ADOLAT 24

Депутат сўровига жавоб берилди

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг бир гуруҳ депутатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига депутат сўрови юбориб, Бухоро вилояти Вобкент тумани “Хайробод” МФЙ ҳудудида жойлашган ХIII асрга оид ноёб меъморий обида – “Чашмаи Айюб” мақбарасини реставрация ва консервация қилиш ҳамда мазкур ёдгорлик пештоқидан бир вақтлар чет элга ўғирлаб кетилган ва кейинчалик Ўзбекистонга қайтарилган кошинни ўз жойига ўрнатиш масаласини кўтарган эдилар.

Мазкур депутат сўровига Ҳукумат томонидан берилган жавобда “Чашмаи Аюб” мақбарасини реставрация ва консервация қилиш, унинг атрофини ободонлаштириш, бу ерда туризм инфратузилмаси ривожлантириш ишлари 2023 йилги режага киритилганлиги маълум қилинди.

Демак, тез орада “Чашмаи Аюб” мақбараси архитектура ёдгорлигининг алоҳида техник ҳолатини чуқур ўрганиш асосида мазкур архитектура ёдгорлигини реставрация ва консервация қилишнинг алоҳида режаси ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Депутат сўровига жавобда, шунингдек, “Чашмаи Аюб” мақбараси архитектура ёдгорлигида реставрация ва консервация қилиш ишлари олиб борилаётганда ўғирланган кошин ҳам ўз жойига қайта ўрнатилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда ушбу ёдгорлик пештоқидаги арабча ёзувнинг бир бўлаги нопок кимсалар томонидан ўғирланиб, чет элга сотиб юборилган ва фақатгина 2017 йилга келиб, мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот идораларининг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли кошин юртимизга қайтарилган эди.

Ҳозирги кунда “Чашмаи Аюб” кошини вақтинчалик Ўзбекистон давлат санъати музейида сақланмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Чашмаи Аюб” мақбарасини ишончли муҳофаза қилиш борасида кўзда тутилган зарур чора-тадбирлар алоҳида назоратга олинди.

Tegishli xabarlar

Биз сувни эмас, авлодлар ризқини исроф қилаяпмиз!

admin

Аёлга эҳтиром

admin

Адолат тамойилларини қарор топтирган юрт (Биринчи мақола)

admin