ADOLAT 24

Маънавий юксалиш йўли — мутолаа

Эсимда, мактабда ўқиган давримизда ҳар бир синфга бир қучоқ газета-журналлар келарди. Синфдош­ларимиз билан талашиб ўқирдик. Улардаги ҳар бир маълумот биз учун қизиқ эди. Айниқса, тенгдош­ларимизнинг ана шу газета-журналларда номларини кўрсак, жуда хурсанд бўлардик. Бизда ҳам нималардир ёзиш, ижод қилиш ҳисси уйғонарди. Энг қизиқарлиси, улардаги ҳар бир маълумот биз учун фойдали эди.

Дарҳақиқат, бугун кимдир келиб мендан ўқиш ва изланишга бўлган ғайратни, ижодга иштиёқни қаердан оласан деб сўраса, мен иккиланмай орзуларимга қанот бўлган газета ва журналларни айтган бўлар эдим. Инсоннинг орзуларига газета ва журналларнинг нима алоқаси бор, деб ўйлашингиз мумкин, албатта. Мен журналист эмасман.

Газета-журнал ўқиб, ўз мақсадларини ёшликдан белгилаган ўқитувчиман. Бу касбга муҳаббат айнан мактаб давримдан бошланган. Газета ва журналларни ўқиб, ҳамиша ижодкор ўқитувчи бўлишни орзу қилганман. Менинг ижод намуналарим ҳам газета-журналларда чоп этилишини ва ҳар бир хонодонга кириб боришини истаганман. Эҳҳе, мен каби қанча синф­дошларим бу нарсани орзу қилишган. Кутубхоналарда китоблар билан бирга газета ва журналларни ҳам мутолаа қилардик. Китоб, газета ва журналлар мутолаа қилиш инсоннинг дунё­қарашига, фикр­лашига ва ҳатто сўзлашишига катта таъсир кўрсатар экан. Ҳатто уйимизда бувижон ва бобожонларимизга келадиган газеталар ҳам талаш бўлар эди. Жамиятимиздаги янгиликлар, тенг­­дошларимиз фаолиятидан куч олардик гўё.

“Adolat” газетасининг шу йил 11 ноябрь кунги сонида устоз журналист Камол Муҳаммад Ёқубнинг “Яна обуна ҳақида” номли мақоласини ўқидим. Унда жамиятимизнинг оғриқли нуқталарига айланиб бораётган долзарб масала ҳақида сўз юритилган. Газета ва журналларнинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни йўқолиб бориши ҳақиқий маънода бизни маънавий қашшоқликка етаклаётгандек. Бугун ҳаётимизда шундай хасталик пайдо бўлганки, унга чалинган инсон ҳаёти муқаррар ўлим билан тугайди. Хасталикнинг номиданоқ ўлим иси келади. Уни ижтимоий касаллик дейишади. Жамиятдаги тубанлик, ахлоқсизлик, калтабинлик маънавий қашшоқлик, эътиқодсизлик туфайли пайдо бўлади. Бу газета ва журналларнинг ҳаётимизда ўрни йўқлигини башорат қилаётганлар, эҳтимол, ўзлари ҳам ана шундай бедаво дардга чалинган бўлсалар керак. 

Агарки, бугун ёшларнинг маънавий қашшоқлик томон юз бураётганлари ҳақиқат бўлса, демак, уни хароб қилган касалликнинг номи – ижтимоий дард. Аслида, биз ҳам интернетни қораламаймиз, аммо интернет бизнинг маънавий оламимиздаги бўшлиқни тўлдира олмаётибди. Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, буюк кашфиётлар қилган аждодларимиз даврида ҳеч қандай ижтимоий олам бўлмаган. Аммо босма нашрлар ҳар бир даврда инсонлар учун муҳим манба ҳисоб­ланган. 80-йиллар охирида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Шукур Холмирзаев катта бир баҳсни бошлаб берган эди. “Адабиёт ўладими?” деган савол кўплаб мунозараларга сабаб бўлганди. Аммо етук ижодкор Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса – миллат яшайди” деган сўзлари ҳар замон ўз исботини кўрсатиб келмоқда.

