ADOLAT 24

ЗАМОНАМИЗНИНГ ЗАБАРДАСТ АДИБИ Халқ ёзувчиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон давлат мукофотлари лауреати, профессор, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси, жамоат арбоби Муҳаммад АЛИ адабий портретига чизгилар

Рус тилини яхши билганим учун ҳарбий хизматда Мудофаа вазирлиги бошқармаларидан бирининг қўмондонига ёрдамчи бўлганман. Столим устида 8 телефон турарди. Биттасига атиги 2 марта қўл теккизганман. У линия генерал Шумиловга тегишли эди. Қўмондоним генерал орқали маршал Шестопаловга чиқарди. Лекин бошқа телефонлардан уй томонларга бемалол қўнғироқ қилиб турардим. 1983 йилнинг кузида Тошкентга, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишлайдиган устозим Маъруф Жалилга қўнғироқ қилиб, “Нашриётда қандай янгиликлар бор?” десам, “Муҳаммад Алининг китобига муҳаррирлик қилдим!” деди. “Шу китобдан жўнатмайсизми?” десам, “Жўнатаман. Лекин бир китоб эмас, иккитасини жўнатаман. Ибройим оғанинг китобига кўп кўмак берган эдингиз. Ўшани қўшаман!” деди. Ўн кундан сўнг ҳарбий қисмга “Раҳмат, сенга замоним” ва “Севсам, севилсам” китобларидан иборат бандероль етиб келди. Биринчи китоб­­га устоз Иброҳим Ғафуров сўзбоши ёзган, иккинчи китобнинг тақризчиси филология фанлари доктори Пирмат Шермуҳаммедов эди. Ҳарбий қисмга “Литературная газета” келар, унда бот-бот Пирмат аканинг мақолаларини ўқиб турардим. “Севсам, севилсам”га Муҳаммад Али аканинг “Фазодаги ҳислар”, “Шафақ”, “Оталар юрти”, “Алвон чечаклар”, “Оқ нур”, “Илҳом париси” китобларидан сара намуналар ва янги шеърлари киритилган экан. Айниқса, китоб­­га Роберт Бёрнснинг “Йўлдаги тунаш” шеърининг таржимаси киритилганини кўриб қувониб кетдим. Қиш­лоқ хўжалик институтида ўқиганимда Ўрта Чирчиқ даласида кунига аранг ўн килограмм пахта терардим. Ўшанда Бёрнснинг “Меня в горах застигла тьма” деб бошланадиган мазкур шеърини Самуил Маршак таржимасида ўқиб берсам, таниш талаба қизлар бир этакдан пахта териб беришарди. Жаҳон шеъриятида ишқ туғёнларини Р.Бёрнсдек очиқ ифода этадиган шоир кам. “Севсам, севилсам”да бёрнсона шеърлар анча экан:

Лаб устида якдонаи холингиз бордир,

Хол эмас у, жон қушига дон дейдиларму?

Сайлаб сени минглар ичра бу мағрур Али,

Мадҳинг этар эл аро достон дейдиларму?

Шоир шотланд шоири оҳангларига шу қадар бериладики, “Йўлдаги тунаш” таржимаси билан унинг “Бир ўпич” шеъри руҳан икки томчи сувдек бир-бирига ўхшайди. Лекин бу кўр-кўрона кўчириш эмас:

Фақат шуни пойлар йигити тушгур!

Бўса чақмоқ янглиғ қисқа бўлса-да,

Йигит вужудига югуради нур,

Бир бойиб олади ўтли бўсадан!

Нур Муҳаммад Али поэзиясининг илигини тўқ қилган образ. У мағзи тўқ китобини “Оқ нур” деб атайди. Михаил Суслов мафкуранинг ойболтасини баланд кўтариб турган кезларда улуғ Амир Темурга бағишланган достонини “Гумбаздаги нур” деб атайди. Профессор Бегали Қосимов шоирнинг “Сайланма”сига ёзган сўзбошисида бу достон боис адиб “кенг китобхонлар меҳрини қозонгани”ни алоҳида таъкидлайди:

Қаранг, гумбаз қобирғалари

Бир-бирига вазмин нур ташур.

