ADOLAT 24

Зўравонликка нисбатан жазо чоралари оғирлаштирилмоқда

Тегажоқлик, номусни топташ ва жинсий зўравонлик! Сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тез-тез кўзга ташланаётган бундай ғайриинсоний ҳаракатлар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун жаҳонда тобора кескин тус олиб бормоқда. Бундай ҳолатлар, айниқса, вояга етмаган ҳамда имконияти чекланган инсонларга нисбатан амалга оширилиши дилни хира қилади, албатта. Зеро, ҳуқуқи топталган инсонлар сизнинг онангиз, опангиз ёки ўйинқароқ жажжи синглингиз бўлиши ҳам мумкин.

Европа Кенгаши томонидан ўтказилган тадқиқотлар якунларига кўра, бугунги кунда 45 фоиздан 85 фоизгача аёллар ўз иш жойларида жинсий зўравонликка учрайдилар ва уларнинг атиги 5-22 фоизигина бу ҳақда шикоят қилишади. Албатта, ушбу масаланинг кескинлиги давлатлардан давлатларга қараб, хусусан, уларнинг маданияти, аёлларнинг эмансипация даражаси, жамиятда аёлларга нисбатан муносабат ва уларнинг ҳуқуқларини қонун йўли билан ҳимояланишига қараб фарқланиши мумкин.

Юртимизда амалга оширилаётган кучли демократик ислоҳотлар доирасида жамиятимизда аёлларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки кескин ошмоқда. Шунинг билан бирга, жамиятимизда аёллар ва болаларга нисбатан турли хил зўравонлик ҳаракатлари кузатилмоқда. Шундай шароитда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишда, энг аввало, унинг қонуний асосларини такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг 23 март куни бўлиб ўтган Халқ уйи вакилларининг навбатдаги йиғилишида ана шундай иллатларга қарши муқаррар жазо чораларини кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига юборилди.

Мазкур қонун билан аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш, зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Шу билан бирга, мазкур қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар янги моддалар билан бойитилмоқда. Унга кўра, шаҳвоний шилқимлик қилганлик, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик, шунингдек, оилавий (маиший) зўравонликлар учун жазо чоралари белгиланмоқда.

Яъни, шахснинг ўз хотини (эри), собиқ хотини (собиқ эри)ни дўппослаганлиги базавий ҳисоб­лаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима тўлашига ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олинишига олиб келади.

Оилавий зўравонлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишларига жалб қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланмоқда.

Ушбу қонуннинг кучга кириши жамиятимизнинг асосий бўғини бўлмиш оилаларда маиший зўравонликларни камайтириш, мамлакатимиздаги хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни янада кучайтиришга имкон беради.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Р.Махмудованинг “Адолат” СДП ХI Қурултойидаги  МАЪРУЗАСИ (Давоми)

admin

Депутатлик гуруҳларида: Андижонда ёш тадбиркорлар мактаби яратилмоқда

admin

ФАРҒОНА ИҚТИСОДИЁТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ БЕРИЛДИ

admin