ADOLAT 24

Битик мақбара пештоқига қайтариладими?

Жорий йилнинг 27-30 октябрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраевнинг 31-Вобкент сайлов округидаги учрашувлари давомида сайловчилар Вобкент туманидаги “Хайробод” МФЙ ҳудудида жойлашган Чашмаи Айюб мақбараси пештоқидан бир вақтлар ўғирлаб кетилган ва кейинчалик хориждан Ватанимизга қайтарилган кошинни ўз жойига қайтаришни сўраб мурожаат қилдилар. Сайловчиларнинг фикрича, мазкур кошин Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в га тегишли ҳадиси шарифнинг муҳим бўлаги ҳисобланади ва унинг ўз жойига қайтарилиши ушбу битикнинг яхлитлигини тиклайди.

Вобкентдаги Чашмаи Аюб мақбараси мамлакатимизда рўйхатга олинган 8 210 та моддий маданий мерос объектларидан бири ҳисобланади.

Мақбара ХIII асрга оид меъморий обида бўлиб, асрлар давомида қанчадан-қанча ур-йиқит ва талотўп­ларни бошдан кечирган. Айниқса, мустабид шўро даврида буткул унутилиб, қаровсиз қолдирилганлиги сабабли жуда аянчли аҳволга келиб қолган. Ҳозирда ёдгорликнинг фақат портал қисми ҳамда унга туташ деворнинг бир бўлаги бизгача етиб келган, холос.

Чашмаи Айюб мақбараси ўз меъморий ечимига кўра, ноёб кўринишга эга. У юксак маҳорат ва дид билан барпо этилган. Ушбу ноёб ёдгорлик ўз ҳашамати билан юксак меъморчилик зийнатини ўзида мужассам этган. Мақбара ўзидан кейинги давр меъморчилиги ривожи учун, хусусан, Темурийлар даврида барпо этилган маҳобатли обидалар учун прототип вазифасини ўтаган.

Афсуски, 2011 йилда ушбу ёдгорлик пештоқидаги арабча ёзувнинг бир парчаси нопок кимсалар томонидан ўғирланиб, чет элга сотилган ва фақат 2017 йилдагина мамлакатимизга қайтарилган эди.

Ушбу ўғрилик ҳақида ўз вақтида “Жаҳон” ахборот агентлиги, “Адолат” газетаси, http://advokatnews.uz/xabar/612.html сайтларида хабар берилган бўлиб, унда ўғирланган кошин Германия Федератив Респуб­ликаси орқали Буюк Британиянинг “MyFair” галереясида сотувга қўйилгани; кошинни мутахассислар таниб қолиб, бу ҳақда жамоатчиликка хабар бергани; шундан сўнг кошин Ўзбекис­тоннинг Лондондаги элчихонаси ҳамда Британия музейининг амалий ҳамкорлиги туфайли Ватанимизга қайтарилгани; ўғрилар ушланиб, одил судловга тортилгани ва қилмишига яраша жазо олгани ҳақида маълум қилинганди.

Ватанимизга қайтарилган “жаҳонгашта” кошин ўшанда вақтинчалик сақлаш учун Ўзбекистон давлат санъат музейи­­га топширилган ва тез орада ўз жойига, яъни Чашмаи Айюб мақбарасига қайтарилиши маълум қилинган эди. Бироқ орадан 5 йил ўтди ҳамки кошин ҳали-ҳануз ўз жойи­­га қайтарилмаган.

Вобкентлик сайловчиларнинг мурожаатидан келиб чиққан ҳолда ноёб кошинни ўз жойига қайтариш, шунингдек, Чашмаи Айюб ёдгорлигининг техник ҳолатини чуқур ўрганиш асосида уни реставрация ва консервация қилишнинг алоҳида режасини ишлаб чиқиш бўйича мутасадди идораларга депутат сўрови киритилди.

Бухоро вилоят кенгаши

матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Бизнинг ҳаётимиз келажакка кўприк

admin

ЗАМОНАМИЗНИНГ ЗАБАРДАСТ ЗИЁЛИСИ

admin

Депутатлик гуруҳларида: Муаммоларга ечим топилмоқда

admin