ADOLAT 24

ДЕПУТАТЛИК ГУРУҲЛАРИДА: Муаммолар ҳал этилмоқда (Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилояти)

Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи фаолиятига назар солсак, қисқа муддат ичида партиядош­ларимиз томонидан кўпгина ижобий ишлар амалга оширилганлигига шоҳид бўламиз. Депутатлардан Фарҳод Абдуллаев, Анвар Усмонов, Мирмаҳмуд Азизов ҳамда Рустам Юнусовнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари эътиборга молик.

Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдул­лаев туманда олиб борилаётган барча эзгу ва хайрли амалларнинг бошида турибди. Нафақат туман аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, балки барча тузилма ва муҳим лойи­ҳаларнинг амалга оширилиш жараёнларини ташкил этиш, иқтисодиёт, фан-таълим, соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларнинг бошқарувидаги масалаларни ҳал этиш ҳоким-депутат зиммасига улкан масъулият юклайди, албатта. Туман аҳолиси билан тез-тез сайёр қабуллар ўтказиб, уларнинг дардига қулоқ тутиб келаётган Ф.Абдуллаев мавжуд муаммоларнинг самарали ечимини топишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, жорий йил бошида 30 нафарга яқин фуқароларнинг уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик, ишга жойлаштириш ва моддий ёрдам борасидаги мурожаатларидан келиб чиқиб, уларга ёрдам қўлини чўзди. Натижада, 10 нафар фуқарога жойининг ўзида ёрдам кўрсатилди. Қолганлари эса қатъий назоратга олиниб, мутасаддиларга уларни бартараф этиш учун кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, йил бошидан буён келиб тушган 251 та мурожаатда уй-жой масаласида 53 та, ҳаж сафарига бориш масаласида 5 та, тадбиркорликни йўлга қўйиш борасида 18 та, қурилиш масаласида 29 та, ишга жойлашиш хусусида 1 та, моддий ёрдам масаласида 4 та, коммунал қарздорлик тўғрисида 46 та ва қолган бошқа масалаларда 99 та ҳолатда ёрдам сўралган эди. Уларнинг 101 таси ижобий ҳал этилди, 45 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 101 таси ўрганилмоқда. Гувоҳи бўлганингиздек, ҳар бир мурожаат ҳоким-депутат эъти­боридан четда қолмади. Барчасига қонун доирасида ечим излашга ҳаракат қилинди ва ҳал этилди. Бу ҳолат, албатта, туман аҳолисига қувонч бағишламоқда. Бундан ташқари, тадбиркорлик қилиш истагидаги хотин-қизлар учун семинар-тренинг­лар таш­кил этилиб, бу борадаги билим ва кўникмалар тегишли мутахассислар томонидан ўргатиб борилмоқда. Хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмак­лашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимини юритиш борасида кенг қўламли чора-тадбирлар амалга оширилишига эъти­бор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйи­­ча кенг кўламли ишлар ташкил этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича биргина баҳор мавсумининг ўзида туман миқёсида 125 миллион дона дарахт кўчатларини экиш бўйи­­ча самарали ишлар ташкил этилди. “Дафтарлар”га кирган, кўчат экиш бўйи­­ча тажрибаси бор аҳолига кўчатхоналар ташкил этиш ва зарур техника, сифатли ниҳоллар ва уруғлар харид қилиш, кўчатлар етиштириш учун субсидиялар ажратилди.

Ф.Абдуллаев жорий йилдаги фаолияти давомида кўпгина маҳаллаларга ташриф буюриб, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўрди. Хусусан, “Кўксарой”, “Боғистон” маҳаллаларидаги маҳаллабай ўрганишлар давомида мавжуд муаммолар ўртага ташланди ва уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Учтепа тумани Аҳоли банд­лигига кўмаклашиш маркази томонидан тумандаги А.Қодирий, “Нишабариқ”, “Дегрез” ва “Журжоний” маҳаллаларида истиқомат қилувчи ишсиз, ишлаш истагида бўлган фукароларни маҳаллабай ишлаш йўли билан ишга жойлаштириш чоралари кўрилди.

Шунингдек, яна бир туман Кенгаши депутати Анвар Усмонов ўтган йилда бўшаб қолган депутатлик ўринларига бўлиб ўтган сайловда ютиб чиқиб, депутат этиб сайланган эди. Қисқа фурсат ўтган бўлишига қарамасдан, А.Усмонов халқ хизматчиси деган шарафли номни оқлаб, кўп ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, тумандаги 26-мавзеда жойлашган “Ширин” маҳалласи ҳудудидаги 397-мактабгача таълим муассасаси ва унинг бугунги ҳолатини ўрганиб, иситиш тизимида юзага келаётган муаммони бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан боғланди ва депутатлик сўрови киритди. Бугунги кунда мазкур боғчадаги муаммо ҳал бўлиш арафасида. Шунинг­дек, депутат кўмагида ҳомийлик асосида фуқароларга биринчи даражадаги озиқ-овқат махсулотлари тарқатилди. “Тепақўрғон” маҳалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган Валентина Чиндарёвага моддий шароити ёмонлиги туфайли депутат саъй-ҳаракати билан Кенгаш қарорига мувофиқ 3 миллион сўм миқдорида ёрдам кўрсатилди. Бу каби хайрли ишлар депутат томонидан мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Бир сўз билан айтганда, депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамиша фаол бўлиб, доимий комиссия ҳамда сессия йиғилишлари кун тартибига тегишли масалаларни олиб кирмоқда ва муҳим қарорлар чиқарилишида жонбозлик кўрсатмоқда.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

**

Халқ хизматида бўлиш — олий бурч

Депутат ўзига ишонч билдирган сайловчилар ишончини оқлаши керак. У доимо халқ билан ҳамнафас яшаши, эл-юрт ташвиши учун жонкуяр бўлмоғи лозим. Халқнинг дардини эшитган, теран англаган, одамларнинг ташвишларини ўз ташвиши деб билган депутат ҳеч қачон элнинг назаридан қолмайди. Одамлар уни ҳурмат қилади, эъзозлайди.

Сурхондарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлик гуруҳлари зиммаларига юклатилган вазифаларни фаоллик билан амалга оширмоқдалар.

Жумладан, халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам халқ манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклиф ва муаммоларини ўрганишга аълоҳида эътибор қаратмоқда.

Туман Кенгашидаги Қизларшой Раҳматова бошчилигидаги депутатлик гуруҳи аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ партия лойиҳалари дои­расида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам равишда маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб келмоқда. Шу билан бирга, юзма-юз мулоқотлар чоғида фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар асосида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилиб, аҳоли муаммоларига ечим топишга эришилмоқда.

Депутатлик гуруҳи етакчиси Қизларшой Раҳматова сайловчилар томонидан келиб тушган мурожаатларни иложи борича жойи­­да ҳал этишга ҳаракат қилади. Йил бошидан буён депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан 30 яқин хотин-қиз ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди.

Жорий йил бошида депутатга “Зартепа” МФЙда яшовчи фуқаролардан маҳалла атрофидаги йўллар таъмирталаб аҳволга келиб қолгани, бу эса йўловчилар учун қийинчилик туғдираётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Халқнинг ишончли вакили мазкур масала юзасидан депутатлик сўрови билан Жарқўрғон “Йўлқурилиш” ҳудудий туман бўлимига чиқди. Депутатнинг жонбозлиги, ҳаракатчанлиги сабабли муаммо тез орада ижобий ечим топди, ҳозирга қадар ҳудудда минг метр узунликдаги йўл сифатли таъмирланди.

Шунингдек, тумандаги “Гулис­тон” ва “Қораёнтоқ” МФЙларида яшовчи фуқаролардан ички йўлларни таъмирлаш бўйича келиб тушган мурожаат ҳам депутат ташаббуси билан қисқа фурсатда ҳал этилди. Ҳозирда ушбу маҳаллалардаги ички йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

– Очиғини айтиш керак, бугун тумандаги депутатлик гуруҳлари фаолияти жонланди, – дейди Қизларшой Раҳматова. – Гуруҳлар йиғилишларида мансабдор шахс­ларнинг эшитувлари ташкил этилмоқда, шунингдек, депутатлар томонидан ислоҳотларни янада жонлантириш, халқ билан мулоқотнинг таъсирчан усулларидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилинаяпти. Туман Кенгаши депутатлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 11 та сўровнома киритилди. Тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш, банд­ликни таъминлаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ички йўлларни таъмирлаш борасидаги муаммолар ечимига бағиш­ланган сўровномаларнинг аксариятига ижобий жавоблар олиниб, сайловчиларни қийнаб келаётган қатор муаммолар ўз ечимини топди.

Ҳар ойда ташкил этиладиган депутатлик гуруҳи йиғилиш­ларида эришилган ютуқлар қайд этилган ҳолда, гуруҳнинг ўтган даврдаги фаолияти танқидий руҳда таҳлил қилиниб, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлидаги муҳим вазифалар белгилаб олинмоқда.

