ADOLAT 24

Ўзи емас, бировга ҳам бермаслар

Халқимиз соғлиғини сақлаш, соғлом турмуш кечиришига эришиш юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Айни кунларда «Адолат» СДП “Ёш адолатчилар” қаноти Сурхондарё вилоят кенгаши ташаббуси билан партия вилоят кенгаши вакиллари ва Термиз туман Кенгаши депутатлари ҳамда ихтисос­лаштирилган марказлар раҳбарлари, шифокор-мутахассислардан таркиб топган ишчи гуруҳи Термиз туманида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.

Хусусан, партия вилоят кенгаши ва Термиз туман кенгаши ходимлари, депутатлар ва масъуллардан таркиб топган ишчи гуруҳи томонидан ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар, кичик ва ўсмир ёшидаги болаларга бепул дори воситалари етказиб бериш бўйича жойларда аҳвол қандайлигини ўрганиш мақсадида “Соғлом оила – соғлом жамият – порлоқ келажак” лойиҳаси дои­расида “Она ва бола соғлиғига эъти­бор – жамиятга, келажакка эътибор” шиори остида Термиз туманидаги 70-, 71-сонли оилавий поликлиникалар ва тумандаги ат-Термизий номидаги оилавий шифокор пунк­ти ҳамда туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг “Янгиариқ” бўлими фаолияти ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида аҳоли ҳамда беморлар билан юзма-юз мулоқот қилинди. Эътиборлиси, масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Аниқланган камчилик ва муаммоларга халқ вакиллари, соҳа мутасаддилари ҳамда масалага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ечим изланди.

Асосий эътибор мазкур тиббиёт муассасалари моддий-техник базасининг ҳолати, асбоб-ус­куналар билан таъминланганлик даражаси ва улардан самарали фойдаланиш, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларнинг махсус препаратлар билан таъминланишига қаратилди, шунингдек, туманда касалланиш кўрсаткичлари таҳлилдан ўтказилди.

Аниқланишича, марказда жорий йил давомида таъмирталаб тиббий асбоб-ускуналар учун маб­лағ ажратилса-да, тиббий аппаратлар таъмирланиш даражаси қониқарли даражада эмас. Марказ лаборатория бўлимининг беморларга хизмат кўрсатиш учун барча реактивлар ва тиббий жиҳозлар билан таъминланиши ҳам қониқарли эмаслиги маълум бўлди. Тиббиёт муассасаларида мавжуд тиббий аппаратларнинг айримлари стандарт қиёслов кўригидан ўтказилган, баъзилари ўтказилмаган.

Ўрганишлар асносида Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг айрим банд­лари тўлиқ бажарилмаётганлиги аниқланди. Хусусан, қарорга кўра, аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича 2021 йил 1 июндан бошлаб 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «A» витамини билан, 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланиши, 2022 йил 1 июлдан бошлаб эса ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болалар йод препарати билан, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланиши белгиланган. Бироқ 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар учун “А” витамини ва 2-10 ёшли болаларнинг гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар мазкур поликлиникаларга келтирилмаган. 70-, 71-оилавий полик­линикаларда 2021 йил ҳолатига “Антиструмент” препарати 300 та келтирилган ва 2022 йилда 150 доза қолдиқ бўлган. Бу дори воситаси 15 ёшгача бўлган болаларга ва ҳомиладор аёлларга берилиши зарур бўлса-да, туғиш ёшидаги аёллар сони 3635 нафарни ташкил қилгани ҳолда фақатгина “Темир дафтар”га киритилган аёллар ва ёшларга берилган. Натижада туғиш ёшидаги аёлларга белгиланган дориларнинг тарқатилиш даражаси 70 фоизни ва 15 ёшгача бўлган болаларга тарқатилиш даражаси 30 фоизни ташкил қилган, холос. Шунинг­дек, таркибида фолий кислотаси бўлган “Ферфолас” препарати 35 ўрам келтирилган бўлса, шундан 21 ўрами тарқатилган, холос. Яна бир дори, витаминлардан иборат “Иронет” препаратининг 15 ўрамидан бор-йўғи 8 ўрами тарқатилганлиги аниқланди.

Тумандаги ат-Термизий оилавий шифокор пункти ва кўп тармоқли марказий поликлиника Янгиариқ бўлимида ўрганишлар чоғида ҳам мазкур қарорнинг 1-банди бузилиши ҳолатлари аниқланди. Яъни, мазкур полик­линикаларга ҳам олти ойликдан беш ёшгача бўлган болалар учун «A» витамини ҳамда 2-10 ёшли болалар учун гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар келтирилмаганлиги маълум бўлди. “Антиструмент” препарати жорий йилда 119 ўрам келган бўлса, ушбу дори воситасининг 15 ёшгача бўлган болаларга ва ҳомиладор аёллар ва фертел ёшдаги аёлларга бор-йўғи 49 ўрами тарқатилиб, қолган 70 ўрами тарқатилмаган. Тарқатилганлари ҳам “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилганларга берилган. Ваҳоланки, туманда ҳозирги вақтда ҳомиладор аёллар сони 649 нафар, 3-15 ёшгача бўлган болалар сони 2742 нафарни ташкил этади. Туман кўп тармоқли марказий поликлиника “Янгиариқ” бўлимига “Антиструмент” препарати ўтган 2021 йил охирида 100 та ўрамда келтирилган бўлса-да, ушбу дори воситалари поликлиника бош шифокорининг эътиборсизлиги натижасида 16-17 ёшдаги қизларга тарқатилиб келинганлиги аниқланди. Ваҳоланки, ушбу дори воситалари ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болаларга тарқатилиши керак эди.

Шунингдек, ат-Термизий оилавий поликлиникасида туғиш ёшидаги аёллар учун зарур бўлган “Ферфолас” препарати 25 ўрам (ҳар бир ўрамда 30 дона) келтирилган бўлиб, шундан бор-йўғи 9 ўрами тарқатилганлиги, “Иронет” препаратининг эса 9 ўрамидан (ҳар бирида 5 дона) 6 ўрами тарқатилганлиги аниқланди. “Янги­­ариқ” бўлимида эса жорий йилда келтирилган “Ферфолас” препаратининг 35 ўрамидан атиги олти ўрами тарқатилганлиги маълум бўлди. Мазкур поликлиникада “Иронет” 20 ўрамдан келтирилган бўлиб, ундан ҳам бор-йўғи беш ўрами тарқатилган.

Шуни айтсалар керак-да. ўзи емас, бировга ҳам бермас, деб. Ё бу препаратлар бошқа мақсадлар учун олиб қўйилганми?..

Аниқланган тизимли кам­чилик­ларни бартараф этиш мақсадида муайян муддатли, масъул ижрочилари ва молиявий манбаси белгиланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда халқ депутатлари Термиз туман Кенгашининг навбатдаги сессия­сида таҳлилий-танқидий муҳокама этилиши режалаштирилди.

Рустам Ҳамраев,

Сурхондарё вилоят кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Ғафлатдан  уйғонайлик…

admin

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin

Маъруфжон ТЕШАБОЕВ, халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати, 12-умумтаълим мактаби директори: «ИЛМДАН БОШҚА НАЖОТ ЙЎҚ!»

admin