ADOLAT 24

Адолат тамойилларини қарор топтирган юрт (Биринчи мақола)

Яқинда мамлакатимиз Бош қонуни — Конститутциямизнинг 30 йиллигини нишонладик. Юртимизнинг қонунчилик тизимида 30 йил оз муддат эмас. Лекин аслида давлатимиз, қонунчилигимиз асос­лари бир неча минг йиллик­лар билан белгиланади. Бугунги Бош қомусимизда белгиланган давлатчилик ва қонунчилик асос­лари аждодларимизнинг кўплаб асрлар илгари яратган давлатчилик ва қонунчилик тизимларининг изчил давоми ҳисобланади. Шундай экан, аждодларимиз яратган давлатчилик ҳамда қонунчилик асослари қандай бўлган ва улар халқимизнинг тарихий мероси “Авесто” китобида қандай акс эттирилган? Икки қисмдан иборат мақоламизда ана шулар хусусида фикр юритилади.

Бирор-бир ўлкада адолат, ҳақиқат ўз-ўзидан қарор топмаган. Бунинг учун ўзига хос тартиблар, қонунлар ишлаб чиқилиши, миллат, халқ учун ҳуқуқий асослар, эркинликлар яратилиши заруратга айланган. Қонунлар ишлаб чиқилиши, инсонларнинг ҳуқуқий имкониятлари белгиланиши, эркинликлар яратилиши учун ўша ўлкада давлатнинг мавжуд бўлиши талаб этилган. Шу тариқа давлатчиликнинг, ҳуқуқшуносликнинг асосини адолатли қонунлар ташкил қилган. Тарихий битикларда дунё миқёсида инсоният ҳаётида давлатчилик асослари дастлаб Мисрда милоддан аввалги 3100 – 2800 йилларда, Мессопотамияда милоддан олдинги 2316 – 2261 йилларда, Бобил (Вавилон)да эрадан аввалги 1822 йилда, Хитойда милоддан олдинги XII аср бошида, Ҳиндистондаги Хараппа ва Мохенджодарода эрадан олдинги II минг йиллик ўрталарида пайдо бўлган, деб қаралади. Худди шу давлатларда қонунчилик, ҳуқуқшуносликнинг илк асослари яратилган ва бу инсоният ҳамда жамият тараққиётига кенг йўл очиб берган, деган фикрлар билдирилади.

Хўш, шундай экан мамлакатимиз ҳудудларида давлатчиликнинг тамал тошлари қайси даврларда, қаерларда қўйилган ва халқимизнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, адлиявий масалалари ҳал қилинган қарорлар қачон ва қай йўсинда ишлаб чиқилган, деган саволлар туғилади.

Яқин-яқинларгача баъзи “тарихчи”лар Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекис­тон ҳудудларида қадимда давлатчилик тизими шаклланмаган, бу ўлкаларда олис ўтмишда давлатлар бўлмаган, деган фикрларни илгари сурардилар. Кейинги йилларда тарихий йўналишда олиб борилган илмий тадқиқотлар, археологик қазишмалар, манбаларни чуқур ўрганишлар бундай фикрларнинг, хулосаларнинг нотўғри эканлигини исботлади. Айтайлик, дунё миқёсида илк асар ва китобат санъатининг намунаси деб эътироф этилган, бизнинг юртимизда битилган “Авесто” асарининг илмий тадқиқи мамлакатимизда тарихнинг турфа йўналишлари билан биргаликда миллий давлатчиликнинг пайдо бўлиш асослари олис қадимият билан боғлиқлигини, унинг тарихи юқорида номини тилга олганимиз Миср, Ҳиндистон, Хитой, Бобил, Мессопотамия каби қадимий давлатлар билан бир қаторда туришини яққол намоён этди. Хўш, бунинг илмий асослари нималарда намоён бўлади?

