ADOLAT 24

Амир Темур тарихини ёритиш: эски ва янги қарашлар (Биринчи мақола)

Тарихда ҳукмдорларнинг мавқеи қанчалик юксак бўлса, уларнинг жавобгарлик масъулияти ҳам шунчалик улкан бўлади. Унда фожиалар, мураккаб зиддиятлар, серқирра ва қарама-қарши ихтилофлар, муросасиз курашлар, юксалиш ва таназзуллар уйғун келади. Даврнинг оқини оққа, қорасини қорага ажратиш ва ундан сабоқлар чиқариш осон иш эмас. Боз устига ажнабий тадқиқотларда шонли тарихимизни чаплаш, мафкуравий пардалар ортидан баҳолаш, иллатларни ҳаспўшлаш, камчилик ва нуқсонларни рўкач қилиш, баъзида ҳақорат ва таҳқирлаш сақланиб келинаётганлиги ҳам бор гап. 

Совет тарихшунослиги тамойилларига асосланган ва коммунис­тик мафкура билан тиш-тирноғигача қуролланган тарихнавислик методологияси, айтиш жоизки, бутун ўтмишимизни сохталаштириб юборди. Миллий ўзлигимизни унутишга, аждодларимизни хотирамиздан ўчиришга мажбур қилди. Фақат ўз мақсади ва ғояларига мос келадиган жиҳатларнигина сақлаб қолиб, қарийб тўрт минг йиллик тарихимизни абгор қилди. Боз устига миллий психологик руҳиятимизни, онг ва дунёқарашимизни ҳам ўзгартиришга сабаб бўлдики, ҳали ҳамон ота-боболаримиз тарихи ва номини тилга олишда, баъзида “эҳтиёткор” бўламиз. Шу сабабли бугунги авлодлар Турон давлати асосчиси Алп Эр Тўнга, Шоҳ Қоратун ва Хон Баламир ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Қадимги туркийлар ичида энг улуғи, халқнинг фахри – Атилла ҳақида ҳам ҳақиқатлар ҳали тўлиқ айтилмаган. Ҳолбуки, Амир Темур бобомиз ана шу улуғ туркий халқлар империяси анъанасини тарих қаъридан тиклай олган даштнинг сўнг­­ги ҳукмдоридир. Унинг зафарлари ҳам, таназзули ҳам шу халқ тақдир-қисмати билан чамбарчас боғлиқ. 

Қизил империя режими ҳукмрон пайтларда «қоралаш ва бўҳтон» ишларда алоҳида каромат кўрсатган А.Новосельцевнинг «Об исторической оценке Тимура» мақоласи бугунгача тарихчиларимиз ва ижтимоий фан соҳа вакиллари эъти­боридан четда қолиб келмоқда. Бу буюртма, махсус уюштирилган фитна мақола И.Мўминовнинг «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» номи билан нашр этилган рисоласидан сўнг оммавий қоралаш кампания­сига айланади. Фитнанинг асосий хулосавий ғояси шундай битилади: «Мовароуннаҳр, Рус ва бошқа Европа мамлакатлари ҳамда Миср тарихида Амир Темурнинг роли билан боғлиқ баҳо нимани англатади? Далилий материалларнинг жиддий таҳлили асносида кўз ўнгимизда иккинчи Чингизхон, яъни ўз улуси фаровонлиги йўлида масъул бир шижоат кўрсатган йирик саркарда ва дипломат, шунинг билан бир қаторда кўплаб мамлакатларни тап тортмасдан талон-тарож этган инсон қиёфаси гавдаланади. XV асрда кузатилган Мовароуннаҳрдаги вақ­­­тинча юксалиш, асосан, талончи-қирғинбаротлар, забт этилган ўлкалар моддий бойлиги ва меҳнат кучларининг ташиб кетилишига таянилганлиги сабабли салтанат мус­таҳкам бўлмади. Шу боис Ўрта Осиё ҳамда унинг ўрдаси билан юзма-юз келган бошқа халқлар тарихида Амир Темурнинг роли, ўтмишдоши Чингизхон каби реакциондир».

