ADOLAT 24

МАЪСУМА АҲМЕДОВА: У ЎЗБЕК ХАЛҚИГА ҲАЙКАЛ ҚЎЙДИ!

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Абдулла Қодирий номидаги давлат мукофоти совриндори, “Ойдинда юрган одамлар”, “Қўшиқ”, “От кишнаган оқшом”, “Отамдан қолган далалар”, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди”, “Юлдузлар мангу ёнади”, “Момо Ер қўшиғи” каби бир қанча дурдоналари билан ўзбек адабиётини юксакликка кўтарган, халқимизнинг севимли ёзувчиси Тоғай Муроднинг рафиқаси, ёзувчи ва таржимон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Маъсума Аҳмедова билан суҳбатимиз адибнинг умр йўллари, ўзбек адабиётининг ёрқин ва ўчмас юлдузига айланган бетакрор асарларининг яратилиш жараёни, улуғ ёзувчининг воқеликка қарашлари ҳақида бўлди.

– Маъсума опа, мана, сиз халқимизнинг ардоқли ёзувчиси билан анча йиллар умргузаронлик қилдингиз. У кишини сиздан яхши биладиган ва сиз каби тушунадиган инсон бўлмаса керак. Суҳбатимизни устознинг болалик йиллари, ёшлиги, оиласи ҳақидаги эшитганларингиз, фикрларингиз билан бошласак.

– У Сурхондарёнинг инсон кифтини куйдирган қуёши каби қайноқ меҳри билан камолга етган, десам муболаға бўлмас. Денов, ҳозирги Олтинсой туманининг Хўжасоат қишлоғида ўсиб-улғайиб, шу қишлоқда болалигининг беғубор дамлари, ёшлигининг орзуларга ошно паллалари ўтган. Унинг ота-онаси жуда меҳрибон кишилар бўлган, уларнинг муҳаббатига чулғониб, ўгай ота қўлида улғаяётганини сезмаган ҳам. Отаси Бўривой ота ветеринар-шифокор бўлса ҳам қалби санъатга ошуфта бўлиб, дутор чалиб, ашула айтар, ўғли 2 ёшдалигида яшин-чақмоқ, яъни момақалдироқ туфайли оламдан ўтган эканлар. Албатта, бу ёшдаги бола отасини эслай олмаслиги табиий ҳолат. Тоғай аканинг исми ҳам дунёга келиши билан боғлиқ. Онасининг айтишича, “Тоғасиникида туғилгани учун отини Тоғай қўйдик, муродига етиб юрсин, деб Тоғаймурод қўйдик”.

Тоғай аканинг адабиётга меҳри ҳам шу Хўжасоат қишлоғида ўзи сингари улғая борган. Ўгай отаси колхозда ҳисобчи бўлиб, маърифатли инсон эканлар. Шунинг учун оилада болалар тарбиясига, айниқса, Тоғай аканинг илм олишига алоҳида эътибор қаратганлар. Қайнонам Тожихол ая жуда оқила, озода, ораста ва пазанда аёл эдилар. Халқ термаларини, оғзаки ижодини ёддан айтар, шу билан бирга, кашта тикиш, тўн, чопонлар қавишни яхши билар эдилар. Ҳатто менга ҳам чопон қавиб берганлар. Тўйимиздан кейин ёзувчи Москвага, Горький номидаги Адабиёт инс­титутига ўқишга кетганларида ёнимда бўлиб, менга сурхонча зиғир ёғли ош пиширишни ҳам ўргатганлар. Улар ивитган қатиқни мисоли қаймоқ дердингиз… 

– Она-боланинг бир-бирига муносабати қандай эди?

– Биринчи келганларида Тоғай ака Москвага кетган пайтлари бўлиб, мен уларнинг телефонда гаплашганларини эшитиб, ҳайрон қолганман: она ўз ўғли билан “сиз”лаб гаплашди. Мен ҳам қизиқувчан эмасманми, “Нега ўз ўғлингизни сизлаб гапираяпсиз?” деб сўраганман. Шунда у киши: “Ёшлигида сен дердим, ҳозир у катта одам бўлди, ўқиди, илмли бўлди. Мен ўқимаган, бир оми аёл бўлсам, у катта илмга эга, катта одам бўлди. Илмини ҳурмат қилиб, “сиз”, дейишим керак”, деганлар. У кишидаги ички маданиятни кўриб, ҳайратланганман.

