ADOLAT 24

ИБТИДО

Шу кунларда атоқли давлат арбоби, ёзувчи ва шоир, собиқ шўро даврида республикамизни деярли чорак аср шараф билан бошқарган Шароф Рашидов таваллудининг 105 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Кўпчилигимизга маълум, ёш Шароф Рашидов Самарқандда ўқиб, вилоят газетасида ишлаб юрган кезларидаёқ Шахс сифатида шакллана бошлаган. Сўнг уруш, ярадорлик, фронт ортига қайтиш, Фарҳод ГЭСи қурилиши, отахон “Қизил Ўзбекистон” газетаси, Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик… Бу жараёнда Рашидов янада тобланди, юртининг, халқининг фидойи етакчисига айланди.

Албатта, Рашидовнинг ҳаёти ва раҳбарлик даври силлиқ кечмаган. Унинг шахсига қарши ички курашлар, Кремлнинг доимий таз­йиқи, мафкуравий биқиқлик, умум­иттифоқ миқёсида тарихни бузиб кўрсатишлар… Шуларга қарамасдан, ҳукмрон якка мафкура талабига зид ўлароқ, Рашидов доимо Соҳибқирон Амир Темурдан руҳий мадад олиб, унга эътимод қўйиб яшади. Айни пайтда респуб­лика раҳбари ижодкорларнинг ишончли дўсти, ҳомийси сифатида уларни қудрати чексиз КГБ чангалидан қутқариб қолишда фаоллик кўрсатди.

Биз бугун юртимиздаги барча “қўшиб ёзиш”ларнинг бошида айнан Москва турганлиги, Рашидов уларнинг буйруғини бажаришга мажбур бўлганлигини яхши биламиз. Шунингдек, Рашидов катта респуб­ликанинг катта раҳбари бўлгани ҳолда, Марказдан арзимаган маб­лағ ундириш учун ҳар гал Кремлга бош эгиб боришга мажбур бўлганлиги ҳам аён.

Афсуски, вафотидан сўнг шундай улуғ одам мислсиз туҳматларга дучор бўлди, шўролар мамлакатида “рашидовчилик” деган ўта салбий маъноли тушунча тарқатилди. Бу жараённи янада тезлаштиришга ўзимизнинг “кадр”лар ҳам муносиб “ҳисса” қўшишди. Тез орада “ўзбеклар иши” қатағони бошланди. Вазият шу даражага бориб етдики, ҳатто Рашидовнинг майитини кавлаб олиб, бошқа қабристонга кўчиришди…

Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди. Мустақиллик шарофати билан Рашидов номи ва шаъни тикланди. Унинг 75 йиллик, 100 йиллик таваллуд саналари мамлакатимизда кенг нишонланди.

Халқимиз қаҳрамонига айланган улуғ арбоб Шароф Рашидовнинг ҳаёт йўли, фожиалари, адашиш­лари, изтироблари ҳамиша ижодкорларнинг диққат-эътиборида. Шу кунларда Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолияти акс этган “Рашидов: шараф йўли” киноқиссаси яратилгани ҳам юқоридаги фикрларимизнинг яққол исботидир.

Қуйида мазкур кино асардан парча эълон қиламиз.

* * *

1942 йилнинг кузи.

Фарҳод ГЭСи қурилиши. Ярим тун. Қурилиш ишлари давом этмоқда. Шовқин, пайвандлаш ишлари.

Маъмурият биносидан Ўзбекис­тон КП МК Биринчи секретари, паҳлавон келбат, баланд бўйли, соя­бонли шапка кийган Усмон Юсупов, Фарҳод ГЭСи қурилиши масъу­лларидан Акоп Саркисов, Маманазар Турсунов ва Юсуповнинг ёрдамчиси чиқиб келишди.

Усмон Юсупов чироқлар ёруғида қурилиши давом этаётган ГЭСга қаради, кўкрагини тўлдириб нафас олди:

– Чўл ҳавоси бошқача-да… 

– Худди шундай, Усмон Юсупович, – деди Саркисов ҳозиржавоблик билан.

Юсупов қурилиш томонга ишора қилди:

– Учинчи смена ишлаяптими?

– Ишлаяпти, – яна тез жавоб қайтарди Саркисов.

Усмон Юсупов атрофга аланг­лади, маъмурият биносидан сал нарида қўққайиб турган ёлғиз вагон ичида чироқ ёниб турганига эъти­бор қаратди.

– Бу қанақа вагон, Акоп Абрамович?

– Усмон Юсупович, бу кутубхона. Вақтинчалик, албатта.

– Кутубхона? – ҳайрон бўлиб сўради Юсупов.

– Алоҳида бино ажратишнинг иложи бўлмади. Шунга… ҳозирча…

– Тушунарли… Нима, кутубхоначи туни билан ўтириб чиқадими? Чироғи ёниқ-ку.

– Э, бу кутубхоначи эмас, – кулимсиради Саркисов. – Бир фронтовик парткомимиз бор. Куни билан биз қатори тиним билмайди, кечаси билан эса кутубхонада ўқигани-ўқиган, ёзгани-ёзган. Неча марта уришдим ҳам, фойдаси йўқ. 

– Нима деб уришдингиз?

– Ҳой, бола, соғлиғингни ўйла, деб.

– Шунақа денг. Қани, бўлмаса биз ҳам кириб бу қулоқсиз болани бир уришиб қўяйлик-чи.

Ҳайрон бўлган Саркисов бир нима деб улгурмасидан Усмон Юсупов биринчи бўлиб вагон томон юрди, қолганлар унга эргашишди.

