ADOLAT 24

Яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳеч ким ҳақли эмас

Мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотлар, аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилгани, айнан “Инсон қадри учун” тамойили асосида кечаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, янги таҳрирдаги Конституциямизда аҳолининг барча тоифалари – ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган фуқаролар, ўқитувчилар ва ҳатто жиноят содир этган шахсларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатлари акс этган. Айниқса, ўлим жазоси тақиқланиши конституциявий даражада белгиланиши инсонпарварликнинг муҳим ифодасидир.

Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, қонун билан ҳимоя қилинади. Унинг мазмуни шундаки, ҳеч кимни атайлаб ҳаётдан маҳрум қилиб бўлмайди. Шунингдек, яшаш ҳуқуқи давлат зиммасига инсон ҳаёти хавф остида қолмаслиги учун ҳамма нарсани қилиш мажбуриятини юклайди.

Ушбу норма Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияда, шу билан бирга, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳам назарда тутилган. Шахснинг яшаш ҳуқуқи айнан туғилган пайтдан бошлаб вужудга келадиган табиий ва дахлсиз ҳуқуқ, деб эътироф этилади ҳамда у давлатчилик ва қонунлар мавжудлигидан қатъи назар, шахсга тегишлидир.

Шу сабабли аҳолидан келиб тушган кўплаб таклифлар таҳлил қилиниб, ушбу масалага доир нормани янада такомиллаштиришга қарор қилинди. Янги таҳрирдаги Конституцияда яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи экани ва у қонун билан муҳофаза қилиниши, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятлиги мус­таҳкамлаб қўйилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши ҳақидаги норма ҳам киритилаётир.

Аслида, Ўзбекистонда 2008 йилда барча жиноятлар учун ўлим жазоси бекор қилинган. Бу қоида Конституцияда эмас, балки жиноят қонунчилигида ўз аксини топган эди. Ўлим жазоси тақиқланишининг конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.

Шунга қарамай, айрим фуқаролар ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақидаги таклифларни илгари сурмоқда. Ваҳоланки, яшаш ҳуқуқини ҳар бир инсонга давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган. Шу жиҳатдан қараганда, ўлим жазосига Конституция даражасида тақиқ қўйилиши инсон қадрини улуғлаш билан боғлиқ муҳим воқеликдир.

Бугунги кунда дунёнинг қатор мамлакатларида ўлим жазоси ҳалиям қўлланади. Аммо жазо ижросидан муайян муддат ўтгач, тақдим этилган далиллар, кўрсатмалар асосида оқланганлик ҳолатлари ҳам кузатилган ҳолатлар ҳам мавжуд. Бироқ тайинланган жазо ижроси таъминлангандан сўнг бу инсон ҳаётини ортга қайтаришнинг имкони бўлмайди.

Демак, номукаммал суд тизимидаги бир хато инсоннинг умрига зомин бўлиши мумкин. Чунки эртага суд оқлов ҳукми чиқарадиган бўлса, ноҳақ айбланган инсонни ортга қайтариб бўлмайди. Инсон зоти учун ўлим ҳукми чиқарилиши одамийлик мезонларига тўғри келмайди, албатта. Ваҳоланки, сўнгги йилларда мамлакатимизда қўзғатилган жиноят ишлари юзасидан бир қанча оқлов ҳукмлари ҳам чиқарилмоқда (масалан, судлар томонидан сўнгги беш йилда 4700 дан ортиқ фуқаро оқланган).

Кечиримлилик – халқимизга хос фазилат. Давлат хато қилган фарзандини кечирувчи ота-она сингари ўз фуқароларига қайта имконият тақдим этиши жуда муҳим. Бу фуқаронинг давлатга ишончи ва меҳрини ҳис этишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Жиноят қилган инсонни жазолашдан мақсад уни қайта тарбиялаш, хатоларини англаб етишига эришиш. Кўпчилик жиноятга адашиб қўл уради ва бошқа ҳеч қачон бу ишни қайтармасликка виждонан аҳд қилади. Бундай инсонларни панжара ортида ушлаб туришдан нима наф? Озодликка чиқсин, сидқидилдан ишлаб, ота-онаси, яқинлари, маҳалла-кўй, жамият олдидаги айбини ювсин.

Шу сабабли ҳам сўнгги йилларда маҳкумларни афв этиш ва қайта ижтимоийлаштириш сиёсати амалда ижобий натижалар бермоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилдан буён афв этиш билан боғлиқ 21 та фармон имзоланди. Мазкур фармонлар асосида жазо муддатини ўтаётган 5550 дан зиёд шахс афв этилди.

Давлат ва жамият томонидан ушбу тоифадаги кишиларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими яратилган. Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, 2022 йил сентябрь ойидан бош­лаб комиссия хулосаси асосида жазони ўтаб бўлган собиқ маҳкумларга МҲЭКМнинг 10 баробари миқдорида дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети бериладиган бўлди. Уларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштиришда кўмак кўрсатилмоқда.

Афв замирида нафақат кечиримлилик, балки юксак инсонпарварлик мужассам. Негаки, афв этилган шахсларнинг оила аъзолари, яқинлари ҳам бундай инсонпарварлик муносабатидан баҳраманд бўлади. Адолатли жамиятда айбдорни жазога тортишдан мақсад уни янада ашаддийлаштириш эмас, балки тўғри йўлга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш.

Шундай экан, ушбу тажрибани Конституцияда белгилаб қўйиш барча учун манфаатли бўлади. Афв этилган бир инсон ортида унинг яқинлари, оила аъзо­лари, дўстлари, қариндошлари ва яна қанча инсонлар турганини унутмаслик керак. Бу орқали кўплаб инсонлар кўнглида давлатга нисбатан ишончни мус­таҳкамлаш мумкин.

Шу жиҳатдан, Конституцияга киритилаётган ўзгартишда нафақат ўлим жазоси бекор қилиниши, балки қатъий равишда тақиқланиши ҳам белгиланмоқда. Давлатимиз ўта жиддий бу масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканини бутун дунёга яққол намоён этмоқда. Бугунги кунда 106 давлатда ўлим жазоси барча жиноятлар учун бекор қилинган.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда 54 та давлатда ўлим жазоси мавжуд. Айрим давлатлар эса ўз тажрибасида ўлим жазосини қонунлар билан бекор қилса-да, Конституциясида бўлмагани боис, уни жазо сифатида қайта тиклаш ҳолатлари ҳам кузатилган. Масалан, Беларусь ўлим жазосини қўллашни тиклади. Унга кўра, мансабдор шахс ёки ҳарбий хизматчи томонидан давлатга хиёнат қилганлик учун ўлим жазоси қўлланилиши мумкин.

Бироқ демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган. Бу борада юртимиздаги ҳуқуқий ўзгаришлар эса демократик ислоҳотлар ва инсонпарварлик йўлида собит эканимизнинг яққол ифодасидир.

 Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Келажакка овоз берамиз

admin

Қонун лойиҳасига таклифлар берилди

admin

ЖАҲОН МИНБАРИДА “ЎЗБЕКМАН!”  дегим келади!

admin