ADOLAT 24

Таҳририятга мактуб: Халқ манфаати устун бўлиши керак…

“Adolat” газетасининг шу йил 10 март, 9-сонида эълон қилинган

“Аёллар дафтари”дан асоссиз чиқарилган беш мингга яқин хотин-қизлар. Масъуллар нега уларнинг тақдирига бефарқ?”

сарлавҳали халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати Назиржон Исақовнинг танқидий мақоласи юзасидан таҳририят томонидан биз, депутатлар шаънига айтилган гаплар, қанчалик ҳақиқат бўлмасин, ярамизга туз сепгандек, жизиллатиб юборди.

Мақолада айтилганидек, “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиқариш масаласини олдиндан ўрганилмасдан сессия кун тартибига киритиш кўпчилик депутатларнинг кескин эътирозига сабаб бўлган. Лекин Кенгаш раиси ҳоким бўлиб, туманнинг обрўси ўртага қўйилганидан кейин қарши овоз бериш жуда қийин. Айниқса, давлат муассасаларида ишлайдиган раҳбар депутатлар ҳоким билан тўқнаш келиб қолишини ўйлайди ва кўпчилик овоз билан ҳокимнинг топшириғи тасдиқланади.

Ҳокимлар бир вақтнинг ўзида Кенгашга раис бўлиб турса, депутатлар ҳеч қачон ҳокимият тизимида жамоатчилик назоратини олиб бора олмайди.

Мисол учун, ишга тайинланадиган ҳоким ўринбосарлари, бўлим бошлиқларини тасдиқлаш ваколати Кенгаш сессиясига берилган, лекин мана, орадан уч йил муддат ўтган бўлсаям, ҳокимиятга нечта ўринбосар, бўлим бош­лиқлари келиб-кетди, уларнинг бирортаси сессия тасдиғига киритилмаган.

Сессия муҳокамасига ахборотини эшитиш киритилган бўлса-да, айрим мансабдорлар томонидан сессияга келмаслик ҳолатлари кузатилди. Кенгаш раисини кутиб, соатлаб мажлис бошланишини чўзиш каби сессиянинг нуфузини камситувчи тартибсизликлар баъзи депутатларимизнинг лоқайд бўлиб қолиш­ларига сабаб бўлиб қолаётгани ҳам, минг афсуски, бор гап…

Таҳририятнинг бизларга қарата айтган танқидий гапларидан нафақат биз, балки бош­­қа туман Кенгашлари депутатлари ҳам хулоса қиладилар, деган умиддамиз. Яна бир гап, газетадаги “Аёллар дафтари”дан асоссиз чиқарилиши мавзусидаги мақолани депутатимиз адолатсизликларга чидаёлмай, халқ манфаатини ўзининг манфатидан устун билиб, таҳририят ва масъуллардан нажот истаб ёзган. Биз бу каби виждонли депутатларимизни танқид остига олиб эмас, балки уларга қўлдан келганча елкадош бўлиб, адолатсизликларга қарши бирга туриб бера олсак, ана ўшанда барчаси ўз ўрнига тушади ва кўзланган мақсадга етамиз, деб ўйлаймиз. Биз маош олмасдан, ҳеч қандай манфаат кўрмасдан виждонига қулоқ тутган, олтинга тенг вақтини фақат халқ манфаати учун хизмат қилишга бахшида этаётган Назиржон Исақов каби депутатларимиздан ўрнак олишимиз лозим.

 Озода Дадажонова,

 Файзулложон Мирзаев,

 Аҳроржон Эркабоев,

Илҳомжон Абдолимов,

 Элмурод Каримов,

 Абдусамат Алобидинов,

 Баҳодир Аҳмаджонов,

Беҳзод Мамажонов,

халқ депутатлари Фарғона туман Кенгашидаги

“Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи аъзолари

Tegishli xabarlar

УВАЙСИЙНИ УНУТДИКМИ?..

admin

Аҳолини ўйлантираётган муаммолар ҳал этиладиган бўлди

admin

У КЎП СОҲАДА БИРИНЧИ ЭДИ

admin