Қодир қисмат йўлидай бари

Бир нуқтага бориб бирлашур…

“Гумбаздаги нур” ўз-ўзидан ёзилгани йўқ. Чунки бўлғуси забардаст адиб Москвадаги Адабиёт институтининг, яъни Тверь хиёбони, 25-иморат, бир вақтлари буюк Герцен таваллуд топган табаррук уйнинг қаттиқ нонини еган. Турли йилларда Ч.Айт­матов, М.Алигер, Э.Асадов, Б.Ахмадуллина, Г.Бакланов, С.Баруздин, В.Белов, Ю.Бон­дарев, Р.Гамзатов, Д.Кугультинов, Қ.Қулиев, А.Нурпеисов, Р.Рождественский, К.Симонов ва бош­­қа юзлаб шоир, носир, драматурглар бу даргоҳдан маҳорат сабоқларини олган. Институт ўқитувчилари орасида К.Федин, П.Антокольский, К.Паустовский, Л.Леонов, Л.Кассиль, А.Сур­ков каби машҳур бадиий сўз дарғалари бор эди. Мен ҳарбий хизмат чоғи бошлиғимдан рухсат олиб, ўша институтга борганман. Ўша кунгача олийгоҳни 2921 ижодкор битирган экан. Муҳаммад Али ака ўқишга кирган йили бўлғуси таниқли адиб Жонрид Абдуллахонов олий адабиёт курсини битираётган эди.

Ўз даврида институт битирувчилари Ч.Айтматов, Р.Гамзатов собиқ тузумнинг Ленин мукофоти лауреати, Меҳнат Қаҳрамони бўлган. Шунингдек, С.Смирнов, В.Фёдоров, О.Фокина, Н.Дамдинов ва Муҳаммад Али ака Аҳмедовлар Ёшлар мукофоти лауреати бўлишган. Бу ўша даврнинг энг нуфузли мукофотларидан бири эди. Ўзбекистонда мазкур мукофот Муҳаммад Али ака мансуб авлоднинг ёрқин вакилларидан Э.Воҳидов, А.Орипов, Ў.Ҳошимов, О.Матжон, О.Ҳожиева, Ҳ.Худойбердиева ва бош­қаларга насиб этган. 

Муҳаммад Али ака Адабиёт инс­титутининг охирги курсида ўқиб юрганида муаллима Инна Вишнев­с­каянинг дарсига кирган. Ўшанда Инна Люциановна битирувчига “Менга интилишларингиз маъқул бўлди. Аниқ башорат қилиш фикридан йироқман-у, Сиз поэзия ва проза сеҳридан кейин драматургия даргоҳига ҳам бир бош суқиб кўрарсиз!” деган экан. 94 ёш яшаган муаллима ўз ўқувчисининг нафақат оташин шоир, истеъдодли носир, иқтидорли драматург, балки талантли таржимон, ҳозиржавоб публицист, кенг қамровга эга эссенавис бўлганини кўриб, “Навоий ва Бойқаро” драмаси ёзилганидан тўрт йил кейин оламдан ўтди.

 Муҳаммад Али ака толиб чоғи Большая Бронная кўчасидан дарсга борар, кичик тахта растада ёйиб қў­йилган китоблар орасидан биринчи навбатда тарихий проза намуналарини ахтарарди. Йиллар оша ижодкорнинг ўзи ҳам тарихий прозага қўл урди. Бу ўринда алоҳида уқтириб ўтишим керакки, мен адабиётшунос эмасман. Забардаст сўз заргарининг олмос қирраларга эга асарларини атрофлича таҳлил қилиш ниятим йўқ. Чунки адиб ва унинг асарлари ҳақида кўп ва хўб китоблар ёзилди, диссертациялар ёқланди. Айниқса, бизга қариндошдан яқин оғамиз Адҳамбек Алимбеков томонидан битилган “Юлдузнинг беш қирраси” монографияси бу борада муҳим қадам бўлди. Биз эса адибнинг адабиётимизда тутган ўрнига бир назар солмоқчимиз, холос.

