ADOLAT 24

Ҳар бир мурожаат эътиборда (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти)

«Адолат» социал-демократик партиясининг аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ва адолатли фаровон турмуш тарзини таъминлашга қаратилган серқирра фаолияти эътиборга сазовор. Бу жараёнда нафақат партия фаоллари, балки депутатлик корпуслари вакиллари ҳам дастуримизда белгиланган вазифаларни амалга ошириш масаласига масъулият билан ёндашиб келмоқда.

Ана шундай эзгу ниятлар билан сайловчиларнинг хоҳиш-истаги ҳамда таклиф ва мурожаатларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Зуҳра Ибрагимова Элликқалъа туманида бўлди.

З.Ибрагимова раҳбарлигида партия етакчилари, туман Кенгаши депутатлари ҳамда Эллик­қалъа тумани ҳокимлиги масъул ходимлари иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказилди.

Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари тумандаги 61-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчи ёшлари билан учрашиб, самимий суҳбат ўтказди. Суҳбат давомида Зуҳра Ибрагимова мамлакатимизда ёшлар масаласи ҳар доим давлат сиёсати даражасидаги муҳим масала бўлиб келаётганлиги, айниқса, сўнгги йилларда ёш йигит-қизларимиз учун кенг кўламли имконият ва шарт-шароитлар яратилаётганлиги борасида тушунчалар берди. Учрашувда нафақат эришилган ютуқлар ва амалий ишлар тилга олинди, балки камчиликлар, фойдаланилмай қолган имкониятларга ҳам тўхталиниб, мазкур масалалар юзасидан депутатга мурожаатлар ҳам бўлди.

Жумладан, 61-сонли умумтаълим мактабига замонавий сунъий қопламали (газон) спорт майдони зарурлиги, 37-сонли умумтаълим мактабнинг қўшимча бинодаги қурилиш ишлари ўз вақтида тугатилмаганлиги, 21-сонли мактабда бошланғич синф ўқувчилари учун нонушта ташкил этиш ишлари амалга оширилишида муаммолар борлиги таъкидланди. Мазкур мурожаатлар юзасидан депутат тегишли ташкилотларга белгиланган тартибда депутатлик сўрови чиқариб, масъул ташкилот ходимларини яқин кунларда ушбу муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришга чақирди. Мурожаатлар назоратга олинди.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Юртимизни экологик таҳдидларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида барча ҳудудларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси тадбирлари мунтазам ташкил этилиб, унда юртдошларимиз фаол иштирок этишяпти.

Мазкур лойиҳа доирасида Зуҳра Ибрагимова Элликқалъа туманидаги «Навоий» овул фуқаролар йиғини ҳудудида бўлиб, фаол ва ташаббускор аёллар билан биргаликда сояли ва хушманзара кўчат навларини экишда қатнаш­­ди. Ташаббус туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими бош­лиғи А.Юлдашева ва ҳудуддаги фаол аёллар ҳамда “Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари иштирокида амалга оширилди. Тадбир давомида депутат онахонлар билан суҳбат ўтказиб, бугунги хайрли ишлар кун келиб ўзининг амалий натижасини беришига ҳамда маҳалланинг ободлиги ва кўркамлигини таъминлашига ишонч билдирди.

Шундан сўнг З.Ибрагимова тумандаги «Навоий» ОФЙ ҳудудидаги тикувчилик цехида бўлиб, тадбиркорлик субъекти билан яқиндан танишди. Тадбиркор Зеваржон Жуманиязова меҳмонларни тўқимачилик маҳсулотларнинг тайёрланиш жараёнлари ва ишчиларнинг меҳнат фаолияти билан таништирди.

Шунингдек, депутат ўз ташрифи давомида Элликқалъа туманидаги 43-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бўлди. Учрашув давомида бўлажак чемпионлар мактабида тарбияланувчи ёшлар ва уларнинг мураббийлари билан суҳбат ўтказиб, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Учрашув якунида Зуҳра Ибрагимова ҳам ёш спортчиларнинг келгуси фаолиятига зафарлар тилаб, фидокорона меҳнат қилаётган устоз ва мураббийларга ташаккур билдирди.

Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши матбуот хизмати

**

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоевнинг хонқалик сайловчилар билан юзма-юз мулоқоти самарали кечди.

М.Қурбонбоев тегишли ташкилот вакиллари билан биргаликда тумандаги “Катта куч” маҳалласида жойлашган 21-сонли умумтаълим мактабида яратилган шарт-шароитлар, қишки мавсумга тайёргарлик, бошланғич синфларга берилаётган бепул озиқ-овқатлар ҳамда дарсликлар билан таъминланганлик даражаси билан танишди.

Бу жараёнда мактабда лаборант вазифасида 30 йилдан буён ишлаб келаётган Барно Бобожанованинг нафақага чиқишда ёрдам сўраб қилган мурожаати эътиборга олинди ва депутатнинг туман пенсия жамғармасига қилган оғзаки мурожаати қаноатлантирилди. Маҳалла раиси Шуҳрат Матякубовнинг маҳаллада дорихона йўқлиги боис фуқаролар дори-дармон сотиб олиш учун узоқ масофага бораётгани тўғрисидаги мурожаати ҳам депутатнинг кўрсатмасига асосан туман ҳокимлиги томонидан эътиборга олинди ва бу масалани ҳал этиш чоралари бош­лаб юборилди.

Депутат етакчилигидаги фаолларнинг очиқ мулоқотлари “Нуробод” маҳалласида давом этди. Маҳалла ҳудудида жойлашган 12-сон умумтаълим мактаби ўқитувчилари билан учрашув ташкил этилди. Унда мактаб директори Жумабой Қуронбоев мактаб атрофини темир панжара билан ўрашда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатига туман ҳокимлиги ва туман молия бўлими вакилларининг эътибори қаратилди. Муаммо тез кунда ижобий ечимини топадиган бўлди.

Шу маҳалла аҳолисининг баён этишича, маҳалла ҳудудида жойлашган  “Нур Ҳайдар бобо” қабристони ёнидан ўтувчи катта йўлнинг олд қисмида тунги ёритгич чироқлари йўқлиги сабаб тез-тез муаммолар содир бўлмоқда. Депутат жойнинг ўзига бориб муаммони ўрганди ва уни ҳал этиш юзасидан туман ҳокимлигига мурожаат этди. Тез кунда тунги чироқлар ўрнатиладиган бўлди. 

Мурожаатчи Атабой Машарипов 1980 йилда қурилган, ҳозирда ўзи яшаб турган уйини кадастр қилишда муаммоларга дуч келаётганини билдириб, амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам эътиборга олинди ва муаммони бартараф этиш чоралари кўрилди.

Очиқ мулоқотлар аниқланган муаммоларнинг ечимини топаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Учрашувлар давомида депутат томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида фикр ва мулоҳазалар ҳам билдирилди.

Хоразм вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Фарзандларини “унутган” ота

admin

Чўққидан олинган сабоқ мени муаллим бўлишга ундади

admin

ЭНДОКРИНОЛОГИЯ ХИЗМАТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА КЎЛАМИНИ КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin