ADOLAT 24

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномаси (Давоми)

Ҳурматли юртдошлар!

Халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтирамиз.

Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланади.

Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтишни тезлаштирамиз. Келгуси йили бу тизим Тошкент шаҳрида бошланади. Босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади.

Шу ўринда бир оғриқли масалани айтиб ўтмоқчиман. Бугунги кунда 7 миллион аҳолимизда турли хил сурункали касалликлар бор.

Соғлом ҳаёт тарзи ҳақида олти йилдан бери гапиряпмиз. Лекин Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни ҳали жой-жойига қўя олмаяпти. Соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар одамларга етказилмаяпти, турли ёшдаги кишилар учун жисмоний машқларни ўргатиш ишлари йўқ. Аслида, инсон саломатлиги, тиббиётнинг замини ҳам шулар-ку! Шу боис, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракатини маҳалладан бошлаймиз. Бу ҳаракатда ёшу қари – барча юртдошларимиз ўз ўрнини топиши керак.

Аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш ишлари давом эттирилади. Келгуси икки йилда ҳар бир оилавий поликлиника ва шифокор пунктига энг керакли ускуна ва жиҳозлар етказиб берилади, экспресс лабораториялар тўлиқ янгиланади.

Янги йилда қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалари, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилади.

Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилади. Барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади.

Бундан ташқари, мамлакатимизда 15 мингга яқин онкологик беморлар нур ёрдамида даволанишга муҳтож. Шу боис, келгуси йилда Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда, давлат-хусусий шериклик асосида Радиология марказларини ташкил этиш лойиҳаларини бошлаймиз.

Муҳтарам қўшма мажлис қатнашчилари!

Маълумки, барча ислоҳотларимиз замини ва кўзгуси бу – маҳалла. Жамиятимиздаги барча жараёнлар маҳалла ҳаётида ўз ифодаси ва амалий ечимини топади.

Маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир. Шунинг учун ҳам бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилади.

Авваламбор, 2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилган сув, электр энергияси, йўл, мактаб каби йўналишлар бўйича лойиҳалар учун қарийб 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм йўналтирилади.

Ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарур.

Маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Бунинг учун янги йилда 1 январдан бошлаб мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолади.

Шу билан бирга, Конституциямизга аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши ва уй-жойга эга бўлиши тўғрисидаги янги моддаларни киритиш лозим, деб ҳисоблайман.

Аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажмини 1,5 баробар ошириб, 90 мингга етказамиз. Бу борада икки йил олдин бошланган имтиёзли шартлар асосида ипотека кредитлари бериш давом эттирилади.

Келгуси йилда Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланади. Дастур доирасида, биринчи навбатда турар жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилади.

Бундан ташқари, жамоат транспортидаги вазият мутлақо ўзгаради. Тошкент шаҳри учун қўшимча равишда 1 мингта замонавий автобус сотиб олинади, 7 та ер усти метро бекати ишга туширилади. Буларнинг ҳисобидан ҳар куни 500 мингдан зиёд пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига қўшимча қулайликлар яратилади.

Ҳудудларда ҳам йўловчи ташиш сифатини яхшилаш мақсадида яна 1 мингта автобус ҳаракати йўлга қўйилади. Бу орқали жамоат транспорти бўйича аҳвол оғир бўлган 300 та маҳалладаги 1 миллион аҳолининг узоғи яқин қилинади.

Учинчи йўналиш. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилдик. Шу билан бирга, одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўлимиз етиб бормаган масалалар бор. Афсуски, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда.

Бу масалалар, энг аввало, Олий суд раиси ва Бош прокурорни ташвишга солиши керак.

Нима учун ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга тушмади? Ким бунга қарши?

Бу масалани алоҳида назоратга олиб, тез кунларда ушбу тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлашимиз зарур.

Шу боис, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратамиз. Бу масалада алоҳида Фармон имзоланади.

Энг аввало, одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади. Бунинг учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилади.

Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказамиз. Энди терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Ахир, биз хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш бўйича озмунча ҳаракат қиляпмизми?

Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади.

Тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрамиз. Тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак.

Шу билан бирга, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади.

Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади.

Нима учун адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилмайди? Бундай ҳолатда тенглик ҳақида қандай гапириш мумкин?

Энди судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади.

Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.

Охирги пайтларда айрим вақтинча ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда.

Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади.

Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади.

Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият.

Бош прокурор ва ички ишлар вазири бу ҳақиқатни ҳар бир ходимига етказиб, таъсирчан назорат ўрнатиши шарт.

Илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқамиз.

Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади.

Вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам бир ҳақиқатни яхши тушуниб олиши керак: Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади.

Бу борада Халқаро тижорат судини Ўзбекистонда ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланди.

Юқоридаги барча ташаббусларни Конституцияда тўғридан-тўғри муҳрлаб қўйиш лозим.

Шу ўринда биз учун долзарб муаммо бўлган коррупция масаласига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Ўтган икки йилда 5 мингга яқин мансабдор коррупцияга доир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилди. Лекин, очиқ айтиш керак, бу – масаланинг сабаби билан эмас, оқибати билан курашиш.

Депутат ва сенаторлар, маҳаллий кенгашлар ҳам бонг уриб, аниқ соҳаларни таҳлил қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича фаол бўлишлари керак эмасми?

Ҳар бир депутат ўзининг округидаги бюджет ҳисобидан бўлаётган қурилишлар, йўлларни, ҳар ойда бориб кўрса, буюртмачи ва пудратчидан сифатни талаб қилса, биласизларми, аҳвол қандай ўзгаради? Бунинг учун сизларда етарли ваколат ҳам, шижоат ҳам бор.

Коррупцияга қарши курашиш борасида алоҳида қонунлар қабул қилиниб, ҳуқуқий асослар яратилди.

Энди амалий ишларни кучайтириш керак. Сунъий монополияга, ёпиқ схемаларга, умуман коррупцияга имкон яратадиган барча бўшлиқларга барҳам берилади.

Тўртинчи йўналиш экология, айниқса, сув масалалари глобал муаммога айланиб бораётгани билан боғлиқ.

Биз нафақат бугунги, балки келажак авлодларни ҳам ўйлашимиз шарт. Шу боис, Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талабларни кучайтиришимиз зарур.

Биласиз, мамлакатимиз сўнгги 3 йилда қурғоқчиликни бошдан кечирди. Бунинг таъсири, айниқса, Амударёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудларимизда яққол сезилди.

Шу ўринда Амударё ўзанида янги канал қурилиши бўйича қўшни Афғонистоннинг муваққат ҳукумати ҳамда жаҳон ҳамжамияти билан бирга халқаро меъёрлар асосида ва минтақанинг барча давлатлари манфаатларини инобатга олиш юзасидан амалий мулоқотлар олиб бориш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бундай ёндашув қўшниларимиз томонидан ҳам қўллаб-қувватланишига ишонамиз.

Умуман, сўнгги 15 йилда ёғингарчилик 25 фоизга қисқарди. Ёзда ўта иссиқ кунлар давомийлиги ортгани олдимизда ҳали катта синовлар борлигидан далолат беради. Лекин ҳозирги вақтда экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар бор. Шу боис, сув хўжалиги тизими ислоҳ қилинади.

Сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизими жорий этилади ва келгуси уч йилда 13 мингга яқин сув хўжалиги объекти рақамлаштирилади. Шу билан бирга, 16 та йирик насос станцияси давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилинади ва муқобил энергияга ўтказилади.

Буларга қўшимча равишда сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисми туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтирилади.

Ҳозирги вақтда бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам жиддий экологик муаммолар пайдо бўлмоқда. Аксарият ҳудудларимизда тупроқ таркиби бузилиб, унумдор ерлар қисқариб бораётгани, чўлланиш, сув етишмаслиги, қурғоқчилик, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш шулар жумласидандир.

Табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш келгуси йилда ҳар бир маҳалла аҳолисининг маданияти ва амалий ҳаракатига айланиши керак. Бу борада мавжуд вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатларимизни, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларимизни кучайтирамиз.

Ҳурматли халқ вакиллари!

Биз қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни қатъий давом эттирамиз.

Ер муносабатлари бўйича катта ишларни бошлаб, шу йилнинг ўзида 100 минг гектар экин ерини аҳолига деҳқончилик қилиш учун бўлиб бердик. Бунинг ҳисобидан 1,5 миллион тонна қўшимча озиқ-овқат етиштирилди.

Энг асосийси, қишлоқларда 400 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил қилинди, 1 миллион 200 мингдан зиёд одамларимиз банд бўлиб, даромад оляпти.

Агар шу ислоҳотни қилмаганимизда, бозор ва дўконларимиз ҳозиргидек тўкин бўлармиди, экспорт шу даражага етармиди, жон бошига даромад ўсармиди?

Шу боис, 2023 йилда ҳам сув таъминоти яхши бўлган 100 минг гектар қўшимча экин майдонларини аҳолига ажратамиз. Бунинг ҳисобидан қарийб 350 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил этилади.

Агар жами 750 мингта янги деҳқон хўжалигини тадбиркорга, ер эгасига айлантира олсак, қишлоқда жуда кўп ижтимоий муаммолар, аввало, ишсизлик ва камбағаллик масаласи ечилади. Мен бунга ишонаман.

Вилоят ва туман ҳокимлари бу ишни самарали ташкил этишга масъул ва жавобгар бўлиб, халқ олдида доимий ҳисобот бериб боришлари керак. Бунинг учун кооперацияни фаол қўллаб-қувватлаймиз, кичик ва ўрта қувватли сақлаш корхоналари, саралаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантирамиз.

Умуман, аграр соҳада юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш лойиҳаларига 2023 йилда 1 миллиард доллар ажратилади.

Бешинчи йўналиш. Эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Конституцияда алоҳида ўрин эгаллаши керак.

Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган кескин жараёнлардан барчангиз хабардорсиз. Жаҳонда мураккаб геосиёсий вазият, энергия ресурслари танқислиги кучайиб бормоқда, озиқ-овқатга эҳтиёж ортиб, молиявий ресурслар қимматлашмоқда.

Бундай вазиятда, қанчалик оғир бўлмасин, иқтисодий ислоҳотларни қатъий давом эттирамиз, ички имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиб, хусусий секторни янада қўллаб-қувватлаймиз. Бунинг учун, энг аввало, тадбиркорлик муҳитини тобора яхшилаш бўйича ислоҳотларни жадаллаштирамиз.

Биринчи навбатда, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади.

Биз чуқур таҳлил қилдик. Келгуси йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилади. Жумладан, тадбиркорлик учун ҳар томонлама ривожланган 26 та туман – 1-тоифага; инфратузилмаси яхши бўлган 46 та туман – 2-тоифага; шароити нисбатан қониқарли бўлган 76 та туман – 3-тоифага; жозибадорлиги етарли бўлмаган 40 та туман – 4-тоифага; шароити оғир бўлган 20 та туман – 5-тоифага тўғри келади.

Энди тоифага қараб, туманларнинг иқтисодий ривожланишини белгилаймиз. Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.

Мисол учун, бешинчи тоифага кирувчи, шароити энг оғир бўлган 20 та туман учун айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкаларини 1 фоиз миқдорида белгилаймиз. Мазкур туманлардаги тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлайди. Якка тадбиркорлар қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилади.

Худди шундай, бошқа тоифадаги туманларда кредитларга пасайтирилган фоиз ставкаларини қўллаш, инфратузилма харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш каби бир қатор енгилликлар берилади.

Бюджет харажатлари, аҳоли ва тадбиркорлар олдидаги мажбуриятларимизни қисқартирмаган ҳолда, бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича ишларни давом эттирамиз. Жумладан, 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш ҳисобидан тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм маблағ қолади. Лекин бизнес муҳитини яхшилаш учун фақат солиқни камайтиришнинг ўзи етарли эмас.

