ADOLAT 24

Қоидани бузганларга жазо чорасини кучайтириш вақти келди!

Йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ қонунчилик ҳар қанча кучайтирилмасин, йўл-транспорт ҳодисалари сони ва кўлами камаймаётгандек туюлаяпти. Буни ижтимоий тармоқларда тез-тез тарқатилаётган нохуш янгиликлардан ҳам кўрсак бўлади. ЙТҲларнинг асосий қисми ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезликка риоя этмаслик сабабли содир этилаётган бўлса, яна бошқасида спиртли ичимликни истеъмол қилиб автомобилни бошқарган ҳайдовчи ўзи ва ўзгаларнинг ҳаётига, мулкига хавф туғдираяпти.

Биргина мисол. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 14 январь куни Хоразм вилояти Янгибозор туманида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқаро томонидан спиртли ичимликлардан маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш натижасида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси фуқаро ўлимига сабаб бўлди.

Статистик маълумотларга кўра, маст ҳолда транспорт воситаси бошқариш оқибатида 2018 йилда 164 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиб, 71 нафар шахс, 2019 йилда 147 та ҳодисада 65 нафар шахс, 2020 йилда 106 та ҳодисада 45 нафар шахс вафот этганлиги қайд этилган.

Транспорт воситаларини маст ҳолатда бошқариб, ҳуқуқбузарлик содир этган шахс маъмурий тартибда жавобгарликка тортилган бўлсада, ўзига тегишли хулоса чиқармай, белгиланган қоидаларни менсимасдан такроран маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлишига замин яратмоқда. Жумладан, 2019 йилда 3 641 нафар, 2020 йилда 3 581 нафар, 2021 йилда 5 450 нафар ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг транспорт воситасини такроран маст ҳолатда бош­қарган.

Назаримда, зарарли воситаларнинг тури кўпайиб бораётган айни кунларда ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этган тақдирда уларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгилаш лозим бўлади.

Шунингдек, бугунги кунда транспорт воситасини мастлик ҳолатда бошқариш натижасида, ҳайдовчи ўзининг ҳаракатини англай олмаслиги оқибатида оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда. Энг ачинарлиси, транспорт воситалари эгалари мастлик ҳолатдаги шахсларга автомобилларни бошқаришга топширишмоқда. 2019 йилда 588 нафар, 2020 йилда 466 нафар, 2021 йилда 879 нафар шахс транспорт воситасини мастлик ҳолатидаги шахсларга бош­қариш учун топшириш ҳолатлари аниқланган.

Жиноят кодексининг 261-моддаси (мастлик ҳолатидаги шахснинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўйиш) билан 2018 йил 3 та, 2019 йил 5 та, 2020 йил 11 та чора кўрилган. Бундай ҳолатлар амалдаги жазо чоралари етарли даражада мукаммал эмаслиги оқибатида давом этиб, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлишида алоҳида ўрин эгалламоқда.

Таклифим – транспорт воситасининг эгаси ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга шахс томонидан била туриб, мастлик ҳолатидаги ёки гиҳёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остидаги шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириши баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, уларга нисбатан ҳам жиноий жавобгарликни белгилаш керак.

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЕВРОПА ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ БОШҚАРУВЧИЛАР КЕНГАШИ ЙИҒИЛИШИДАГИ НУТҚИ

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги НУТҚИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ РОССИЯ ТАШҚИ СИЁСИЙ ИДОРАСИ РАҲБАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

admin