Ҳаётда, айниқса, ҳозирги даврда босма нашрларнинг тутган ўрни беқиёс. Бугунги замон ҳаётни — буюк кашфиётлар асри, фан ва техника ғоят ривожланган, инсоният тафаккурининг бемисил ютуқларига эришилаётган ХХI асрни газета ва журналларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Инсон нонсиз, нозу неъматларсиз яшай олмаганидек, маънавий озиқ бўлмиш матбуот, оммавий ахборот воситалари ҳам ҳозирги замон одамларининг доимий йўлдоши, яқин ҳамкорига айланган. Бутун ер куррасини кўз илғамас қон томирлари сингари қамраб олган оммавий ахборот воситалари кишиларга дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар тўғрисида ҳар куни, ҳар соат, ҳар сония­­да хабар бериб туради, уларнинг онгига, маънавий дунёсига таъсир кўрсатади. Бунда илғор, халқпарвар ғояларга асосланувчи, инсониятга эзгулик ва тараққиёт ғояларини етказувчи босма нашрлар асосий ўрин тутади.

Газета ва журналлар жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб оларкан, шу куннинг тарихини тўлалигича акс эттиради. У ўқувчига дунёни танитади, унинг онгини оширади, маънавий озиқ беради, ижтимоий фаолиятини йўналтиради ва фаоллаштиради.

Дарҳақиқат, ҳаётни севсанг, вақтни бой берма, чунки вақтдан ҳаёт яралади, деган экан файласуфлардан бири. Инсон учун энг қимматли нарса вақт ва бу айни ҳақиқатдир. Йўқотилган ҳар қандай нарсани, масалан, бойлик, амал ёки уй-жойни топиш мумкин, лекин ўтган вақтни топиш ёки орқага қайтаришнинг иложи йўқ. Глобаллашув дунёни ўзгартирмоқда. Янги-янги кашфиётлар инсоннинг яшаш тарзига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Айни дамда, ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб кетган интернет олами кўп ҳолларда бизнинг энг қимматли нарсамиз – вақтимизни беҳуда сарфлашимизга сабаб бўлмоқда. Файласуф ва шоир Ралф Уолдо Эмерсоннинг “Ҳаёт бошидан охиригача тажриба. Таж­риба қанча кўп бўлса, шунча яхши”, деган ажойиб ибораси бор. Кўзланган мақсадларга эришиш учун вақтни тўғри тақсимлаш ва маънавий оламимизни ҳамиша бойи­тиб боришимиз керак. Бугун биз фарзанд­ларимиз онгини ижтимоий тармоқлардаги бўлар-бўлмас маълумотлар билан эмас, босма нашрлардаги ёритиладиган фойдали маълумотлар билан тўлдира олсак, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун асосий тамал тошини қўйган бўламиз.

Чунки ҳар бир оиланинг маънавияти унга кириб бораётган газета ва журналлар, хонадонда ўқилаётган китоблар билан ўлчанади. Маънавий таназзулдан қутилишнинг йўли – ўқиш. Матбуотнинг вазифаси эса жамиятдаги талотўп­лар, урҳо-ур, сола-соллардан хабардор қилиш эмас, иллатнинг илдизини аниқлаш, унга қарши курашиш, миллатнинг маънавиятини юксалтириш, миллий қадриятларни соф ҳолда асраб қолишдан иборатдир.

Соҳиба Янгибоева,

Урганч давлат университети

Ёшлар билан ишлаш

масалалари бўйича декан муовини

Tegishli xabarlar

БИЗ ШУНДАЙ ЯШАРДИК

admin

Марказ улуғ алломалар илмий меросини бирлаштиради

admin

Сайловчилар билан юзма-юз 

admin