ADOLAT 24

ҚОНУН ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛАЙЛИК!

Ҳурматли муштарийлар! Охирги пайтларда баъзи манбаларда, хусусан, ижтимоий тармоқларда айрим давлат органлари мансабдор шахслари қаторида суд ҳокимияти субъектлари бўлган судьяларга нисбатан ҳам ҳар хил номуносиб муносабат билдириш, яъни уларни асоссиз айблаш, қадр-қиммати ва шаънига салбий таъсир қиладиган чиқишлар учраб турибди.

Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси ўз Уставида кўрсатилган асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, жамоатчиликда судга нисбатан салбий фикрларнинг юзага келишига ҳамда судьяларнинг шаънига путур етказишга сабаб бўладиган асоссиз маълумотларни тарқатиш билан шуғулланаётган шахсларни ва умуман, барча фуқароларни қонунларимизда белгилаб қўйилган муайян талаблардан хабардор этишни мақсадга мувофиқ деб топди.

Биз ҳуқуқий демократик давлатда яшаяпмиз. Шундай экан, ҳокимиятнинг олий органларидан бири бўлган парламентимиз томонидан қабул қилинган қонунларга ва айниқса, Бош қомусимиз – Конституциямиз моддалари талабларига сўзсиз риоя қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Республикамиздаги барча фуқаролар, у ким бўлишидан, қайси мансабда ишлашидан қатъи назар, қуйидаги қонун талабларидан хабардор бўлишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Тўғри, ҳар соҳада ҳам объектив, ҳам субъектив сабабларга кўра камчилик ва нуқсонлар борлигидан барчамиз хабардормиз. Бироқ камчилик ва нуқсонлар хусусида қай тартибда тегишлилигига қараб мурожаат қилиш ҳам қонунларимизда аниқ қилиб кўрсатилган. Шундай экан, қонунларда кўрсатилган ҳуқуқларимиздан тўғри фойдаланиш ўрнига, камчиликлар деб, бирор-бир шахсга нисбатан ҳурматсизлик қилиш орқали, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, бирёқлама ва нохолис, аҳолида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотадиган маълумотларни очиқдан-очиқ тарқатиш қонунларимиз билан ман этилганлигини ҳамда бунинг учун маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарлик белгиланганлигини ҳам билишимиз зарур. Шу боис фуқароларимиз айрим қонун талабларига эътиборли бўлишлари лозим бўлади деган мақсадда, қуйидаги қонун талаб­ларини ўқиб ўрганадилар ва уларга риоя қиладилар деган умидда тавсия қилмоқдаман.

Конституциянинг 48-моддасида “Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар” дейилган.

Ўзимизга савол бериб кўрайлик-чи, барчамиз ҳам Конституциянинг ушбу талабига риоя қилаяпмизми?!

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасида эса судьяларнинг мустақил эканликлари ва фақат қонунга бўйсуниши, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, ушбу модданинг иккинчи қисмида эса судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланиши белгилаб қўйилган. Энди бир ўйлаб кўрайлик, барчамиз қонуннинг шу талабига риоя қилаяпмизми?!

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни 68-моддасида судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланган, яъни фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мус­тақиллигига риоя этиши шарт. Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган.

Агарда, менда ваколат бўлганида эди, қонуннинг мазкур талабини бирор-бир фуқарога қўллашни асло раво кўрмаган бўлар эдим. Бундай ҳаракатлар содир этилади деган фикрдан ҳам йироқдаман.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1021-моддасининг бешинчи қисмида, ҳаттоки, ҳар қандай фуқарога нисбатан ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатган шахсдан маънавий зарар ундирилиши кўрсатилган. Кимгадир қонуннинг шу талабини қўллаш шартми?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик учун ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланган. Шу даражагача боришимиз керакми?!

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддасида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин яна содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши, мумкин дейилган. Аллоҳ менга инъом этган саксон етти йиллик умримнинг эллик етти йилини суд-ҳуқуқ соҳасидаги фаолиятга бағишлаган бир инсон сифатида мен ҳеч қачон қонуннинг бу нормаси ҳам бирор-бир шахсга қўлланишини умуман истамайман! Барчамиз қонунларимизнинг бу талабларидан хабардор бўлиб, уларга риоя қилсаккина, бирор-бир нохуш ҳолатга тушмаймиз демоқчиман, холос.

Мухтасар айтганда, юқоридаги қонун нормаларини мен кимнидир қўрқитиш учун эмас, балки тарбиявий нуқтаи назардан ҳар хил нохушликларнинг олдини олиш мақсадида, фуқароларимизни ўзаро ҳурматда бўлиши учун жамиятда ўз ўрнини билиб юришга даъват этган ҳолда келтирдим. Зероки, конституциявий бурчларимизни чуқур англаб ҳамда ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиб, қонунларга қатъий риоя қилиш барчамизнинг асосий вазифамиз бўлиб қолиши лозим. Шунда ҳар биримиз, мен ҳуқуқий демократик давлатда яшайман ва унга ўзимнинг қонуний ҳиссамни қўшмоқдаман, чунки менинг фуқаролар ва давлат олдидаги бурчим ҳам шуни талаб этади, деб айта оламиз. Ана шу масалаларда барча муштарийларга маслаҳат бериб, уларга сиҳат-саломатлик, ишларига омад, яхши кайфият тилаган ҳолда барча эзгу ният ва мақсадларининг амалга ошишида тилакдошман!

Убайдулла МИНГБОЕВ,

Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ   МИРЗИЁЕВНИНГ УЧИНЧИ ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИЯ ФОРУМИДАГИ НУТҚИ

admin

Дунё мамлакатларида давлат тили қоидаларини бузишга қандай жазо берилади?

admin

ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ

admin