ADOLAT 24

МУАММОЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА (Хоразм, Андижон, Сирдарё, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари)

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоевнинг хонқалик сайловчилари билан мулоқоти самарали бўлмоқда.

Депутат туман ҳокими ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари билан биргаликда «Қорамози» маҳалласидаги «Гужумли» кўчасининг 5 та тор, “Саноат”, “Янги аср” кўчаларида 6 км масофага ётқизилган шпес аралашмасининг сифати юзасидан ўрганиш ишлари олиб борди. Натижада аралашманинг чидамлилик даражаси паст экани аниқланди. Бу муаммони бартараф этиш мақсадида текислаш ишларини қайтадан амалга ошириш, қўшимча шпес аралашмаси ётқизиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, депутат «Гулистон» маҳалласида жойлашган 19-сонли умумтаълим мактабида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қад­рини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 211-банди ижроси юзасидан тумандаги бошланғич (1-4) синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланиши, мактабдаги синф хоналарининг жиҳозланиши, дарслик­ларнинг сифати бўйича ўрганиш олиб борди.

Мақсуд Қурбонбоев Хонқа туман марказидаги қурилиш жараёни билан ҳам танишди. Депутатнинг сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.

Хоразм вилоят кенгаши матбуот хизмати


Айни кунларда жамоатчилик орасида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Хўш, меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солувчи мазкур кодексга қандай ўзгартиришлар киритилди? Иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган меҳнат шартномасига қандай янги меъёрлар жорий этилади? Шу каби саволлар бугун кўпчиликни қизиқтиради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамирова Жалақудуқ туманидаги корхона ва ташкилотларда ходимлар билан ишловчи нозирлар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида юқоридаги саволларга эътибор қаратди. Тадбирда меҳнат муносабатларини тартибга солишда миллий ва хорижий тажриба хусусида сўз юритилди.

 Олтиной Мамирова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ҳаётимизга бир қатор замонавий хизматлар ва шунга мос равишда янги иш ўринлари кириб келди. Меҳнат бозоридаги ўзгаришлар ўз-ўзидан иш берувчи ва ходим муносабатларини тартибга солишни талаб этаяпти. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида назарда тутилаётган ўзгартиришлар, меҳнат ва хусусий ҳуқуқнинг бошқа соҳаларини такомиллаштириш, тегишли қонун нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётгани бунга жавобдир.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида аҳоли, айниқса, ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар белгиланган. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари ва уларнинг аниқ мезонлари ўрин олган. Бу каби ўзгартиришлар ҳар бир жамоага тегишли. Шу сабаб уни ўрганиш орқали меҳнат муносабатларида қонунбузилиш­ларнинг олди олинади.

Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойи­ҳаси доирасида Жалақудуқ туманидаги «Қутайба ибн Муслим» зиёратгоҳида маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия фаоллари билан ҳашар ташкил этилиб, тозалов ишлари амалга оширилди. «Адолат» номи билан кўчатлар экилди.

 Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати


Юртда ҳар бир инсон ҳаёти, қадри, унинг соғлиғига эътибор юксак даражада бўлиши мамлакатнинг келажаги барқарорлиги, одамлар турмушининг ободлигидан дарак беради. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қуриб битказилган «Янгиер» санаторийси ҳам юртдошларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Джанибекова ва “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари Б.Абдуллаев, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ғ.Райимназаров ушбу санаторийда дам олувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Санаторий бош шифокори А.Муҳаммадиев санаторийнинг ташкил этилиши тарихи ва ҳозирда дам олувчилар учун кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида маълумот берди. Шифо маскани замонавий тиббий асбоб-ус­куналар билан жиҳозлангани, даволаш-ташхислаш хоналари ташкил этилиб, физиотерапия, даволаш жисмоний тарбия, массаж, иссиқлик, сув билан даволаш муолажалари, фитотерапия, лазеротерапия, психотерапия, дитeотерапия усулларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилганини баён этди. Санаторий дам олувчиларнинг ошқозон-ичак тракти, таянч-ҳаракат тизими, юрак-қон томир ва асаб тизимлари касалликларини даволашга ихтисослашган.

— «Янгиер» санаторийсининг умумий майдони 33,96 гектарни ташкил этади. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 250 киши дам олиши ва саломатлигини тиклаши кўзда тутилган. Айни пайтда 70 киши иш билан банд қилинган, — дейди санаторий бош шифокори А.Муҳаммадиев.

