ADOLAT 24

БУ ТИЛ — КЎП МИНГ ЙИЛЛИК УЛКАН АДАБИЁТНИНГ ТИЛИ

Ўзбек тилининг грамматик қои­даларини ишлаб чиқиш жараёни баҳс-мунозарага бой бўлгани, шунингдек, 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Рес­публикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни, 1995 йил 21 декабрда Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрири баҳс-мунозаларни юзага келтиргани кўпчиликка маълум. Алифбо, имло ёки грамматика масалаларида баҳс-мунозараларнинг бардавомлигини тўғри тушунамиз, албатта. Тил жамият баробарида тараққий этар экан, айрим сўзлар ўз шакли ё маъносини ўргартириши ёхуд истеъмолдан чиқиши, луғавий фонд янги сўз ва атамалар билан бойиб бориши табиий ҳолат.

Тарих қатларида туркийзабон халқларнинг теран ва мустаҳкам ўрни борлиги барчамизга аён. Бугунги кунда туркий тилли мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишонч, дўстлик ва қўшничиликни мус­таҳкамлашга қаратилган ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Алифбо ёки такомилга юз тутган грамматикаларнинг уйғунлашиб бораётганидан ҳам бу яқинликнинг илдиз отаётганини баралла ҳис этамиз.

Шунинг баробарида ўзбек тили грамматикасининг ўзига хос жиҳатларини унутмаслигимиз керак. Хусусан, орфография масаласида. Сўнгги пайтларда “тилимиз бир экан, туркийзабон давлатларнинг алифбоси ягона бўлиши керак”, деган мулоҳазаларни, “бир хил ўқиладиган” “ҳ” ва “х”нинг биттасидан воз кечиш мазмунидаги тавсияларни эшитяпмиз.

Республикамизда лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбоси жорий этилган. Минтақамизда яшаётган туркийзабонлар, айни дамда, лотин графикасига ўтган ва ўтяпти. Ягона алифбо “тил ва адабиётлар”нинг янада яқинлашувига омил бўлиши мумкин. Бироқ, таъкидлаганимиздек, ўзбек адабий тилининг (ҳамда адабиётининг) ўзига хос ва мос жиҳатлари мавжуд. Ўрта асрларда ўзбек тили баробарида ўзбек адабиёти сезиларли даражада равнақ топ­­ди, ўзбек (туркий) тилида жаҳоншумул асарлар ёзилди. Улуғ Озарбайжон шоири Насимий туркий халқлар, жумладан, ўзбекларнинг ҳам ўз шоири ҳисобланади. Кейинчалик турли даврларда яшаб ижод қилган Махтумқули, Абай ва Чингиз Айтматов каби буюк сиймолар туркийда абадиятга дахлдор асарлар ёздилар. Бироқ шонли минг йиллик тарихга эга ўзбек адабий тили ва шу тилда ёзилган асарларнинг салоҳияти ўзгача. Бугунги ўзбек адабий тили кўп минг йиллик улкан адабиётнинг тили ҳамдир! Дунёнинг бир қатор мамлакатларида Навоийни англаш, Бобурни кашф этишдек эзгу ният билан ҳам ўзбек тилини ўрганаётган толиби илмлар талай. Бу йўлда уларга бугунги алифбо ва (боболаримиздан қолган ноёб асарларни асл нусхаси билан танишиш мақсадида) араб ёзувига асосланган (эски) алифбо – муҳим восита. Шундоқ экан, бугунги алифбони (ёки ўзбек адабиётини), масалан, “ҳ” ҳарфисиз тасаввур этиш мушкул бўлса керак.

Классикларимиз шеърияти тўғрисида сўз бораркан, ундаги вазн ва қофиянинг алоҳида бир илмлигини кўпчилик билади. Айрим миллатлар назмида сатрлар охиридаги талаффузи ўхшаш ҳар қандай икки сўз қофия бўлаверар, бизнинг арузимизда қофия талаби шу даражада кучли эдики, аслида, масалан, “сот” ва “син” бир-бирига ўхшаш овозни (“с”ни) ифодаласа-да, ҳатто сот ва синда ёзиладиган сўзларни аралаштириб қофия тузиш нуқсон ҳисобланарди. Назм­даги бундай ҳолатни Тошкентда яшаб ижод қилган ҳиротлик шоир Маҳмуд Восифий (1485–1566) “шуаро орасида кечириб бўлмайдиган айб” деб билган.

