваровна сиёсий жиҳатдан етук раҳбар, билимли инсон, ўта масъулиятли ва муаммолар ечимида раҳбар сифатида адолатли қарорлар қабул қилади. Замон талабларига тўлақонли жавоб берадиган мамлакатнинг чинакам жонкуяридир.

**

Қутбиддин БУРХОНОВ,

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик

масалалари қўмитаси раиси:

– Дарҳақиқат, жорий йилнинг 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда партиямиз томонидан кўрсатиладиган бўлажак номзод – Маҳмудова Робахон Анваровна ҳар тарафлама мос келади.

Алоҳида таъкидламоқчиманки, Робахон Анваровнани мен ҳуқуқшунос сифатида узоқ йиллардан буён, яъни Андижон вилоятида ички ишлар тизимида ишлаганимдан буён яхши биламан.

Ўша вақти Робахон Анваровна Фарғона вилоятида судья бўлиб ишлар эди. Мен унинг меҳнат фаолиятидаги босиб ўтган йўли, инсоний фазилатлари ҳамда бой ҳаётий тажрибаси ва салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида тўғри танланган, деб ҳисоб­лайман.

Бундан ташқари, Робахон Анваровна қайси соҳада ишламасин инсонпарварлиги, жамиятда кечаётган барча жараёнларга холисона баҳо бериши, ўзининг шахсий позициясига эга эканлиги, ҳалоллиги, тўғрисўзлиги ҳамда ташкилотчилик ва етакчилик қобилиятлари билан меҳнат жамоаларида, шунингдек, халқимиз орасида ўзига хос обрў-эътиборга эга бўлиб келмоқда.

Халқимизнинг орзу-истаклари, юрт равнақи ва мамлакат келажаги унинг доимий диққат марказида бўлиб келган.

Робахон Анваровна адолатпарварлик руҳида фаолият кўрсатадиган, замон талаб­ларига тўлақонли жавоб берадиган, чинакам ватанпарвар раҳбар кадр­ларидан бири ҳисобланади.

Энг асосийси, Робахон Анваровнани профессионал юрист ва давлатнинг муносиб хизматчиси, деб биламан.

**

Зухра ИБРАГИМОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис

Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари:

– Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва суд-ҳуқуқ тизимини халқ учун хизмат қилдиришда адолат таянчи бўладиган асосий ғояларни олиб чиққан партия, бу – “Адолат” социал-демократик партиясидир. Янги Конс­титуциямизда белгиланган ҳуқуқий давлат тушунчаси ҳам “Адолат” СДПнинг бош мезонларидан биридир. Янги таҳрирдаги Конституцияда “Инсон қадри”, унинг ҳуқуқ ва эркинлик­лари Олий қадрият сифатида белгиланмоқда. Бу, албатта, партиямиз томонидан илгари сурилган ғоялар билан чамбарчас боғлиқ.

Айниқса, партиянинг хотин-қизлар йўналишида уларни олий таълимга жалб қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини юксалтириш, раҳбарлик лавозимларида хотин-қизлар сонини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби аҳолини қийнаётган бир қатор муаммоли масалалар ечимига оид ғоялари сайловчилар томонидан ижобий баҳоланиб, партия сафида хотин-қизлар сонининг ошишига олиб келди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам Президентликка ўзининг номзодини илгари суриб, кутилаётган сайловда фаол иштирок этиши масаласини ҳал этиб олишимиз мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман ва Маҳмудова Робахон Анваровнани Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган бўлажак номзод сифатида тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

**

Дилором ТОШМУҲАМEДОВА,

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

– Албатта, бизнинг партиямиз бўлажак сайловда муносиб номзод билан иштирок этади ва ҳуқуқий демократик давлат ҳамда адолатли жамият қуриш борасидаги янги конституциявий нормаларни ҳаётга тизимли равишда жорий этиш бўйича устувор вазифаларни амалга оширишда давом этади. Кучли, адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор бўлиши, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва ривожлантириш, ижтимоий йўналтирилган иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, самарали иқтисодий сиёсат воситаларидан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалалар партиянинг муҳим йўналишларидан ҳисоб­ланади.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда партиямиз томонидан кўрсатиладиган номзод – Маҳмудова Робахон Анваровна мазкур лавозимга ҳар тарафлама мос келади. Уларнинг узоқ йиллик меҳнат фаолияти ва бой ҳаётий тажрибаси муҳим аҳамиятга эгадир. Бугунги кунда эгаллаб турган лавозими – Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаш ҳам инсондан кучли билим, ирода, халқ дардини эшитиш ва адолатли қарор қабул қилиш каби сифатларни талаб этади. Номзодимизни айнан юқорида айтилган сифатларга эга, етакчилардан бири, деб биламан. Бу эса Робахон Анваровнани Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида тўғри танланганлигидан далолат беради.

Партия масъуллари Марказий сайлов комиссиясига “Адолат” СДПнинг сайловда иштирок этиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги ҳужжатлар белгиланган тартибда тақдим этилишини қайд этишди.

Шунингдек, пленумда партия Сиёсий Кенгаши раисининг Ташкилий-партиявий ишлар ва ахборот сиёсати бўйича ўринбосари Ташкилий-партиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига ўзгартирилиши, партия Сиёсий Кенгаши раисининг Ахборот сиёсати бўйича ўринбосари ҳамда Депутатлик гуруҳлари ва кадрлар сиё­сати бўйича раис ўринбосари штатлари жорий этилиши масалалари ҳам кўриб чиқилиб, Ҳамроев Ислом Хамзаевич партия Сиёсий Кенгаши раисининг Ахборот сиёсати бўйича ўринбосари, Қудратов Иномжон Сатторқулович эса партия Сиёсий Кенгаши раисининг Депутатлик гуруҳлари ва кадрлар сиёсати бўйича раиси ўринбосари этиб тайинланди.

Пленумда “Адолат” СДПнинг навбатдан ташқари ХI Қурултойини чақириш вақти, жойи ва кун тартиби тўғрисида келишиб олинди. Пленум кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Оила тинчлиги — жамият фаровонлиги асоси

admin

ҚАШҚАДАРЁ: ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ ВА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР 

admin

ЁШЛАР БИЛАН ИШЛАШ ВА СПОРТ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ ЯХШИЛАШ БЎЙИЧА КЎРСАТМАЛАР БЕРИЛДИ​

admin