– Ёзувчи ўзининг адабиётга қандай қизиқиб, меҳр қўйганлари ҳақида гапириб берганмилар?

– У киши ўзида адабиётга муҳаббат уйғотган мактаб кутубхоначиси, Қозондан келиб қолган татар аёли Хадича Ботиршина эканлиги ҳақида 2003 йилда “Ёшлик” журналига берган интервьюсида батафсил ҳикоя қилганлар… “У кутубхонадаги ва кутубхоначи тавсия қилган барча китобларни ўқиб бўлгандан кейин Хадича опанинг шундай деганини эътироф этади: “Шундай, ана энди адабий лавҳалар машқ қил!”

“Мен адабий лавҳалар машқ қилдим. Район газетасига жўнатдим. Газета лавҳаларимни босмади. Мен конверт бетларига гуллар чизиб жўнатдим. Адабий лавҳа чеккаларига булбуллар расмини чизиб жўнатдим. Адабий лавҳа тепасига оғзида гул тишлаб турган каптар расмини чизиб жўнатдим. Барибир газета адабий лавҳаларимни босмади. Бир куни район газетасида илк бор мени исми шарифим билан бир мақола пайдо бўлди. Ҳайрон бўлдим. Мен бунақа мақола жўнатмаган эдим. Ҳамма мени табриклади. Мен билдирмай, гердайиб юравердим. Биз шунақа ёзамиз, деб қўйдим. Адабиёт ўқитувчимиз Ҳамза Ҳамроев мени четроққа олиб борди.

“Газетани кўрдингми? – деди. – Ўшани сени номингдан мен қилдим. Газета ходимларига ҳам тайинлаб келдим. Ана энди ғайрат қил”.

 Дарҳақиқат, Ҳамроев район, область газеталарининг штатсиз мухбири эди. Ана шундан кейин газетада мунтазам чиқиб турдим. Яқинда уйимизга ориқ бир чол кириб келди. Оппоқ соқоллари кўксига тушади. Бу чол ўша адабиёт муаллимимиз Ҳамза Ҳамроев бўлди. “Умрим педагоглик билан ўтди, – деди Ҳамроев. – Сизни ўқитганим учун педагоглик умримдан мингдан-минг розиман”.

Отаси Тоғай акани 7-8 бола туғилиб, шулар орасида омон қолган ёлғиз қизи Орзугул билан бирга камолга етказган, университетга киришини қўллаб-қувватлаган. Тақдир экан, кейин у киши бошқа аёлга уйланган ва бу ишини ўзи ўғил кўрмоқчи экани билан изоҳлаган. Тоғай ака оиласидан гап очилганида ўгай отасининг ўзини катта қилиб, илм олишига бош-қош бўлганини миннатдор бўлиб, ҳурмат билан эслардилар.

– Маълумки, устоз Тоғай Муроднинг Сурхондарё, Паркенту Тошкентга улкан чинор янглиғ томирлари туташган. Сизнинг синчков нигоҳингиз адибнинг табиатида кўпроқ тошкентча чаққонлик, чапаниликни илғармиди ёки сурхонча қони қайноқ, жўшқинликними?

– Сут билан кирган жон билан чиқади, деган гап бор халқда. У киши ҳеч қачон тошкентлик ёки паркентлик бўлиб қолган эмаслар. Умрларининг охиригача асл Сурхон фарзандилигича қолдилар. Яъни чапдастлиги, жўмардлиги, бир сўзлилиги, қатъиятлилиги билан Сурхонга содиқ қолдилар.