Бир гуруҳ қадимшуносларнинг маълумотларига кўра, “Авесто” асарининг яратувчиси, аниқроғи, зар­душтийлик таълимотининг асос­­чиси Зардушт (Спитомон Заратуштра) милоддан олдинги IX – VIII асрларда яшаб ўтганлиги айтилади. Ке­йинги давр тарихчилари эса унинг ҳаёти кечган давр янги эрадан аввалги XVIII аср билан боғлиқ деган маълумотни келтиришади. Ҳар иккала маълумот ҳам, қайси бири тўғри бўлишидан катъи назар, “Авес­то” асарининг камида 2700-2800 йил илгари яратилганини кўрсатади. Бундан ташқари, тарихдан маълумки, “Авесто” асарининг бир қисми Зардушт томонидан яратилган бўлса, унинг бош­­қа қисмлари – “Ясна”, “Яшт”, “Виспарад” деб аталган бўлимлари Зардуштга қадар мавжуд бўлган. Зардушт асарига ана шу бўлимларни ҳам киритиб, уларни илоҳий руҳ билан тўлдирган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Зардушт “Авесто”да ўз даври билан боғлиқ ҳолда 2800-3000 йил илгариги тарихни тилга олган бўлса, “Ясна”, “Яшт”, “Виспарад” бўлимларида ундан ҳам қадимий бўлган неолит, энеолит даврлари – милоддан олдинги III – II мингинчи йилликлардаги ҳаёт акс эттирилган.

“Авесто”нинг “Яшт” бўлими, “Хварно алқови” қисмида қадимий давлатлар хусусида шундай маълумотлар ёзилган: “Кавийлар Хварноси (Бахт қуши, Ҳумо қуши) қудратлидир. Хаосийанха Пешдотийга Хварно бўлиб насиб, узоқ йиллар ер узра подшоҳлигини қилди касб. Жумла етти иқлим ичра у Кавий мустабидлар, жоҳил карапанларга подшоҳлик қилиб турди… Кучли Кавийвор Хварно қўнган Йима Хшайатийга, подшолари тўқ, моллари семиз. Узоқ муддат шоҳ бўлди, етти кишвар шод бўлди. Кавий зўравонларга инсофу тавфиқ тилаб, ер узра шоҳлик қилди… Кавийвор кучли Хварно Кави Қубодга қўнганди, Кави Апивоҳуга ҳам. Барча Кавийворлар – Кави Усана, Кави Аршана, Кави Пишана ва Байоршан, ниҳоят, Кави Сийоваршон (Сиёвуш). Уларнинг барчасига Хварно насиб этган. Шунинг учун уларнинг бари ноил бўлди куч ва қудратга, илм-дониш ва жасоратга. Шоҳ бўлмоқ бўлди тақдир…”. Асардан олинган бу парчалар бизни олис тарихнинг кўп сирларидан огоҳ қилади.

Маълумки, мамлакатимиз ҳудудларида давлатчилик тарихи Хоразмдан бошланганлиги ҳақи­да маълумотлар мавжуд. Бу хусусда “Авесто”да “Мен – Ахура Мазда одамлар учун яратган илк муқаддас, гўзал сарзамин ва бирламчи юрт бу Доитий дарёси (Амударё) соҳилидаги Орийона Ваэжо (Қадимги Хоразм) эди”, деб ёзилгани бежиз эмас. Абу Райҳон Беруний бу фикрларни тўлдириб, унга янада аниқлик киритиб, “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Кави Сийоваршон – Сиё­вушнинг Хоразмшоҳлар давлати тахтига ўтирган санасини милоддан аввалги 1292 йил деб кўрсатади. “Авесто”даги юқорида келтирилган парчаларда эса Сиёвушдан ҳам илгари бу ўлкада Қубод, Апивоҳу, Усана, Аршана, Пишана, Байоршан ва бошқа шу каби шахслар давлатни бошқарганлари, ҳукмдорлик қилиб ўтганлари ҳақида маълумотлар берилган. Демак, бу маълумотлардан Хоразмда давлатчилик илдизлари милоддан аввалги 1292 йилдан эмас, ундан ҳам олдинги даврлардан, янги эрадан олдинги III мингинчи йилликларнинг бошларидан бошланганлиги ойдинлашади.

“Авесто”нинг “Яшт” бўлими “Аша қасидаси”да давлатчиликни улуғловчи шеърий мисра “Орийоний мамлакатларни бирлаштирган мард ва тадбиркор, Кавий Хусрав ноил бўлди Ашанинг саховати, мурувватига”, деган мисралар келтирилади. Бу ўринда Кайхусрав Сиё­вушнинг набираси эканлиги тарихдан маълум. Лекин бу ўринда гап Кайхусрав ҳақида эмас, балки унинг “Орийоний мамлакатларни бирлаштириши” ҳақидаги фикр эъти­борга молик. Бошқача айтганда, Сиёвуш ҳам, Кайхусрав ҳам орийларнинг бир қанча давлатларни тадбиркорлик билан бирлаштириб, ниҳоятда катта ҳудудда Хоразмшоҳлар давлатини ташкил этганлар. Бундан Сиёвушийлардан жуда кўп асрлар илгари ушбу ўлкада орийларнинг бир неча давлатлари фаолият юритганлари тўла исботланади. Бу маълумотлар ҳам юртимизда давлатчиликнинг ниҳоятда қадимийлигидан дарак беради.

“Авесто”нинг “Яшт” китобидаги “Ардвисура Анахита” қасидасидаги “Ким Хварно салтанатин соҳиби бўлгай, Варукушанинг соҳилида порлаган мудом, ҳозирда ва келажакда қўшилгандир у орийларнинг улкан мамлакатига” сўзлари яна ҳам эътиборга молик. Агар “Аша” қасидасидаги мисраларда орийлар мамлакатлари Кайхусрав мамлакатига қўшилиб катта Сиёвушийлар давлатини юзага келтиргани айтилган бўлса, бу қасидада орийлар мамлакатларидан ҳам олдин бир қанча мамлакатлар мавжуд бўлгани ва улар ўзаро бирлашиб орийларнинг улкан мамлакатини пайдо қилгани эътироф этилади. Табийки, “Авесто”даги бундай изчил тарихий воқеалар тасвирини кузатиб юртимиздаги давлатчилик тарихимиз ҳақида шундай хулосага келиш мумкин. Демак, милоддан аввалги 1292 йилда Хоразмда, умуман, мамлакатимиз ҳудудларида қудратли Сиёвушийлар давлати вужудга келган. Бу давлатдан олдин эса улкан орийлар мамлакати фаолият юритган. Орийлар мамлакатидан ҳам олдин яна бир қанча мамлакатлар мавжуд бўлган. Агар бу мамлакатлар ўртасидаги тарихий даврларни ўртача 800-1000 йилдан деб белгиласак, юртимизда давлатчилик тарихининг бошланиши милоддан олдинги 3100-3000 йилликларга тўғри келади.

Шунинг учун ҳам таниқли олим, тарих фанлари доктори Исо Жабборов “Буюк Хоразмшоҳлар давлати” асарида:

“Энг қадимги маданият ўчоқларидан ҳисобланган Ўрта Осиёда милоддан аввалги III мингинчи йилликда Ҳинд-Европа тил туркумига оид тилда гаплашадиган жуда кўп кўчманчи қабилалар ва ўтроқ элатлар яшаган. Дарё қирғоқларида, жумладан, Амударё ва Сирдарё бўйларида яшовчи “орийлар” деҳқончилик, мис, темир қуроллар ишлаб чиқариш билан шуғулланган бўлса, кўчманчи “орийлар” чорвачилик билан машғул бўлганлар. Шубҳасиз, мазкур жамиятлар муайян қонун-қоидалар ва одат меъёрлари асосида бош­қарилиб турилган давлатчилик тизимига ва ҳарбий кучга эга бўлганлар”,

деб ёзади. Ёки хорижий тарихчи олимлар ҳаммуаллифлигида нашр этилган “Бутундунё тарихи. Темир асри. Шарқнинг қадимий цивилизациялари” китобида:

“Ўрта Осиё ва Эрон – бу ҳудудлар энг қадимий ва юксак тараққий этган цивилизация юрти бўлган. Бу ҳудудларда яшовчилар биринчилардан бўлиб тарихий тараққиётни бошлаб, милоддан аввалги III мингинчи йиллик бошларидаёқ ўзларининг ёзувини яратиб, давлатчилик асосларини тузишга киришганлар. Улар минглаб йиллар давомида ҳар қандай қийинчиликларга дучор бўлсалар-да, ўзлари яратган маданиятни сақлаш билан бирга уни тобора юксалтирганлар ҳамда бошқа мамлакатларга, давлатларга ёйиб, давлатчиликнинг тамал тошини қўйганлар. Шу билан бирга Ўрта Осиё давлатларида суғорма деҳқончилик кенгайган, қалъа­лар барпо этилган, илм-фан, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланган. Ўрта Осиё­­да қадимги Хоразм ва Сўғдиёнада алифбо асосидаги ёзув ва пул пайдо бўлган”,