Депутатимиз Азамат Маматалиев партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида тумандаги “Истиқлол” маҳалласи аҳолиси билан учрашди. Маҳалла аҳли, нуроний ва ёшлар билан ўтказилган мулоқотлар жараёнида аҳоли томонидан кўплаб мурожаатлар тушди. Уларнинг айримлари жойида ҳал этилди. Жумладан, маҳалланинг “Шифокор” кўчасида яшовчи фуқаролар оқава сув қувурлари ётқизилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат этдилар. Депутат А.Маматалиев ўз маблағлари ҳисобидан оқава сув қувурларини ётқизиб, марказий канализация тизимига уланишида амалий ёрдам берди.

Шунингдек, “Истиқлол” маҳалласи ҳудудида бошқа маҳаллалар ҳудудига олиб борувчи йўл таъмирталаб бўлиб қолган, асфальт қисми емирилган ва йўлнинг остки қисмидан ўтган ичимлик суви қувурлари эскириб, ёрилиб кетган эди. Маҳалла фуқаролари юзма-юз мулоқотларда мазкур йўлни таъмирлаш ва ер ости қувурларини янгисига алмаштириб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди.

Депутат А.Маматалиев муаммони Жарқўрғон туман йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва ҳокимлик вакиллари билан ўрганиб, масалага ечим топиш мақсадида тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборди ҳамда ушбу масалани ўзининг назоратига олди.

Шунингдек, ушбу маҳалладаги “Шифокор” кўчасида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони, 1950 йилда туғилган Елена Дунина депутатимизга уйини таъмирлатиб беришда ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Депутат А.Маматалиев мазкур муаммони ҳам ўрганиб чиқиб, туман ҳокимлигига мурожаат қилди ва мурожаатга жавобан Е.Дунинанинг ҳисоб-рақамига “Саховат” фондидан тўрт миллион беш юз минг сўм ажратилди. Шунингдек, дори-дармон ва бошқа харажатлар учун ҳам маблағ ажратилиши белгиланди.

Депутатлик гуруҳи томонидан Жарқўрғон туманидаги “Деҳқон­обод” МФЙ ҳудудида аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда шу маҳаллада истиқомат қилувчи Дилором Бегимқулова хонадонида иссиқхона ташкил этиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун банкдан имтиёзли кредит олишда муаммоларга дуч келаётганлигини айтиб, амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаат юзасидан тегишли ташкилот мутасаддиларига учрашилди ва фуқарога Микрокредит туман бўлимидан 33 миллион сўмлик кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси Шукур Бозоров ўз сайловчилари билан ўтказган юзма-юз мулоқотларида тумандаги “Маданият” МФЙ фуқаролари хонадонлардаги эскирган газ баллонлари янгисига алмаштирилишида амалий ёрдам беришини сўраб мурожаат қилишган эди. Депутат мазкур мурожаатни ўрганиб чиқиб, туман газ таъминоти бўлимига мазкур маҳалладаги газ баллонларини янгисига алмаштириш тўғрисида депутатлик сўрови юборди. Натижада, қисқа муддатда маҳалладаги газ баллонлари янгисига алмаштирилди. Шунинг­дек, депутатга тумандаги “Маданият” маҳалласидаги фуқаролар маҳалла ички йўллари яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги юзасидан мурожаат қилишган эди. Депутат муаммони ҳал қилиш учун туман “Йўлқурилиш” бўлимига депутатлик сўрови юборди. Бўлим раҳбарияти томонидан депутатлик сўрови ўрганиб чиқилиб, кўчаларга тош ётқизилди ва айни пайтда асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда.

Умуман олганда, депутатлик гуруҳи раҳбари Қизларшой Раҳматова ташаббуси билан жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида умумий ҳисобда доимий комиссияларда 5 та масала, сессияларда 5 та масала кўрилган, 10 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилган. Бундан ташқари, бугунги кунда туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан 6 та масала навбатдаги сессиялар муҳокамасида кўриб чиқиш учун тақдим этилган. Ушбу масалалар юзасидан ҳам доимий комиссия ва сессиянинг тегишли қарорлари қабул қилиниб, ижроси юзасидан самарали депутатлик назорати ўрнатилади.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ

admin

ТИББИЁТДА ХУСУСИЙ СЕКТОР ФАОЛИЯТИГА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ ВА СОҲА ХОДИМЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Касбида қандай муаммолар ҳал қилинмоқда?

admin