У шундай ёзади: “Мен ўрта мактабни битириб, шундай ният этдим: ўттиз-ўттиз беш ёшларгача уйланмайман, оила қурмайман”. Бундай ниятдан мақсади фақат илм олиш эди, яъни: “Мен фақат бир мақсадни кўзладим, ўттиз-ўттиз беш ёшларгача жаҳон адабиётини ўқиш… Мен шу ният йўлида иморат солмадим, машина олмадим, мансаб эгалламадим, шон-шуҳрат қизғанмадим. Мен дунё талашмадим! Фақат изландим, фақат ўқидим”. У киши адабиётни қисматим деб билган ва ана шу йўлда яшаган ва ҳар қандай машаққатларга дош бериб ўта олган инсон эдилар. Биз ҳақиқатан Тоғай ака ният қилган ёшларида турмуш қурдик, Тошкентда яшадик. Ёзувчи аксарият Сурхондарёнинг Вахшивор деган тоғли сўлим қишлоғидаги ўзлари таъриф берганларидай, тоғчорбоғда ижод қилганлар. Қандай асар ёзаётган бўлсалар, ўша ер, ўша ҳудуд урф-одатларидан тортиб, ўтмишию бугунигача, танаввул қиладиган таомию, шевасигача шунчалар пухта ўрганар эдиларки, ҳаттоки ойлаб, йиллаб улар орасида яшар, улар билан бирга ишлар эдилар. Шу меҳнат самарасини адиб асарларида кўришимиз мумкин, шираси, ҳаётийлиги, мазмунан теранлиги фикримизга далил бўла олади. “Отамдан қолган далалар” романини ёзиш учун Сурхон далаларида қолиб кетганлар. Бу ҳақда адиб “Отамдан қолган далалар” романига ёзган сўнгсўзда шундай ёзади:

“…Мен бўлажак… Деҳқонқул билан юзма-юз бўлдим. Мен бўлажак… Деҳқонқул далаларини иш жойим этдим. Деҳқонлар қандай кийимда бўлса – мен ҳам шундай кийиниб олдим. Деҳқонлар ўтирса – ўтирдим, деҳқонлар турса – турдим. Чигит экиш бошланди. Мен деҳқонлар билан чигит экдим. Мен… деҳқон бўлиб, чигит экдим! Мен ғўза яганаладим. Ғўза чопиқ қилдим. Ғўза ўтоқ қилдим. Ғўзага гўнг бердим. Ғўзага сув тарадим. Ғўза чилпидим. Мен деҳқонлар билан пахта тердим. Мен ғўзаларга сув тарай-тарай, неча-неча тонгларни оқладим. Мен шийпонларда ухлаб қолдим. Ўқариқ бўйларида ухлаб қолдим. Эгатларда ухлаб қолдим. Мен Сурхон далаларида олти ой кездим. Сурхон офтобида олти ой куйдим. Сурхон чангларини олти ой ютдим.

 – Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!

 Мен ана шундай орзуда далалар билан хайр-хўшлашдим. Ниҳоят, орзуларим охир-оқибати – ушбу роман бўлди…”.

– Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад: “Тоғай Мурод ўзбек тилини куйлатди, ўзбек тилининг жами жилваларини офтобга солиб кўрсатди”, деб ёзса, шоир Йўлдош Эшбек ёзувчининг роман ва қиссалари ҳақида фикр юрита туриб, “Насрдаги назм, назмдаги наср”, дея эътироф этган эди. “Ўзига хос услуби, янги фикри билан прозада ўзбекча модерн, соф ўзбекона наср ярата олган Тоғай Мурод жаҳон адабиётининг етук вакиллари ижодига ҳавас қилса ҳам уларга тақлид қилиб асар ёзмади”. Бундай улуғ эътирофга эга ёзувчи ўз асарларидаги ҳар бир эпизодни давр билан ҳамоҳанг соф шеваси, қадриятлари, урф-одатлари улуғланган, ор-номуси учун жонини тиккувчи қишлоқ одамларини ўзи яшаётган ҳаёти мисол ёрқин ва аниқ тасвирларда ёритади. Улардаги қаҳрамонлар ҳаёти, ёшлиги адибнинг кечинмалари, хотиралари, ўз бошидан кечирганлари билан боғлиқми?