Мақола муаллифи барча мавжуд илмий-тарихий хулосаларни асоссиз деб ҳисоблаган ҳолда, биринчи навбатда, у В.Бартольд қарашларини танқид остига олишдан бошлайди: «Унинг ишларида мўғуллар империясини идеаллаштириш яққол кўринади. Темур салтанатини таърифлар экан, В.Бартольд унинг фаолиятидаги салбий оқибатларни очиш асносида, ундаги айрим ижобий томонлар ҳақида сўзлашга интилади», дейди. Эътибор қаратинг, муаллиф В.Бартольдга «ижобий хусусият»ларини топишга ҳаракат қилишга интилганликда, деб айб қўяди. Яъни, буюк шахснинг ижобий фазилатлари кўрсатилмаслиги ва қора бўёқ билан кифояланиши керак.

Амир Темурнинг Ўрта Осиёда тутган ўрни ва ролини тарихий объективлик асосида ёритишга уринган бу кимса бошқа бир олим, аслида мафкуравий мақсадлари уйғун А.Яку­бовскийнинг ҳам «таъзири»ни беради. Жумладан, унга шундай айб қуйилади: «А.Якубовс­кий томонидан XIV ва XV аср бош­ларига оид қатор тарихий фактларнинг таҳлили ишончли эмас. Бу ерда айрим паллаларда ўта кескин кўринишга эга Амир Темур шахсини идеаллаштириш шу даражага борадики, забт этилган мамлакатларда мавжуд барча неъматларни Мовароуннаҳрга ташиган халқаро қароқчи Амир Темурни яхши, уддабурон ҳукмдорга қиёслайди», деб ёзади. Аслида А. Якубовский тарихий манбалар далилини инкор этолмаганлиги учун ўшанда ҳам айрим холис ва ижобий қарашларга изн беришга мажбур бўлган. Лекин А.Новосельцевнинг мақсади Амир Темурнинг барча хизматларини мутлақо инкор этиб, Чингизхоннинг вориси сифатида уни босқинчига айлантириш билан қизил империянинг мус­тамлака сиёсатида содиқ турганлигини ифода қилади.

Афсуски, советшунос устозлар томонидан белгилаб берилган тарихий услуб ҳанузгача Ғарбнинг Шарққа бўлган ёндашувини ифода қилиб келмоқда. 2007 йилда «Центр ­Азия.ру» сайтида «История бывших. Как искажают прошлое в странах СНГ» номи билан Россия Фанлар академияси етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори А.Улуняннинг Марказий Осиё давлатларидаги тарих фанининг замонавий тенденция­лари таҳлилига бағиш­ланган мақоласи эълон қилинди. Мақолада СССР парчалангандан сўнг собиқ иттифоқ аъзолари миллий ва умумий тарихни қайта ёзишга киришдилар ва бундай ёндашувда Россияни номуносиб қиёфада ифодалаш устуворлик қилади, деган шикоят билан чиқади. Муаллиф бир қанча рес­публикалар қаторида Ўзбекистон тарихига доир масалалар хусусида бирёқлама, тарихий воқеликни баҳолашда аввалгидек беписандлик билан, айниқса, Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ролига нисбатан фактларни инобатга олмасдан бузишга, объектив илмий далилларни инкор этишга ҳаракат қилади.

1993–1994 йилларда Ўзбекистонда давлатнинг авторитар тизимининг вужудга келиши жараёнлари билан миллий тарих расмий ҳокимият ўз манфаатлари йўлида жамиятни мафкуравий жиҳатдан сафарбар этиш воситасига айлантирилган, дейди. Фикрини давом эттириб, урғу ортиқча бўрттирилган, мифологик қарашларга асосланган «босқинчи ва истилочи» Амир Темур фаолиятига нисбатан берилаётган ижобий муносабатни кескин қоралайди. Уни ўзбек давлатчилиги асосчиси, ижобий сиёсий арбоб сифатида баҳолаш қабул қилинган, дея яна бошқа кўплаб ғайриилмий эътирозларини келтиради. 

