ADOLAT 24

ҲАР ТОМОНЛАМА СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИКНИ      КЕНГАЙТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ  БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи 18 май куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан икки томонлама музокаралардан бошланди.

Учрашув икки мамлакат делегациялари иштирокида Сиань шаҳридаги “Шэньси” қароргоҳида ўтди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин дастлаб давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, мамлакатимизда Конституцияни янгилаш бўйича умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилгани билан дилдан табриклади ва Ўзбекистонда бўлажак Президент сайловида катта муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Хитойга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Хитой раҳбарини муҳим сиёсий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани ҳамда олий давлат лавозимларига қайта сайлангани билан самимий табриклади.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларининг янги даврида долзарб бўлган масалалар батафсил муҳокама қилинди.

Эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани, барча даражалардаги ўзаро алоқалар жадал тус олгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани ва муҳим масалаларда томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Камбағалликни қисқартириш, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, ердан фойдаланиш, кичик ва ўрта бизнес, инфратузилмани модернизация қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва профессионал таълим соҳаларида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда самарали тажриба алмашиш ва муҳим чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий соҳада ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди. Бу, энг аввало, замонавий саноат қувватларини барпо этиш, инвестициявий ва юқори технологик корхоналарни ташкил этиш борасидаги қўшма лойиҳаларни назарда тутади.

Куни кеча ўтказилган бизнес-форум якунида умумий қиймати 25 миллиард долларлик истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди ва келишувларга эришилди.

Муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича қуёш, шамол ва сув электр станцияларини барпо этиш, қуёш панеллари, электр ускуналар, трансформаторлар, аккумуляторлар ишлаб чиқариш, бошқарув жараёнларини рақамлаштириш ва мутахассисларни тайёрлаш борасидаги лойиҳалардан иборат инвестициявий-технологик ҳамкорлик дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Янги авлод автомобилларини ишлаб чиқариш соҳасидаги кооперацияни кенгайтириш – электр ва гибрид автотранспорт воситаларини йиғиш бўйича замонавий заводларни ишга тушириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Турдош тармоқлардаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, мис, литий, нодир металларни чуқур қайта ишлаш асосида электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи юқори технологик кластерни барпо этиш шулар жумласидан.

Бундан ташқари, пластмассалар, кимёвий маҳсулотлар, металл буюмлар, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, биотехнологиялар кластерини ташкил этишда ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришдан мамлакатларимиз манфаатдор экани таъкидланди.

Хитойнинг етакчи банклари ва “Ипак йўли” фонди, шунингдек, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан самарали молиявий-техник ҳамкорликнинг бугунги даражаси юксак баҳоланди.

Икки мамлакат ҳудудларининг ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, шу жумладан, Сирдарё вилоятини “Илғор технологиялар ҳудуди”га айлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Фаол мулоқотлар ва авиақатновлар қайта тикланишини ҳисобга олиб, жорий йилда Ўзбекистонда икки мамлакат шаҳар ва ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш масаласи ўрганилади.

Кейинги йилларда икки бараварга кўпайган ўзаро товар айирбошлашни ошириш учун мақсадли кўрсаткичлар ва товарлар таркиби белгилаб олинди.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги қайд этилди.

Гуманитар соҳа муҳокама қилинар экан, таълим ва туризмда ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият, санъат ва кино кунларини ўтказиш, анъанавий тиббиёт, кўз ва бошқа турдаги касалликларни даволаш, вакцина ва фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги дастурларни амалга ошириш зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди. Ўзбекистон етакчиси Хитой раҳбарини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди. Таклиф миннатдорлик билан қабул қилинди.

Олий даражадаги музокаралар якунлангач, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Қўшма баёнотни имзоладилар ва 2023-2027 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастурини қабул қилдилар.

Етакчилар ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида техник-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим;

– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида Ҳамкорлик бўйича ўзбек-хитой ҳукуматлараро қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома;

– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида ўрта таълим мактаблари салоҳиятини ривожлантириш бўйича лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битим;

– Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Божхона бош маъмурияти ўртасида парранда гўштининг етказиб беришда карантин ва ветеринария-санитария талаблари тўғрисидаги баённома;

– Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Божхона бош маъмурияти ўртасида Ўзбекистондан Хитойга узум экспорт қилишда фитосанитар талаблар ва назорат тўғрисидаги баённома;

– Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси билан Хитой Халқ Республикаси Божхона бош маъмурияти ўртасида ваколатли иқтисодий операторлар дастурларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишув;

– Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги ўртасида устувор инвестиция лойиҳаларини илгари суриш бўйича англашув меморандуми;

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Матбуот канцелярияси ўртасида оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми;

– 2023-2024 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик дастури;

– Тошкент шаҳри ва Сичуань музофоти ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги битим;

– Сирдарё вилояти ва Шэньси музофоти ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги битим;

– Самарқанд вилояти ва Шэньси музофоти ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги битим.

