Аёз исмли бир қул тақдир бўлиб, Султон Маҳмуднинг хизматкори бўлибди. Султон қулининг одоб-ахлоқини кўриб, уни яхши кўриб қолибди. Қул султоннинг шунчалик ишончини қозонибдики, бутун салтанатнинг хазинабони этиб тайинланиб, саройнинг барча хазина-бойликлари унга топшириладиган бўлибди.
Бу ҳолатни кўрган саройдагиларнинг баъзилари қулга ҳасад қилишибди. Ҳасад ва кибрлари туфайли “оддий бир қулга бунчалик катта мавқе берилиши”ни ўзларига сингдира олмабдилар. Султонга ҳар куни, ҳар хил баҳона билан Аёздан шикоят қила бошлашибди. Унинг обрўйини тушириш учун қўлларидан келган ҳамма йўлни синаб кўришибди.
Кунларнинг бирида Султоннинг ҳузурида бир сарой аъёни иккинчисига: “Қул Аёз хазинага тез-тез қатнайдиган бўлиб қолди, биласанми? Менимча у гавҳарларимизни ўғирлаб юрибди. Бунга аминман”, дебди.
Буни эшитган Султон қулоқларига ишонмай “Ҳақиқатдан ҳам шундаймикин, шундай бўлса, ўз кўзим билан кўрайин” деб, хазина хонаси деворига кичкинагина тешикча тешдирибди. Ва ҳар куни ичкарида бўлаётган воқеаларни кузатишни бошлабди.
Кеч тушибди, қул секин сарой хазинасига бориб, эшикни очиб, ичкарига кирибди. Султон қулнинг сандиқ олдига яқинлашганини кўрибди. Қулнинг у ерда яшириб қўйгани кичкинагина бир тугун экан. Қул тугунни ўпиб, пешонасига суртиб, кейин очибди. Ичидан қуллик пайти кийган эски-туски кийими чиқибди. Уни кийиб, ойнанинг олдига ўтибди. Ўзига ўзи: “Авваллари шу кийимни кийиб юрганингда ким эканлигингни эслайсанми?” – деб сўрабди. – Ҳеч ким… Бор-йўғи қул эдинг, холос. Аллоҳ сенга Султоннинг қўли билан, лойиқ бўлмасанг ҳам Ўз раҳматидан шундай неъматларини лутф қилди. Қаердан келганингни асло унутма! Чунки мол-мулк инсоннинг ақлини олади, унутишга мажбурлайди. Шундай экан, сен ҳам сендан камроқ неъматга эга бўлганларга паст назар билан қараб, кибрланма! Буни асло унутма, эй Аёз! – деб эски кийимларини ечиб, сандиққа солиб, сандиқни ёпиб, қулфлабди ва секингина эшикдан чиқибди.
Аёз хазинадан чиқар-чиқмас, Султон билан юзма-юз келибди. Шунда Султон Аёзга қараб туриб, кўзидан ёш оқа бошлабди. Султон қулга шундай дебди:
— Бугунга қадар бойликларимнинг хазинабони эдинг. Энди… Қалбимнинг ҳам хазинабонига айландинг. Менга Яратган олдида ҳеч ким эканлигимни ва унга қандай муносабатда бўлишим кераклигини ўргатдинг…