Ўзбек олимларидан Т.Равшановнинг мазкур ғайриилмий қарашларга нисбатан раддияси эълон қилинди. Муаллиф барча томондан тан олинган Амир Темур ва Темурийлар манбашунослиги асосан совет, рус ва ўзбек олимлари, хусусан, В.Бартольд, А.Якубовский, И.Умняков, М.Мас­сон, Б.Лунин, А.Тереножкин, Г. Пу­гаченкова, Э.Ртвеладзе томонидан яратилган асарларга муносабат билдиради. Улар ўз асарларида Амир Темурнинг нафақат Ўзбекис­тон тарихида, балки жаҳон тарихида тутган ўрни ва аҳамиятига доир ҳар томонлама муносиб баҳоларни беришган. Бу ҳақиқий илмий маълумотлар Амир Темурнинг тарихдаги ролини ерга уришга интилган А.Улунян ва у кабиларнинг нотўғри қарашларига зиддир.

Турк тарихчиси Дундар Алпнинг 1912 йилда ёзилган асарида Соҳибқирон сиймосини чаплаш асносида Шарқнинг башарият тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасини хиралаштириш, мавҳумлаштириш, сўнгра мутлақо йўққа чиқариш мақсадлари анча қадимий сиёсат эканлиги очиб берилган. У шундай деб ёзади: «Темур ҳақидаги эътироз­ларнинг энг каттаси унинг «қонхўр», «золим» бўлганлигидир. Аммо бу ўша замонда, ўрта асрларда табиий ҳол эканлигини эсдан чиқармаслик керак. Аслида, айрим ғаразгўй тарихларда ёзилгани каби бемаъни, сабабсиз золимликни Амир Темурда топа олмаслигингизга имонимиз комилдир. Бугун энг маданиятли деб танилган мамлакатларда барча замонларда ҳам кўкка кўтарилган Наполеонларга, иккинчи Фредерикларга, Пётрлару Ҳанибалларнинг тўккан қонлари учун қандайин маъзурият кўрсата олурлар?» Дарҳақиқат, буюк боболаримиз шахсларини чаплаш ортида катта сиёсий мақсадлар ётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Ғарб дунёсининг юксалишига қаратилган мафкуравий концепцияларнинг деярли барчасида жаҳон сиёсий саҳнасидаги етакчилик фақат уларга тегишли бўлиши учун бошқа даҳолар фаолияти қораланиши ёхуд тақиқланиши керак. 

Тарихий шахсларга нисбатан бир­ёқлама ёндашувларда ўз халқини даҳшатли қатағонларга тортган Иван Грознийни ўз тарихидан ўчириб ташлаш керак бўларди. Қонли тиранларнинг отаси саналмиш Мос­ква князи Василий III ёвуз­ликда ундан қолишмаган. «Новгород қиссаси»да айтилишича, Иван бир кунда 1000 нафар одамни тирик­лайин ёққан. Улар қаторида Пётр I, Наполеон ўз халқи ва Европа халқи бошига қанчадан-қанча офатларни келтирмади, дейсиз. Шунга қарамасдан, бу «буюклар» ўз халқининг қаҳрамони, улар тўғрисида қанчадан-қанча бадиий фильмлар олинган, тарихий ва адабий китоблар ёзилган, ҳайкаллар ўрнатилган. Ажабланарлиси шундаки, европаликларнинг босқинлари, македониялик Александрдан бошлаб римликлар ва салбчиларгача бўлган юришлар салкам инсонпарварлик акцияси деб мақталади”.

