ADOLAT 24

Муштўмзурлар

Сўнгги пайтларда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ичида фирибгарлик, ўғрилик, гиёҳванд воситаларининг олди-сотдисига аралашиш, кўчада безорилик қилиб, инсонларга тан жароҳати етказиш ҳолатларининг кузатилаётганлиги ачинарли ҳолдир.

Тошкент шаҳрида яшовчи И.С. ва унинг шерик­лари тунги пайтда Яккасарой туманида жойлашган “Юлдуз” кафеси олдидан ўтиб кетаётган фуқарони ҳеч бир сабабсиз дўппос­лайдилар. Ушбу жанжалнинг олдини олмоқчи бўлган турмуш ўртоғига ҳам тан жароҳати етказишади.

Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, жабрланувчиларнинг тан жароҳатлари соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил жароҳат эканлиги аниқланган.

Яқинда судда муштумзўрлик қилган бешовлоннинг иши кўриб чиқилди. Судланувчилар суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлиб, ҳозирда қилган ишларидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик беришни сўрашди.

Суд судланувчиларга нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусиятини, уларнинг шахси ва айбига иқрорлик даражасини, жиноятни содир этишдаги ролини инобатга олди. Судда судланувчилар жиноятни бир гуруҳ бўлиб ғараз ниятда содир этганлиги, жабрланувчиларнинг уларга нисбатан моддий ва маънавий даъволари бор эканлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳоланди, бироқ айбдорлар қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлиги айбни енгиллаштирувчи ҳолат деб топилди.

Суднинг ҳукмига кўра, судланувчиларнинг ҳар бири 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Энди ўйлаб кўрайлик, айни ўқиб-ўрганадиган, ишлайдиган, билагида кучи бор йигитлар ақл билан иш тутганларида бугун қамоқда ўтирмасди. Ярим тунда кўча санқиб, ҳеч бир сабабсиз ўтиб кетаётган фуқароларни дўппослаш оқибати қамоқ билан тугади. Бу нохуш ҳолат бош­қаларга ҳам сабоқ бўлиши керак.

Ҳусанбой ПАРПИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман судининг судьяси

Tegishli xabarlar

ШИРАКАЙФ ХАЙДОВЧИ

admin

Йўловчи ташиш транспорти: ютуқлар ва режалар 

admin

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ТРАНСАФҒОН ТЕМИР ЙЎЛ ЙЎЛАГИНИ БАРПО ЭТИШ ЛОЙИҲАСИНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ ЗАРУРЛИГИНИ ҚАЙД ЭТДИ

admin