ADOLAT 24

Вилоят Кенгашлари раислари Янгиланаётган Бош қомусимиз ҳақида

Ўқитувчи шаъни давлат ҳимоясида

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши нақадар муҳим воқеа бўлган бўлса, бугун янгиланиб бораётган мамлакатимизга ҳамоҳанг тарзда Бош қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳам шунчалик долзарб масала эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Қолаверса, ўтган қисқа давр мобайнида мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар, шу билан биргаликда халқимизнинг юксалиб бораётган кенг дунёқараши натижасида барчамизнинг кўз олдимизда Янги Ўзбекистон бўй кўрсатмоқда. Ривож­ланишга ҳамоҳанг тарзда ижтимоий муносабатлар ҳам ўзгариб бормоқда. Бу, ўз навбатида, уларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини ҳам янгилашга эҳтиёж туғдирмоқда.

Албатта, жамият эҳтиёжларидан келиб чиқиб илгари сурилган барча ғоя ва ташаббуслар “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришга ҳамда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Хусусан, янгиланаётган Конституциянинг 52-моддасида: 

“Ўзбекис­тон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривож­лантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эъти­роф этилади.

Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, дея белгилаб қўйилмоқда.

Ушбу модда партиямизнинг Сайловолди дастуридаги “Биз ўқитувчилар ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширамиз ва шу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилишни таклиф қиламиз”, деган ғоясига ҳамоҳанглиги барча партиядошларимизни бирдек қувонтирди.

52-моддада белгилаб берилган нормалар педагог ходимларни жамиятда ижтимоий қўллаб-қувватлашни, ўз касбий фаолиятини амалга оширишда уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиши, шунингдек, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолат беришига хизмат қилади.

Шундай экан, давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимиз тараққиёти ва халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада жадаллаштириш лозимлиги баробарида конституциявий ислоҳотларни ҳам амалга оширишда ҳеч биримиз бефарқ бўлмасдан, фаоллик кўрсатишимиз ва шу орқали мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйишда ҳамда Янги Ўзбекис­тонни бунёд этишда ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

Ориф ШУКУРОВ,

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

**

Адвокатура мақоми мустаҳкамланмоқда

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва уни муносиб ҳимоя қилишда адвокатура инс­титутининг ўрни ва роли беқиёс. Шу боис адвокатларнинг мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, аҳолига юридик хизмат кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш, ҳар бир адвокат малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича муҳим ташаббусларни «Aдолат» СДП ўз дастурий вазифаларида илгари сурган эди. 

Ана шу мақсадларни амалга оширадиган кунлар ҳам келди. Юртбошимизнинг ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда кучли ижтимой ҳимояга асос­ланган фуқаролик жамиятини барпо этиш борасидаги муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар замирида инсон шаъни ва қадр-қиммати аксини топган. 

Янгиланаётган Конституциявий қонун лойиҳасининг 141-142-моддалари жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолиятни такомиллаштиришга, адвокатура фаолиятини қонунийлик, мус­тақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланган. Эндиликда Бош қомусимизда “Aдвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди”, деган жумланинг ўзи бу соҳада нафақат адолатли иш тизимининг йўлга қўйилишини, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда ҳуқуқий асос яратилаётганлигини кўрсатади.

Конституциявий ислоҳотларнинг зарурати ва моҳиятини англаб, ўзгариш ва янгиланишларга бефарқ бўлмаган ҳолда, ютдошларимизнинг давлат ва жамият тараққиётига даҳлдорлик ҳисси билан ёндашаётганлари алоҳида эътирофга лойиқдир.

Ишонамизки, Янгиланаётган Конституция кўп миллатли халқимиз учун янги имкониятлар эшигини очади.

Нурлибай Қаипбергенов,

“Aдолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

**

Инсон қадри бош мезон

Янги таҳрирдаги Конституцияда мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёти, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат сифатида Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат” эканлиги алоҳида белгиланмоқда.
Албатта, барча ўзгаришлар замирида мустақиллигимизни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, келажак авлодларга озод ва эркин Ватан қолдириш, халқ манфаатлари кўзланган ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаслик, қонун ва адолат устуворлиги, инсонга эътибор ва ғамхўрлик каби муҳим қадриятлар мужассам бўлиб, улар давлатчиликнинг тамал тошлари сифатида мустаҳкамланмоқда. Ҳужжатда мамлакат ривожи, эртанги куни, мухтасар айтганда, инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари, миллат ҳаётининг давомийлигини таъминлашга қаратилган миллий стратегиямиз ўз ифодасини топган.

Мисол учун, Янги таҳрирдаги Конституциянинг 48-моддаси “Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли. Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шакл­ларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради. Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади”, деган ҳаётий норма билан мустаҳкамлаб қўйилди.  

 “Инсон қадри учун” тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шарт. Шу боис Конституция лойиҳасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилади, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлади. Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиниши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар ёш авлод ҳаётини яхшилаш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, замонавий мутахассисликларни эгаллаган ҳолда ҳаётда ўз ўрнини топиши ва шахсий ривожланиши учун имконият яратади.

Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида Амир Темур бобомизнинг қуйидаги сўзлари келтирилади: “…ўз қудратимни сақлаш учун мен бир қўлимда адолат шамини ва иккинчи қўлимга беғаразлик шамини тутиб, ҳар иккала шам билан бутун умр бўйи ўз йўлимни ёритиб юрдим. Барча қилмиш­ларимда ана шундай адолат қоидаларига риоя қилдим”.  

Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган бир даврда буюк саркарданинг ҳар бир ўгити, илм-маърифат ва адолат борасидаги сабоқлари улкан мақсадларимиз йўлини ёритаётгани, Янги Ўзбекистон пойдеворига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётгани айни ҳақиқатдир. 

Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирда қабул қилинадиган Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституцияси адолат тамойилларига асослангани билан аҳамиятлидир. 

Фармон Аллаев,

Тошкент вилояти кенгаши раиси в.в.б

Tegishli xabarlar

Учрашувлар самарали кечди

admin

ЯХШИЛИК ҚИЛИНГ, БИЛСА БАЛИҚ, БИЛМАСА ХОЛИҚ…

admin

Нотариат — инсон ҳуқуқларини ҳимояловчи муҳим институт (Конституцияга таклифим бор)

admin