деб маълумот берилади. Тарихчи олимларнинг бу фикрлари ёзма манба – “Авесто”даги воқеалар билан, маълумотлар билан ниҳоятда уйғун, муштарак келади. Демак, юқоридаги маълумотлар мамлакатимизда давлатчилик асослари 5 минг йиллик тарихга эга эканлигини кўрсатади. Бу эса унинг қадимий мамлакат, хусусан, Миср давлати тарихи билан тенгдош­лигини, бизнинг давлатчилигимиз ҳам инсоният тараққиётида муҳим роль ўйнаганлигини намоён этади.

Шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади. Хўш, мамлакатимиз ҳудудларида юзага келган давлатлар қандай бошқарув тизимига эга бўлган? Уларда қандай қонунлар, тартиб-қоидалар яратилган? Инсон ҳақ-ҳуқуқлари қандай адолат мезонлари асосида ишлаб чиқилган? Бир сўз билан айтганда, адлия­вий масалалар қай тарзда ҳал қилинган?

Ушбу саволларга жавобларни яна ўша халқимизнинг улуғ мероси бўлган “Авесто” асари саҳифаларидан топамиз. Асарнинг “Яшт” бўлимида қадимда мамлакатимизда давлат тизими бир неча асослардан, босқичлардан иборат бўлганлиги кўрсатиб ўтилган. Унинг биринчи босқичи – катта патриархал оила ҳисоб­ланган ва у “Нмана” деб аталган. Иккинчи босқич – бир неча пат­риархал оилалар бирлашувидан юзага келган уруғ жамоаси бўлиб, у “вис” деб юритилган. Учинчи босқич – уруғ жамоалари йиғилишидан ташкил топган қабила – “занту” номини олган. Охирги босқич – қабилалар иттифоқи тўпланиб, “дахью”га айланган. “Дахью” – ўлка, мамлакат, давлат маъноларини англатган. Айни пайтда, ҳар бир оила, уруғ, қабила ва давлатнинг етакчилари бўлган. Улар “пати” (ота) номи билан аталган. Оила бошлиғи – нманапати, уруғ оқсоқоли – виспати, қабила етакчиси – зантупати, мамлакат раҳбари – дахьюпати деб юритилган. Мамлакатни идора қилган шахс “кави”, яъни диний, дунёвий ҳокимият эгаси ҳисобланган. Диний ва дунёвий ҳокимиятни давлатчиликнинг дастлабки даврларида подшо ёки шоҳ бошқарган. Бир неча давлатларни ўз ҳудудига қўшиб олган, подшо ёки шоҳларни бўйсундирган катта давлат ҳукмдори шоҳаншоҳ унвонига эга бўлган. Халқ йиғилиши “вьяха” деб аталган. Оқсоқоллар кенгаши “варзанапати” ёки “ханжамана” деб номланган. Давлатга доир масалалар халқ йиғилишида оқсоқоллар кенгаши томонидан муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

Юқоридагилардан англашилиб турибдики, виспати, зантупати, дахьюпати, варзанапатилар, яъни уруғ, қабила, давлат етакчилари ва оқсоқоллари кенгаши халқ томонидан сайланган. Давлатни бошқаришда халқ йиғилишлари – вьяхалар асосий роль ўйнаган. Бошқачароқ айтганда, мамлакатимизда давлатчиликнинг дастлабки босқичида халқ томонидан сайлаб қўйилган демократик давлат бош­қаруви фаолият юритган. Агар тарихий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, юртимиздаги бу халқ демократиясига асосланган давлат Юнонистондаги ва Римдаги Сенат томонидан бошқариладиган ҳуқуқий давлатлардан 1-1,5 минг йиллар аввал пайдо бўлганини англаш қийин эмас. Демак, халқ демократиясига асосланган давлат яратишда ҳам аждодларимиз дунё миқёсида етакчилардан бири бўлган.

Камол Матёқубов,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МУДОФАА САНОАТИ МАЖМУАЛАРИ БИЛАН ТАНИШДИ

admin

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси кўриб чиқилди

admin

БУЮК ИПАК ЙЎЛИДА ТУТАШГАН ДЎСТЛИК РИШТАЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНДИ

admin