ADOLAT 24

ҲАЙРАТ ва ҲАВАС

Швейцариянинг таърифини эшитмаган, ўқимаган одам кам бўлса керак. Чиндан ҳам жуда гўзал, ўзига хос мамлакат. Биз сафарга борган 1995 йилда ҳудуд жиҳатдан ҳам, аҳоли сонига нисбатан ҳам унча катта бўлмаган мамлакат пойтахти Берн шаҳрида 135 минг аҳоли яшайди. Швейцария – Европанинг энг гўзал, энг бой, энг сокин ва тинч давлатларидан бири. Жаҳоннинг энг ишончли банклари ҳам шу мамлакатда. Дунёнинг кўплаб давлатлари, пулдор одамлари бойликларини айнан Швейцария банкларида сақлайди. Бундан ташқари, аксарият сиёсий музокаралар учун бетараф майдон танлаш лозим бўлганда Швейцария, аниқроғи, унинг Женева шаҳри танланади. Кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг бир неча ташкилоти қароргоҳи Женевада жойлашган. Бу жиҳатдан ҳам Женева дунёга машҳур. Татьяна Лиазнованинг «Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси» номли кўп қисмли телевизион фильмини ҳамма кўрган десак, ёлғон бўлмас. Ана шу фильмда ҳам энг нозик, сирли суҳбат ва учрашувлар Бернда кечади.

Энг қизиғи шундаки, яқин-яқингача Швейцария БМТга аъзо эмас эди. Ҳолбуки, юқорида ёзганимиздек, бу халқаро ташкилотнинг бир неча ташкилоти, жумладан, иқтисодий масалалар билан шуғулланувчи ЮНКТАДнинг бош қароргоҳи шу шаҳарда. Биз Швейцарияга 1995 йилда ана шу халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистонда хусусийлаштириш масалаларига бағишланган халқаро конференция­­да иштирок этиш учун борган эдик.

Бу мамлакатда, хусусан, Женева шаҳрида даставвал эътиборимни тортгани гуллар бўлди. Нақадар ранг-баранг, қараб тўймайди киши, кўча бўйлари, кўп қаватли уйларнинг балконларида турфа-туман гуллар очилиб, пастга осилиб ётибди. Қараган кўзни қамаштиргудек. Гули йўқ дераза ёки балконни кўрмайсиз. Шаҳарнинг кичикроқ бир майдонида ерга улкан соат ўрнатилган, унинг рақамлари гулдан қилинган. Ҳайратга тушмай иложингиз йўқ!

Дарвоқе, Швейцария соати ҳам дунё­­га донг таратган. Энг қиммат, энг аниқ ишлайдиган соат сифатида тан олинган. Машҳур «Тissot» соатлари ҳам шу мамлакатда ишлаб чиқарилади.

Швейцариянинг яна бир дунёга машҳур маҳсулоти – шоколадлар. Дарҳақиқат, бу ерда тайёрланадиган шоколадлар шакл жиҳатидан ҳам, дизайн жиҳатидан ҳам ғоят ранг-баранг ва гўзал. Мазасига-ку гап йўқ. Швейцарияга борган ҳар бир сайёҳ ёки делегация аъзоси шоколад олмай кетмайди.

Женева кўчаларида шовқин-сурон эшитмайсиз. Одамлар паст овозда гаплашади, баъзи мамлакатлардагидек бақир-чақир йўқ… Супермаркетга кирасизми, қаҳвахона ёхуд бирон-бир идорага кирасизми, сокинлик ва осойишталикка дуч келасиз. Асабийлашган одамни қидириб ҳам тополмайсиз назаримда. Тўғри-да, инсон учун керакли ҳамма нарса муҳайё бўлса, одамлар яхши маош олса, турмуш фаровон, атроф гулу гулзор, ҳаво мусаффо бўлса, нима учун асабийлашиш керак?! Бировнинг биров билан иши йўқ, ўзига дахлдор бўлмаган иш билан қизиқмайди ҳам, аралашмайди ҳам. Мен шундай фикрга бордимки, бу мамлакатда ғийбат, фисқи-фасод дегани умуман бўлмаса керак.

Швейцарияда ўрганса арзигулик яна бир тажриба бор экан. Айтайлик, сиз бирон нарса қуриш учун маълум сотих ер олмоқчисиз. Аввало, ўша жойда нечта дарахт бўлса пулини тўлайсиз ва бошқа жойга ўшанча, худди шунақа дарахтлар кўчатини экиб берасиз ва вояга етгунча қарайсиз. Шу боис бутун мамлакат бўйлаб дарахтларнинг умумий сони камаймайди.

