ADOLAT 24

Бож тўлови икки баробар камайтирилади

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини судларда ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада статистик рақамларга эътибор қаратиладиган бўлса, 2020 йил давомида маъмурий судлар томонидан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли идора (мансабдор шахс)ларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, уларнинг ҳаракати(ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топишга доир жами 6 920 та иш кўриб чиқилган. Кўрилган ишларнинг 5 257 таси ёки 76 фоизи қаноатлантирилган. 2021 йилда эса, ушбу рақамлар 5 761 тани ташкил этиб, шулардан 3 538 таси ёки 61,4 фоизи судлар томонидан қаноатлантирилган.

Статистик рақамлар таҳлили шуни кўрсатадики, судлар томонидан низолар бўйича кўриб чиқилган ишларнинг аксарияти айнан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли бўлган мансабдор шахсларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган ариза(шикоят)ларни ташкил этмоқда.

Таҳлилларга асосланиб айтиш мумкинки, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жисмоний шахс­ларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари судлар орқали ҳимоя қилинишини янада кенгайтириш, уларнинг мурожаатлари асосида бу каби низоларнинг фақат одил судловда кўриб чиқилишига кенг имконият яратиш долзарблигича қолмоқда.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқиб, қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат божи тўғрисидаги қонунига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида фуқароларга давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан ўзларининг қонуний манфаатларини, бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судларга мурожаат қилиш чоғида давлат божи тўлови бўйича белгиланган ставкани икки баробарга камайтириш, яъни белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида бож тўлови тўлаш имконияти белгиланмоқда.

Ушбу ўзгариш келгусида жисмоний шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари судлар орқали ҳимоя қилинишини ҳамда судларга мурожаат қилиш имкониятини янада кенгайтиришга, уларга молиявий енгилликлар яратиш, шунингдек, уларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Абдуғани УМИРОВ,                         

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Tegishli xabarlar

Абдулла Орипов: Наврўз

admin

Президент қўлидан совға олган қишлоқ қизининг қувончи

admin

Инсон қадри — бош тамойил. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокамада

admin