Сирдарё вилоят кенгаши матбуот хизмати


Ноябрь ойининг сўнгги кунларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов Наманган шаҳрида сайловчилар билан учрашди. Учрашувларда дунёда юз бераётган воқеалар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Албатта, сайловчилар ҳаётда дуч келаётган муаммолар ва қи­йинчиликлар ҳақида ҳам сўзлашди. Одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш юзасидан таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилди. Мисол учун, Давлат­обод туманидаги “Орзу” маҳалласида ички кўчаларни асфальтлаш масаласи кўтарилди. Чунки ёмғирли кунларда пиёдалар лой кечиб юришига тўғри келмоқда. Эски симёғочларни темир-бетон танянчларга алмаштириш керак. Ҳудудни чиқиндилардан тозалаш бўйича амалий чоралар кўриш талаб этилади.

“Давлатобод” МФЙдаги учрашувда сайловчилар ҳудуддаги мактабда қиш мавсумига тайёргарлик ўлда-жўлда эканини баён этишди. Депутат “Адолат” СДП фаоллари билан таълим масканига йўл олди. Чиндан ҳам 33-умумтаълим мактабида қишга ҳозирлик якунланмаган экан. Иситиш тизими ишга туширилмагани учун хоналар совуқ. Ўқувчилар иссиқ, қалин кийимларда ўтиришибди. Бундай ҳолат машғулотлар савия­сига таъсир этмай қолмайди. Д.Исмоилов мактаб­­га Давлатобод тумани ҳокимлиги мутасаддиларини таклиф қилди ва улар билан биргаликда ҳолатни ўрганди. Вазиятни ўнглаш учун шошилинч чоралар белгиланди. Уларнинг ижросини назорат қилишни депутат ёрдамчиси Акмалжон Ҳайдаров ва партия фаоллари зиммаларига олишди.

“Депутат ёшлар даврасида” лойи­ҳаси доирасидаги учрашув эса Наманган давлат университетида ташкил этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов юридик факультети иккинчи босқич талабалари билан суҳбат ўтказди. Унда «Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси ҳамда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси асосий мавзу бўлди. Интерфаол усулда ташкил этилган тадбир барчада катта таассурот қолдирди.

– Бўлажак ҳуқуқшунослар учун бундай мулоқотларнинг аҳамияти жуда катта, – дейди НамДУ юридик факультети декани ўринбосари Иброҳимжон Отамирзаев. – Улар суҳбат жараёнида қонун ижодкорлигининг ўзига хос жиҳатлари билан танишди. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Наманган вилоят кенгаши

матбуот хизмати


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилшод Ҳамзаев Ғузор туманидаги Убайдулла Уватов номли 1- IDUMда маҳаллалар фаоллари ва ўқитувчилар билан юзма юз мулоқот уюштирди. Савол жавоб асосида бўлиб ўтган учрашувда депутат Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳалқимизни рози қилиш шунингдек, янги таҳрирдаги “Меҳнат Кодекси” нинг мазмун моҳияти юзасидан тўпланганларга тушунча бериб ўтди.

Муминобод МФЙ аҳолиси билан учрашувда фуқаро Сайёра Душаева  депутатга мурожаат қилиб уйини таъмирлаб бериш ва кредит олишда ёрдам сўради. Унинг мурожаатига асосан депутат ўрганишлар олиб борди. Ҳақиқатдан ҳам фуқаро Сайёра Душаева ногирон ва уйи таъмирталаб эканлиги туфайли депутат томонидан унга амалий ёрдам кўрсатилди. Депутат аралашуви билан фуқаронинг уйи туман ҳокимлиги тасарруфидаги мутасадди ташкилотлар ҳомийлигида таъмирлаб бериладиган бўлди. Туман Агробанкидан эса фуқарога кредит ажратилди.  

Шу куни депутат тумандаги Мусофир ота Жомеъ масжиди қурилишининг боришини ҳам кўздан кечирди ва бунёдкорларни қийнаб турган муаммоларини бартараф этишда кўмаклашди.

Қашқадарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Энди деҳқон ғалласини биржада сотади

admin

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ФАОЛИЯТИ ЎРГАНИБ ЧИҚИЛДИ

admin

ЭТНИ ТИРНОҚДАН АЖРАТИБ БЎЛМАЙДИ

admin