– Тоғай ака бир асарни ёзиш учун керак бўлса, йиллар давомида изланар, ўрганар эдилар. У киши ҳар бир вилоятнинг экадиган экинидан тортиб таомигача, шевасидан тортиб ҳар бир сўзигача, майда деталигача, ўрганганда ҳам жиддий, профессионал даражасида ўрганганлар. Атоқли олим Тўра Мирзаевнинг айтишларича, “Йилнинг энг яхши қиссаси” деб баҳоланган “От кишнаган оқшом” асарини ёзиш учун Тил ва адабиёт инс­титутининг фольк­лор бўлимига бориб, бир йил китобдан бош кўтармаган эканлар. Кузда Сурхондарёга бориб, Саттор чавандоз билан танишиб, у билан чавандоз сифатида қишлоқма-қиш­лоқ, тўйма-тўй юриб, чавандозлар билан кўпкари чопиб, уларнинг дўмбира чалиб, кўпкари, отлар ҳақидаги гурунгларига қулоқ тутган эканлар. Бутун қиш давомида кўпкарихонада яшаб, отлар билан тиллашиб, уларнинг ҳаётини ўрганиб, то “От кишнаган оқшом” қиссаси журналда чоп этилгунига қадар унинг ёзувчи эканини билмаганлар. Ёзувчининг йигирма беш ёшида ёзган “Йилнинг энг яхши асари” дея эътироф этилган “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасида Сурхон полвонлари, “От кишнаган оқшом” қиссасида бир неча чавандозлар ўзини таниб, Тоғай акани бағрига босиб, “Раҳмат, ука, мени ёзибсан!” – деб олқишлаганлар. Адиб Ойбек мукофоти олишига сабаб бўлган яна бир асарининг ёзилиш тарихи ҳақида “Юртимиз этагида Сўфи Оллоёр қабри бор. Шу қабр қабатида тоғчорбоғ бор. Мен бир қишни ана шу юртим чорбоғида қишладим. Сўфи Оллоёр бобо билан қабатма-қабат ётиб, “Ойдинда юрган одамлар” номли қисса битиб келдим”, деб ёзади.

– Ёзувчи “Отамдан қолган далалар” асарининг яратилиш тарихи ҳақида ёзар экан, “Мен нимага эришган бўлсам – барчаси учун ғанимларимдан миннатдор бўлдим. Ғанимларим бўлмаса – мен Тоғай Мурод бўлолмас эдим”, деган фикрни баён қилади. Тоғай Муроднинг душманлари шунчалик кўпмиди?

– Замон, муҳит, қатағон йиллари, тўғри сўзни айта олмаслик азоби, ҳақиқатни ёзганларнинг асарларини чоп этишга қарама-қаршиликлар авж олган палла… Тоғай ака яна бир асари ҳақида шундай битиклар битганлар: ”Ғанимларим қорақуртдай ғимирлаб қолдилар. Дунёда қанақа мағзава бор – мени бошимдан тўкдилар. Дунёда қандай фисқ-фасод бор – мени номимга тупуклаб ёпиштирдилар. Тоғай Мурод номимни қоп-қора этдилар… “Ойдинда юрган одамлар”ни чоп эттириш учун уч йил сарсон-саргардон бўлдим”. Адиб ҳар қандай қарама-қаршилик бўлмасин, руҳан синмас, тушкунликка тушиш ўрнига фақат мақсад сари интилишдан тўхтамас эдилар. Ана шу хислати у кишини мақсадига етказди.

