ADOLAT 24

Нажот мактабда, таълимда, билимда

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини ҳаяжон билан тинг­ладим.

 Президентимиз юртимиз тараққиётининг барча соҳаларини чуқур таҳлил қилиб, олдимизда турган улуғ вазифаларни белгилаб берди.

Мурожааатномада, айниқса, таълим йўналишига кўп эътибор қаратилгани мени жуда қувонтирди.

 Хусусан, таълим, мактаб, муаллим сўзларининг ҳар бирига қайта-қайта урғу бериб таъкидланиши биз, устозларга катта куч-ғайрат бағишлади. Нажот таълим орқали, муаллим шаъни, нуфузини кўтариш орқали амалга оширилиши мумкинлиги яна бир бор уқтирилди. Бу йўналишда келгуси йил 70 та янги мактаблар қурилиши, 460 таси кенгайтирилиши, хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қурилиши бошланади. Бу каби йирик ишларнинг амалга оширилиши биз, устозлар зиммасига улкан масъулият юклайди, албатта.

 Мактаб муқаддас даргоҳ, дейилиши бежиз эмас. Бу ерда келажак авлод фақат билим эмас, тарбия ҳам олади. Айнан мактаб таълими ва тарбиясини олган ўқувчи келажакда шахс бўлиб етишади. Бунинг учун чуқур билим, замонавий дунёқараш, теран фикр, ижодий тасаввур ва ташкилотчилик қобилиятига эга устозлар керак.

Мурожаатномада мактаб битирувчиси ҳеч бўлмаганда иккита тил ва битта касб маҳоратини эгаллаши лозимлиги қайд этиб ўтилди. Бу нафақат ўқитувчиларнинг, ота-оналарнинг ҳам орзуси эди.

Мурожаатомани тинглай туриб, олтин фондимиз бўлган ёшларни ҳар томонлама етук, комил, илғор технологияларни мукаммал биладиган қилиб тарбиялаш биз, устозлар олдидаги асосий вазифа, мажбурият эканлигини ўйладим, Янги Ўзбекистонда ижтимоий давлатни барпо этиш йўлида янада садоқат билан меҳнат қилишимиз лозимлигини юрак-юракдан ҳис этдим.

 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиниши ҳаммамизни юксак мақсадларга чорлайди. Барча юртдошларимизнинг ушбу йилда чинакамига қатъият билан бел боғлаб, фидоийлик билан ишлашларига муваффақият тилайман.

Муҳаббат Шарапова,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

…АЛЛО, ДАДА, ҚАЕРДАСИЗ?

admin

“ҲАЛИЯМ ЁШ… ҲАЛИЯМ ЧИРОЙЛИ…” Ҳалима опага (ҳикоя)

admin

Юртимизнинг асл бунёдкори эди

admin