Шуларни ёзяпману бу борада ўзимиздаги аҳволни ўйлаяпман. Ҳар йили миллионлаб кўчат экилди, деб ҳисобот берилади, нуфузли мажлисларда мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилади. Аммо шу экилган кўчатларнинг қанчаси кўкарди, қанчаси қуриб қолди. Бу масала гўё ҳеч кимни қизиқтирмайди. Хайриятки, кейинги йилларда инсон ҳаёти, саломатлиги учун муҳим бўлган ушбу масалага жиддийроқ эъти­бор қаратила бошланди. Бундай қилишни мавжуд вазият тақазо этди. Бинобарин, дарахтларни, айниқса, кўп йиллик дарахтларни кесиш авж олди (мебель ишлаб чиқариш ривожланиб боряпти-ку). Энг юқори даражадаги йиғилишларда жиддий гап­лар бўлди, дарахтларни ноқонуний кесганларга катта-катта жарималар солиш йўлга қўйилди. Афсуски, кутилган натижа бўлавермади, дарахткушлик давом этаверди. Охири давлат раҳбари шахсан эътибор қаратди. 2021 йилда дарахт кесишга муддатсиз мораторий эълон қилинди.

Хўш, шу билан ноқонуний дарахт кесиш тўхтадими? Афсус, минг афсус, бу саволга ижобий жавоб бериб бўлмайди. Кунда-кунора матбуот­­да, ижтимоий тармоқларда фалон жойда шунча дарахт рухсатсиз кесилди, деган хабарлар берилаётир.

Энди буни қандай тушуниб, қандай изоҳлаш мумкин?! Наҳотки, нафс балосига шу қадар муккасидан кетган бўлсак? Ахир муқаддас китобларда эртага қиёмат бўлишини билсанг ҳам кўчат эк, дейилган-ку. Юртимизда бу ўгитни билмайдиган одам кам бўлса керак. Билиш бошқа, амал қилиш бошқа экан-да.

Женева трамвайларининг ҳар бир бекатида чипта оладиган мослама бор. Сиз неча бекат юришингизга қараб пул тўлайсиз. Бир бекат юрсангиз ҳам, ўн бекат юрсангиз ҳам бир хил нарх эмас. Чипта олдингми-йўқми, деб сўрайдиган одам йўқ. Чунки чипта олмасликни ҳеч ким хаёлига келтирмайди.

Женева кўчаларида бир ҳолатни кузатдим. Пиёдалар ўтадиган йўлак бошига ихчам светофорча ўрнатилган. Кўчанинг нариги тарафига ўтмоқчи бўлган одам ўша светофорчанинг яшил чироғини ўзи ёқиб, кейин ўтади. Бир гал атайин разм солдим: бир аёл пиёдалар ўтадиган йўлакка келди, кўчанинг икки томонига қаради, чапда ҳам, ўнгда ҳам машина йўқ, кўча бўм-бўш. Аммо пиёдалар светофорчасининг қизил чироғи ёниб турибди. Аёл светофорчанинг яшил чироғини ёқиб, кейин кўчанинг нариги тарафига ўтди. Роса ҳавасим келди. Бизда ҳам шундай светофорлар ўрнатилса қанийди, деб орзу қилдим. Чин дилдан йиғласа сўқир кўздан ҳам ёш чиқади деганларидай, бир неча йилдан кейин Тошкентнинг айрим кўчаларида шундай светофорчалар пайдо бўлди. Жуда қувондим. Афсуски, қувончим узоққа чўзилмади. Ўша кўчадан бир ўтганда қарасам, бояги светофорча синиб ётипти. Ғоят ачиндим, хафа бўлдим…

Ўтган асрнинг 80-йилларида пойтахтимиздаги кўп қаватли уйлар йўлакларига кодли қулф қўйи­­ла бош­ланди. Жуда хайрли иш эди. Сабаби – йўлак озода туради, ҳар хил қаланғи-қасанғи кимсалар, дайди итлар кирмайди. Биз турадиган уй йўлагига ҳам шундай қулф ўрнатилди. Уйимиз катта кўчанинг юзида бўлгани учун ҳар хил маст-аласлар кечаси кирар, баъзан лифтда ухлаб қоларди. Гоҳида лифтга кириб бўлмасди. Кодли қулф қўйилганидан кейин жонимиз кириб, шу ташвишлардан қутулдик.

Ўша кезлари Бокудан Фозил, Қозондан Тофиқ деган ўртоқларим Тошкентга келиб қолди. Уларни уйга таклиф қилдим. Ҳар иккаласи эшигимиздаги кодли қулфни кўриб, ҳаваси келди. Бокулик Фозил «Москвадагига ўхшайди-я», деди. «Москвадан нимамиз кам», дедим мен ҳазил аралаш. Лекин, минг афсуски, кўпчиликнинг ҳавасини келтирган ўша кодли қулф бир йилга бормай бузилди. Чунки шу уйда яшовчилар эҳтиёт қилиб ишлатмади. Эшикни қарсиллатиб ёпади, гоҳида очиқ қолдиради. Хуллас, яна аввалги ҳолига тушди.

