ADOLAT 24

Қўшнингизнинг қорни туқми?!

Умрага бориб келган, уйларига “Умра муборак” деган зарҳал ёзувлар ёзиб, оёқлари тагига узун пояндозлар солган, ўзларига тўқ таниш-билишларга шўрваю ошлар тарқатиб, дуо олгани келганларга тасбеҳу жойнамозлар ҳадя қилган ҳожи акалар, ҳожи оналар.

Унутманг, маҳаллангизда ҳафтасига бир кило гўшт еёлмаётган, томидан чакки ўтаётган, отасиз ё онасиз қолган етим гўдак болаларимиз бор. Маҳаллангизда ойлаб, йиллаб бир жойда михланиб ётиб қолган беморларимиз бор. Тўғри, кўплаб муҳтож оилалар ташқаридан қарасангиз ўзини гўё қийналмаётгандай кўрсатади. Чунки улар ориятли. Ваҳоланки, айнан сизнинг маҳаллангизда қийинчилигини бировга айтолмай, кечаси билан йиғлаб чиқадиган беморларимиз бор. Айнан сизнинг маҳаллангизда кунлик топганини болалари ва ўзининг қорнидан орттиролмай юрган кўп фарзанд­­ли ота-оналар бор.

Сизнинг маҳаллангизда эри ўтиб кетиб, бири боғчада, бири биринчи синф­­да ўқиётган фарзандлари билан қолиб кетган икки сағир бор. Кунда мактабдан келиб, онасига “Синфдошим уни кийибди, буни кийибди, менга қачон олиб берасиз?” деб кунлик 30 минг сўмга ишлайдиган онанинг бағрини тиладиган болалар бор. Боласига “Бугун сенга янги этик олиб келаман”, деб эски-туски бозоридан сал янгироқ этикчани олиб келган, артиб-тозалаб, мактабдан келган боласига янги этикча деб берган оналаримиз бор.

Қўшнисининг боласи билан ўйнаган, уларнинг овқатланишга ўтирганини кўриб қолган, сўнг уйига келиб, бева онасига: “Ая, биз ҳам қачон кабоб, ҳолва, ёнғоқ еймиз, асалнинг мазаси қанақа бўлади, биз қачон шоколадли сариёғ еймиз?”, деб хархаша қилаётган фарзандларимиз бор.

Эртага Аллоҳнинг олдида Умрага бориб келиб, шоҳона зиёфат бермаганимиз учун эмас, мана шу етим болаларнинг кўзидан оққан ҳар бир томчи кўз ёши учун жавоб берамиз. Онаси эски-туски бозоридан олиб келиб берган эски этикчанинг ўрнига янгисини олиб бермаганимиз учун жавоб берамиз. Бола асалнинг мазаси қандайлигини билмай ўтаётгани учун жавоб берамиз. Уйимизда ўзимиз ёнғоқ-майиз еб, етим болаларга бермаганимиз учун жавоб берамиз.

Келинглар, маҳалладаги ҳожи ота-оналарга бир таклиф берайлик: Умрага бориб келгач, зиёфату турли совғаларга сарфламоқчи бўлган маб­лағларингизни етим-есирлар, касаллар, қийналган оилаларга берайлик. Зора шу амалимиз Аллоҳга маъқул келиб, зиё­ратларингиз қабул бўлса…

Сиз бунга нима дейсиз, азизлар?

Мирзоҳид АБДУҚОДИРОВ,

Чилонзор туман маҳалла ва нуронийларни

қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи,

халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Иқтисодчилар ва Адолатчилар фикр алмашишди

admin

ҚАДИМИЙ ЁЗМА МАНБАЛАРНИ САҚЛАШ ВА ТАДҚИҚ ЭТИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Манфаатлар тўқнашуви – инқирозга йўл

admin