ADOLAT 24

Саодатга элтувчи йўл

Мурожаатнома билан бевосита танишган ҳар бир инсон ундан ўзига хос таассуротга эга бўлди, ўринли хулосалар чиқара олди. Унда таълим ва тарбия мавзуси энг устувор вазифалардан бири сифатида тилга олингани қувонарли бўлди.

Бинобарин, инсон қадрига эътиборсиз ва илм-маърифат ривожисиз юрт тараққиётга эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Ахир илм саодатга элтувчи йўлдир. Айни пайтда таълимга киритилган инвестиция келажакка сармоядир. Бу эса халқ фаровонлиги, давлатнинг куч-қудратини таъминловчи омилдир. Мурожаатномада таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалалари кўрсатиб ўтилди. 

Биринчи навбатда, Янги Ўзбекистон учун энг муҳим масала – таълимни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилиши таъкидланди. Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди. 

Келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйи­­ча ўқитиш йўлга қўйилади. Президент таъкидлаганидек, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз, ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш, мулоқот кўникмаларини шакллантиришимиз зарур. Шу боис 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади. 

Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бош­ланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши халқимиз кайфиятини кўтаргани аниқ. 

700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги тилга олинди. Шу мақсадда 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади. Ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Мактабгача таълимда боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади. Бу билан фарзандларимиз болаликдан билим олиши, жамоатчиликка мослашиш кўникмалари аста-секин шаклланишига эришамиз. Зеро, ёшликда олган билим тошга ўйилган нақшдир. 

Мурожаатномада ўқитувчилар, педагоглар меҳ­нати, заҳмати алоҳида тилга олинди. Уларнинг таж­рибасини ошириш, эл-юрт орасида обрўсини юксалтириш, даромадларини кўпайтириш лозимлиги уқтирилди. Ҳақ гап! Давлат равнақи, халқ баркамоллигини кафолатлаш учун соҳани ислоҳ этиш, касб вакиллари мақомини кўтариш муҳим масала. 

Президентимиз Мурожаатномасида долзарб вазифаларни, янги ғояларни илгари сурди. Янгича қараш, янги ғоя ва янги режаларгина давлатнинг истиқболига, Ватан равнақи ва халқимизнинг фаровонлигига дахлдор ҳаракатларни, амалий натижаларни белгилаб бериши аниқ. 

Демак, аниқ режалар, шунга яраша ҳаракат ва фаолият бўлиши, истиқболли режаларни амалга ошириш борасида биз, депутатлар ҳам масъулиятни оширишимиз, дадил ва халқчил таклифларимиз билан жамият ривожига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.  

Тошпўлат МАТИБАЕВ, 

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

ҒАЛЛА ЕТИШТИРИШ ВА СОТИШДА ЭРКИН РАҚОБАТНИ ТАЪМИНЛАЙДИГАН БОЗОР ТАМОЙИЛЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

admin

ДЕПУТАТ – ЭЛ КЎМАКДОШИ

admin

Инсон ҳуқуқларининг адолатли ҳимояси

admin