Европаликлар Амир Темур тарихини ва ҳукмдорлик сиймосини рақибларнинг бошидан қурилган миноралар рамзи билан боғлайдилар. Бу даҳшатли манзара, ваҳимали қурилма инсониятни ларзага солган мудҳиш воқеалар қаторига киритилади. Гарольд Лемб, Перси Сайкс, Леон Кахун, Эдвард Г.Броун, Джон Малко кабилар ўз фикрларини хулосалаб: «Амир Темурдек ҳукмдор ўз лашкарлари томонидан санам сифатида қабул қилинган. Уни жамиятнинг бошқа қатламлари томонидан билдирилган муносабатлар қизиқтирмаган. Бу монарх жаҳонгирлик шавкатини олишга интилган. У амбицияларини қондириш йўлида улкан шаҳарларни тупроққа қориштиради, аҳолини қириб ташлайди. Ҳа, у жасур, саховатли ва маҳоратли саркарда бўлган, аммо шунинг баробарида, ваҳший, жиззаки ва золим ҳам бўлган. Унинг учун одамнинг бахти шахсий шон-шуҳрати олдида қадрсиз эди», дейдилар. Бу фикрлар олимлардан чиқаётганлигига ҳайрон бўласан, киши. Бундай ёндашув тарих  фани услубининг бирорта таснифига тўғри келмайди. Бу талқинларда фақат сиёсий фитнани кўриш мумкин, холос.

Лекин эндиликда холис тарихий хулосалар ясашга уринаётган замонавий рус олимлари ҳам кўзга ташланмоқда. Хусусан, А.Воробьёв “Эронда, Бағдодда, Исфахонда, Саб­заворда, Ҳиндистонда одамларнинг бошидан яратилган миноралар ва минглаб қирғин қилинганлар тўғрисидаги маълумотлар бирёқлама ва мақсадли эканлиги”ни таъкидлаб, В.Бартольднинг ғайриилмий «Амир Темурнинг золимлиги, нафис ваҳшийлиги (Чингизхон сингари) Сейистонда орттирган жисмоний дард-азоблари изтиробидан келиб чиқиб намоён бўлади» деган фикрини келтиради. Бу қарашларда “В.Бартольд ёлғиз эмас, унинг издошлари Соҳибқиронни руҳий хасталикда айблашгача боради. Яъни, оёғидаги оғриқ туфайли аламзада бўлиб қолган ҳукмдор минглаб одамларни бошидан жудо этишга қаратилган қарорларни қабул қилиш билан таскин топган эмиш. Лекин бизда Амир Темурнинг ваҳшийликлари борасида ҳамон реал далиллар йўқ”, деб ёзади у.

Башарият тамаддунига турли соҳаларда улкан ҳисса қўшган, бутун омма томонидан эътироф этилган аксарият буюк даҳолар Марказий Осиё ҳудудида пайдо бўлганлиги сир-асрори бугун ўз илмий ёндашувларини кутиб турибди. Лекин савол туғилади, бу даҳолик чашмасининг манбаи қаерда, улар қандай пайдо бўлади, пайдо бўлишининг табиий ва ижтимоий омиллари нималардан иборат? Нега буюк даҳоларни яратган миллатнинг қисмати ожиз, тақдири хуфтон? Тарихнинг аччиқ ва аёвсиз қонуниятлари инсоният тақдирида ҳайратомуз қисматларни намоён қилади.

Шундай экан даҳоларнинг вужуд­­га келиш сабабларини ўрганиш турли фанлар уйғун услубларини тақозо қилади. Ҳозирча биз инсоннинг физиологик ва психологик ҳолатини ўрганиш даражасидан ташқарига чиққанимизча йўқ. Ҳолбуки, шахс ирсияти масалалари ва унинг ижтимоий аҳамияти генотехнология назария сифатида шаклланган эмас. Улар фанлараро илмий соҳаларнинг уйғун услуб­ларини талаб этади. Бу, ўз навбатида, миллий давлатчилик тарихи даври босқичларини, сиёсий-ижтимоий жараёнларнинг тадрижий ривожини таҳлил этишга, анъанавийлик ва замонавийлик тамойилларини уйғунлаштиришга қаратилган тарих фалсафаси, сиёсат фалсафаси, дин, социология, психология, тизимли таҳлил, тарихий жараёнларни математик моделлаштириш каби қатор фанларнинг мутаносиб услубларини ишлаб чиқиш заруратини билдиради.

Тўлқин АЛИМАРДОНОВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор

Tegishli xabarlar

АЁЛ МАТОНАТИ

admin

ҚЎЙҚИРИЛГАН   ҚАЛЪАНИНГ ҚАДИМ СИРЛАРИ

admin

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРГАН… ОНА

admin