“Ҳ” ва “х”ни бир хил ёзадаган туркийзабонлардан андоза олиш керак, мазмунидаги таклифлар ҳақли эътирозларга сабаб бўлди. Бу икки ундош алоҳида фонема сифатида сақланиб қолиши керак, деб айтилди. Бироқ мунозара давом этмоқда.

Аждодларимиздан бебаҳо мерос – ўзбек адабий тилида ҳар ҳарф­нинг, ҳар бўғиннинг ва ҳатто ҳар ишора ва нуқтанинг ўз ўрни-вазифаси борлигини баъзилар унутган кўринади. Қўшни мамлакат алифбосида, масалан, “ҳ” мавжуд бўлмаса, ўзбек алифбосида ҳам шундай бўлиши керакми?

Кўпгина жойларда миллий адабиёт ва адабий тил эндигина шакл­ланаётганда ўзбек (туркий) тили “такомил”нинг юқори чўққисида эди. “Девону луғотит турк”­нинг (Маҳмуд Кошғарий) дунё юзини кўргани минг йил бўлди!

Давлат тилининг такомиллашуви аждодлар қўллаган имло қои­даларига бориб тақалади. Шунинг учун “ўзбек тили тарихи қадим, ўз тараққиёт босқичларига эга мулоқот воситасидир”, деб бот-бот такрорлаймиз. Хусусан, ишора қилганимиздек, боболаримиз ҳатто ҳар бир ҳарф­даги вазннинг “тиллобаркаш”лиги ва тарози паллаларининг баробарлигига бефарқ бўлмаган.

Туркийзабон қўшниларнинг тил ва адабиёти, ўз навбатида, ўзига хос қоида ва мезонга бўйсунган. Аждодий грамматикалари мутлақо бошқача бўлганлиги сабаб бугунги кундаги “х” ва “ҳ”нинг битталигидан имлолари зарар кўрмаган. Биз эса бу икки ҳарф ва товушнинг фарқига бормасак, умумийлашсак, мумтоз адабиётимиз баробарида аждодлар руҳига озор етиши мумкин.

Бугун орфография масаласидаги энг оғриқли нуқта ҳам, фик­римизча, қаттиқ ва юмшоқ “х” ва “ҳ”ни (аслида ўзбек адабий тилида қаттиқлик ва юмшоқлик ҳодисаси бўлмагани кундай равшан) талаффуз қилиш ва ёзишда хато қилаётганимиздадир. Фарзандларимиз бу икки ҳарф­­ни тўғри ёзиш ва тўғри талаффуз этиши учун кўпроқ ишлашимиз, моҳиятни уларнинг тафаккурига тўғри сингдириш борасида бош қотиришимиз керак.

Айрим тилшунослар бу икки ҳарфнинг шаклан ўхшашлиги анг­лашилмовчиликка сабаб бўлмоқда, деган мулоҳазада. Кирилчада шундай, лекин ўзбек-лотин алифбосида бу икки ҳарфнинг шакли бир-биридан фарқ қилади-ку? Нега хатолик давом этяпти? Масалан, маҳалламиз идорасининг “вывеска”си: “Ahilobod” maхalla f. y.” Биринчи сўздаги “ҳ” тўғри ёзилган, иккинчи калимадаги “ҳ” – кўриб турганимиздай нотўғри.

Катта ҳарфлар билан ёзилган “Ҳалқ таълими вазирлиги”, “Ҳотин-қизлар қўмитаси” каби ёзувларга нимаики ўқиса ишонавериши ва қабул қилиши мумкин бўлган ёш авлоднинг ҳам кўзи тушади-ку?

“Х” ва “ҳ”нинг бемаврид ўрин алмашиши кечагина пайдо бўлган муаммо эмас. Бу икки товушнинг ўзбек тилидаги фонологик вазифалари, бу икки ҳарфнинг бемавқелиги сўз маъносини тубдан ўзгартириши ҳақида кўп ёзилган, мисоллар келтирилган, бироқ вазиятни ўзгартириш ҳамон мушкул кечаётгандек. Қаранг, ҳатто бир донишманднинг – мусиқа соҳаси мутахассисининг мақомлар номини “Сароҳбори бузрук”, “Сароҳбори рост” деб ёзишига гувоҳ бўлдик. Аслида “Сарахбор” бўлиши керакмасми?

