ADOLAT 24

Мактаблар қишга тайёр-МИ?! (иккинчи мақола)

Тошкент вилояти: Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида кузги ва қишки мавсумга тайёргарлик кўриш борасида кенг кўламдаги амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу йилги мавсумга тайёргарлик кўриш сифатини ошириш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон ва унинг фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган бўлишига қарамасдан, айрим мутасаддилар бу борада сусткашликка йўл қўйишаётгани афсусланарли ҳол.

– Қаҳратоннинг қаҳри қаттиқлашиши эҳтимоли яқинлашаётган бир паллада мавсумнинг кўнгилдагидек ўтиши учун қандай чора-тадбирлар кўриляпти? – дей­ди «Адолат» СДП Қуйи Чирчиқ туман кенгаши раиси Зиёвиддин Тўраев. – Қуйи Чирчиқ тумани халқ таълими бўлимига қарашли 14-, 27 ва 31-сонли таълим даргоҳларининг мавсумга тайёргарлиги, қозонхоналарнинг шайлиги, синфхона ва кабинетларнинг иситиш тизими, яъни батареяларнинг яроқлилиги қай аҳволда эканлиги текширилди. Бироқ, шоли курмаксиз бўлмаганидек, баъзи бир таълим масканларининг мутасаддилари бу масалага панжа ортидан қарашаётганига ҳам гувоҳ бўлинди. Масалан, 14-умумий ўрта таълим мактабида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган. Қозонхона текшириб кўрилмаганлиги, унинг муҳофаза ишлари талаб даражасида эмаслиги, иситиш мосламалари, баъзи батареялар хизмат муддатини ўтаб бўлганлиги каби камчилик­лар аниқланди. Шунингдек, мактабнинг том қисмидан синф хоналари шифтига сув ўтаётганлиги, мактаб ёнидаги машиналар йўлига пиёдалар ўтиш учун йўл чизиғи чизилмаганлиги аниқланди. Ўрганилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарурий тавсиялар берилди.

Халқимиз таъбири билан айтганда, қор осмонда қиш­ламайди. Остонада табиатнинг инжиқ мавсуми эшик қоқиб турибди. Унинг ҳар бир куни синовдир. Қиш фаслини беталафот ўтказиш эса унинг «имтиҳон»ларига қанчалик пухта ҳозирлик кўрилганига боғлиқ. Буни нафақат мутасадди идоралар масъуллари, балки ҳар биримиз бир зум бўлсада, ёддан кўтармаслигимиз, тадорикни пухта қилишимиз керак. Ана шунда қиш ўчоғи тор бўлиб қолмайди.

Тошкент вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Сирдарё: Куз-қиш мавсуми келгани ва ўқув йилининг 2-чораги бошланиши муносабати билан Сардоба тумани халқ таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактабларининг ёмғирли ва совуқ кунларга тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Ўрганиш давомида Сардоба туманидаги 6-,9-,11-, 21-умумтаълим мактабларида бир қанча муаммолар борлиги аниқланди.

Хусусан, Сардоба туманидаги 6-мактабнинг ҳолати “Адолат” СДП Сирдарё вилояти кенгаши раиси ўринбосари С.Усмонов, туман кенгаши раиси Б.Бекмуродов ва мактаб маъмурияти билан биргаликда ўрганиб чиқилганда, 5 та қозонхона ашёлари эскирганлиги сабабли янги замонавий иситиш тизимларини ўрнатиш ва мактаб биносининг том қисмларини таъмирлаш лозимлиги аниқланди. Бунинг устига кириш-чиқиш эшикларининг зич ёпилиши ҳам таъминланган.

Тумандаги 11-умумтаълим мактабининг 3 та қозонхонаси эскирганлиги сабабли унга замонавий иситиш тизимларини ўрнатиш, дераза ойналарини, мактаб биносининг том қисмларини таъмирлаш керак.

21-умумтаълим мактабининг ҳовлисини таъмирлаш учун цемент ва тош кераклиги маълум бўлди. Ўрганилган мактабларнинг газ учун ҳисоб­лагичлари тўлиқ ўрнатилган ва қиёсловдан ўтказилган. Дудбўронлар эса ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан тўлиқ текширувдан ўтказилган.

