ADOLAT 24

«Конституция билимдон»лари вилоят босқичида беллашишди

Жорий йилнинг 8 декабрида Ўзбекистон Респуб­ликаси Конс­титуцияси қабул қилинганига 30 йил тўлади. Мамлакатимиз тараққиётининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берган Бош қомусимиз тарғиботига бағишланган тадбирлар ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда.

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган “Конс­титуция билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичида ушбу беллашувнинг шаҳар ва туман босқичларида биринчиликни қўлга киритган ўқувчилар қатнашди.

Тадбирни партия вилоят кенгаши раиси Р.Раупов кириш сўзи билан очиб, яқинлашиб келаётган Конституция байрами билан барчани табриклади.

– “Конституция билимдони” кўрик-танлови ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекис­тон Республикаси Конс­титуцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мус­таҳкамлаш, уларда Ватанга муҳаб­бат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда «Адолат» СДП дастурий мақсад ва вазифаларини амалиётга татбиқ қилиш мақсадида ташкил этилди, – деди Р. Раупов.

Беллашувлар жараёнида ёшларнинг ҳуқу­қий ва сиёсий билимларини мус­таҳкамлаш, уларнинг орасидан энг иқтидорлиларини аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда партия дас­турий мақсад-вазифаларининг мазмун-моҳиятига ёшларнинг эътиборини кенг жалб қилишга алоҳида урғу берилди.

Танлов низомига кўра, 1-шарт таништирув, 2-шарт Ўзбекистон Рес­публикаси Конституция­сини билиш даражаси ва сиёсий партиялар тўғрисида савол-жавоб, 3-шарт эркин мавзу деб номланди. Иштирокчи ўқувчиларнинг саҳна маданияти, нотиқлик маҳорати ҳамда ижодий қобилияти алоҳида эътиборга олинди.

Қизғин беллашувлар натижасига кўра, 3-ўринни Деҳқонобод туманидаги 19-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Алпомиш Қўчқоров, 2-ўринни Нишон туманидаги 19-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Муқаддам Рўзиқулова эгаллади. Энг юқори кўрсаткични Қашқадарё вилояти юридик техникуми ўқувчиси Севинч Файзуллаева қайд этиб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорларга партиянинг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Достон Нусуров,

Қашқадарё вилоят кенгаши ижрочи котиби

**

ЖИЗЗАХ: Бугуннинг ёшлари зукко, қадамлари ҳам илдам. Уларнинг ҳар томонлама баркамол улғайиши, ижтимоий шаклланиши, эркин таълим олиб, ўзлари истаган касбни пухта эгаллаши, иқтидорини жамият манфаатлари йўлида тўла намоён этиши учун мамлакатимизда ҳамма шарт-шароитлар яратилган.

Бош қомусимизнинг 30 йиллиги муносабати билан «Адолат» СДП Жиззах вилоят кенгаши томонидан «Сайилжой» академик лицейида ўтказилган «Конс­титуция билимдони» кўрик-танловининг вилоят босқичида халқ депутатлари Жиззах вилоят ва шаҳар кенгаши депутатлари, ҳамкор ташкилотлар, ўқитувчилар, талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари П.Ҳамзаев очиб берар экан, Конституция юртимизда олий мақомдаги қонун сифатида давлат қиёфаси, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузилиши, бошқарув­нинг демократик принцип­лари, жамият ривожланишининг стратегик йўналишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатланиши ҳамда маънавий қадриятларимиз асослари мус­таҳкамланишида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтди.

Тадбир қатнашчилари белгиланган шартлар асосида пухта тайёргарлик кўришганлигини, мамлакатимиздаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар ҳақида ўз тушунчасига эга эканлигини улар тайёрлаган фотоальбом, иншо ва шеърий намуналаридан иборат кўргазмаларидан ҳам кўриш мумкин. Ёшлик шижоати жўшиб турган ўғил-қизлар ҳар бир шарт бўйича ўзларининг ҳуқуқий ҳамда сиёсий жиҳатидан билимли экани билан ҳакамларнинг, устоз мураббийлар ва тенгдошларининг олқишига сазовор бўлишди.

Якуний ҳисоб-китобларга кўра, танловда Арнасой туман босқичи ғолиби Шожаҳон Холдоров 3-ўринни, Шароф Рашидов туман босқичи ғолиби Дилзода Фарҳодова 2-ўринни, Жиззах шаҳар босқичи ғолиби Гавҳарой Қобилова фахрли 1-ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Кўрик-танлов ғолиблари ҳамда иштирокчилари «Адолат» социал-демократик партияси Жиззах вилоят кенгашининг махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жиззах вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

ХОРАЗМ: «Адолат» СДП ташаббуси билан ташкил этилган «Конституция билимдони» кўрик-танлови юртдошларимизнинг эътирофига сазовор бўлаётгани қувонарлидир.

Урганч шаҳридаги 2-сонли ўсмирлар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган танловнинг Хоразм вилояти босқичида шаҳар ва туман босқичлари ғолиблари, ҳамкор ташкилотлардан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, партия фаоллари, депутатлари иштирок этишди.

– Иқтидорли иштирокчилар орасидан ғолибни аниқлаш жуда мураккаб кечди, – дейди ҳакамлар ҳайъати раиси, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси Расулбек Ибрагимов. – Ёшларнинг танлов шартларини фаоллик билан бажаришга оид қобилиятини кўриб, қойил қолдик. Айниқса, Бош қомусимиз, партиянинг Сайлов­олди дас­турига ва қонунларга доир сиё­сий билимлари юксалиб бораётганидан ушбу танлов жуда ўринли ташкил этилганига амин бўлдик.

Танлов шартларини аъло даражада бажариб, барчанинг эътиборини тортган Хоразм вилояти юридик техникуми ўқувчиси Фазилат Абдужабборова ғолиб деб топилди ва кўрик-танловнинг рес­публика босқичига йўлланма олди.

2-ўринни Хива шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Зуҳра Отабоева, 3-ўринни Боғот туманидан Шоҳзода Саъдуллаева қўлга киритди. Қолган иштирокчилар танловдаги фаол иштироки учун партиянинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Суд соҳасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди

admin

Вилоятларда Партиямиздан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовга бағишланган тарғибот тадбирлари

admin

Ўзбекистон — Жанубий Корея: муносабатларида янги давр бошланмоқда

admin