Дастлаб адиб ўтмишимизнинг энг мураккаб даврларига тааллуқли “Сарбадорлар” романини ёзди. Романга сўзбоши ёзган академик Матёқуб Қўшчонов “Муҳаммад Али ҳар бир қаҳрамонга ўша даврга хос нутқ бағишлайди”, дея таъкидлаб, Қорасочбекага битилган мактубдан мисол келтиради. “Сарбадорлар” адабиётимизда воқеа бўлди. Мен романдан икки нусха харид қилиб, биринчисини Чингиз Айтматовдек улуғ адибнинг мақтовига сазовор бўлган ажойиб ижодкор Абилқосим Ўтепбергеновга, иккинчисини Қорақалпоғистон ҳукуматини ўн бир йил бошқарган азиз иним Баҳодиржон Янгибоевга совға қилдим. Тез орада Абилқосим оға романни ўгиришга киришди. Бир учрашганимизда Баҳодиржон “Сарбадорлар” зўр асар бўпти. Муаллифга ҳам айтдим!” деди. “Романни қорақалпоқ китобхони ҳам ўқисин-да! – деб илтимос қилдим. – Устознинг “Шаҳриёр” ва “Маспошшо”ни таржима қилганини биласиз-ку!”. Шу тариқа “Сарбадорлар” қорақалпоқ тилида босилди.

Муҳаммад Али аканинг адабиётга меҳри нақадар юксак эканлигига кўп бора ишонч ҳосил қилганмиз. Ўтган аср етмишинчи йилларининг охирларида ажойиб шоир Маъруф Жалилни кўргани Сағбондаги ижара уйига борсам, ўтган асрнинг эллигинчи, олтмишинчи йилларида ўта машҳур бўлган атоқли шоир Мамарасул Бобоев асарларининг иккинчи жилдини мутолаа қилаётган экан. “Мамарасул акамни сизлар билмайсизлар. Биз ёш пайтимиз у кишининг “Эрон осмони остида” деган туркумини ёд олган эдик. Уюшма раҳбарларидан бири бўлиб ишларди. Шайх домла жигаридай кўрарди. Чорасиз дард туфайли олтмишга етмай оламдан ўтди. Бу томни Муҳаммад Али юқори дид билан нашрга тайёрлади. Умуман у асл ижодкорларга оқибат кўрсатишни хуш кўради!” деди…

Орадан кўп сувлар оқиб ўтди. Ўзбекнинг камтарин ва дилбар шоири Маъруф Жалил ҳам “Паризодим, сени излаб тоғларга бордим” дея бу ёруғ оламни тарк этганига анча бўлди. Бир гал Қамчиқ довони орқали Андижонга, навбатдаги бобурхонлик анжуманига отландик. Машинанинг олд ўриндиғида мен, орқа ўриндиқда атоқли матншунос, бирданига Хўжанд, Гулис­тон, Фарғона дорилфунунлари домласи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ваҳоб Раҳмон ва унинг рафиқаси, Халқаро Бобур мукофоти лауреати, таниқли олима ва таржимон Янглиш Эгамова ўтирардик. Раҳматлик Янглиш опа “Иккинчи курсда ўқиганимда “Ёш Вертер”ни таржима қилиб, нашриётга бордим. Тегишли бўлим эшигини тақиллатсам, Муҳаммад Али ўтирган экан. “Хўш, хизмат, синглим?” деди. Вертерни айтган эдим, эшиккача югуриб келди. “Наҳотки, “Вертер”ни таржима қилган бўлсангиз. Ажойиб-ку!” деди. Тез орада китоб босилиб чиқди. Минг афсуски, калондимоғ ноширлар боис қанчадан-қанча дурдона таржималар нашриётларга етмай қолиб кетди. Миртемир домла “Манас”ни ўгирганида қанчалар азият чекканини биласиз!” деди. Ўшанда мен папкамдан айнан Муҳаммад Али ака тавсияси билан ёзилган “Ой теграсида юлдузлар” китобимни кўрсатдим. Китобнинг номини ҳам Муҳаммад Али ака қўйиб берган эди. У киши бундай яхшиликларни қанчадан-қанча ижодкорларга раво кўрганини биламан.

