ADOLAT 24

БАРЧА МУЛКЛАРНИНГ ЭНГ АЪЛОСИ

XI асрда яшаб ўтган улуғ муаррих Абу Фазл Байҳақий “Абу Райҳон Беруний илму одобда, нарсаларнинг моҳиятини аниқлашда, ҳандаса, фалсафада шу қадар билимдон эдики, унинг замонида ва ундан кейин ҳам унга тенглашадиган ҳеч ким йўқ эди” деб ёзса, ХХ асрда яшаб ўтган атоқли археолог, шарқшунос олим Сергей Толстов “Абу Райҳон Беруний илк ўрта аср алломаларининг энг буюгидир. Қадимги Шарқнинг энг порлоқ маданиятларидан бири бўлган Хоразм маданиятининг минглаб йиллик тарихи унда мужассамлашган” дея улуғлаган эди. Буюк қомусий аллома ҳақидаги бундай фикрларни дунёдаги барча улуғ олимлар, илм-маърифат аҳллари эътироф этганлар. Ҳақиқатан ҳам, улуғ аллома ёққан илм-маърифат маёғи неча асрлардан бери фан оламида ўчгани йўқ, у қолдириб кетган илмий мерос ҳамон инсониятга хизмат қилиб келмоқда. Мамлакатимизда келгуси йилда буюк аллома таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш борасида бошланган ҳаракат унга халқимиз ҳурмат-эҳтиромининг яна бир ифодасидир. Маънавият оламида бу буюк мутаффаккир ҳаёти, ижоди, илмий фаолиятига мурожаат қилмаган ижодкор бўлмаса керак. Рус олими, пуб­лицист Игорь Тимофеев ҳам ўтган асрнинг 60-йилларида “Беруний” деб номланган илмий бадиа ёзган эди. Бу асар Москвада “Молодая гвардия” нашриётида “Ажойиб кишилар ҳаёти” туркумида чоп этилганди. Қуйида шу асардан бир парчани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

1009 йилда Хоразмшоҳ Али ибн Маъмун тўсатдан вафот этди ва унинг ўрнига тахтни укаси Абул Аббос Маъмун эгаллади.

“Хоразмшоҳ Абул Аббос Маъмун ибн Маъмун, Аллоҳ уни раҳмат қилсин, охирги ҳоким эди, чунки унинг ўлимидан сўнг унинг хонадони қулади ва Маъмунийлар сулоласининг қудрати тугади, — деб ёзганди Абу Райҳон Беруний “Хоразм­нинг машҳур кишилари” номли асарида. — У жасоратли, серғайрат ва ҳар ишда матонатли эди. Лекин унда мақтовга арзигулик қанчалик руҳий хусусиятлар, улуғвор сифатлар бўлса, арзимайдиганлари ҳам бор эди. Бу сўзларни айтишимнинг сабаби шуки, менинг унга нисбатан ҳеч қандай майл ва илтифот кўрсатмаётганим, беғараз муносабатим аниқ билинсин дейман. Чунки бундай ҳолларда ҳар қандай инсон ҳақидаги хулоса у ҳақда сўз юритувчининг фикрларига қараб чиқарилади. Иззат-ҳурматга, эҳтиромга лойиқ инсоннинг турфа фазилатлари унинг гап-сўзлари, фаолияти орқали намоён бўлади. Баъзан эса сўз юритувчи ўша инсоннинг камчиликларини мақтовга арзигулик хусусиятларидан ошириб юбориши ҳам мумкин. Амир Абул Аббоснинг энг олижаноб фазилати шундан иборат эдики, унинг лаблари ёмон, уятсиз, тилга олиб бўлмайдиган иборалар, ҳар хил ёлғонлар учун ёпиқ эди. Мен, Абу Райҳон, унга етти йил хизмат қилиб, тилидан бирор-бир ёмон, ҳақоратомуз сўз чиққанини эслай олмайман. Унинг ниҳоятда ғазабланган пайтда айтадиган энг ҳақоратли сўкиниши “ит” деган сўз эди”.

Беруний бу ўринда амирга етти йиллик хизмат даври ҳақида сўз юритар экан, ўзининг саройда дастлаб мунажжим сифатидаги фаолиятидан бошлаб салтанат миқёсида тезлик билан юксак лавозимларга эришгани, надим қилиб белгилангани, Хоразм ҳукмрон доираларида ўзаро ишончсизлик ва келишмовчилик юзага келган 1013 йилдан кейин Хоразмшоҳнинг энг ишонч­­ли маслаҳатчиларидан бири қилиб тайинланиши билан боғлиқ жараёнларни назарда тутади.

Албатта, бу жараёнда Маъмун ҳукмдорлигининг тўртинчи йилида юзага келган иқтисодий инқирознинг аниқ сабаблари ҳамда шоҳ саройидаги ниҳоятда тажрибали вазир Суҳайлийнинг мансабдан четлаштирилиши билан боғлиқ муаммонинг моҳияти нимадан иборатлиги номаълум эди. Лекин шунга қарамай, Хоразмшоҳнинг Беруний тилга олган арзимайдиган сифатлари, тарихий битикларда талқин этилган у билан боғлиқ баъзи бир ташқи омиллар, ўша йилда бўлиб ўтган воқеанинг моҳиятини бир қадар англашга имкон беради.

Хоразмшоҳ Абул Аббос Маъмун вафот этган ҳукмдор акасига унчалик ўхшамасди. У ҳали тахт вориси пайтидаёқ саройда бўладиган айш-ишрат ва турли хил кўнгилхушликларнинг таъмини тотиб кўрган, мамлакат ҳукмдори бўлганидан кейин тунги кайф-сафоларни авж олдирган, ҳарамини қизлар билан тўлдирган, ов қилиш ва чавгон ўйини учун аксарият вақтини сарфларди. Унинг қувончли онлари, базмлари мутриблар, хонанда, созандалар, раққосалар билан бирга ўтарди. Абу Райҳон Берунийнинг гувоҳлик беришича, шоҳ ҳар гал Хорун ар-Рашиддек сахийлик билан уларнинг ҳар бирига “Учқур тулпорларни, қимматбаҳо кийим-бош­ларни, икки минг дирҳам солинган ҳамёнларни” совға сифатида ҳадя қилишга буйруқ берарди. Бойликларни бундай ҳайбаракаллачилик билан совуриш сарой таъминотчилари зиммасига, улар орқали хоразмлик мулк эгалари ва деҳқонлари елкасига оғир юк бўлиб тушарди. Чунки солиқ йиғувчилар шоҳ хазинасини тўлдириш учун улардан икки-уч баробар кўпроқ маблағ йиғишга мажбур бўлардилар. Бундан ташқари юртнинг амалдорлари ва таниқли инсонлари дилида Маъмуннинг Маҳмуд Ғазнавий билан ҳали акаси тириклик пайтида бошланган дўстлик алоқаларини давом эттираётганлиги кескин норозилик уйғотарди.

Хоразмшоҳнинг Маҳмуд Ғазнавийга нисбатан муносабати ҳақида Беруний юқорида номи тилга олинган асарида бундай деб ёзади: “У билан амир Маҳмуд ўртасида қаттиқ дўстлик ўрнашди. Улар ўзаро битим туздилар ва амир Сабук Тегиннинг қизи мутаҳҳара Қалжини шу ерга (Хоразмга) олиб келдилар, У Абул Аббоснинг ҳарамида қолди. Шундан сўнг ёзишмалар, ўзаро илтифот кўрсатиш билан боғлиқ муносабатлар, совға-салом ва ҳадя беришлар авж олди. Абул Аббос ҳамма ишларда амир Маҳмуднинг тарафини оларди, унга нисбатан ҳар бир гапида фавқулодда эҳтиром кўрсатарди. Бу ҳолат саройда базм ва майхўрлик пайтида ҳам кўзга ташланарди. У саройда базм бўладиган куни энг яқин қариндошларини, номи улуғ инсонларни, мулозимларини, надимларини, ҳар тарафдан келган элчиларни ҳурмат билан кутиб олар ва жой-жойига ўтқазишни буюрарди. Базм бошлангач, у учинчи қадаҳни қўлга олганда ўрнидан турарди, амир Маҳмудни улуғларди, кейин ўтирарди. Бу пайт­­да атрофдаги барча одамлар тик туришарди. Маҳмуд шарафига тақдирлаш маросими бошланарди. Тақдирланган одамлар ер ўпиб, яна тик туришарди. Бу жараён ҳамма тақдирланиб бўлгунча давом этарди. Тақдирлаш якунлангач, Хоразмшоҳ ҳаммани ўтиришга ишора қиларди”.