Нега бундаймиз? Ўзимиз учун яратилган шароит ва имкониятни ўзимиз йўққа чиқарамиз? Бундай бефаросатлик, айтиш мумкинки, ваҳшийликни кимдан ўргандик, қачон ўргандик? Ахир бизнинг аждодларимиз ўзгалар мулкига, айниқса, халқ мулкига эҳтиётлик билан қараган, асраб-авайлаган-ку, ғорат қилишдан қўрққан-ку.

Азиз ўқувчиларнинг эсида бўлса керак, илгари Тошкент, Самарқанд ва бошқа йирик шаҳарларимиз кўчаларида телефон-автомат бўларди. Аммо ўша будкалардаги телефон гўшакларининг кўпи яхши ишламас, айримлари умуман ишламасди. Чунки уларнинг сими узиб ташланган, баъзиларида гўшак ҳам бўлмасди. Ҳолбуки, у вақтларда ўша телефон-автоматлар дастиёри беминнат вазифасини ўтарди.

Хизмат сафари билан Жанубий Кореяга борганимда Сеул кўчаларида шунақа телефон-автоматларни кўрдим. Атайлаб бир нечтасига кирдим. Ҳаммаси бинойидек ишлаб турибди. Боз устига, ҳар бир будкада шаҳар телефонлар рўйхати битилган қалин китоб-маълумотнома турибди, ўзингизга керакли ташкилот ёки одамнинг телефон рақамини топиб, бемалол қўнғироқ қилаверасиз. Нақадар ҳавас қилгулик иш… Бизда эса… Юқорида ёздим. Афсус, минг афсус… Яна биз фалон-писмадондек буюк даҳоларнинг авлодимиз, деб кўк­рак керамиз. Мусулмонмиз, айримларимиз намоз ўқиймиз, жума, ҳайит намозларини канда қилмаймиз (корейслар эса мусулмон эмас). Хўш, ислом динининг қайси манбасида шундай ярамас ишларни қилиш мумкин, деб ёзилган? Ҳеч қаерда йўқ. Аксинча, бу каби хунук ишларни бажариш гуноҳ, дейилган. Худодан қўрқмайдиган, бандадан уялмайдиган бўлиб боряпмизми?! Аллоҳ асрасин, ҳеч кимни Ўзи адаштирмасин.

Бундай воқеаларни кўриб, одам ўйга толади. Биз нимага ривож­ланмаймиз, нега яхши яшамаймиз, фалон давлат ундай бўп кетган, писмадон давлат бундай бўп кетди, деб нолийдиганлар бор. Хўш, ўша мамлакатларнинг одамлари учун шахсий мулк билан давлат мулкининг фарқи борми, улар ўз мулкини асраб, жамоа мулкини ўғирлайдими, бузадими, синдирадими? Йўқ! Шахсий мулкини ҳам, жамоа мулкини ҳам бирдай эҳтиёт қилади, асраб-авайлайди.

Давлат аҳоли учун қулайликлар яратиб бераверса, биз уни бузсак, синдирсак, дарахтларни кесаверсак, давлат – халқ маблағини ўмараверсак ривожланиш бўладими? Аслида мамлакатни ким ривож­лантиради? Сизу биз, яъни, шу юрт халқи. Оддий ишчидан тортиб юқори лавозимда ўтирган раҳбарларгача юрт тақдири учун, миллат келажаги учун бирдай жон куйдирса, ҳаракат қилсагина натижа бўлади. Бир-икки раҳбарнинг куйиб-пишгани билан нимага эришиш мумкин? Ҳеч нарсага!

Шунинг учун ҳамжиҳат бўлайлик. Энг муҳими, ҳар биримиз, аввало, ўзимизни ўзимиз назорат қилайлик, дунёда рўй бераётган воқеалардан хулоса чиқарайлик. Энг асосийси, катта-ю кичик, оддий фуқарою амалдор нафс балосига қул бўлиб қолишдан ўзимизни эҳтиёт қилайлик…

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

ЖАРИМА БАЛЛАРИ: МАҚСАД ЖАРИМА ЭМАС

admin

Қоним жонингга дармон бўлсин!

admin

ВОДИЙ ЖАВОҲИРИ – ФАРҒОНА ЙИРИК САНОАТ МАРКАЗИГА АЙЛАНМОҚДА

admin