Яхшидан шарофат дейдилар. Бир галги суҳбатимизда Муҳаммад Али ака “Сиз шоҳ ва шоир Бобур Мирзо тарихини яхши биласиз. Бобур Мирзо ҳақида бир асар ёзмайсизми?” деб қолдилар. Ўша оқшом Дўрмон ижод уйида шоҳ ва шоир ҳақидаги асаримнинг биринчи бобини ёздим. Бироз вақт ўтгач, ўша бобни устозлардан бирига кўрсатсам, “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири, адабиётимиз жонкуярларидан бири Абдурасул Жумақуловга берибди. Асардан парча “Ҳуррият”да чиққач, Муҳаммад Али ака қўнғироқ қилиб, илиқ гаплар айтди. “Гўзал асар бўлаяпти экан. Дадил давом эттиринг!” деди.

Оқилнинг боғи кўкариб, шиғил-шиғил мевалар бераверади. Биз устознинг “Улуғ салтанат” тетралогиясини, ҳар қайсиси 23 бобдан иборат “Жаҳонгир Мирзо”, “Умаршайх Мирзо”, “Мироншоҳ Мирзо”, “Шоҳруҳ Мирзо” романларини назарда тутмоқдамиз. Бошқа китобхонлар ва бош­­қа ҳамкасбларимни билмадим-у, мен бу эпопеяни Т.Қаипбергеновнинг “Қорақалпоқ достони”, Ж.Ик­ромийнинг “Бухоронинг ўн икки дарвозаси”, И.Есенберлиннинг “Кўчманчилар” ва “Олтин Ўрда” трилогиялари, Т.Қосимбековнинг “Синган қилич” ва “Босқин”, Т.Жумагелдиевнинг “Ҳаммаси заминнинг ёдида” ва “Қора яшин”, Ю.Самад ўғлининг “Қатл куни” ва “Галактика” романларидан кам кўрмайман. Бир вақтлари буюк А.Қодирий бошлаб, нуфузини С.Айний, М.Авезов, Б.Кербобоевлар кўтариб, Ч.Айтматов, О.Ёқубов, А.Нурпеисов, С.Улуғзода, П.Қодировлар мустаҳкамлаб берган Ўрта Осиё романчилик мактабида ўз тенгдош­лари Ш.Холмирзаев, Ў.Ҳошимов, О.Мух­тор, С.Сиёевлар билан бирга Муҳаммад Алининг ҳам ўз ўрни бор. Бу ўрин, бу мавқега баҳони энг одил ҳакам китобхон, қолаверса, вақт беради. 2005 йили устоз адибнинг “Абадий соғинчлар” роман-хроникаси босилиб чиқди. Бу асарни қўлимга олганда, энг аввало, бизларга замондош бўлган Владимир Чивилихин(айни кунларда таваллудининг 110 йиллиги кенг нишонланаётган улуғ шоиримиз Усмон Носирнинг сўнгги манзили, яъни Кемерово вилояти, Мариинск тумани, Первомайское қишлоғида туғилган адиб)нинг икки жилдлик “Хотира” роман-эссесини эсладим. Йўқ, Муҳаммад Али аканинг роман-хроникаси йўналиши, нуқтаи назари бўйича бутунлай бош­­қа асар экан. “Ватан тарихи деганда нимани тушунамиз? – деб ёзади забардаст адиб. – Ватан тарихи деганда шу Ватан тупроғи, унда истиқомат қиладиган, унинг соҳиби бўлган халқ кечмиши, қадим-қадим замонлардан бошлаб юз берган воқеалар қаймоғи, давлатларнинг парвози-ю инқирози, халқнинг улуғ фарзандлари ҳаёти саҳифалари, босқинчиларга қарши ҳаёт-мамот курашлари, яхши замонларга умид боғлаб чорасизлик оқибатида юртдан кўнгил узолмай кетишлар, қувғину бадарғаларга дучор бўлиш­лар, мусофирчилик заҳматлари ва ҳоказолар мужассамидан иборат бемисл изтиробларни назарда тутамиз!”