Тоғай Мурод ҳақиқий ижодкор, ёзувчи қандай бўлиши керак бўлса, худди шундай яшаганлар, қисқа умри давомида шошиб, фақат яхши асар ёзиш ишқи билан ёнганлар. Юқорида тилган олинган сўнгсўзда яна шундай ёзади “…Мен Москвада ўқимадим, мен Москвада ўзбек зиёлилари қайғуси билан яшадим. Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман! Мен Москвадан ана шу ният билан қайтиб келдим”. Келганларидан сўнг қишлоқ хўжалиги, пахтачилик ҳақидаги ўнлаб китобларни ўқисалар-да, ёзилажак асари даражасида деҳқонни, пахтакорни яхши билмаслигини англаганлар. Ёзувчи ёзганларидай, “Мен бешинчи синфдан бошлаб пахта тердим. Дорилфунун даврида, иш даврида пахта тердим. Бўйим пахтада ўсди. Ақлим пахтада кирди. Саводим пахтада чиқди. Аммо романни бош­лаб… пахта нима эканини билмаслигимни англаб қолдим”. Ҳақиқатан ҳам адиб “Отамдан қолган далалар” асари билан ўзбек халқига ҳайкал қўйди!

– Аксарият аёллар ижодкорларнинг кўнглини топиб, ўз орзусидагидай яшаб кетиш қийин, деб ҳисоблайди. Турмуш қураётганда бу саволлар сизни иккилантирмадими? Оилангизда икки нафар ёзувчи, кўнгли нозик – икки буюк қалб эгалари яшаб, ижод қилгансизлар. Бу барчага ҳам насиб қилавермайдиган ҳолат. Аввало турмуш қуришингиз сабаблари ҳақида гапирсангиз.

– Қуръони каримда шундай битик бор: “Тақдир Аллоҳдандир”. Мен Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишлар, директор рўпарасидаги хонада ўтирардим. Курсдошларим Маъсуда ва Мирзапўлат Тошпўлатов бирга ишлардик. У пайтлар Тоғай Мурод ёзувчи бўлиб танилган пайт­лари эди. Мирзапўлат у кишининг янги нашр этилажак “Ойдинда юрган одамлар” китобига муҳаррир қилиб тайинланибди. Бу ҳақда Мирзапўлат Тошпўлатов “Мен қайтиб келаман” хотиралар китобида шундай ёзади: “Тоғай Мурод ниҳоятда жиддий, ҳар бир гапини ўйлаб гапирадиган, бир сўзли, ўз фикрини кишининг юзига дангал айтадиган, дадил ҳамда катта билимга эга нуктадон адиб эди. Мана, қиссаларининг босмахонадан корректураси ҳам келди. У ўша куни нашриётга келганида мен гапни уйдагилар, бола-чақа яхшими, деб сўрашишдан бош­ладим.

Бирдан унинг жаҳли чиқди. Атроф­­га бир қараб олди-да, ташқарига чиқ, деди. Мен Тоғай аканинг орқасидан чиқдим.

– Ҳозир сен ҳазил қилдингми ё атайин шундай дедингми?

У менга биринчи марта сенсираб гапирди. Жаҳли чиққани оқариб кетган юзидан шундоқ сезилиб турар эди.

– Нимайди, ҳазил қилганим йўқ, бирор ножўя гап айтдимми? – шоша-пиша шундай дедим.

– Мен уйланмаганман.

Талмовсираб қолдим. Ростдан ҳам унинг оила қурмаганлигини билмасдим. Нима дейишни билмасдан беихтиёр узр сўрадим.

– Билмаган бўлсанг, майли.

Унинг овози оҳангидан юмшаганини сезиб, дадиллашдим:

– Насиб бўлса, уйланарсиз, кўз остингизга олганингиз бордир.

– Бор. Қаршингда ўтирган Маъсума бор-ку, сўра, шу қиз тегса, оламан. Бор, кириб сўра, – деди.”

Ишқилиб, қарасам, икки курсдошим пичир-пичир қилишади, бир-бирини имлаб хонадан чиқиб кетишади. Ахири курсдошларимга: “Овозини бир марта эшитай”, дедим ва бунинг натижаси ўлароқ, Тоғай ака фақат Паркентга қандай боришни сўраганлар. На кино, на учрашув, на муҳаббат изҳори бўлган, тақдир экан, шу билан тўйимиз бўлиб кетган.

Ҳаётда равон яшаб кетиш осонмас, ҳамма оилада ҳам муаммолар бўлиши турган гап. Иккаламиз ҳам ижодкормасмизми, бир-биримизни тушунар эдик. Мен у кишини қандай бўлса, шундай қабул қилдим: инжиқлигию, болаларча самимийлигини… Назаримда Тоғай ака ҳамиша ҳаётимда бор, ёнимда яшайди.

– Қизиқ, умуман танимаган, билмаган киши билан қандай қилиб келишиб, яшаб кетгансиз?

– Улар катта ёзувчи эдилар, дастлаб мен улар ҳақида эшитган, асарларини ўқиган эдиму, ўзларини кўрмаган эдим. Чунки кўп адабий тадбирларда кўринмас, фақат ижод қилардилар. У киши қалбан адабиёт учун яратилган одам эди. Тоғай ака бир сўзли, бир қарашда баджаҳл кўринар, ниҳоятда ориятли одам эдилар. Мабодо суҳбатлашсангиз, унинг самимий, соддадиллиги, болатабиатлилигини сезардингиз.

Фикримча, иккаламизнинг адабиётга қарашларимиз, интилишларимиз бирлиги учун келишиб кета олганмиз. Суҳбатларимизнинг негизий асоси қарашлар, мавзулар бирлиги эди. Тоғай ака руҳи суйган одамнигина кўнглига қабул қилар, киришиб кетарди. Адиб худди ёш кетишини билгандай, вақтини ғоят бебаҳо неъмат каби авайлаб сарфларди. Бозор-ўчар зиммасида эди, албатта. Бозордан харажат қилсалар, ҳамма маҳсулотнинг энг каттаси яхши бўлади, деб ўйлаб, катта-катта пиёз, помидор ҳам майли, бодрингнинг ҳам энг катталарини териб олиб келардилар. Борди-ю, бозорликни кўриб, хурсанд бўлиб, кўнглини кўтарадиган гап­ларни айтмасам ёки камчилигини айт­сам борми, барини деразадан бир-бир отарди. Бир куни қайнонам ўғилларининг бозор қилганларидан хабар топиб, “Вой, менинг улим бозорга бораяптими?” – дегандилар ҳам ҳайратланиб, ҳам хурсанд бўлиб. Чунки она тўққиз фарзанди орасида атиги иккитаси ёруғ дунёда қолганидан, ҳам ёлғиз ўғил бўлганидан ўғилларини эрка ўстирган эдилар.

– Адибнинг фақат ўзигагина хос, ҳеч кимга ўхшамаган фазилатлари ҳақида тўхталсангиз.

– Мард, танти ва оққўнгил инсон… Эрта тонгда соат 5.00 да туриб, югуришга чиқиб кетардилар. Қайноқ сутга солиб қўйилган бодом ва бир пиёла сут у кишининг нонуштаси эди. Кўп емас, кўп демас ва кўп кулмас эдилар. Муросасоз эмасди: ёмон кўрганини ҳам шу заҳоти билдирар, мунофиқликни, иккиюзламачиликни кўргани кўзи йўқ эди. Самимиятни қадрлар эдилар. Агар яхши асар яратилса, ҳатто душманининг ютуғи бўлса ҳам дарҳол эъти­роф этарди. Спортни севар, сузишга борар, ёш йигитлигида Анҳорда моржлар гуруҳи билан қалин қор, музда сузар эканлар. Жаҳонга машҳур теран киноларни қолдирмай кўрарди. Биз Милош Форман, Сержо Леони каби дунёга машҳур режиссёрларнинг “Амадей”, “Кунлардан бир кун Америкада” сингари фильмларини қайта-қайта томоша қилганмиз.

– Ишдан кечиккан пайтларингиз ош-овқатга ёрдамлашармидилар?

– Овқат қилишни умуман билмасалар, қандай қилиб қарашсинлар? Наздимда, чой дамласа, тагига олдиради, деган тоифага кирардилар.

