ADOLAT 24

Конституция билимдонлари Кўрик-танлови якунланди

Баркамол авлод мамлакатимиз келажагининг ҳал қилувчи кучидир. Шу сабабли юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук шахс қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамиятда адолат мезонларини мус­таҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айтиш жоизки, ёшларнинг ҳуқуқий савиясини ўстиришда, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини билиш ҳамда уларга амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу боисдан ҳам «Адолат» СДП томонидан «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасидаги анъанавий «Конституция билимдони» кўрик-танлови ўтган даврда эришилган бой тажриба ва бугунги кундаги ижобий самараси билан мамлакатимиз ёшларининг катта қизиқиши ва эъти­рофига сабаб бўлмоқда.

Анъанага кўра, жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоятидаги сўлим «Дўрмон» ижод уйида мазкур кўрик-танловнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган республика босқичи бўлиб ўтди.

Ёш авлодни Ўзбекистон Рес­публикаси Конституцияси ва барча қонунларига ҳурмат руҳида тарбия­лаш, ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини янада юксалтиришни мақсад қилган мазкур тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Ёш адолатчилар» қаноти ҳамда «Ёшлар парламенти» аъзолари, фаоллар, ОАВ вакиллари ҳамда кўрик-танловнинг Қорақалпоғис­тон Респуб­ликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этишди.

Жараёнда, таъкидланганидек, сўнг­ги йилларда партия аъзолари сафида ёшларнинг иштироки сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида «Адолат» СДПнинг халқимиз, хусусан, эртамиз эгалари орасида танилиб бораётганлигининг далолатидир.

Агар рақамларга эътибор қаратсак, бугунги кунда партия аъзоларининг умумий сони 542 минг нафардан ортиқни ташкил этиб, шундан 250 минг нафарини, яъни 46 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этмоқда. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган «Ёшлар парламенти» аъзоларининг 45 нафари партиямиздан сайланган ёшлардан иборат.

Албатта, бу каби ижобий кўрсаткичларни партия томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда, босқичма-босқич, комплекс чора-тадбирларга асосланган ҳолда тизимли амалга оширилаётгани билан боғлаш мумкин.

Шунингдек, партия ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини, фаоллигини кучайтириш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, тиббий, экологик маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш, «Адолат» СДПнинг дас­турий мақсад ва вазифаларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ўнга яқин лойиҳаларни доимий тарзда амалга ошириб келмоқда.

Тадбирда сўз олганлар «Конституция билимдони» кўрик-танловининг республика босқичи ҳам юқорида айтилган эзгу мақсадларга йўналтирилганлигини таъкидлашди.

Қайд этилганидек, танловнинг якуний босқичида мамлакатимизнинг барча туман, шаҳар ва ҳудудий босқичларида иштирок этган 1200 нафарга яқин ёшлар адолатлилик, очиқлик, ошкоралик, рақобат мезонлари асосида сараланиб, энг муносиблар респуб­лика босқичига етиб келдилар.

Мазкур босқичда Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг масъуллари, «Ёшлар парламенти» аъзолари, партия Сиё­сий Кенгаши ҳамда Марказий аппарати фаолларидан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг белгиланган шартлар бўйича чиқишларини талабчанлик билан, одил ва холисона баҳолаб бордилар.

Иштирокчилар танлов низомига кўра таништирув, савол-жавоб ва эркин мавзу деб номланган учта шарт бўйича ўз чиқишларида мамлакатимиз Конституциясини қанчалик билиши ва айни даврдаги қонунларимиздан хабардорлиги, қолаверса, саҳна ва нотиқлик маданияти борасидаги маҳоратини намоён этишга астойдил ҳаракат қилдилар.

Тадбир якунида

Дилафрузхон Анваржонова (Фарғона вилоятидан) биринчи ўринга,

Шаҳзода Ўролова (Сурхондарё вилоятидан) иккинчи ўринга,

Ширин Шарипова (Қорақалпоғистон Респуб­ликасидан) учинчи ўринга лойиқ кўрилди.

Уларга партия Сиёсий Кенгашининг дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунинг­дек, кўрик-танловнинг бош­қа иштирокчилари ҳам партиянинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

**

Гулнисо САИДОВА,

партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бошқарма бошлиғи:

– Албатта, мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар жуда кўп. Бироқ уларнинг энг асосийларидан бири, шубҳасиз, шу юртда вояга етаётган юксак маънавиятли, жисмонан соғлом, ҳар томонлама баркамол авлоддир.

Зеро, юртнинг келажаги бугун камолга етаётган ёшлар қўлида. Шу боис мамлакатимизда ёш авлодни ҳам жисмонан соғлом, ҳам интеллектуал жиҳатдан етук шахс бўлиб вояга етишини таъминлашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Айтиш жоизки, партиямиз томонидан «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида ташкил этилган «Конституция билимдони» кўрик-танлови ҳам ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, Ватан келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, комил шахслар сифатида тарбиялаш, шунингдек, партия сафидаги энг фаол, ташаб­бускор, атрофдагиларга намуна кўрсатаётган ёшларни аниқлаш ҳамда уларни муносиб рағбатлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ҳеч иккиланмай айта оламизки, танловнинг республика бочқичида иштирок этган ўғил-қизларимиз халқимизнинг олтин фонди, Учинчи Ренессанс бунёдкорларидир. Уларнинг шижоат ва интилишини кўриб, ёниб турган кўзларига боқиб “мен, албатта, ғолиб бўламан” деган иштиёқларини ҳар биримиз ҳис қилиб турдик.

**

 Ширин Шарипова,

танлов ғолиби:

– Конституциямизнинг 30 йиллиги муносабати билан «Адолат» социал-демократик партияси томонидан ўтказилган кўрик-танлов мен учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Сабаби, кўрик-танловда ҳуқуқий-сиёсий билими, интеллектуал салоҳияти юқори бўлган тенгдошларимиз иштирок этишди. Шу боис танловнинг барча босқичида жараёнлар қизғин баҳс-мунозаралар билан кечди. Тан олишим керак, рес­публика босқичигача етиб келишим осон бўлмади. Тинимсиз ўз устимда ишлаб, ҳуқуқий-сиё­сий билимларимни ошириб бордим. Қолаверса, «Адолат» партиясининг фаолияти билан яқиндан танишдим. Бу сиёсий фаоллигимни юксалтириш билан бир қаторда, сиёсий партия­лар ҳақида тафаккуримнинг кенгайишига ҳам туртки бўлди. Қувонарлиси, саъй-ҳаракатларим ўзининг ижобий самарасини берди, мен республика босқичида фахрли 3-ўринни қўлга киритдим!

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу фахрли ўринни қўлга киритишимга сабабчи бўлган барча устозларимга ва, албатта, танлов ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Муродилло Маҳмудов,

«Адолат» СДП Марказий аппарати бош мутахассиси

Tegishli xabarlar

Маҳаллий кенгашларда томлар бутланди (Хорзам, Фарғона, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари мисолида)

admin

Сохталик панд берди

admin

Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

admin