ADOLAT 24

Янгиланаётган Конституция тадбиркорга эркин ишлаш имконини беради

Янги Ўзбекистон тараққиётини таъминлашга хизмат қилувчи Бош қомусимизнинг такомиллаштирилиши, энг аввало, инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда амалдаги Қомусимизни янада такомиллаштириш, қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи илгари сурилган эди. Ушбу ташаббус халқимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, амалдаги Конституциямизни янгилаш бўйича олимлар, сиёсатчилар, кенг жамоатчилик томонидан жуда кўп таклифлар берилди. 

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг ҳар бир моддаси халқчил тарзда кенг жамоатчилик, халқимиз билан маслаҳатлашган ҳолда такомиллаштирилди. Қонун лойиҳасида устувор йўналиш сифатида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қимматини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, янгиланаётган Конституциямизда тадбиркорлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган моддаларнинг киритилиши оддий тадбиркор сифатида мени ҳам қувонтирди. 

Тўғри, кейинги йилларда Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорлар йўлидаги ғовлар бирин-кетин олиб ташланди. Уларнинг мулкий ҳимояси кучайтирилди. Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва тадбиркорликни жадал ривож­лантириш борасида бир қатор ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъект­ларининг ҳуқуқлари ва кафолатларини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шундай бўлса-да, республикамизда тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар бор эди. Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, биргина 2016-2019 йилларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан 6 минг 479 та мулк бузилган. Ваҳоланки, мамлакатимизда мулкдорлар ҳуқуқларини таъминловчи қатор қонун ҳужжатлари бор. Бироқ бугунги давр хусусий мулк дахлсизлигини, ҳимоясини кафолатлаш, унинг иқтисодиётда ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, мулкдорнинг ўз мулкига ўзи эркин эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этишини амалда таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлашни талаб қилаётган эди. Ахир аҳолининг катта қисмини тадбиркорлик фаолиятига жалб этмасдан туриб, халқ фаровонлигини ошириш мумкин эмас. Бу жараёнда мулкдор ҳуқуқи ишончли кафолатланмаса, унинг ўз меҳнати самараларига ишончсизлиги ортиб, ташаббускорлиги сусаяди. Бу эса тадбиркорлик ривожига салбий таъсир кўрсатади. Зеро, ҳар қандай мулк­дор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлиги таъминланиши ва ишончли кафолатланишини хоҳлайди. 

Тадбиркорлик мамлакат ривожини ҳаракатлантирувчи қудратли куч ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, тадбиркор учун биринчи навбатда қонун устуворлиги керак. Қонун бўлмаса тадбиркорлик қилиб бўлмайди. Конс­титуция лойиҳасига тадбиркорлар учун киритилган моддани кўриб жуда хурсанд бўлдим. Бу бизнинг ҳимоямиз. Биз ҳимояланяпмиз. Энди янгиланаётган Конституция орқали қўрқмасдан ишлаш имкони яратилмоқда. Хусусан, Конституцион лойиҳанинг 65-, 66- ва 67-моддаларида давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши, хусусий мулк дахлсизлиги, давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналиш­ларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилаяпти. 

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти кафолатларининг Конституция нормалари орқали мустаҳкамланиши келажакда бизнесни маъмурий ва бош­қарув жиҳатидан назорат қилишнинг кескин қисқаришига, соф рақобатнинг ривожланишига, мулкдорлар кенг қатламининг шаклланишига ҳамда монополистик ҳаракатларнинг чекланишига олиб келади.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш масаласи бугунги кунда тобора долзарб аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Ўтган йилнинг 20 июнь куни давлатимиз раҳбари Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган йиғилишида мазкур масалага алоҳида тўхталиб, жумладан, “Иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлашимиз зарур. Токи, катта-кичиклигидан қатъи назар, ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳамда Президент ҳимоясида эканини амалда ҳис этсин”, деб алоҳида таъкидлаб ўтганди. Чунки тадбиркорликни ривожлантириш нафақат мамлакатнинг иқтисодий ўсишига, балки ишсизликнинг олдини олишга, камбағалликни қисқартиришга ҳамда янги иш ўринларини яратишга туртки бўлади.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам тадбиркорликни ривож­лантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ҳамда хусусий сектор улушини ошириш масаласи мазкур стратегияда устувор масалалардан бири сифатида эътироф этилиб, унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш, аҳоли учун доимий даромад манбаларини шакллантириш ҳамда бизнес учун кенг шароитлар яратиш белгиланган. Мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш эвазига 2026 йил якунига қадар юртимизда хусусий секторнинг ЯИМдаги улушини 80 фоизга, экспортдаги улушини эса 60 фоизга етказиш орқали ишсизлик даражасини камида 2 баробар қисқартириш назарда тутилган. Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини камайтириш ҳамда корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкасини 2 фоиздан 1,5 фоизга тушириш белгиланган. 

Шу ўринда антик дунёнинг машҳур олимларидан бири Пифагорнинг қуйидаги ҳикматли фикри ёдга келади: “Хусусий мулки бўлмаган одам беватандир”. Ҳалол меҳнат билан эришилган мулк эгаси ўз мулкининг ҳақиқий соҳиби бўлиши, яъни хусусий мулк дахлсиз бўлиши керак. Бу – инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг узвий қисми. Шунинг учун бу ҳуқуқлар янгиланаётган Конституциямизда ўз аксини топмоқда. 

Сўзим якунида халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, мамлакатимизнинг суверен, ҳуқуқий, демократик ва ижтимоий давлат бўлишини кафолатлайдиган Конституциямиз учун ҳар бир юртдошимизни референдумга бефарқ бўлмасликка чақираман. 

Tegishli xabarlar

⚡️Тезкор хабар

admin

ИЛМ-ФАН — ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ

admin

МАРРАЛАРИМИЗ ЖУДА ЮҚОРИ, ХАЛҚИМИЗ БИЗДАН АМАЛИЙ НАТИЖАЛАР КУТЯПТИ

admin