Бундан ташқари, қуйидаги муҳим иқтисодий келишувлар имзоланди:

– электр узатиш линиялари ва нимстанцияларини қуриш лойиҳасини молиялаштириш тўғрисида;

– мультимодал логистика марказини ташкил этиш тўғрисида;

– “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ локомотивлари паркини янгилаш ва модернизация қилиш тўғрисида;

– Ўзбекистон – Хитой агросаноат паркини ташкил этиш тўғрисида;

– Агроинновацион паркни ташкил этиш тўғрисида;

– Ўзбекистон – Хитой биотехнологик кластерини ташкил этиш тўғрисида;

– “Ўзбектелеком” АКнинг телекоммуникация инфратузилмасини янада кенгайтириш тўғрисида;

– “EXEED” компанияси билан биргаликда замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш тўғрисида;

– “BYD Auto Industry” компанияси билан биргаликда электр ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш тўғрисида;

– “Ўзбекистон миллий банки” АЖ билан “Хитой Эксим банки” ўртасида кредит линияларини жалб қилиш тўғрисида;

– “Ўзбекистон миллий банки” АЖ билан “Хитой тараққиёт давлат банки” ўртасида кредит линияларини жалб қилиш тўғрисида;

– “China Export and insurance corporation” билан ҳамкорлик тўғрисида;

– Наманган вилоятида “Норин ГЭС каскадини қуриш” ва Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Айгаин ГЭС каскадини қуриш” лойиҳалари техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш тўғрисида;

– телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида.

Ташриф тадбирлари доирасида тармоқ меморандумлари ҳам имзоланди:

– Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги хорижий давлатлар билан миллатлараро муносабатлар ва дўстона алоқалар Қўмитаси билан Хорижий мамлакатлар билан дўстлик Шанхай халқ уюшмаси ўртасида;

– Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан Халқаро савдога кўмак кўрсатиш бўйича Хитой кенгаши ўртасида тижорат ҳуқуқи соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбек-Хитой қўмитасини тузиш тўғрисида;

– Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси билан Дальян товар биржаси ўртасида;

– Ўзбекистон Паррандачилик уюшмаси билан Хитой Чорвачилик уюшмаси ўртасида паррандачилик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида;

– Ўзбекистон Республикаси «Ўзчармсаноат» уюшмаси билан Хитой чарм саноати бўйича ҳамкорлик уюшмаси ўртасида;

– Тошкент давлат шарқшунослик университети билан Пекин хорижий тиллар ва маданият университети ўртасида;

– Тошкент давлат шарқшунослик университети билан Ляонин педагогика университети ўртасида;

– Самарқанд халқаро технологиялар университети билан Тяньцзинь фан ва техника университети ўртасида;

– Самарқанд халқаро технологиялар университети билан Шимолий-шарқ электроэнергетика университети ўртасида;

– Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Шанхай университети ўртасида.

Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган жами 41 та ҳужжат имзоланди.

Сиань шаҳридаги Тан сулоласи боғида “Марказий Осиё – Хитой” биринчи саммитида иштирок этаётган давлатлар раҳбарларини расман кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва рафиқаси тантанали кутиб олдилар.

Маросимда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва рафиқаси, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этди. Биргаликда суратга тушилди.

Олий мартабали меҳмонларга сарой олдидаги майдонда Хитойнинг бой тарихи ва маданиятини ўзида акс эттирган ёрқин саҳналаштирилган чиқишлар ва концерт дастури намойиш этилди.

*        *       *

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саммит доирасида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Етакчилар иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 12 май куни Тошкент шаҳрида ўтган навбатдаги йиғилишининг самарали якунларини юксак баҳоладилар.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва саноат кооперацияси лойиҳаларини, шу жумладан, энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, транспорт-коммуникация ва бошқа тармоқларда илгари суриш бўйича қабул қилинган қарорларни амалда бажариш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.

Prezident.uz

Tegishli xabarlar

Самарқандда 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТнинг саммитида қуйидаги хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда:

admin

КОМИЛ АВЛИЁЛАР ПИРИ

admin

Илмли, маърифатли аёл – мамлакат таянчи, миллат тарбиячиси

admin