ADOLAT 24

Ҳамшираларни рағбатлантириш тизими ишлаб чиқилади

Барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу мақсад мужассам. “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар қаторида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ўзгариш­ларни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

26 октябрь куни давлатимиз раҳбари тиббиёт масканларида яратилаётган шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент шаҳрида жойлашган тиббиёт муассасаларига ташриф буюриб, соҳада фаолият олиб бораётган ходимлар ва маъсул раҳбарлар иштирокида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифаларни муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизими ҳар бир хонадонга кириб боришини таъминлаш устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Келгусида оилавий поликлиникалардан 10 километр узоқликда жойлашган 272 та маҳаллада тиббиёт пункт­ларини ташкил қилиш, улардаги бўш иш ўринларини тўлдириш вазифалари белгилаб берилди. Айни вақтда “Қишлоқ шифокори” дас­тури доирасида олис ҳудудларда 191 нафар шифокор иш бошлаганлиги ҳам лойи­ҳаларнинг амалдаги ифодаси ҳисобланади. Ҳудудларда касалликларни эрта аниқлаш, юқори технологик даволаш ва уларни камайтириш ҳамда эндокринология, кардиология ва хирургия марказларининг ҳудудлардаги фолиятини самарали ташкил қилиш, шифохоналарни юқори технологик ускуналар билан жиҳозлаш, яхши натижага эришган шифокор ва марказ раҳбарларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Бундан ташқари, тиббий хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида ихтисослашган марказларда янги юқори технологик даволаш усуллари жорий этилиши, 640 та тез ёрдам машинаси харид қилиниши белгилаб берилди.

Энг қувонарлиси, тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг катта қисмини ташкил қилувчи ҳамшираларни ўқитиш, малакаси ва иш ҳақини ошириш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масалаларини ўз ичига олган қарор лойи­ҳасини тайёрлаш бўйича масъул ташкилотларга топшириқ берилди. Шу ўринда Қонунчилик палатаси депутатлари ва “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият олиб бориш соғлиқни сақлаш ходимларининг фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги амалий ишларда муносиб ҳисса қўшишга тайёр.

Маълумки, соғлиқни сақлаш ходимлари «Адолат» социал-демократик партияси электоратининг асосий қисмини ташкил этади. Айни шу соҳа бўйи­­ча партия Сайлов­олди дастурида ҳам бир қатор муҳим вазифалар белгиланган бўлиб, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий этиш партия олдида турган асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Кўп ҳолларда касаллик инсоннинг кам ҳаракатлилик, тўғри овқатланмаслик, соғлиғига эътибор бермаслиги оқибатида келиб чиқади. Йиғилишда бу борада бирламчи тиббиёт пунктлари кенг тушунтириш ишларини олиб бориши зарурлиги, одамларнинг ўз соғлиғига эътиборли бўлишини кучайтириш, скрининг текширувларини мунтазам ўтказиб бориш асосий вазифаларимиздан бири эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатилаётган хизмат сифати сезиларли даражада ўсди. Буни қуйи бўғиндаги тиббиёт муассасалари фаолиятидан ҳам кўришимиз мумкин. Соғлиқ инсоннинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Уни асраш ва соғлом бўлиб юриши учун ҳар бир инсон соғлом турмуш қои­даларига қатъий амал қилиши лозим. Барча инсонлар соғлом турмуш тарзи ҳисобланган унумли меҳнат, фаол дам олиш, бадантарбия ва спорт билан шуғулланиш, организми­ни чиниқтириш, шахсий гигиенага риоя қилиш, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан ўзини тийиш, ҳар йили шифокор кўригидан ўтиб туриш каби аниқ қоидаларга риоя қилган ҳолда ҳаёт тарзини шакл­лантириши лозим.

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚИРҒИЗИСТОН КЎП ҚИРРАЛИ     ҲАМКОРЛИГИДА ЯНГИ ДАВР БОШЛАНМОҚДА

admin

АҲОЛИГА МАЪМУРИЙ ЖАРИМАЛАРНИ ТЎЛАШДА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ ҲАМДА СОҲАДА КОРРУПЦИОН ОМИЛЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Ўқитувчи қадри

admin