Дарҳақиқат, омонат жавонларга китоблар терилган вагончадаги кичик столда, тунчироқ ёруғида Шароф Рашидов китоб ўқиб ўтирарди. Унинг қаршисида бир даста китобу қўлёзмалар.

Мутолаага берилиб кетган йигит вагон эшиги оҳиста очилиб, Юсупов кириб келганини сезмади, Унинг орқасидан Саркисов бўйлади, аммо вагонга сиғмагани боис, ноилож зинада туриб қолди.

– Ҳормасинлар, йигит.

Шошиб бош кўтариб, ўзига жилмайиб қараб турган Юсуповга қараган, уни таниб қолган Шароф Рашидов учиб ўрнидан турди.

– Ие-ие, Усмон Юсупович… Ассалому алайкум.

– Ваалайкум ассалом. Саломингиз бўлмаганида икки ямлаб, бир ютмоқчийдим.

Рашидов қизариб-бўзарди:

– Кечирасиз, Усмон Юсупович, мен билмай қопман…

– Асло узр сўраманг, иним. Хўш, нималарни ўқияпмиз?

Рашидов қалин журналга ишора қилди:

– Ҳазрат Навоий ҳақидаги материалларни.

– Хўш-хўш. Биз билан ҳам ўртоқлашинг-чи, буюк шоиримиз ҳақида нималарни ўқияпсиз?

Рашидов бажонидил изоҳ берди:

– Ўзингиз яхши биласиз, 1941 йилнинг декабрь ойида қамалдаги Ленинградда, Эрмитажда ҳазрат Навоий таваллудининг беш юз йиллигига бағишланган тантанали кеча уюштирилган. Кечани академик Орбели бошқарган. Унда ҳазрат Навоийнинг ўлмас ғазаллари ўқилган.

– Хабарим бор. Алишер Навоий учун роса ғурурлангандим.

– Бу ерда шоир Рождественскийнинг ёзишига кўра, тантанали кеча энди бошланганида фашистлар шаҳарни, Нева кўпригини бомбардимон қилиб қолишган. Кеча ўтаётган жойнинг яқинига бомба тушиб, бино зириллаб кетган, шифтдан шувоқлар тўкилган. Шунда академик Орбели: “Хотиржам бўлинглар, ўртоқлар, тантанали кечамиз давом этади”, деб маърузасини давом эттирган экан. Кечада ўқилган, бундан беш аср муқаддам ёзилган ғазаллар худди шу бугунги кунда битилгандай, фашизмга қарши ўтли чақириқ бўлиб янграбди…

– Буюклар шунинг учун ҳам буюк-да, иним! – тўлиқиб хитоб қилди Юсупов. – Улар учун асрлар чикора. Қаранг, шундай улуғ зотга, пирга ошно бўлганингиз, ихлос қўйганингиз нуқси сизгаям урибди. Юзингиз нурли, истарангиз иссиқ…

Рашидов ноқулай аҳволда қолди:

– Э, йўғ-э… ҳазрат қаёқда-ю, мен қаёқда.

– Унақа деманг. Баланд дорга осилдингизми, унданам баланд­роққа чиқишга жон-жаҳдингиз билан ҳаракат қилинг… Хўп, иним, сизга халақит бермайлик. Биз андак шошиб турибмиз.

Рашидов эшик томон шошди:

– Сизни кузатиб…

Усмон Юсупов бетоқатлик билан қўл силтади:

– Асло! Ўтиринг, қани, ўтиринг-чи, ҳа, шундай. Энди ўқишни давом эттиринг. Бемалол… Ахир, аслини олганда Навоийнинг ёнида биз ҳам ким бўлибмиз… Ҳа, майли… Хайр, йигит. Насиб этса кўришамиз. Қимирламанг дедим!

Шароф Рашидов турган жойида ҳайрат оғушида қолаверди.

Усмон Юсупов ташқарига чиқаркан, вагон эшигини оҳиста ёпди ва темир зинадан шошилмай, ўйчан аҳволда тушди. Саркисов ва бошқалар уни пастда кутиб туришарди.

– Акоп Абрамович, бу китобхон йигитнинг исмини нима дедингиз?

– Рашидов Шароф Рашидович. Фронтовик. Запасдаги лейтенант. Жангда оғир ярадор бўлган. Икки марта “Қизил юлдуз” ордени билан мукофотланган.

Шу пайтгача камсуқумлик билан қўл қовуштириб турган Маманазар Турсунов биринчи марта суҳбатга қўшилди:

– Ўзи шеърлар ҳам ёзиб туради. Ёзганларидан кўпи газета-журналларда чиққан.

– Шеър ёзади денг… Айтдим-а кўзлари бошқача чақнаб турибди деб… – мамнун кулимсираган Юсупов ёрдамчисига ўгирилди: – Сиз ўртоқ Рашидовнинг координатларини яхшилаб ёзиб олинг, Тошкентга боргандан кейин менга эслатасиз.

– Хўп бўлади.

– Акоп Абрамович, тезликда, биринчи навбатда, каттакон, муҳташам кутубхона қуриб, ишга туширасиз.

– Ўзи режада бор эди.

– Режада бўлса, тезлаштиринг. Дарвоқе, иккинчи блокни кўришимиз керак эди-я.

– Ҳа. Марҳамат.

Гуруҳ қурилиш томон кетаркан, Усмон Юсупов бир неча бор ўгирилиб, чироғи ёниқ вагонга қараб-қараб қўйди…

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Tegishli xabarlar

“Оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинсин!..”

admin

Ҳудудлардан хабарлар

admin

Фаол ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди

admin