– Маъсума опа, адиб билан бир-бирингизнинг ижод намуналарингизнинг илк ўқувчиси бўлгансиз. Адибнинг ижодингизга, асарларингизга, ҳикояларингизга муносабати қандай эди?

– Ижодкорлигимни жуда қадрлар эдилар. Мен уларнинг кўнглини олиш учун турли-туман пишириқлар пиширсам, ундан кўра иккита ҳикоя ёзсанг одамларга қолади-ку, дер эдилар. Жуда тўғри айтган эканлар. Менинг “Тожи опанинг тугуни” номли ҳикоямни ўқиганларида, бу ҳикояда инсон фожиаси акс этибди, деб мақтаганлари эсимда. Эллик ёшга киришим арафасида ҳикоя­ларимни ўзлари саралаб, “Ҳикоялар” деб ном кўйиб берганлар. Ўша пайтлар китоб чиқариш мушкул эди… 2012 йил олтмиш йиллигимга ҳамда Тоғай аканинг хотирасига бағиш­лаб чиқарган китобимни “Ҳикоя­лар” деб атадим. Адибнинг янги асарларини мен биринчи бўлиб ўқирдим, албатта. Ўқиб бўлгач, фикрларимни сўрардилар. Борди-ю, қўлёзмани ўқиб, бирор хато тополмасам, балога қолардим. Илк бор “Отамдан қолган далалар” романини ўқиб, ҳайратдан, ҳаяжондан неча кунгача ўзимга келолмаганман. Асарни мақтаганимда, “Мен сенга мақтов эшитиш учун қўлёзмани ўқитмадим, тўғрисини айт. Бирор хато тополмасанг, нашриётда нима қилиб ишлаб юрибсан муҳаррир бўлиб?” – деганди жаҳллари чиққанидан тутақиб. “Хато тополмасам нима қилай?” – дегандим ўшанда. Мабодо асардаги хато-камчиликларини айтсам, дарров тўғрилаб қўярдилар. Ҳозир ўйласам, жуда тўғри қилган эканлар, ахир бегона одамдан асар камчилигини эшитиш нечоғли оғир! Танқид ўринли бўлса, тўғри қабул қилардилар. Асарининг мукаммаллигига ишончлари комил бўлса, бировнинг танқиду мақтовини ўқиб ҳам ўтирмасдилар.

– Ёзувчи асарларининг саҳналаштирилишига қандай фикрда эдилар? Улардан кўнгиллари тўлганмиди?

– Тоғай ака асарлари саҳналаштирилишига қарши эдилар. Бу ёзувчининг ўзига хос табиати, ўз асарларини бош­­қа жанрда кўришни қабул қила олмаслик руҳий ҳолатидан келиб чиқади, шекилли. Ахир асарингизни режиссёр ўзича талқин қилади, сизнинг хаёлотингиз яратган образни бошқа бир ижодкор ўзгача кўради. Лекин шундай бўлса-да, барибир Олимжон Салимовга “От кишнаган оқшом” ва “Ойдинда юрган одамлар” асарини саҳналаштиришга рухсат берганлар. Шуҳрат Аббосов “Отамдан қолган далалар” романини кино қилганлар. “Мен романни экран учун ё театр учун яратмадим. Мен романни ўзбек адабиётини бойитиш учун яратдим. Шу боис, асарларимнинг экран ё театрга қўйилишини жуда ёмон кўраман”, деган бир интерьвюсида.

– Маълумки, сиз ҳам, турмуш ўртоғингиз Тоғай Мурод ҳам нафақат ёзувчи, балки таржимонлик фаолияти билан ҳам жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига ўгиришга ўз ҳиссангизни қўшгансизлар ва қўшаяпсиз. Сизнинг, айниқса, озарбайжон, рус, испан ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига қилган таржималарингиз ўзбек китобхонларини ўзга халқлар маданияти, санъати, тарихи билан таништиришда муҳим аҳамиятга эга. Таржимон сифатида айтинг-чи, қай бир халқ ўз маданияти, қарашлари билан ўзбек халқига яқинлигини ҳис қилдингиз?