Мониторинг натижалари ишчи гуруҳнинг маҳаллий ҳокимлик ва тегишли раҳбарлар иштирокидаги йиғилишида муҳокама қилиниб, йўл қўйи­лаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан керакли чоралар белгиланди. Шунинг­дек, жараёнда аниқланган муаммо ва камчилик­ларни бартараф этиш бўйича депутатлар томонидан таълим мутасаддиларига тушунча ва тавсиялар берилди.

“Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши матбуот котиби Ш.Умаров ва “Адолат” СДП вилоят кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов Сирдарё тумани мактабларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганишди. Сирдарё тумани халқ таълими бўлими тасарруфида жами 43 та мактаб, 5 та филиал мавжуд. Умумтаълим мактаб­ларининг барчасида эшик-дераза ромлари, том қисмларини бутлаш, иситиш қувурларини изоляциялаш, Аkfa ва икки қават бўлмаган дераза ромларга тўлиқ целлофан қоплаш, иситиш тизими юқори босимда ювиб синовдан ўтказилиб, далолатномалар расмийлаштириш ишлари олиб борилган.

Шу йилнинг 13 октябрида тумандаги 6-сонли умумтаълим мактабида Сирдарё тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси У.Ҳасанов, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходими Н.Абдураҳмонов, туман газ таъминоти ХТ ва ММ бўлими етакчи муҳандиси З.Сеитжалиева, туман ФВБ ходимлари Х.Бердиев, Ш.Қурбонов ҳамда умумтаълим мактабларининг масъул ходимлари иштирокида 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича амалий ўқув семинари бўлиб ўтган. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича туман ҳокимлиги билан молия бўлими ҳамкорлигида 7 та мактабнинг эшик-дераза ромларини алмаштириш, 1 та мактабнинг том қисмини таъмирлаш, 3 та мактабнинг иситиш қозонларини таъмирлаш ва 2 та мактабнинг иситиш тизимларини таъмирлаш бўйича 250 миллион сўм маблағ ажратилган.

Сирдарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

Хоразм: Ўзбекистон Респуб­ликасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунига асосан умумтаълим мактабларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганиш юзасидан Шовот туманида партия туман кенгаши раиси М.Абдиязова, туман Кенгаши депутатлари Х.Исмаилов, Ж.Қуранбаев, халқ депутатлари туман Кенгаши котибият мудири У.Рўзметовдан таркиб топган ишчи гуруҳ туманда фаолият олиб бораётган мактабларда ўрганиш ишларини олиб боришмоқда.

Хусусан, 1-,2-,5-,25-,26-,27-,37-,49- сонли умумтаълим мактабларининг ёмғирли ва совуқ кунларга тайёргарлик ҳолати махсус сўровнома асосида кўздан кечирилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, куз-қиш мавсуми келгани ва ўқув йилининг 2-чораги бошланиши муносабати билан умумий ўрта таълим мактабларининг ёмғирли ва совуқ кунларга тайёрлиги талаб доирасида экани кузатилди.

“Адолат” СДП Урганч шаҳар кенгаши раиси Рустам Болтаев етакчилигидаги фаоллар шаҳардаги 18-, 19-сонли умумтаълим мактабларида ўрганиш ишларини олиб боришганда мавсумга тайёргарлик талаб доирасида эканини аниқлашди.

Шунингдек, партиянинг Хонқа туман кенгаши фаоллари тумандаги 12-,19-,35-,42-,36-сонли умумтаълим мактабларида олиб борилган ўрганиш ишлари давомида 19-мактаб томидан чакка ўтаётганини аниқлашди. Туман Кенгаши депутати, ишчи гуруҳ раҳбари Сотимбой Раҳмонов ҳомийлигида мутахассислар жалб этилиб, муаммо тезкор бартараф этилди. «Нурафшон» маҳалласида жойлашган 12-сонли умумтаълим мактабига ўтувчи пиё­далар йўлаги мавжуд эмаслиги ва мактаб олдидаги йўл асфальтланмаганлиги сабабли қиш мавсумида ўқувчилар азият чекишаётгани маълум бўлди. Мазкур муаммо юзасидан ишчи гуруҳ далолатнома тузиб, партия вилоят кенгашига тақдим этди.

Ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Меҳриноз Абдиязова,

 “Адолат” СДП Шовот туман кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Жиловланмаган жахл оқибати

admin

Оролбўйи энг ривожланган ҳудудга айланади

admin

Юртимиз янада обод бўлади

admin