ADOLAT 24

БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН СИНГАПУР

Сингапур мўъжизасининг сири

Сингапур – «мўъжизакор юрт», «Осиё йўлбарси» атамалари билан аталиши бежиз эмас. Ўтган асрнинг 70-йилларига қадар энг қашшоқ саналган ушбу мамлакат қисқа фурсат ичида дунё­даги энг тараққий этган давлатлар қаторига қўшилди.

Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган ушбу давлат бор-йўғи 733,2 км² майдонга эга. У дастлаб 1951 йилда Британия империяси таркибида автоном давлат сифатида вужудга келган, 1963 йилда эса Малайзия билан ягона федерацияга бирлашган ва фақатгина 1965 йилга келиб Малайзиядан ажралиб чиқиб, ўзининг тўлиқ мустақиллигини эълон қилган эди.

Албатта, “учинчи” дунёдаги ўта қолоқ мамлакатнинг қисқа вақт ичида ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига турли омиллар сабаб бўлди. Бунда, айниқса, моҳир ва донишманд етакчи, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ли Куан Юнинг хизматлари жуда катта. Айнан унинг кенг қамровли ислоҳотлари туфайли Сингапур шу даражада юксак тараққиёт чўққисига эришди. Тўғри танланган стратегия ва унга мос равишда амалга оширилган аниқ тактика ўз самарасини берди.

Тараққиётнинг драйверлари сифатида молия, транспорт хизматлари, логистика, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, рақамли иқтисодиёт ва илғор технологияларни ривожлантириш каби 7 та асосий йўналишнинг танлаб олинганлиги пировард натижада ислоҳотларнинг улкан муваффақиятини таъминлади.

Ли Куан Ю ҳукуматининг иқтисодий ривожланиш стратегияси Сингапурни аввалига Жануби-Шарқий Осиёнинг, вақт ўтиб эса глобал молиявий ва тижорат марказига айлантириш, шунингдек, хорижий инвесторларни кенг жалб қилишга асосланган эди. Чунки, мамлакатда белгиланган ислоҳотларни ўтказиш учун етарлича маблағ зарур эди. Шу мақсадда хорижий тадбиркор ва сармоядорларга турли имтиёзлар берилди ва шу тариқа улар мамлакатга фаол жалб қилинди.

«Биз ҳар бир инвесторни қучоқ очиб кутиб олдик. Улар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишлари учун барча шароитларни муҳайё қилдик», деб ёзган эди Ли Куан Ю. Ҳақиқатан ҳам, мамлакат раҳбарияти инвесторлар ишончини қозонишга кўп ҳаракат қилди ва охир-оқибатда бунга эришди.

Параллел равишда Ли Куан Ю ҳукумати коррупцияга қарши қонунлар қабул қилиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратди ва бу борада қатъий чоралар кўрди. Аввало, коррупцияга қарши курашиш борасида «Коррупциянинг олдини олиш тўғрисида»ги ҳамда «Коррупция, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа оғир жиноятлар тўғрисида»ги 2 та муҳим қонун қабул қилинди. Шу билан бирга, мамлакатда аҳоли ўртасида коррупция қарши кучли менталитет шакллантирилди ва бу жараён жамоатчилик томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Ушбу қатъий чора-тадбирлар натижасида Сингапурни коррупция ботқоғидан олиб чиқишга муваффақ бўлинди. Ҳозирда Сингапур коррупциядан энг холи мамлакатлар кучли бешталигидан мустаҳкам ўрин олган. Жумладан, “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2020 йил учун эълон қилинган рейтингда Сингапур коррупцияни идрок қилишда энг паст кўрсаткичли мамлакатлардан бири сифатида дунё миқёсида 3-ўринда (Дания ва Янги Зеландиядан кейин) қайд этилди. Бошқа ташкилотлар рейтингларида ҳам бу борада энг пешқадамлар қаторида туради.

Ҳозирда Сингапур юксак даражада тараққий топган давлат сифатида ўзида улкан иқтисодий, молиявий ва инсон капиталини мужассам этмоқда. Аҳолиси салкам 6 миллион кишини ташкил қилаётган мамлакатда ялпи ижтимоий маҳсулот ҳажми 379 миллиард долларга тенг бўлиб, йиллик даромад ҳар бир фуқарога 65 минг долларга яқин.

Ўзбекистон – Сингапур

муносабатлари

Сингапур мамлакатимиз мус­тақиллигини 1992 йил 27 декабрда тан олган. Дипломатик алоқалар 1997 йил 8 апрелда ўрнатилган. Ўтган йили дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги кенг нишонланди.

Ўзбекистон – Сингапур ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини 14 та ҳужжат ташкил қилади, улардан 6 таси давлатлараро ва ҳукуматлараро, 6 таси идоралар­аро ва 2 таси тармоқлараро ҳужжатлардир.

Икки мамлакат халқаро ташкилотлар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Сингапур БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган бир қатор резолюцияларни қўллаб-қувватлади. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам БМТнинг турли тузилмаларида Сингапур номзодини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо айирбошлаш ҳажми динамикаси доимий ўсишда бўлиб, 2017 йилдаги 92,6 миллион доллардан 2022 йилда 143 миллион доллар (экспорт – $ 105 млн., импорт – $ 38 млн)га етди.