Улуғ шоиримиз Ҳабибий домланинг (1890– 1982) отаси Холмуҳаммад бўлган. Лекин “Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Ҳабибий” деб ёзибди таниқли бир адабиётшунос. “Ҳол Муҳаммад” деган тахаллусга ҳам дуч келамиз. Балки шоир акамизнинг куняси “Хол Муҳаммад”дир? 

Фикрлар хилма-хиллигига сабаб бўлаётган бошқа бир ҳарф – “ъ” (айириш белгиси). Ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларида “бирор овозни билдирмаса, бу ҳарф керакми ўзи?” деган саволлар пайдо бўлган. Араб тилидан кирган бир қатор сўзлар ораси ва охиридаги “ъ” олиб ташланди: жума, вазият ва ҳоказо (асл шакл жумъа,вазъият). “Ъ”дан бутунлай воз кечмаганимизга ҳам шукр: аъзо, мўъжиза, раъно…

Бугунги кунда ҳам “товуш ифодаламас экан, алифбодан тутуқ белгисини олиш керак” деган таклифлар йўқ эмас. Тутуқ белгиси бирон жойда алоҳида талаффуз қилинмайди. Лекин сўз айтилаётганда тутуқ белгиси борлиги англашилмайди, деган фикр нодуруст. 

“Ъ” балки арабчада овоздир, бизда ўлик овоз бўлса, керакми ўзи шу ҳарф?”, деди бир филолог телевидение мухбирига берган интервьюсида. Наҳотки, “ъ” ўлик овоз бўлса?

Тутуқ белгиси бўғинни ажратиш, хусусан, сўз маъносини ажрашда бағоят зарур. Лекин “унли товушдан кейин келса, унлини чўзиқроқ талаффуз этиш учун хизмат қилади” деган ақидага қўшилмаймиз. Унли чўзилмайди, балки “тўсиққа дуч келади”-ю кетидан ундош келади. Масалан: маъ-но.  

Араб ва форс тилларидан кирган сўзлардан ташқари ўзбек бадиий адабиётида русча-интернационал сўзларнинг салмоқли ўрни бор. ”Ъ”, шу маънода, бир қатор русча-интернационал сўзларнинг маънодорлигини таъминлайди: адъютант, субъект, съезд ва ҳоказо.

Асосан араб алифбосидаги “айн” ўрнида қўлланадиган “ъ”ни (ёхуд тутуқ белгисини) “товуш ифодаламайди” дейиш тўғри эмас. Бу ҳарфнинг “ярим овоз”га эгалигини етук тилшунослар аллақачон эътироф этишган.

Юнусобод тумани марказида жойлашган китоб дўкони деворидаги ёзув: “Илм шуласи”. “Шула” сўзи “илм” билан бирга келгани учун унинг аслида “шуъла”лиги-ю ибора маъносини англашимиз мумкин. Бу сўз алоҳида ҳолда келганда-чи? “Шула”дегани нима дегани, деб хоҳлаган одамингиздан сўранг. Ҳеч ким жавоб беролмаслиги кундай равшан,чунки “шула”нинг маъноси йўқ. “Шуъла”ни эса ҳамма билади. Керак эканми “ъ”? 

Баҳс-мунозараларнинг бўлгани яхши, бироқ бемаврид ва асоссиз таклиф-тавсиялар оммани чалғитиши муқаррар. Энг ёмони, масъулиятсизлигимиз сабаб айрим сўзларнинг онгимизга нотўғри шакл­­да сингиб кетиши, шунингдек, имло қоидалари бузилиши такомилга етган ўзбек адабий тилининг маънодорлигию мусаффолигига таъсир қилиши мумкин.
Муҳаммад ШОДИЙ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

**

ЎЗБЕК ТИЛИ

Ҳайҳот, топтаганда араб ва мўғил,

Ҳаётингнинг занжирли йили,

Бошдан не кечирдинг, мардона ўғил,

Ўзбек тили, ўзбек тили.

Улуғ тарихингга қиламан хитоб,

Навоий шеърининг гули,

Кечмиш замонларнинг тирик гувоҳи,

Ўзбек тили, ўзбек тили.

Сени нақадарлик севаман, она,

Оҳ, юрагимнинг булбули

Бўлиб сайрагансан гўдак чоғимдан,

Ўзбек тили, ўзбек тили.

Рауф Парфи

Tegishli xabarlar

Муҳим шартнома ратификация қилинди

admin

«Адолат» номи билан сиёсий майдондамиз

admin

“Адолат” СДП муҳим сиёсий жараёнга қадам қўймоқда

admin