– Кўп йиллар Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, сўнг “Новости недели” газетасида ишладим. Ўзбек-рус тилларида журналистик мақолаларим чоп этилган ва ҳозир ҳам ёзиб тураман.. Касбимни асли ноширлик деса тўғри бўлади. Илк китобим, “Офтобли кун” ҳикоялар тўпламим 1982 йилда чиққан. Кейин “Бировнинг ҳаёти”, “Ҳикоялар”, “Жўнатилмаган мактуб” қисса ва ҳикоялар тўпламларим нашр этилган. 2014 йил “Жўнатилмаган мактуб” асарим “Энг улуғ, энг азиз” танлови совриндори бўлди. Насиб этса, яқин орада “Биллур гулдон” номли сайланма китобим дунё юзини кўради. Бу китобга энг сара қисса, ҳикояларим, жаҳон адабиётидан қилинган бадиий таржималарим киритилди. Хусусан, рус адабиётининг атоқли адиблари Д.Мамин-Сибирякнинг “Доктор Осокиннинг соғайиши” асари, Александр Куприннинг дунёга машҳур “Олеся” қиссаси ва ХХ асрнинг етук Аргентина ёзувчиси деб эътироф этилган Хулио Кортасарнинг ҳикоялари шу китоб­­га кирди. 1986 йилда йирик Озарбайжон ёзувчиси Чингиз Ҳусайиновнинг “Муҳаммад, Мамад, Мамиш” романи нашрдан чиққан. Таржималарим жараёнида шунга ишонч ҳосил қилдимки, ҳеч қайси халқнинг қарашлари, урф-одатлари, турмуш тарзи бир хил эмас, айнан яқинлик ҳам, ўхшашлик ҳам йўқ. Лекин улуғ асарларга хос бир муштараклик бор, у ҳам бўлса, умуминсоний ва умрбоқий туйғулар ягоналигидир. Эзгулик ва разолат ўртасидаги мангу кураш, инсоний муҳаббат, адолатнинг ғалаба қозонишига ишонч ҳиссининг сўнмаслиги…

– Ўзбек халқининг севимли ёзувчиси асарларини қайта нашр қилдириш, тўп­лам сифатида мухлисларига етказиш, турли тилларга таржима қилиб, жаҳон адабиёти дурдонасига айлантириш борасида режаларингиз борми?

– Адибнинг “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романи француз тилида нашрдан чиқди (ўзбек тилидан француз тилига Жаҳонгир Санақулов таржима қилди, 2016). “От кишнаган оқшом” (таржимонлар Вадим Муродхонов ва Герман Власов, “Дружба народов” журнали, 2016) ва “Ойдинда юрган одамлар” (таржимон Суҳбат Афлотуний, “Звезда” журнали, 2015) “Тарлан”(повести, 2016) китобхонларга тақдим этилди. Ҳозирда ёзувчи асарларини бошқа тилларга ўгириш жараёни давом этмоқда. Истагим – ёзувчи гўзал ва бетакрор асарлари тили, шираси, колорити бош­қа тилларда ҳам сақланиб қолса, бизнинг мард, жасур халқимиз тимсоллари ўзга элларда ҳам бор бўйича намоён бўлса…

– Маъсума опа, ўзбекнинг полвон, чавандоз ўғли, юрти учун жонфидо, куюнчак фарзанди, қалами ўткир адиби Тоғай Муроднинг қисқа, аммо шарафли ҳаёт йўли ҳақидаги сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур. Ёзувчи бор-йўғи эллик беш йил умр кўрган бўлса ҳам ўзидан умрбоқий, мангуликка дахлдор асарлар қолдирди. Бу китоблари билан ўзи айт­ганидай, жаҳон адабиётида Ўзбек халқига ҳайкал қўйди! Бу ҳайкал сиймосида эса тоабад Тоғай Мурод номи жаранг сочиб тураверади.

“Adolat” газетаси мухбири

Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИ

admin

“Меҳрим кўп, улашгим келади…”

admin

Муҳим ташаббуслар илгари сурилди

admin