Сингапурга, асосан, қора металлар ва улардан ясалган жиҳозлар, қурилиш материаллари, хизматлар ва бошқалар эскпорт қилинмоқда. Импорт таркибини эса, хизматлар, каучук, резина ва ундан ясалган жиҳозлар, оптика маҳсулотлари ва инструментлар, механика жиҳозлари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқалар ташкил қилади.

Сингапурнинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритаётган инвес­тициялари ҳажми ҳам йилдан йилга ўсиб бормоқда. 2016–2022 йилларда Сингапурнинг инвестициялари жами 700 миллион долларни ташкил этган.

Лекин бу рақамлар мавжуд имкониятлар даражасидан анча паст бўлиб, ҳали биргаликда кўплаб истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш мумкин.

Икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар соҳада делегациялар алмашинуви мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Чунончи Сингапур ижодий жамоа­лари Самарқандда бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалларида доимий равишда иштирок этиб келмоқда.

Таълим соҳаси ўзбек-сингапур ҳамкорлигининг энг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади.

2008 йилдан бери Тошкент шаҳрида Сингапур менежментни ривожлантириш институти (MDIS)фаолият юритмоқда.

2021 йилда Сингапурдаги Технологиялар менежмент ва коммуникациялар академиясининг Тошкент шаҳридаги филиали ташкил этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академия­­си ҳамда Сингапур Миллий университети тизимидаги Ли Куан Ю Давлат сиёсати мактаби, шунинг­дек, Сингапур Давлат хизмати коллежи билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда. Дастлабки келишувга кўра, 2023 йил мобайнида 200 нафарга яқин давлат хизматчилари, шунингдек, 15 нафар академиянинг профессор-ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчилари юқоридаги таълим муассасаларида малака оширади ва стажировкадан ўтади.

Маданий-гуманитар соҳаларда ҳам кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқдаки, улар икки мамлакат тараққиётига хизмат қилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга ташрифи

2023 йил 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф доирасида ушбу мамлакат Президенти Ҳалима Яқуб ва Бош вазири Ли Сянь Лун билан музокаралар бўлиб ўтди.

Ташриф давомида Президентимиз шарафига Сингапурнинг миллий рамзи бўлган орхидея гулининг янги навига “Шавкат Мирзиёев орхидеяси” деб ном бериш маросими бўлиб ўтди. Бундай тадбирлар анъанавий равишда Сингапурнинг олий мартабали меҳмонлари ва таниқли арбобларга юксак ҳурмат ва эҳтиром белгиси сифатида ўтказилади.

Икки томонлама учрашув ва музокаралар давомида Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштириш борасидаги ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.

Икки мамлакатнинг Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни кенгайтириш борасида сўз борди.

Халқаро майдонда Ўзбекистон ва Сингапур минтақавий барқарорлик ва изчил тараққиёт масалаларида бир-бирини англаши ва бу борадаги ташаббусларни илгари суришда ўзаро кўмаклашаётгани қайд этилди.

Икки мамлакат етакчилари ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини кўриб чиқиб, алоқалар жадал суръат билан ривожланиб бораётганини таъкидладилар ва истиқболли йўналишларини белгилаб олдилар. 

Давлатимиз раҳбари Сингапур билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг олтита асосий йўналишини кўрсатиб ўтди.

Биринчи йўналиш – инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш.

Иккинчи йўналиш – Сингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига кенг жалб қилиш.

Учинчи йўналиш – илғор “яшил” технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш.

Тўртинчи йўналиш – шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш.

Бешинчи йўналиш – инвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш.

Олтинчи йўналиш – жамоат хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни асраш ва радикализмга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш.

Учрашув ва музокаралар натижасида устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекис­тон – Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Бундан ташқари, томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Очиқ ва дўстона муҳитда ўтган учрашувлар якунида Шавкат Мирзиёев Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб ва Бош вазири Ли Сянь Лунни ўзларига қулай вақтда мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.

Музокаралар натижасида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон – Сингапур ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 8 та ҳужжат имзоланди.

Хусусан, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, кадрлар, шу жумладан, давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий шериклик ҳамда икки мамлакат прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.

Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабига ташриф буюрди ва Сингапурнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Президентининг Сингапурга ташрифи жуда самарали ўтди. Ушбу ташриф Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини диверсификация қилиш, жаҳоннинг муҳим ва стратегик ҳисобланган Жануби-Шарқий Осиё минтақасига жадал кириб боришига кенг йўл очади. Ташриф давомида эришилган келишув ва битимлар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва

парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

Квотадан воз кечиш контракт нархини туширишнинг мақбул йўли эмасми?

admin

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚИРҒИЗИСТОН КЎП ҚИРРАЛИ     ҲАМКОРЛИГИДА ЯНГИ ДАВР БОШЛАНМОҚДА

admin

Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби такомиллаштирилмоқда

admin