Ғазна амири учун бундай ер ўпиб, тик туришдан, шунингдек, саройнинг турфа қоидаларини бажаришдан шоҳнинг катта амалдорлари ҳам бенасиб қолишмасди. Уларнинг орасидаги энг ақллилари, фаҳм-фаросатда етуклари бу ҳолатдан аламларини ичга ютишар, қўзичоқнинг бўри билан ўйнашиши яхшиликка олиб келмаслигини дилдан англашарди. Айниқса, амир Маҳмуд билан яқинлик орқали мамлакатлар ўртасида юз бериши мумкин бўлган зиддиятларнинг илк нишоналари давлатнинг чекка ўлкаларида, рустакларида, чегараларида кўзга ташлана бошлаган, яқинлашаётган момоқалдироқнинг даҳшатли овозининг дастлабки садолари қулоқларга эшитила бошлаган эди.

Бу зиддиятларнинг кучайишининг маълум муддат орқага сурилишига бир нарса — Маҳмуднинг Ғазна учун жиддий ҳарбий хавф туғдириб турадиган Қорахонийлар билан ўзаро муносабатларни йўлга қўя олмагани сабаб бўлди. Мана шундай пайтда Гурганжда саройнинг етакчи вакиллари орасида Хоразмшоҳнинг Маҳмуд билан иттифоқдош, ҳамкор бўлишига қарши турадиган эътиборли одамлардан иборат гуруҳ юзага келди. Бу гуруҳ вакилларининг фикрларига кўра, фақат мустаҳкам ва кучли сиёсат Хоразмнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин эди. Акс ҳолда сандон ва болға орасида қолган темирдек бу давлат ҳам беҳисоб бойликлари туфайли Ғазнавийлар ва Қорахонийлар ўртасида талаш бўлиши аниқ эди.

Ана шундай қарашга эга гуруҳ вакиллари орасида, манбаларда келтирилишича, энг иқтидорли, маърифатпарвар, етук зиёлиларидан бири, моҳир ва тажрибали сиёсатчи, вазир Суҳайлий ҳам бўлган. Хоразмшоҳга нисбатан қарши бўлган бу гуруҳнинг ҳукмдор билан илк тўқнашувида, табиийки, Абул Аббоснинг қўли баланд келади, у рақибларига жиддий зарба беради. Шоҳ ғазабига учраган вазир ҳаётини асраб қолиш учун 1013 йилда Бағдодга кетади.

Аллома “Хоразмнинг машҳур кишилари” асарида ўзи билан боғлиқ яна бир воқеани келтиради: “Хоразмшоҳ май ичиш учун саройдан чиқди. Уйимга келиб, мени чақиришни буюрди. Мен унинг ҳузурига чиқишга бироз кечикдим, у отида ҳужрамга яқинлашиб келган ва энди отидан ерга тушмоқчи бўлиб турган эди. Мен унинг ҳузурига чиқиб, ер ўпиб, отдан тушманг, деб илтимос қилдим. У эса илтимосимга эътибор бермай:

Билим барча мулкларнинг энг аълосидур,

Барча унга интилур, унинг ўзи эса келмайдур, – деди.

Кейин “Агар бу кўҳна дунёда ўзига хос азалий қонунлар бўлмаганида эди. Мен сенинг ҳузурингга келмасдим, сени чақирмасдим, чунки ҳаётда мен эмас, билим юқори туради”, деб қўшимча қилди.

Маъмуннинг Абу Райҳон Берунийга нисбатан юксак эҳтиромининг бир неча сабаблари бор эди. Вазир Суҳайлийни вазифасидан четлаштирганидан ва атрофидаги аёнларнинг аксарияти билан орада низо келиб чиққанидан кейин Хоразмшоҳнинг саройда чин дилдан суянадиган одами кам қолганди. Айни пайтда, давлат ишларида тўғри маслаҳат берадиган ва юзага келган муаммоларни бартараф этишга ёрдам кўрсатадиган Берунийдек доно ва зукко инсонни топиш қийин эди. Шу билан бирга, Беруний етук аллома, Хоразмшоҳнинг илм-фан ҳақидаги суҳбатларига, баҳс-мунозараларига жон киритадиган ниҳоятда зиёли шахс эди. Ана шу сабабларга кўра Беруний Хоразмшоҳнинг саройдаги энг ишончли ва яқин одамига айланади.

Беруний саройнинг оддий хизматчиси, надими бўлган пайтларда илмий ишлари учун бирмунча вақт топарди. Хоразмшоҳга яқин маслаҳатчига айланганидан кейин илмий ишлардан батамом четлашишга маж­бур бўлди. У кун давомида икки марта — эрталаб ва кечқурун саройга келар, бу ерда бўладиган шоҳ қабулларида қатнашарди. Бу қабулларда Маъмуннинг яқинлари, вазирлар, сарой аёнлари, дин арбоблари, сипоҳсоларлар ва бошқалар қатнашардилар. Уларнинг аксарияти шоҳни улуғлаш, унга ҳамду санолар айтиш билан банд бўлардилар. Эрталабки қабул баъзан тушгача, баъзан кун бўйи давом этарди. Турли эллардан келган элчилар, арзгўйлар, давлат арбоблари, тижоратчилар қабулларни тўлдирардилар. Кечқурунги қабул икки-уч соат давом этарди. Хоразмшоҳнинг Беруний билан маслаҳатлари ана шу қабуллардан кейин бошланарди. Кечқурунги қабулларнинг аксарияти тунги базмларга уланиб кетарди. Базмлар эса баъзан тонгда, қуёш чиқиши олдидан чалинадиган ноғоралар товуши билан якунланарди.

Тунгги базмларда ейиш-ичишлар, мутрибларнинг нолалари, созандаларнинг куйларидан ташқари илм-фан ҳақидаги суҳбатлар ҳам авж оларди. Айниқса, рамазон оқшомлари тунги анжуманларга айланиб кетарди. Оқшомларга турли соҳа вакиллари бўлган алломалар таклиф қилинарди, оғиз очилиб, овқат ейил­гандан кейин бирор-бир мавзудаги мунозарани Хоразмшоҳнинг ўзи бош­лаб берарди. У бирор илмий саволни ўртага ташларди. Ҳар бир олим ва уламо саволга жавоб бериш асносида ўз билими ва нотиқлик санъатини намоён қилиши талаб этиларди. Мунозарада ғолиб бўлганлар шоҳ томонидан муносиб тақдирланарди. Хоразмшоҳ Маъмун нафақат илм оламида, назмда ҳам етук эди. Саройда тез-тез ўтказилиб туриладиган мушоираларда у етакчилик қиларди. Муаррих Абу Мансур ас-Саолибий “Мусулмон оламида Хоразмшоҳ Маъмундек кўп шеър биладиган ва назм айтадиган одамни кўрмаганман. У шеърият оламининг юксак билимдони эди ва шоирлар у билан мушоирада камдан-кам ғолиб бўларди”, деб ёзади. Беруний шоҳга яқин одам сифатида бу базм ва анжуманларда фаол иштирок этарди ҳамда “Мажлиси уламо”даги алломалар Абу Наср Ироқ, Абул Хайр Хаммор, Абу Саҳл Масиҳий, Абу Али ибн Сино, Абдуллоҳ Ҳамид, Абу Саид Шабиб, Иброҳим Раққоний, Абул Ҳасан Саҳлий, Абу Али Ҳасан Ҳубубий, Абу Али Аҳмад Мисковайх кабиларнинг иштирок этишини ҳам таъминларди.

1014 йилдан кейин ўша даврдаги ҳукмдорлар — Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ўртасидаги ўзаро зиддиятлар кескинлашади. Хоразмшоҳ Маъмун Маҳмуд Ғазнавийнинг синглисига уйланиб, у билан қариндошлик риштасини мустаҳкамлаб олган бўлсада ундан ҳадиксирарди. Бу ҳадиксираш ва қўрқув бежиз эмасди. Ғазна қўшинлари ниҳоятда кўп ва қуд­ратли эди. Арзимаган бир ишдан баҳона топиб, амир Маҳмуднинг Хоразм устига юриш бошлаши ҳеч гап эмасди. Шунинг учун Хоразмшоҳ ҳар бир ишни эҳтиёткорлик билан амалга оширарди.

