ADOLAT 24

Ўқитувчилар “АDOLAT”дан миннатдор

Шу йил 14 октябрда “Аdolat” газетасида “Устозга муносабат шуми?” ва “Отангга тик боқма, устозинг­га-ку, инчунин…” сарлавҳали мақолалар чоп этилганди. Уларда Косонсой туманидаги 29-мактабда рўй берган нохуш ҳолат ҳақида ҳикоя қилинган. Ўз ўқитувчисига мушт кўтарган ўқувчининг хурмача қилиғи кенг жамоатчилик томонидан кескин қораланди. Жойларда шу ҳақда муҳокама ва мунозаралар ўтказилди. Уларда юз берган вазият атрофлича таҳлил этилиб, муносабатлар билдирилмоқда.

Наманган шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида педагоглар ва ота-оналар иштирокида “Adolat” газетасида босилган мақолалар муҳокама қилинди. Тадбир иштирокчилари матбуот нашри долзарб ва зарур масалани ўз вақтида кўтарганлигини айтдилар. Бунинг учун ижодий жамоага миннатдорлик изҳор этилди.

Кейинги пайтда “Мактаб-маҳалла-оила” концепцияси асосида амалга оширилаётган ишлар сусайиб кетди. Ўқувчилар орасида жамоат тартибини бузувчилар, майда безорилик билан шуғулланувчилар сони камаймаётир. Жамоатчилик вакиллари бундай ҳолатларга баъзан лоқайдлик билан қарамоқда. Оқибатда Косонсойдаги каби нохуш ҳолатлар юзага келмоқда.

 – Педагогик жамоамиз аъзолари эллик кишидан ортиқ, – дейди мактаб директори Баҳодиржон Абдурасулов. – Улар саккиз юз нафардан зиёд ўғил-қизга таълим-тарбия берадилар. Ўқувчиларимизнинг аксарияти “Марғилон” маҳалласида яшайди. МФЙ фаоллари ва ота-оналар билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Ҳафтада бир марта улар учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этиш яхши анъанага айланган. Бу ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ижобий таъсир ўтказмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар мактаб ота-оналар қўмитасининг ишини янада жонлантириш юзасидан ҳам таклифлар билдирдилар. Ташкил этилган турли тўгараклардаги ўқувчилар қамровини кенгайтириш муҳим вазифа эканлиги айтилди. Чунки шу йўл билан болаларнинг бўш вақтини кўнгилли ўтказишга кўмаклашиш мумкин. Ота-оналар учун таълим-тарбия масалаларига бағишланган ўқув ташкил этиш фойдадан холи эмаслиги ҳам таъкидланди.

Мактаб педагогик жамоаси, маҳалла фаоллари ва ота-оналарнинг болалар тарбияси учун масъулиятини янада ошириш юзасидан тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Уни бажариш учун тезда ишга киришишга қарор қилинди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: Ташқи сиёсат тамойиллари кучайтирилади

admin

Шароф БОШБЕКОВ “Темир хотин”нинг тарихи…

admin

Диққат: янги рукн Юз билан юзлашганлар Уч асрга юзлашиб яшаётган онахон

admin