Бемисл изтироблар устознинг янги асари – “Клеопатра” романи сюжетидан ҳам қизил ип бўлиб ўтади.

Муҳаммад Алининг романтик бўёқларга бой поэзиясида ўзи туғилиб-ўсган шукуҳли Андижон заминидан олган заволсиз завқни сезиш қийин эмас. Зеро, Боғишамол боғларидан уфуриб турган муаттар бўйлар нафақат буюк Бобур ва буюк Чўлпон, Ҳабибий ва устоз Комил Яшин, балки шоирга болаликдан бошлаб умри бўйи содиқ дўст бўлган Халқ шоири Тўлан Низом, сийли сафдошларидан Саида Зуннунова, Олимжон Холдор, Ҳанифа Солиҳова, Турсуной Содиқова, Қамчибек Кенжа, Фарид Усмон, Муҳаммад Юсуф, Абдунаби Бойқўзиев, Минҳожиддин Мирзо, Хуршида Ваҳобжон қизи ва бошқа ўнлаб ажойиб адибларга илҳом бериб келади. Қолаверса, шоир ўсмир чоғларида Бекободнинг хуш атирли анорзор боғларидан илк асарлари учун шуур излаганини ҳам таъкид­ламаслик мумкин эмас. Юртга муҳаб­бат адиб ижодининг қаймоғига айлангани барча асарларидан аниқ-тиниқ кўзга ташланиб туради.

Муҳаммад Али нафақат атоқли шоир, забардаст адиб, таниқли драматург, талантли таржимон, балки давримизнинг энг пешқадам публицистларидан биридир. Бир шогирди мен бўлсам, шу йилнинг ўзида биргина “Янги Ўзбекистон” газетасида ўнга яқин катта-кичик мақолаларим берилди. Биз ўша мақолаларимизни устознинг “Амир Темур чамани”, “Мен кўрган Америка”, “Замондошим портретига чизгилар”, “Оқ лайлак” китобларидан руҳланиб ёзганмиз. Замонамизнинг саксон ёш довонидан ошган забардаст адибини эрталаб Амир Темур жамоат фондида, тушга яқин ўзбек-қирғиз дўстлик жамиятида, тушдан кейин Абдулла Қодирий ижод мактабида, Ёзувчилар уюшмасида кўриш мумкин. Энг муҳими, адиб янги-янги асарлар устида ишламоқда. Муҳаммад Али ёзган асарлардан, академик Бахтиёр Назаров ибораси билан айт­ганда, китобхон кўнгли ва йўлини ёритиб тургувчи нур таралиб туради. Ўша нур устознинг кўнгли ва йўлини юз ёшигача ёритиб турсин!

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Tegishli xabarlar

ТОВАРЛАРНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ХИЗМАТЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Фаолиятингиз қониқарлими? (Андижон, Наманган вилояти)

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ  МИРЗИЁЕВНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИНИНГ ЎН ОЛТИНЧИ САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin