ADOLAT 24

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномаси

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Ҳурматли депутат ва сенаторлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Жонажон Ўзбекистонимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қлаш – эътиборимиздаги энг асосий масала.

Шу мақсадда охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурдик.

Бу даврда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етди. Ҳозирги вақтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда.

Халқимиз соғлиғини сақлаш учун барча тиббий хизматларни энг чекка туман ва маҳаллалар даражасигача туширяпмиз.

Одамларимизни касб-ҳунарли қилиш, уларнинг бизнесига кенг йўл очиш, ҳақиқий мулкдор бўлиб, даромад топиши учун зарур шароитларни яратмоқдамиз.

Бу йил 381 нафар спортчимиз жаҳон ва Осиё мусобақаларида, 43 нафар иқтидорли ва билимдон ёшларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадалари ҳамда танловларида совринли ўринларни қўлга киритгани барчамизни албатта қувонтиради.

Нуроний отахон ва онахонларимиз оила даврасида, ҳаж ва умра зиёратларида шукроналик дуоларини қилаётгани бизга куч ва ғайрат бағишламоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётгани, халқаро ҳамжамият буни кенг эътироф этаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманларга мезбонлик қилдик ва муҳим ташаббусларни илгари сурдик. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Мана шундай катта ютуқларга эришишда фидокорона меҳнати билан муносиб ҳисса қўшган ҳар бир юртдошимизга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Жаҳоннинг илм-фан, маданият ва спорт шоҳсупаларида байроғимизни баланд кўтараётган ўғил-қизларимиз, шижоатли ёшларимизга янги-янги зафарлар тилайман. Улар бизнинг фахримиз-ғуруримиздир.

Чегараларимиз дахлсизлиги ва тинчлигимизни кўз қорачиғидек ҳимоя қилиб келаётган Ватанимиз посбонларига ҳам эзгу тилакларимни йўллайман.

Қадрли фахрийларимиз, муҳтарама опа-сингилларимиз, тадбиркор ва фермерларимизга ҳурмат-эҳтиромимни изҳор этаман.

Ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб келаётган хорижий ҳамкорларимизга, бугунги анжуманда қатнашаётган дипломатик корпус вакилларига ҳам ташаккурларимни айтаман.

Албатта, эришаётган барча ютуқларимиз, инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалардир. Биз бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз.

Ҳурматли юртдошлар, қадрли меҳмонлар!

Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз – бугун инсоният ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Ер юзида иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва бошқа табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар катта хатарларга айланмоқда.

Халқаро муносабатларда ўзаро ишонч камайиб, қарама-қаршилик ва можароларнинг ортиши барқарорлик ва ривожланишга жиддий хавф солмоқда.

Афсуски, бундай хавф-хатарлар бизни ҳам четлаб ўтмаяпти.

Қорақалпоғистонда шу йил ёз ойида содир бўлган нохуш воқеалар бутун эл-юртимизни қаттиқ қайғуга солди. Худога шукр, кўп миллатли халқимизнинг оқиллиги ва донишмандлиги билан вазият тезда изга тушди.

Биз учун “Қорақалпоғистоннинг ютуғи – бутун Ўзбекистоннинг ютуғи, Қорақалпоғистоннинг ташвиши – бутун Ўзбекистоннинг ташвиши” деган ғоя ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Бизнинг эзгу мақсадимиз – биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир.

Асрлар давомида эт ва тирноқ каби бир бўлиб кетган халқларимиз дўстлигига ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди. Чунки бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир.

Биз жонажон Ватанимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга ҳар томонлама қодирмиз. Тинч ва осойишта ҳаётимизни асраб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаб, барқарор тараққиёт йўлимизни жадал давом эттирамиз!

Азиз дўстлар!

Бир ҳаётий ҳақиқатни таъкидламоқчиман – бугун замон ҳар қачонгидан ҳам тезлашди. Фаровонлик ошгани сайин аҳолимизнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам ортиб бормоқда.

Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди.

Шу боис, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур.

Шуларни эътиборга олган ҳолда, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутмоқда. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам бунинг яққол далилидир.

Шу боис, кириб келаётган янги, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном беришни таклиф қиламан.

Нима учун йилга бундай ном беряпмиз?

Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик. Бу сиёсат бир йил билан чекланиб қолмаслиги, доимо бардавом бўлиши барчамизга аён.

Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми?

Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз.

Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир.

Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз айтганларидек:

“Заковат бор жойда улуғлик бўлади,

Билим бор жойда буюклик бўлади”.

Шунинг учун ушбу соҳада бошлаган ислоҳотларимизни давом эттиришимиз, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал этишимиз керак.

Биз келгуси йил Давлат дастурига халқимиз кўтарган барча масалаларни аниқ ечимлари билан киритамиз. Ушбу жараёнларда депутат ва сенаторлар, маҳалла вакиллари, зиёлилар, ёшлар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилигимиздан фаол бўлишларини, янги-янги таклиф ва ташаббуслар билдиришларини сўрайман.

Ҳурматли депутат ва сенаторлар!

Энди 2023 йилдаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчи йўналиш. Ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қиламан.

Нима учун сўзни айнан шу йўналишдаги ислоҳотдан бошлаяпман?

Олдинлари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” учун олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил қилишга тўғри келди. Шундай қилишга мажбур эдик, акс ҳолда ҳозирги ютуқларимиз бўлмас эди.

Мактабгача таълим, уй-жой коммунал, “маҳаллабай” ишлаш, инвестиция, давлат хизматлари, давлат-хусусий шериклик соҳаларида катта натижаларга эришдик. Хусусий сектор ва тадбиркорликнинг ривожланиши ортга қайтмас жараёнга айланди. Аҳолимизнинг фаоллиги, замонавий технология ва касб-ҳунарларга интилиши ошиб бормоқда. Иқтисодиётимизда кундан-кунга янги-янги йўналиш ва соҳалар яратилмоқда.

Бу борада хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келди.

Очиқ айтиш керак – ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар бор. Марказлашув юқори. Оқибатда бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланмоқда.

Вазирларнинг Ҳукумат қабул қилаётган қарорларда, таъбир жоиз бўлса, “овози йўқ”. Яъни, уларнинг ушбу қарорларни тайёрлаш ва ҳаётга жорий этишдаги иштироки ва масъулияти етарли эмас. Энди вазирларнинг бундай эскича усулда ишлашга ҳаққи йўқ.

Агар вазирнинг ўз соҳаси бўйича узоқни кўзлаган аниқ ёндашувлари бўлмаса, унинг фаолияти туфайли одамларнинг оғири енгил бўлмаса, ўзингиз айтинг, бундай раҳбардан нима наф бор?

Шунинг учун янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги Фармонни имзоладим. Бунга узоқ тайёргарлик кўрдик.

Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тага камайтирилади.

Энди ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади.

Кўп вазирлар ўзгаради. Ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва ишидан халқ рози бўлаётган вазирлар лавозимида қолади. Ўйлайманки, бундай ёндашув адолатли бўлади.

Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқаради. Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади.

Ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, Президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги масъулияти оширилади. Бунга мос равишда жавобгарлиги ҳам кучайтирилади. Уларга аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун етарли ваколат ва маблағ берилади.

Вазирликлар фаолиятида очиқлик, қонунийлик, натижадорлик ва сифат асосий мезон бўлади.

Биз коррупция ҳақида кўп гапирамиз, лекин вазирлик тизимида коррупцияга йўл қўйилса, нима учун вазир жавоб бермаслиги керак? Энди сўров бошқача бўлади. Вазир ўзи раҳбарлик қилаётган соҳага ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича биринчи бўлиб ўзи жавоб беради.

Имом Мотуридий бобомизнинг: “Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган ҳаётий ҳикмати ҳар бир вазир, ҳар қайси раҳбарнинг онги, қалби ва ҳаракатида муҳрланиши лозим.

Давлат вакиллари ўзининг ҳалол меҳнати, оддийлиги, халқсеварлиги, самимийлиги ва фидойилиги билан одамларимиз меҳрини қозониши керак.

Энди вазирларнинг сиёсий масъулияти оширилиб, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари, мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бевосита вазирлар иштирокида коллегиал ҳал этилади.

Ҳар бир вилоятдаги муаммоларни ечиш учун ҳар ойда жойига чиққан ҳолда, “Ҳукумат куни” ўтказилиши йўлга қўйилади.

Вазир ҳар йилнинг бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якуни билан эса унинг натижаси бўйича ҳисобот беради.

Таъкидлаб айтмоқчиман – энди қайси вазир ўз ишини эплай олмаса, истеъфога чиқади.

Шу ўринда яна бир фикрни Парламент вакилларига етказмоқчиман.

Сўнгги йилларда кўп ваколатларни Олий Мажлисга ўтказдик, уларни янада кенгайтиришни ўйлаяпмиз. Янги вазирни тайинлашда ҳам депутатлар иштирок этмоқда, режалари билан танишиб, маъқуллаяпти. Лекин, афсуски, кейинчалик фақат танқид билан чекланмоқда.

Маълумки, соҳалар бўйича иккала палатада ҳам қўмиталар, комиссиялар бор. Аслида, улар вазирларга қайси йўналишда ёки ҳудудда иш яхши кетмаётганини кўрсатиши, камчиликлар бўйича жойига чиқиб, аҳоли фикрини ўрганиб, масалага биргаликда ечим топишлари лозим.

Шу боис, вазир фаолиятини самарали ташкил этишда парламентдаги қўмита, комиссия ва депутатларнинг ҳам масъулиятини белгилаш тўғри бўлади, деб ҳисоблайман.

Албатта, танқид ҳам керак. Аммо ҳозирги депутатларга берилган катта ваколат ва имкониятлардан самарали фойдаланиш лозим.

Мен ҳам узоқ йиллар депутат бўлиб ишлаганман, ўша даврда Парламентда ҳисобот берган вазирларни камдан-кам кўрар эдик. Ҳозир эса вазият мутлақо бошқача-ку! Шунинг учун энг муҳим масала – юрт тақдирига дахлдор бўлиб, халқимизни рози қилиш учун ҳаммамиз биргаликда ишлашимиз керак.

Умуман, Парламентимизнинг иш услубини яхшилаш ва фаолият самарадорлигини ошириш ҳам Конституциямизда ўз аксини топиши зарур.

Маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи сифатида келгуси йилда ҳудудлардаги бошқарув тизими ҳам ислоҳ қилинади.

Барча маъмурий ислоҳотлар доирасидаги янги ташаббуслар Конституциямизда албатта белгилаб қўйилиши лозим. Ўйлайманки, сизлар ҳам бунга қўшиласизлар.

Бу йил “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги янги қонунни қабул қилдик. Бундан буён давлат лавозимларига фақат конкурс асосида ишга қабул қилинади. Барча раҳбарлар фаолияти самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилади.

Ҳар йили 500 нафар мутахассисни энг нуфузли хорижий олийгоҳ ва марказларда ўқитиб келамиз.

Келгуси икки йилда ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлигига республика идораларида юқори лавозимларда ишлаган, билимли ва тажрибали кадрлар қўйилади.

Янги йилдан бошлаб ҳар бир ҳоким ўз туманига 40-50 миллион доллар хусусий инвестицияларни олиб келиши керак бўлади.

Вазирлар фақат давлат маблағини сарф қилмасдан, ўзлари ҳам ташаббус кўрсатиб, хусусий инвестицияларни жалб қилишлари лозим. Масалан, давлат-хусусий шериклик орқали қишлоқ, сув, ўрмон хўжаликлари, транспорт соҳаларига бемалол йилига 1 миллиард долларгача сармоя олиб келиш мумкин.

Маъмурий ислоҳотлар доирасида яна бир муҳим ташаббусни илгари сурмоқчиман.

Ҳозирги кунга келиб Марказий Осиёда аҳолиси миллиондан ортиқ шаҳарлар 7 тага етди. Минтақамизда пойтахтлар билан бир қаторда бошқа йирик шаҳарлар ҳам “ўсиш нуқталари”га айланмоқда. Буларнинг орасида Самарқанд ва Наманган шаҳарлари ҳам бор. Уларнинг ҳар бирида аҳоли сони бир миллионга етмоқда. Иккала шаҳарда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Самарқанд шаҳри дунё танийдиган мегаполисга, халқаро туризм ва бизнес марказига айланмоқда. Наманган ҳам саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топмоқда. Шу боис, Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказишни таклиф қиламан.

Бу пойтахтимиз Тошкент билан бир қаторда “ўзига тортувчи марказлар”ни кўпайтириш бўйича бошлаган сиёсатимизда янги амалий қадам бўлади; жон бошига даромад, иш жойларини кўпайтиради; иккала вилоятда ҳам туманларни ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратилади ва буям адолатдан бўлади.

Энди ушбу вилоят ҳокимлари фақат йирик шаҳарлар билан эмас, туманларда шароитларни яхшилаш бўйича ҳам ишлаши талаб этилади.

Ҳар иккала шаҳарни ривожлантириш дастури Вазирлар Маҳкамасида тасдиқланиб, уларнинг ижроси учун бевосита Бош вазир жавоб беради.

Иккинчи йўналиш. Биз Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қиляпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак.

Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир.

Шу боис, биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратамиз.

“Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”.

Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг бу сўзлари депутат ва сенаторларимиз, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар, бутун давлат аппарати, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши керак. Шу боис, мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади.

Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур, деб ҳисоблайман.

Келгуси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Ҳозирги вақтда улар халқаро экспертизадан ўтиб, ўзимизда синовдан ўтказилмоқда. Лекин юқори синфларда-чи? Очиқ айтиш керак, уларда берилаётган таълим ва тарбия сифати, ўқитувчиларнинг билими ва маҳоратини талаб даражасида, деб бўлмайди.

Болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз лозим.

Ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур.

Мана, мактабларимизга қандай муҳит кириб келиши керак!

Бу борада Президент мактабларида 130 та мамлакатда маъқулланган “A-level” таълим дастури йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда.

Бу жараёнда ҳар бир ўқувчи ўзининг қобилиятига қараб, аниқ йўналишлар бўйича чуқур ўқитилади, дунёнинг нуфузли олийгоҳларига кириш имкониятлари кенгаяди.

Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилишни бошлаймиз.

Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил қилинади. Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади.

Ҳозирги очиқлик сиёсати, чет эл инвестициялари ва янги корхоналарнинг ортиб бораётгани ёшларимизни замонавий билимлар ва хорижий тилларни ўрганишга ундамоқда. Шу боис, мактабларга юқори малакали хорижий ўқитувчиларни олиб келишга мажбур бўляпмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча мактаб жамоаларига мурожаат қилмоқчиман.

Жондан азиз болаларимиз мактабдан чет тилларни, касб-ҳунар ва компьютер саводхонлигини пухта ўрганиб чиқса, биласизларми, жамиятимиз қандай ўзгаради?

Янги Ўзбекистонда мактаб жамоалари ва муаллимларининг масъулияти – айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади. Ва мен ишонаман – сиз, жонкуяр ўқитувчиларимиз бу вазифани шараф билан уддалайсизлар.

Келгуси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 та мактаб кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келгуси беш йилда уларнинг сонини 1 мингтага етказамиз.

Йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди. Бу борада етарли тажриба орттирдик.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилади. Бу жараёнларни шаффоф тизим асосида ташкил этиш, фарзандларимизни соғлом ва сифатли овқат билан таъминлашга халқ таълими вазири масъул ва жавобгар бўлади.

Таълим соҳасидаги навбатдаги муҳим йўналиш, бу – ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат.

Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ҳаммамизни ўйлантириши керак. Шу боис, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарур.

Бу мақсадда 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади. Ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Келгуси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олинади.

Шу билан бирга, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни кенгайтирамиз. Кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу тизим бизда ҳозиргача бўлмаган. Лўнда айтганда, янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратамиз.

Сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда. Яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича Умумжаҳон анжуманида ҳам бу ислоҳотларимиз юксак эътироф этилди.

Шу билан бирга, келгуси беш йилда қамровни 80 фоизга етказиш учун 600 минг янги боғча ўрни керак. Бу – жуда катта марра. Шу боис, боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади.

Сўнгги йилларда олийгоҳларимиз 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди.

Биз бу рақамларни янада кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Лекин, таълим сифати нима бўлади, деган савол ҳаммамизни ўйлантириши керак.

Авваламбор, бунга ҳар бир олийгоҳ ўзи ҳаракат қилиши лозим, ўшанда натижа бўлади.

Бу борада 41 та олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилди, уларда трансформация офислари очилди. Олийгоҳ ректорлари, профессор ва ўқитувчилар бу жараёнларда фаол бўлишлари, янги, илғор методикаларни жорий қилишлари керак.

Келгуси йилда олийгоҳ талабалари учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 триллион сўм ажратилади.

Бу йил илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Бу – 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп, дегани.

Олимларнинг иш ҳақи ҳам 4,5 баробар оширилди.

Буларнинг барчаси ҳисобидан нано ва биотехнологиялар, рақамли геология каби 18 та янги илмий йўналиш ташкил этилди.

Келгуси йили илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилади.

Энди олимларимиз сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби бугунги кунда биз учун долзарб йўналишларда аниқ натижалар кўрсатишлари керак.

Tegishli xabarlar

Фуқаролар ҳаётини тубдан ўзгартиришга хизмат қилувчи ҳаётий ҳужжат

admin

Товар айрибошлашдаги техник тўсиқлар бартараф этилади

admin

“Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг партия X Қурултойидаги маърузаси (давоми)

admin