ADOLAT 24

Муҳим масала кўриб чиқилди

2022 йил 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси, Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партия­­си фракцияларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари асосида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар негизини ташкил этувчи “Инсон қад­ри учун” ғояси ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган ёндашув Конституция­мизнинг мазмунига чуқур сингдирилмоқда.

Қонун лойиҳаси муҳокамаларида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, сиё­сий партия­лар фаоллари, Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклифларини билдирди. Пировардида умумхалқ муҳокамаси доирасида 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Бундан ташқари, сиёсий партия фракциялари аъзолари ўз тавсияларини Бош қомусимизда акс эттириш мақсадида Конституциявий қонун лойи­ҳаси юзасидан таклифларни қабул қиладиган ва умумлаштирадиган “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган тизим йўлга қў­йилди. Мазкур тизим орқали фракцияларга тақдим этилган фикр ва таклифларни муҳокама қилиш ҳамда масъул қўмиталарга йўналтириш амалиёти жорий этилди.

Шунингдек, ушбу жараёнда фракция аъзолари жамоатчиликнинг кенг қатламлари вакиллари билан очиқ мулоқот тадбирлари ўтказиб, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича таклиф-мулоҳазалар олишга алоҳида эътибор қаратди.

Фракциялар аъзолари Конс­титуциявий ислоҳотлар юзасидан ўз нуқтаи назарини билдирар экан, халқимизнинг таклифлари асосида шакллантирилган Конституциявий қонун лойиҳасида давлатнинг ишсизликни тугатиши, солиққа тортишнинг адолат принципларига мос бўлиши, давлатнинг зарур ҳолларда хориждаги фуқароларга ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиши, меҳнат ҳуқуқларининг давлат томонидан ҳимоя қилиниши, аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглиги, ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиши, одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилишини белгилаш ва бошқа шу каби таклифлар ўрин олганини алоҳида эътироф этишди.

Депутатлар Конституциявий комиссия ҳамда масъул қўмиталар томонидан амалга оширилган ишларни маъқуллашди. Конституциявий қонун лойи­ҳасини жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мос­лаштиришга қаратилган таклифларни илгари суриб, ўзларининг позицияларини билдиришди.

Йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида фракция­лар олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Tegishli xabarlar

Ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтирамиз

admin

Аср эпидемияси: НОМОФОБИЯ

admin

Илм- маърифатга бешик бўлган юрт

admin