Бу хусусда Абу Райҳон Беруний асарида шундай деб ёзади: “Амир ал-мўъминин ал-Қодир биллоҳ (ўша даврдаги Бағдод халифаси), Аллоҳ уни раҳмат қилсин, унга тўн, ёрлиқ, байроқ ва “Айн ад-давла ва зайн ал-милла” унвонини Маккага борган ҳажжожлар бошлиғи Ҳусайн орқали инъом қилиб юборди. Хоразмшоҳ мулоҳаза қилиб кўрди. У “Амир Маҳмудни ранжитиб қўймай, у тағин ёмон ниятга бориб, нега менга айтмай Халифадан тўн, ёрлиқ қабул қилиб олди. Бундай ҳурмат-эҳтиромни, хайр-эҳсонлар олганини нега менга билдирмади”, деб айтмасин деган фикрга борди. Шу сабабли амир билан илиқ муносабатларини сақлаш учун менга ҳажжожлар бошлиғи Ҳусайнни йўлнинг ярмида, қумлар бағрида, ҳеч ким йўқ жойда қутиб олишни буюрди. Мен ундан туҳфаларни хуфиёна қабул қилдим ва уларни Хоразмга олиб келиб, шоҳга топширдим. У бу гапларни овоза қилмасликни буюрди. Халифа юборган туҳфалар хусусида сўз айтилмади, фақат кейинроқ Маъмунийлар салтанати қулаши аниқ бўлганда, зиддиятли воқеалар шиддатли тус олганда, бу маълумотлар овоза қилинди”.

Ташқаридан қараганда амир Маҳмуд билан Хоразмшоҳ Маъмун орасидаги муносабатлар яхши эди. Дўстлик тасдиқланган, битимлар тузилган ва мажбуриятлар олинган эди. Қорахонийлар билан урушдан сўнг амир Маҳмуд ўзи билан хонлар ўртасида битимлар тузилишини истади. Бу иш билан боғлиқ равишда икки тараф ўртасида сарҳанглар борди-келдиси бошланди. Амир Маҳмуд Қорахонийлар ҳузурига ўзининг элчилари билан бирга Хоразмшоҳнинг элчиси ҳам боришини истади. Чунки у хонлар билан битим тузиш жараёни Хоразмшоҳ элчиси гувоҳлигида бўлсин, деди. Хоразмшоҳ бунга кўнмади ва амирга шундай жавоб юборди: “Аллоҳ инсонни ичида икки юрак билан яратмаган. Мен амирлар тоифасидан бўлганим учун хонлар билан ҳеч қандай муносабат қилмайман ва ҳеч қачон ҳеч кимни уларнинг ҳузурига юбормайман”. Бундай сўзлар ёзилган нома Хоразмшоҳ ва Маҳмуд ўртасидаги зиддиятларни авж олдирди. Охир-оқибат бу зиддият Маъмуннинг ўлимига ва Маҳмуд Ғазнавийнинг Хоразмни босиб олишига олиб келди.

Абу Райҳон Берунийнинг Хоразм­даги ҳаёти ана шундай — бир томондан, ижтимоий-сиёсий алғов-далғовлар ичида, иккинчи томондан, илм-маърифат аҳли, академия алломалари орасида илмий масалалар ечими устида кечди.

Камол Матёқубов таржимаси

Tegishli xabarlar

ПОЙТАХТ БОҒлари ЙЎҚОЛИБ БОРЯПТИ…(ми?!)

admin

ЎҚИТУВЧИНИ ҚАЧОНГАЧА АЙБЛАЙМИЗ? Устозлар ўқувчиларни ўқитсинми, тарбияласинми ёки кўчага чиқиб назорат қилсинми?!

admin

“ҲАР ДОИМ ИККИ ҚАДАМ  ОРТДА ЮРГАНМАН…”

admin