Ўтказилган сўровларда 70 фоиз тадбиркорлар солиқ, божхона, ҳокимият, электр, кадастр, ёнғин хавфсизлиги, санитар назорат каби идоралар томонидан маъмурий босимлар борлигини билдирган. Шу боис, 2023 йилда назорат қилувчи ва рухсат берувчи идоралар фаолияти яна бир марта танқидий кўриб чиқилади.

Биринчи навбатда, илғор тажрибалар асосида солиқ ва божхона маъмурчилиги жиддий ислоҳ қилинади. Бунда ҳамма давлат идораларида тадбиркорларга сервис хизмати кўрсатишни баҳолаш тизими жорий қилинади. Келгуси йил шу масала билан қаттиқ шуғулланамиз.

Таъкидлаб айтмоқчиман: биз тадбиркорлик соҳасида жавобгарликни енгиллаштириш бўйича бошлаган ислоҳотларимизни жадал давом эттирамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Халқимиз ҳам, тадбиркор ва инвесторлар ҳам биздан долзарб масала бўлган энергетика соҳасида аниқ ечимлар кутаётгани сир эмас.

Очиқ айтиш керак, энергетика соҳасидаги муаммолар бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ.

Кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмагани ҳам айни ҳақиқат. Оқибатда тизимда аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги, катта йўқотишлар оддий ҳолга айланиб қолган эди.

Шу билан бирга, сўнгги олти йилда аҳолимиз 13 фоизга, саноат корхоналари эса 2 баробар ортиб, 45 мингдан 100 мингтага кўпайди. Натижада электр энергиясига талаб камида 35 фоиз ошди ва йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция керак. Бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкин.

Шу боис, сўнгги уч йилда соҳага 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинди. Жумладан, ўтган ҳафтада Бухоро, Наманган ва Хоразмда қуввати 500 мегаваттли яна 3 та қуёш станциясини қуриш бўйича танлов якунланди. Депутат ва сенаторлар томонидан қабул қилинган янги қонунлар бунинг учун ҳуқуқий асос бўлди.

Йил бошидан қуввати 1,5 минг мегаваттли 7 та электр станциясини ишга туширдик.

Келгуси йилда яна 4,5 минг мегаваттли 11 та йирик лойиҳани якунига етказамиз. Жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида барпо этиладиган қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобидан қўшимча 14 миллиард киловатт электр ишлаб чиқарилади. Бу орқали хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпаяди.

Очиқ айтиш керак, кўп иқтисодчилар энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишни таклиф қилмоқда.

Бу – тўғри йўл. Мен ҳам буни хоҳлайман. Лекин халқимизнинг жон бошига даромади, ижтимоий ҳимоясини ўйлаб, бу соҳадаги ислоҳотларни шошмасдан, босқичма-босқич қилишимиз керак.

Энг муҳим масала – энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш.

Афсуски, иқтисодиётимизда энергия сарфи бошқа давлатлардан 2 баробар юқори. Шунинг учун энергия самарадорлигини ошириш Миллий дастурини қабул қиламиз. Депутат ва сенаторларимиз бу ишга бош-қош бўлса, албатта ижобий натижа бўлади.

Уй, ишхона, боғча, мактаб ва кўчаларда одамларимизга энергиянинг қадрига етиш, уни тежашни ўргатиш керак. Қонунларимизда ҳам бу масалаларни мустаҳкамлаш зарур.

Шу билан бирга, кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кескин оширилади. Мисол учун, Тошкент вилоятида Олмалиқ, Бекобод комбинатлари ва бошқа йирик корхоналар ўз эҳтиёжлари учун 1 минг мегаваттли қуёш электр станцияларини ўрнатса, йилига 2,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Бу орқали Тошкент вилоятининг қарийб 30 фоиз электр истеъмоли таъминланади ва 500 миллион куб метр газ тежалади.

Худди шундай асосда бошқа вилоятлар ҳам ҳисоб-китобларини қилиб, келгуси йил учун аниқ режаларини белгилаб олиши керак.

Республиканинг ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими ҳам ўз ҳудудидаги хонадон ва корхоналарда жами 5-10 мегаваттли қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириши шарт.

Агар ана шу масалага жиддий киришсак, бу ишлар албатта натижасини беради.

Умуман, келгуси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади. Ушбу мақсадларда 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади. Бунинг ҳисобидан уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли “яшил энергия”га ўтказилади.

Аҳоли хонадонларида эса, қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробар кўпайтирилади.

Умуман, “яшил энергия”га тезроқ ўтмасак, бу борада қонунларимизда ҳам аниқ механизмларни белгиламасак, аҳолимиз ва тадбиркорларимизни рози қила олмаймиз.

Газ захираларини кўпайтириш мақсадида геология-қидирув ишлари бўйича ўн йиллик дастур қабул қиламиз. Бунда янги технологияларни жорий этиб, илк бор чуқур қатламларда газ қазиб чиқариш ишларини бошлаймиз. Жумладан, Устюртнинг юқори истиқболга эга чуқур қатламларида қидирув ишларига нуфузли хорижий инвесторлар жалб қилинади.

Газ қазиб чиқаришга олдин берилган барча лицензиялар қайта кўриб чиқилади, самарасиз ишлаётган корхоналар бўйича тегишли чоралар кўрилади.

Олтинчи йўналиш. Иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитларни янада яхшилаймиз.

Биз сўнгги олти йилда инвестициялар ҳажмини ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизидан оширишга эришдик.

Келгуси йили қарийб 30 миллиард доллар сармоя жалб қилинади, шундан 25 миллиард доллар хусусий инвестициялар бўлади. Жумладан, умумий қиймати 8 миллиард долларлик 300 дан зиёд лойиҳани ишга туширамиз ва яна 40 та янги йирик лойиҳа бошланади.

Мисол учун, “Ёшлик” мис конини ўзлаштиришнинг биринчи босқичи якунига етказилиб, 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга 3-мисни бойитиш фабрикаси ишга тушади. Бу орқали Олмалиқ комбинатининг рудани қайта ишлаш қуввати ҳозирги 40 миллиондан 100 миллион тоннага етади.

Шу билан бирга, Олмалиқда мисни бойитиш фабрикаси ва Мис эритиш заводи лойиҳалари бошланади.

Навоийдаги Пистали конида 4 миллион тонна олтин рудасини қайта ишлаш мажмуасининг қурилиши якунланади.

Металлургия соҳасида амалга оширилаётган катта дастурларимиз беш йилдан кейин мисни – 3 баробар, олтинни эса йилига 150 тоннагача ошириш имконини беради.

Кимё, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигида ҳам катта-катта лойиҳалар ишга туширилади.

Шу билан бирга, фаол инвестицияларни жалб қилишда хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш зарур.

Келгуси йили катта хусусийлаштиришни бошлаймиз, 1 мингга яқин корхона савдога чиқарилади.

Бугун кўнглимдаги бир ниятимни сизларга очиқ айтмоқчиман. Менинг катта ниятим – юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлсин. Одамларимиз ўз омонатларини инвестиция қилиб, юқори даромадларга эга бўлсин.

Шунинг учун топшириқ бердим: келгуси йилда энг йирик 10 та компания ва тижорат банкларимизнинг акциялари ўз аҳолимиз учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади.

Бу чинакам халқчил IPO бўлишига ишонаман.

Шу борада илгари ҳам айтган гапимни такрорлашни ўринли, деб биламан: халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади.

Навбатдаги масала – 2023 йилда тайёр маҳсулотлар экспортини қўшимча 4 миллиард долларга ошириш асосий мақсадимиз бўлади.

Tegishli xabarlar

ИЛМ-ФАН ОЛАМИНИНГ БУЮК КАШШОФИ (Биринчи мақола)

admin

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

admin

Депутатлар муаммоларни ҳал қилишмоқда (Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари)

admin